Абу Тоҳир Силафий, Аттор Абул Ало Ҳамадоний, Муҳаммад ибн Бунаймон, Абдулмунъим ибн Фуровий ва уларнинг табақасидагилардан ҳадис эшитганлар. Ҳадис илмида танилиб, усул илмини эгаллаганлар.
Бу кишидан Абдулазиз ибн Ҳилола, Хатиб Дорийё Шумах, Носир ибн Мансур Урзий ва шогирдлари Сайфиддин Бохарзий ҳамда бошқалар ҳадис ривоят қилишган.
Ибн Нуқтанинг айтишларича, у киши Шофеъий мазҳабида бўлиб, суннат имомларидан эдилар.
Умар ибн Ҳожиб айтганлар: “Нажмиддин Кубро юрт кезганлар, ҳадис эшитганлар, Хоразмни ватан тутиб, ўша ернинг шайхи бўлганлар. Ҳадис ва суннат соҳиби эдилар. Ғарибларнинг арз-додини тингловчи, обрўлари улуғ бўлиб, Аллоҳ йўлида ҳақиқатни айтишда маломатчиларнинг маломатидан қўрқмаганлар”.
Ибн Ҳилола айтганлар: “Бир неча бор у кишининг ҳузурларида ёлғиз ўтирганман. Кўплаб қизиқ воқеалар содир бўлганининг (кароматларнинг) гувоҳи бўлганман. У киши ҳақларида одамларнинг илиқ гапларини эшитганман”.
Айтилишича, у киши Қуръонни 12 жилдда тафсир қилганлар. Кўплаб асар муаллифи Фахриддин Розий у кишининг ёнларига келиб, бир фақиҳ билан Аллоҳни таниш ва тавҳид тўғрисида мунозара қилганлар. Тортишув узоқ давом этган. Улар шайхдан маърифат илми ҳақида сўрашганда, шайх: “У нафсга тушади, нафс эса уни инкор этишга ожизлик қилади”, - деб жавоб берган эканлар. Фахриддин Розий: “Бунга қандай етмоқлик мумкин?” - деб сўраганлар. Жавоб берганлар: “Ўзингдаги раҳбарликка мойилликни тарк этиш ва дунёга интилиш насибасидан воз кечиш билан”. Фахриддин Розий: “Мен бунга қодир эмасман”, - дедилар. Аммо шериклари зоҳид бўлдилар, ҳаммасидан воз кечиб, шайхга шогирд тушдилар.
Мўғуллар Хоразмга 618 йил рабиул аввал ойида бостириб киришди. Нажмиддин Кубро халқ билан уларга қарши жиҳодга чиқдилар. Хоразмликлар ҳалок бўлгунларича шаҳар дарвозаси ёнида жанг қилдилар. Шайх ҳам шу жангда 80 ёшларида шаҳид бўлдилар.
У кишининг ибратли сўзлари ҳақида тасаввуф донишмандлари ҳар хил муносабат билдиришган.
Бизга Абу Осим Нофеъ Ҳиндий, у кишига мавлолари Саъид ибн Мутоҳҳар, у кишига 615 йилда Абул Жанноб Аҳмад ибн Умар (Нажмиддин Кубро) хабар бердилар. У киши ҳофиз Абул Алога ўқиб берганлар. У кишига Али ибн Аҳмад, у кишига Муҳаммад ибн Муҳаммад, у кишига Исмоил Саффор, у кишига Ҳасан ибн Арафа, у кишига Салм ибн Солим ровий Нуҳ ибн Абу Марямдан, у киши Собитдан, у киши Анасдан хабар берганлар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
“Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳнинг дийдорини кўриш) бордир” (Юнус, 26) ояти ҳақида сўралганида: “Дунёда яхши амаллар қиладиганлар учун гўзаллик, яъни жаннат бордир ва бундан ҳам зиёдаси, яъни карамли Аллоҳнинг дийдорига мушарраф бўлиш бордир”, - деб тафсир қилдилар”.
Санаддаги Салм ибн Солим заиф саналганлар. Нуҳнинг эса ривоятлари юмшоқ.
Изоҳ: Бу кишининг лақаблари асли “Нажмул Кубаро” (“Катта юлдуз”) бўлган. Сўнгра ўзгартирилиб “Нажмиддин Кубро” дейилган. Бошқа лақаблари - “Томма ал-Кубро” (“Катта воқеа”). Кўп ишлатилаверган бу лақаб кейинчалик ихчамгина “Кубро” шаклини олган.
Мўғул босқинчилари шаҳарга кирмоқчи бўлганларида, Нажмиддин Кубро ва у кишининг дўст-ёрлари одамларни намозга чорлаганлар. Сўнгра у киши: “Туринглар, Аллоҳ йўлида жанг қиламиз”, - деганлар ва уйларига кириб ўз шайхлари кийдирган тасаввуф хирқасини кийиб чиққанлар. Кейин бор кучлари билан душманга ҳужум қилганлар. Ҳатто қўлларига тош тушса ҳам, улар томонга отганлар. Бир найза кўксиларига тегиб, шаҳид бўлганлар. Аллоҳ у кишидан ва ислом ҳимояси йўлида шаҳид кетганлардан рози бўлсин.
Имодуддин Ҳаззомий Нажмиддин Куброни ҳурматлаганлар. У киши номларидан эътиқодга оид айтилган баъзи фикрларни рад этиб: “Нажмиддин Кубродан бунақа тойилишлар содир бўлмаган. Чунки у киши катта муҳаддис, суннат соҳиби ва ибодатли шайх эдилар. Чекинмасдан душманга тик боқиб, шаҳид кетганлар”, - деганлар.
Имом Шамсиддин Заҳабийнинг
"Сияру Аъламин Нубало" китобидан