close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуллик психологияси

Қуллик – фақат ички ва ташқи расм-русумлар исканжасида яшаётган инсоннинг ички ва ташқи аҳволидир. Инсон уларга қарам, уларга тегишли ва ҳатто уларни қандай қилиб алмаштириш ёки улардан қутилиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрмайди. Қуллик – лидерликнинг зиддидир.

Уларнинг орасидаги фарқи шуки, лидер ҳеч кимнинг олдида бошини эгмайди ҳамда бировнинг унга эгилишини истамайди. Қул эса аксинча, ўзгаларга таъзим қилишга, уларнинг йўлидаги чангларни артиб тозалашга тайёр ва шу билан бирга, атрофидаги одамлар ҳам шундай бўлишини истайди. Лидер ўзини ҳамма одамлар билан тенг тутади, ҳеч қачон қашшоқни радди маърака, бойни эса – санам санамайди. Қул эса аксинча, қашшоқдан ҳазар қилади, бойга қойил қолади.
Қуллик психологияси одамнинг оламон ортидан эргашиб юришга мажбур қилади. Унинг қадриятлари ташқиридан олинади. Бошқача қилиб айтганда, жамият нимани қадрли деб ҳисобласа, у ҳам шуни яхшилик деб билади. Истеъмолчилик индустрияси айнан шунинг негизида барпо этилган. Қул – бу истеъмолчи, у фақат моддий қадриятларгагина қувонади ва ўзининг ҳузур-ҳаловатини ўйлаб яшайди. У давлат учун идеал вакил, уни қўғирчоқдек ўйнатиш осон, айниқса у оламоннинг бир қисми бўлиб қолганда.
Фақат эркин одам ўз фикрига эга бўлиш, ўз олдига мақсад қўйиш ва унга эришиш учун ҳаракат қилишга қодир. У бирор ишни бошлаши учун унга қандайдир рағбатлар, атрофдагиларнинг маъқуллаши керак эмас. Қуллик психологияси эса ўзига хос масъулиятсизликнинг тарғиботига асосланган. Қулнинг гапи шу: “Мен шунақаман, буни ўзгартиришнинг иложи йўқ... Шунга одатланганман, буни ўзгартириб бўлмайди... Бунга ишқибозман...”. Қул нимадан ҳузур қилса, ўшанга қарам бўлиб қолади. У ҳеч нарса қилмаслик учун ўзини ожиз қилиб кўрсатади. У кечираётган турмуш тарзи ва ўзининг фитрати учун масъулиятни зиммасига олмайди. У ўз ҳузур-ҳаловатининг қули ва бу унинг сабаби бўлиб қолган.
Қуллик психологияси инсоннинг ўз ҳаётида ҳеч нарсани ўзгартиришни истамаслигига асосланган ва бундай қилмаслик учун у мингта баҳона топади.
Қул – қарам, иродасиз, бошқарувчан ва ўз фикрига эга бўлмаган одамдир. У нимага интилмасин, бари жамият томонидан сингдирилган. Унинг ҳаёти мазмуни – жамият берадиган баҳо. Агар бордию кимдир унга бошқачароқ назар ташласа, у ўзини дунёдаги энг бахтсиз одам дея ҳисоблашга бошлайди.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase