«Инқироз» сўзи ўзига хос қийинчиликлар, муаммолар ва таҳдидлар даврини англатади. Ушбу таърфига таяниб, хулоса чиқариш мумкинки, мусулмонлар уммати бир нечта турдаги инқирозни: сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний инқирозни бошидан кечирмоқда. Агар нуфузли мураббийлар ва замонавий олимларга ишонадиган бўлсак, мусулмонлар дунёсига энг жиддий таъсир кўрсатаётган инқироз бу билимлар инқирози ҳисобланади. Бу мураккаб ҳолат турлича намоён бўлиб, ва турли таъсир омилларига эга. Ушбу мақолада бу инқирознинг айрим жиҳатларини кўриб чиқиш ва эҳтимол, умматни инқироздан чиқишнинг амалий йўллари ҳақида бош қотиришга мажбур қиладиган суҳбатни бошлашга ҳаракат қилиб кўрилади.
Ўқиш бу – биринчи рақамли фарз (фард ал-айн)
Энг асосий омил исломий фанлар, жумладан, илоҳиёт, Қуръон фанлари, ҳадисшунослик, фиқҳ ва тарих соҳасида элементар билимлар йўқлиги ҳисобланади.
Биз, мусулмонлар уммати, ўзимизга рўйирост назар ташлашимиз ва бизнинг дин, эътиқод ва унда буюрилган нарсалар ҳақидаги тасаввурларимиз жуда тор ва саёз эканлигини тан олишимиз зарур. Биз ўзимизга дин масалаларида яхшигина хабардор бўлиб туюламиз, лекин ҳақиқатда у ҳақида жуда оз нарсалар биламиз. Биз Ислом нима эканлиги ҳақида асосан шахсий тажрибалар ва ўз навбатида, урф-одатлар, маданият ва тарбия орқали сингиб кетган ҳолатлар билан асосланадиган ўзига хос тасаввурга эгамиз.
Кўпчилик дин ҳақида билимларни уйида, мактабда, ўқитувчилардан, маъруза ва суҳбатлардан, интернетдан олган. Бизнинг исломни тушунишимиз кўпинча расмиятчилик ва мароисмларга берилганликдан азият чекади, асосий эътиборни шаклга қаратиб, мазмун кўздан қочирилади. Ҳеч кимни хафа қилиш ниятимиз йўқ, лекин орамизда Қуръонни ҳақиқий тушунадиганлар кўпчиликни ташкил қиладими? Ким унинг тарихини, мазмунини, мавзулари ва структурасини яхши билади? Дининг бирламчи манбаси билан онгли равишда ўзаро алоқа қилмасдан туриб, ҳақиқий имонли халқ бўлиш мумкинми?
Дин масалаларида элементар саводхонлика интилиш – ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир».
Бу ҳар бир киши олим бўлиши лозимлигини англатмайди, лекин ҳар бир киши унинг Яратувчига тушунган ҳолда сажда қилишига имкон берадиган етарли ҳажмдаги билимларга эга бўлиши лозим. Кейинги вазифа кўп жиҳатдан айнан шундан келиб чиқади.
Расмий дастурларни ишлаб чиқишнинг машаққатли йўли
Яқин вақтларгача бизда исломни ўрганишнинг расмий структураланган йўналиши кузатилмасди. Масалан, 90-йилларнинг охирларида Жанубий Калифорнияда исломий фанларнинг структураланган дастурларини ўрганишга имкон йўқ эди, мос келувчи малакага эга бўлган анъанавий олимлар ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Жанубий Калифорния масжидларида ҳалигача имом ёки директор лавозимида олимлар йўқ.
Мен отам туфайли ҳеч бир муболағасиз масжидда ўсганман, лекин кўп вақт давомида бизда ҳеч қачон имом ҳам, машғулот ва маърузалар, қандайдир ўйлаб чиқилган дастулар ҳам бўлмаган. Менинг бахтимга, талабалик йилларим даврида яқин дўстим мени Нўъман Байг (Nomaan Baig) томонидан ташкил қилинган дам олиш куни курсалирга олиб борган, у ердан аста-секинлик билан билимлар институти ривож топган.
Аллоҳга шукурки, охирги йилларда бизда бу соҳада тараққиёт кузатила бошлади. IOK Seminary ва Extension каби ажойиб таълим дастурлари пайдо бўлди, лекин асосий вазифалардан бири одамларни бу курсларга қатнашга жалб қилишдан иборат бўлиб турибди. Бу эса олимларга муносабат билан боғлиқ.
Илмий билимлар ва анъанавий олимларга салбий муносабат ўтмищда мустамлака бўлган мусулмон мамлакатларнинг муҳожирлар жамоаларида маданият мойлигининг натижаси ҳисобланади. Ўрта ва юқори қатлам вакилларидан иборат бўлган Жанубий Осиё муҳожирлари билан мулоқот қилиш борасида ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, уларда «мавлоно»ларга доимо салбий муносабат мавжуд бўлган. Уларга кўпинча назар-писанд қилмай, қолоқ, саводсиз, мутаассиб, қашшоқ ва жамиятдан узилиб қолганлар сифатида қаралади. Бу муносабат – бевосита мустамлакачиликнинг, қолаверса, бир қатор бошқа омилларнинг натижаси ҳисобланади. Бу ҳақида узоқ гапириш мумкин.
Сиз қандай нуқтаи назар орқали қарайсиз?
Бизнинг жамиятимизда икки хил дунёқараш: бири Қуръон ваҳийлари ва Суннатдан олинган билимларга, иккинчиси – замонавий либерал ғарб ва унинг ғуёки оқилона фикрларга асосланадиган дунёқараши ўртасида тўқнашув кузатилмоқда.
Биз бунга рози бўламизми, йўқми, биз яшаётган жамият ва маданият, хусусан, кўпчилигимиз унинг маҳсули саналган ғарб таълим тизимининг катта таъсири остидамиз. Биз ўзимиз англаб етган ҳолда ёки ғайриихтиёрий равишда модерн, либерализм ва секуляризм ғояларига асосланган қадриятлар тизими ва турмуш тарзини ўзлаштириб олганмиз. Масалан, бизнинг озодлик, адолат, тенг ҳуқуқлилик, раҳмдиллик концепциясини тушунишимиз у ёки бу тарзда либерализм ва секуляризм нуқтаи назаридан қарашларга асосланади. Ушбу парадигма доирасида биз Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини тушунмоқдамиз ва шу нуқтаи назардан айрим оят ва ҳадисларни «муаммоли» деб ҳисоблашимизга ажабланмаса ҳам бўлади. Бундан эса ички низолар, шубҳа ва саросималиклар пайдо бўлади.
Шу аснода, бизнинг дунёқарашимизни Қуръон ва Суннат шакллантириши лозим. Аллоҳ – адолат, тенглик, раҳмдиллик ва эркинлик тимсолидир. У адолатли ва раҳмдил деб атайдиган нарса ҳақиқатда Адолатли ва Раҳмдилдир. Бу концепцияларни нотўғри тушуниш бизнинг эътиқодимиз ва анъаналаримиз нотўғри талқин қилишига йўл қўймаслик керак. Шундай қилиб, биз яна мустаҳкам исломий дунёқарашлар ва қадриятлар тизимига қайтамиз, бу эса бизда мавжуд бўлган билимларга боғлиқ.
Кимда Худо ҳақидаги фанга вақт бор?
«Академик» ва «исломий» таълим манбалари ўртасидаги мувозанатсизлик шундаки, ўртача юқори синф ўқувчиси мактабда 8 соатга яқин вақтини дарсларга сарфлайди. Агар унда мотивация кучли бўлса ва у яхши бир ОТМга ўқишга кирмоқчи бўлса, бунга яна камида 3 соат қўшиш керак. Яна хобби, дўстлар билан онлайн ва жонли мулоқот, турли тўгараклар, спорт билан шуғулланиш, телевизор томоша қилиш, видео ўйинларни ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, ҳеч қанча вақт ҳам қолмас экан. Бу вақт мобайнида ўқувчи мунтазам равишда унинг қадриятлари дин ўргатадиган қадриятлардан тубдан фарқ қиладиган дунёнинг кучли интеллектуал-фалсафий ва ахлоқий таъсирга дуч келади.
Таққослаш учун, ўқувчи якшанба мактабида бир ҳафтада ўртача 2-3 соат, гоҳида эса бундан ҳам кам вақт сарфлайди. Бу жуда катта номутаносиблик ва устуворликларнинг нотўғри қўйилишидир. Жамиятимиз «исломий» таълимнинг қимматини тушуниб етиши ва «исломий» муҳитда бўлиши лозим.
Дастурлаштирилган нарсани қайта дастурлаш
Бизда мактаб ёшидаги болалар, айниқса, куни билан давлат мактабида бўладиган болалар учун синфдан ташқари ўқиш дастурлари жиддий тақчиллиги кузатилади. Аллоҳга чуқур эътиқод ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алйҳи васалламга муҳаббат гўдаклик пайтидан бошлаб сингдирилиши лозим – фақат ундагина улар узил-кесил, қатъиян ўзлаштирилади ва дунёқарашнинг ажралмас бир қисмига айланади. Афсуски, масжидларнинг аксариятида бу масалани ҳал қилишга ёрдам берадиган ҳар томонлама ва пухта ўйлаб чиқилган дастурлар йўқ.
Мен бу ерда айрим дастлабки мулоҳазаларни келтириб ўтдим, холос. шубҳасизки, ўқувчилар ушбу муаммони қандай ҳал қилиш борасида ўз фикрларига эга ва бу умматимизда ҳеч кимни лоқайд қолдирмайди.
Манба: Muslim Matters
Абу Муслим таржимаси