close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

113. Фалақ сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 5.
Тартиб рақами: 113.
Сура маъноси: тонг.
Фалақ ва Нос сурасининг бошқа номи: муаввизатайн.
Фалақ ва Нос суралари фазилати:
Уқба ибн Омир  розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечаси нозил қилинган суралар ичида ушбу иккисига тенг келадиган сурани кўрганмисан? (Улар) “қул ауъвзу бироббил-фалақ” (Фалақ) ва “қул ауъвзу бироббин-наас” (Нос сураларидир)”, деганлар” (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).
Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсу жинлар кўзидан паноҳ сўраб юрардилар. Паноҳ сўралувчи икки сура (Фалақ ва Нос) нозил бўлганидан кейин, у иккисини олиб, бошқасини тарк қилдилар” (Термизий, Насоий, Байҳақий ва Ибн Мардавайҳ ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлиб қолсалар, ўзлари учун муаввизатайнни ўқиб, сўнгра пуфлардилар (дам солардилар). Қачонки касалликлари оғирлишса, мен у зот учун ўқиб, қўлларининг баракасидан умид қилиб уни (баданларига) суркар эдим” (Бухорий ривояти).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1-2. (Эй Муҳаммад,) айтинг: “Мен тонг Парвардигоридан яратган (нарса)ларининг ёмонлигидан...
Эй Муҳаммад, Сиз: “Тонг Парвардигоридан Ўзи яратган махлуқотлар ёмонлигидан паноҳ беришини сўрайман!” деб айтинг.
Аллоҳ яратган махлуқот ва мавжудотларнинг ҳисоби чексиз. Улар орасида инсонга фойдалиси ҳам, зиён келтирадигани ҳам бор. Лекин банда қайси нарса манфаат келтирадию қайси бири зарарли эканини билмайди. Шу сабаб, хоҳ жонли бўлсин, жонсиз бўлсин, банда яратилган барча нарсалар ёмонлигидан паноҳ сўраб Аллоҳга илтижо қилиши лозим.
Аллоҳ таоло бу ерда Ўзини нима сабабдан “тонг Парвардигори” деб атаганига уламолар қуйидаги сабабни келтирадилар: “Аллоҳ зулматли кечадан сўнг тонгни келтиради ва бутун олам чароғон бўлади. Бу ишга қодир бўлган Зот паноҳ сўровчи бандасини зарарли ва бандалар қалбига қўрқинч солиб турган нарсалардан сақлашга ҳам Қодирдир”.
                 
3. Қоронғу кечанинг ёмонлигидан...
Қоронғу кечадан паноҳ сўрашга амр қилинишига сабаб шуки, қуёш ботиб, атроф зулматга чўмганда, киши қалбига қандайдир қўрқув, ваҳима тушади. Одатда, кундуз куни бемалол ўтиладиган жойлардан кечаси хавотир билан ўтилади. Шунингдек, ёввойи ҳайвон ва ҳашоратлар айнан кечаси инидан чиқади, ўғри ва қотил каби жиноятчилар ҳам кечаси ҳаракатда бўладилар. Кечаси уйқу ва ором пайти бўлиши билан биргаликда хавф-хатар ва қўрқув вақти ҳам эканлиги учун Аллоҳ бизларни кечанинг ёмонликларидан паноҳ сўрашга буюрмоқда.
                 
4. Тугунларга дам урувчи (аёллар)ларнинг ёмонлигидан...
Ушбу оятда ипни боғлаб, тугунларга дам уриб, кишиларни сеҳр қилувчи, эр-хотин, ота-бола орасига низо солувчи, кишиларни фаолиятдан қолдириш учун ҳаракат қилувчи жодугар аёллар ёмонлигидан паноҳ сўрашга амр қилинмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким бир тугун боғлаб, унга дам солса, аниқки сеҳр қилибди. Ким сеҳр қилса, аниқки ширк келтирибди” (Насоий, Табароний ва Ибн Мардавайҳ ривояти. Ривоят санади заиф).
                   
5. Ҳасад қилувчи ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”.
Ҳасад энг ёмон иллатлардан бўлиб, барча гуноҳларга сабаб бўлувчи омилдир. Ер юзидаги биринчи исён ҳам ҳасад туфайли содир бўлганди. Аввалги оятда айтилган тугунларга дам солувчилар ҳам ҳасад – кўраолмаслик сабабли сеҳр қиладилар. Хуллас, банда жамики ёмонликлардан Аллоҳнинг паноҳини сўраб юриши керак. Зеро, У Зотдан бошқа паноҳ берувчи йўқдир.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase