close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нима учун ўз режалари ҳақида гапирмаслик керак?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳожатлар бароридан келиши учун уни яшириш билан ёрдам сўранглар, чунки ҳар бир неъмат соҳибига ҳасад қилувчилар бор», дедилар. (Табароний ривояти) Хайрли бир ишни бошласак, охирига етмагунча овоза қилмаслик керак экан. Чунки ҳасад қилувчиларнинг ҳасади сабабли хайрли ишлар амалга ошмай қолиши мумкин экан.

Эҳтимол, ҳар бир киши ўз режалари ва ниятларини «эълон қилиш» кўпинча бу режанинг амалга ошмаслиги билан якун топишини пайқаган бўлса керак. Одам ярим йўлда қизиқишини йўқотади ёки ўйлаб қўйилган нарсалар учун шундай тўсиқлар вужудга келадики – овора бўлишга арзимай қолади. Ушбу ҳодисага бағишланган тадқиқотлар 1926 йилдан бери (Курт Левин) ўтказиб келинади ва натижалар кўрсатадики, ўз режаларини ошкор қилган одамлар, режаларини сир сақлаган одамларга қараганда мақсадларига камроқ эришади.
1933 йил Вера Малер овоз чиқариб айтилган ҳаракат мия томонидан амалга ошириб бўлинган ҳаракат сифатида қабул қилинишини аниқлади. Масалан, агар бирон киши бошқасига: «Душанбадан бошлаб аниқ спортзалга қатнайман» деб айтадиган бўлса, унинг мияси (аниқроғи, нафси) буни худди у спортзалга қатнай бошлаган ва ўйлаб қўйган ишини охирига етказган деб қабул қилади. Ваҳоланки, ҳали душанба етиб келмаган бўлса ҳам!
1982 йил Нью-Йорк университети психология профессори Питер Голльвитцер омма олдида режаларни ошкор қилиш натижага эришишга қанчалик таъсир этишини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказди. У юридик факультет талабаларини қатнашчилар сифатида танлаб олди. Талабаларга сўровномалар тарқатиб, улардан ўз касби бўйича қандай муваффақиятларга эришиш ниятида эканлигини қайд этиш сўралди. Бундан ташқари, улар ўз мақсадларига эришиш учун қандай ҳаракатларни амалга оширишини қайд этиши лозим эди. Ўз исмини ёзиш ёки ёзмаслик ҳуқуқи қатнашчиларнинг ўзига тақдим этилди. Сўровномалар тўлдирилган ва топширилгандан сўнг, Гольвитцер талабаларнинг аксарияти ўз исмини ёзиб қўйганлигини кўрди. Бироқ эксперимент шу билан якун топмаганди.
Орадан маълум вақт ўтгач, талабаларнинг режаларини текшириш учун гўёки юристлар керак бўлиб қолган сунъий вазият яратдилар. Талабалар ўз қобилиятини намойиш этиши, шунингдек, тажриба тўплаши мумкин бўлган 20 та мураккаб жиноий ишни тергов қилиш таклиф этилди. Рози бўлиш ва ёки рад қилиш ҳуқуқи яна талабаларнинг ўзига қолдирилди. Хўш, нима бўлди деб ўйлайсиз? Яхши юрист бўлиш истагини оммавий равишда билдирган хар бир шахс, сўровномада берган ваъдаларига қарамай, ишдан воз кечди. Ўз режаларини сир сақлаганлар эса иштирок этишга розилик билдирди ва бу гуруҳ ўз ишини якунига ҳам етказди.
Гольвитцер шу билан тўхталиб қолмади. Амалиёт ўталгач, у худди шу қатнашчилар билан яна бир эксперимент ўтказди. Уларга турли ўлчамдаги бешта олий суд фотосуратлари кўрсатилди. Қатнашчиларга қуйидаги савол берилди: «Ҳозир ўзингизни қанчалик яхши юрист деб ҳис қиляпсиз?» Қатнашчи фотосурат танлаш йўли билан жавоб берган – фотосурат ўлчами қанчалик катта бўлса, у ўзини шунчалик юқори баҳолаган. Натижа қандай бўлди деб ўйлайсиз? Аввалроқ сўровномада ўзининг профессионал сифатида ўсиш истагини билдирган ва бунда амалиётдан воз кечган талабалар энг катта фотосуратларни танлаб олдилар. Ўз режаларини яширган ва амалиётни «аъло» даражада ўтаган талабалар эса «камтарроқ» бўлдилар.
Бундай тадқиқотлар 2009 йил ҳам ўтказилди. Лекин натижа ўша-ўша бўлди – ўз режалари ва истаклари ҳақида оммавий гапириб берган талабалар уларни амалиётга татбиқ этишга у қадар мойил эмасди. Психологларнинг таъкидлашича, сўзларнинг ўзи ва уларнинг мияда (аниқроғи, уларнинг нафс мантиқида) ваъдалар гўёки реал ҳаракатларнинг ўрнини босгандай бўлади. Улар учун айтиш худди бажариш ва эришиш билан бир хилдай.
Одатда одам ўз режалари ҳақида гапирганда бунинг учун бўнак сифатида мақтов эшитади. Ва бу тан олинишдан хурсандчилик инсоннинг мотивациясини пасайтиради. Бундай одамларнинг кўпчилиги – «қилмоқчи ёки бўлмоқчи бўлган» одамлар: китоб ёзмоқчи, яхши йўлга кирмоқчи, олим бўлмоқчи, Қуръонни ёд олмоқчи, узр сўрамоқчи бўлганлар ва ҳ.к. Улар нимадир қилмоқчи бўлган, лекин қилмаган. Бундай тадқиқотлар натижалари ўринли хулосага олиб келади: режаларингизни сир сақланг ва фақат қилиб бўлган ишларингиз ҳақида гапиринг, ўйлаб қўйган ишлар ҳақида эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳожатлар бароридан келиши учун уни яшириш билан ёрдам сўранглар, чунки ҳар бир неъмат соҳибига ҳасад қилувчилар бор», дедилар.
«Кўз тегиши бу ҳақиқат» эканлиги ва одамнинг ишларига салбий таъсир этиши мумкин бўлганлиги сабабли айнан у аксарият ҳолларда одамнинг ўйлаб қўйган ишларга ва мақсадларини амалга оширишга қизиқиши йўқлигининг сабабчиси бўлиши мумкин. Психологик тадқиқот эса ушбу ҳолатда тугалланмаган ишни муддатидан олдин нишонлашдан тийилиш учун қўшимча мотиватор ҳисобланади.

Интернетдан
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase