112. Ихлос сураси
- Душанба, Июл 15 2024
- 41 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 4.
Тартиб рақами: 112.
Сура маъноси: ихлос, холислик.
Суранинг бошқа номи: Сомад.
Суранинг фазилати: Абу Аййуб Ансорий розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирон киши кечаси Қуръоннинг учдан бирини ўқишга қодир эмасми?” деб сўрадилар ва кимки “аллоҳул-вааҳидус-сомад” (Ихлос сураси)ни ўқиса, аниқки Қуръоннинг учдан бирини ўқибди”, дедилар” (Имом Термизий ривоят қилган ва ҳадис санадини ҳасан, деган).
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қайси бир банда ҳеч ким билан гаплашмасидан олдин шом(нинг фарзи)дан кейин икки ракъат намоз ўқиса, биринчи ракъатда ал-Ҳамду ва Кафирун сураси, иккинчи ракъада ал-Ҳамду ва Ихлос сурасини ўқиса, худди илон терисидан фориғ бўлгани каби гуноҳларидан холи бўлади” (Ибн Нажжор ривояти).
Сабаби нузул: Икримадан ривоят қилинишича, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бизга Парвардигоринг ҳақида хабар бер. Унинг қандайлигини тасвирла. У кимдан туғилган?” деб сўрашганида Аллоҳ “қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини нозил қилган (Ибн Жарир ривояти).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. (Эй Муҳаммад,) айтинг: “У Аллоҳ Аҳаддир.
Эй Муҳаммад, Мен ҳақимдан сўраган мушрикларга: “Аллоҳ Ўз сифати, зоти ва амалларида Ягонадир. У Зотнинг сифати билан ҳеч ким сифатлана олмайди. У Зот қилган амалларни биронтаси қила олмайди. Аллоҳ Яккаю Ягона Илоҳдир!” деб айтинг.
2. Аллоҳ Самаддир.
“Самад” сўзи аслида “махлуқотлар томонидан ҳожатларини раво қилинишини сўралувчи Зот” маъносини англатади. Салафлар бу сўз яна бошқа маъноларни ҳам ифодалашини айтишган. Жумладан:
– салтанати мукаммал бўлган ҳукмдор (Ибн Аббос, Абу Воил, Зайд ибн Аслам);
– ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган (Ибн Аббос, Икрима);
– махлуқотлар ўлиб кетганидан кейин ҳам боқий қолувчи (Ҳасан Басрий, Қатода).
Демак, Аллоҳнинг “Самад” сифати улуғлик, ҳожатбарорлик ва боқийлик маъноларини англатар экан.
3. У туғмаган ва туғилмаган.
Аллоҳ таолонинг фарзанди ҳам, ота-онаси ҳам йўқ. У туғиш ва туғилишдан покдир. У Зот азалийдир, бошланишининг чегараси йўқ. Аллоҳ абадийдир, охирининг чегараси йўқ. Туғиладиган ва ўзидан фарзанд қолдирадиганлар аввал йўқ бўлиб, кейин дунёга келади ва яна ўлиб, дунёдан ўтиб кетади. Аллоҳ бундай нолойиқ сифатлардир покдир.
Ихлос сурасининг мана шу оятида мушрик, насроний ва масиҳийларга қаттиқ раддия берилмоқда. Қатода айтади: “Араб мушриклари: “Фаришталар Аллоҳнинг қизлари”, яҳудийлар: “Узайр Аллоҳнинг ўғли”, насронийлар: “Масиҳ Аллоҳнинг ўғли”, дейишарди. Аллоҳ уларнинг даъволарини ёлғонга чиқариб, “У туғмаган ва туғилмаган”, деб айтмоқда”.
4. Ва Унга ҳеч ким зинҳор тенг бўлган эмас”.
Аллоҳга ҳеч ким тенг келолган эмас, келолмайди ҳам. Унинг шериги ва ўхшаши йўқ. У Ёлғиздир. Бутун коинот ва махлуқотларни яратишда, уларни ризқлантириш ва бошқа ишларда ҳеч ким унга шерик бўлмайди.