close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сизларга хабарлар етиб келмаганмиди?

“Бу (Қуръон) одамлар учун, уларнинг у ила огоҳлантирилишлари, У ягона илоҳ эканини билишлари ва ақл эгалари эслашлари учун баёнотдир (Иброҳим сураси, 52).  Эй одамлар, узоқ ва бой, хурсандчилик ва ўйин-кулгига тўла умрдан сўнг, сизларга узоқ давом этадиган азоб келишини биласизми?

Эй одамлар, келажакда нима бўлишини, яъни эртага нима бўлишини билмаслигимиз, ўзимизча эртанги кун ҳақида ўйлаб юрганимиз эса гумон ва тахминлардан иборат эканига қўшиласизми?
Ҳар бир яратилган нарсанинг Яратувчиси борлигига ишонасизми? Яратувчи ўзининг яратган нарсалари ҳақида тўлиқ билимга эга экани, яъни яратган нарсаси учун нима яхши, нима ёмон эканини билишига ишонасизми?
Аллоҳ таоло бизни яратганига ва бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймаганига иймон келтирасизларми?  Аллоҳ таоло бизларга ўзининг пайғамбарларини юбориб, амрлари баён қилинган китобларини нозил қилганига ишонасизларми?
Ақли борлар ақлларини юритиб кўрсинларчи, чунки Аллоҳ таоло бизга нисбатан ҳеч ҳам адолатсизлик қилмади, биз ўзимизга ўзимиз зулм қиляпмиз. Аллоҳ таоло эса зулматдан нурга чақиряпти. Биз залолатга интилиб, турли хил баҳоналар билан Яратувчимизнинг ҳақ йўлидан тойишга ҳаракат қилаётганлар ҳам  ўзимиздир.
Аллоҳ таоло бизга бу дунё ва у дунёда бахту-саодатга етишимиз учун Ўзининг ҳақ йўлни кўрсатди.
“Сен: «Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топадир. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айт (Юнус сураси, 108)
“Бу китобни сенга одамларни Роббиларининг изни ила зулматлардан нурга, азиз ва мақталган зотнинг йўлига чиқаришинг учун нозил қилдик. Аллоҳ осмонлару ердаги нарсалар Уники бўлган зотдир. Кофирлар ҳолига шиддатли азобдан вой бўлсин. Улар бу дунё ҳаётини охиратдан афзал кўрадиганлар, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганлар ва у(йўл)нинг эгри бўлишини хоҳлайдиганлардир. Ана ўшалар йироқ адашувдадирлар. Қайсики Пайғамбарни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун ўз қавми тили ила юборганмиз. Бас, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказади, кимни хоҳласа, ҳидоятга соладир. У азиз ва ҳикматли зотдир (Иброҳим сураси, 1-4).
У қандай баҳона экан ёки қандай далилинг борки, қисқа умринг, вақтинча ҳаётингни Унинг амрларига бўйинсинган ҳолда яшашга йўл бермайди?
 “Албатта, золимлар нажот топмаслар” (Анъом сураси, 135)
“У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, холос (Бақара сураси, 255).
Аллоҳ таоло билади, биз эса, билмаймиз. Ўзига маълум бўлган ҳикмат билан оқибатимиз хайрли бўлиши учун бизга йўл кўрсатади. Аллоҳ таолога ишонасизми? Аллоҳ таолога ишонмай туриб, жаннатга қандай кираман деб ўйлайсиз? Балки, жаннат ва дўзахни ҳам инкор қиларсиз? Бунга ҳужжат-далил келтира оласизми?
“Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Гумондан бошқа нарсага эргашмаслар. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас” (Нажм сураси, 28).
Йўқ, кўпчилигимиз ҳақиқатни инкор қила олмаймиз. Балки шунгадир, кўпчилигимиз амрларнинг баъзиларини қўйиб, ўзимизга хос ва ҳаётимизга мос келадиган жойларинигина оламиз. Аллоҳ таоло: “Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” дея марҳамат қилса ҳам динимизни нафсимизга тобе қилишда бардавоммиз (Нисо сураси, 65).
Ҳаётимиздаги муваффақият ва охиратда юзимиз ёруғ бўлиши Аллоҳ таолога тўлиқ таслим бўлиб, Унга таваккал қилиш билан амалга ошади.
 “Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир” (Талоқ сураси, 3).
Эй одам, энди ўйлаб кўр, сен қаердасану, Аллоҳнинг ваъдаси қаерда?
“Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга  киритурмиз. Унда абадий–бардавом қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ростгўйроқ зот борми? Сизларнинг хом хаёлингизча ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёлича ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас” (Нисо сураси, 122-123)
Сиз ҳақиқатдан ҳам иймонни куфрга, таслим бўлишни осийликка алмаштириш билан муваффақият қозонаман, деб ўйлайсизми? Аллоҳ таоло бизни жаннатга чиқарди, нафсларимиз эса жаҳаннам олови томон тортмоқда. Ҳаётинг қандай ўтмоқда? Эртага ёки қариганда ибодатга кираман деб хом ҳаёл бўлма, бир неча дақиқадан сўнг бормизми ёки йўқми, билмаймиз-ку. Бугун ва айни вақтдаги ҳолатинг қандай? Бепарволик ва беғамлик дастидан – дод! Ҳаётларидан мамнун бўлган қанча-қанча авлодлар тўғри йўлдан озганлиги учун ҳалокатга юз тутдилар. Бироқ биз улардан ибрат олишни истамаяпмиз-да.
 “Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар. Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар” (Сабаъ сураси, 34-35).
Шу одамларнинг ҳозирги ҳолати қандай экан-а, қани улар?
“Токи улардан бирига ўлим келган чоғда: «Эй Роббим, мени қайтаргин. Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам», дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир (Мўминун сураси, 99-100).
“...унинг хизматкорлари: «Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди?» деб сўрайдир. Улар: «Ҳа, дарҳақиқат бизга огоҳлантирувчи келган эди. Лекин биз (уни) ёлғончига чиқардик ва: «Аллоҳ ҳеч нарса туширгани йўқ, сизлар катта адашувдан бошқа ҳеч нарса эмассизлар», деган эдик», дейишар. Ва улар: «Агар эътибор қулоғи билан эшитганимизда ёки ақлни ишлатганимизда эди, дўзахилар орасида бўлмаган бўлар эдик», дерлар (Мулк сураси, 8-10).
Эй одам, ақлингни ишлатгин. Аллоҳ таоло бизга ҳаётни ато қилди, унда неъматларини тўкин-сочин қилди. Шулардан сўнг ҳам Аллоҳ таоло бизни з ҳолимизга ташлаб қўйгани йўқ, балки ҳаётда тўғри йўлни кўрсатиб, жаннатини ваъда қилди. Сен эса, ҳар куни Аллоҳ таолога осийлик қиласан, Унинг амрларига таслим бўлмайсан. Аллоҳ таоло эса, дарҳол жазо беришга қодир бўлса ҳам, сенга муҳлат беради. Бироқ шундай кун келадики, келажак ҳаётингга тўла режалар оғушида бўлганингда малакул мавт (ўлим фариштаси), сени тутади. Ва сен сени ўраб турган барча нарсалардан маҳрум бўласан – мол-мулк, қариндош-уруғ, бола-чақа, кўзларингни қувонтириб турган гўзал хотинларинг ҳаммаси бошқаларга қолиб кетади. Шундай экан, ўша кун афсус, надомат, ҳасрат ва қайғуларга тўлмаслиги учун бугун қайғургин, надомат чеккин. Бизга бир мартагина умр, яъни имкон берилади, хўш шундай экан шу умрни, шу имкониятни Аллоҳ таоло розилигини топиш учун сарф қилмаймизми?!. Кунларинг кун сайин камайиб борар экан, имкониятларинг ҳам шунчага камайиб бораверди. Сен буни тўхтатишга қодир эмассан!
“Сен уларга: «Ҳузурланиб қолинг! Бас, албатта, борадиган жойингиз дўзахдир», деб айт!” (Иброҳим сураси, 30).
“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (Раъд сураси, 11).
“Аллоҳ ҳақида талашиб турганларида, урадир. У қаттиқ ушлайдиган зотдир” (Раъд сураси, 13)
“Сен одамларни уларга азоб келадиган Кундан огоҳлантир. Ўшанда зулм қилганлар: «Эй Роббимиз, бизни озгина вақт қўйиб тургин, Сенинг даъватингни қабул қиламиз ва Пайғамбарларга эргашамиз», дерлар. Бундан олдин сизларга завол йўқлигига қасам ичмаган эдингизми?! (Иброҳим сураси, 44)

Ё Аллоҳ Ўзинг гувоҳсан, уларга етказдим...

Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase