111. Масад сураси
- Душанба, Июл 15 2024
- 40 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 5.
Тартиб рақами: 111.
Сура маъноси: мустаҳкам арқон.
Суранинг бошқа номи: таббат.
Сабаби нузул: Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачонки “яқин қариндошларингни огоҳлантир” (Шуаро, 214) ояти нозил бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тепалигига чиқиб, баланд овозда: “Эй Қурайшийлар, бу ерга келинглар!” дедилар ва кейин: “Қаранглар, агар сизларга мана бу тоғ ёнбағрида отлиқ қўшин турибди, десам ишонасизларми?” деганларида, улар: “Биз сенинг ёлғон гапирганингни билмаймиз”, дейишди. Шунда у зот: “Ундоқ бўлса, мен сизларни қаттиқ азобдан огоҳлантираман”, дедилар. Абу Лаҳаб эса: “Ҳалок бўлгур! Бизни шунга чақирганмидинг?!” деди. Шунда “таббат йадаа” сураси нозил бўлди” (Бухорий, Муслим ва Ибн Жарир ривояти).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Абу Лаҳаб ҳалок бўлсин! Ҳалок бўлди ҳам!
Ушбу оятда Исломнинг ашаддий душманларидан бўлган Абу Лаҳабга Аллоҳ томонидан ҳалок бўлиш тиланмоқда. Бадр ғазотидан бир неча кун ўтиб, Абу Лаҳаб аянчли аҳволда ўлди.
Абу Лаҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари бўлиб, асл исми Абдулъуззо эди. Ушбу оятда оламлар сарварининг амакиси кофирларнинг энг ашаддийси сифатида тилга олинмоқда. Бу насаб билан имон бир-бирига тегишли эмаслигини англатади. Имон ҳеч қачон отадан болага мерос бўлиб ўтмайди. Шу сабаб ҳаётда кўп гувоҳи бўлганимиздек, ота ибодатда, бола бенамоз ёки аксинча, фарзанд имон йўлида, ота бўлса залолатда. Имон ана шундоқ қадрли ва улуғ неъматдир.
2. Унга бойлиги ва касб қил(иб топ)ган нарсалари фойда бермади.
Абу Лаҳаб ҳаётлик чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тиш-тирноғи билан қаршилик қилди. Кучли адоватда бўлди. Шу сабаб энди унга охиратда тўплаган мол-дунёси, орттирган фарзандлари, топган обрўъси ва мансаби фойда бермайди. Бу нарсалар ундан Аллоҳнинг азобини қайтара олмайди.
3-5. У ва бўйнида мустаҳкам арқон бўлган ўтин ташувчи хотини яқинда алангали жаҳаннамга киради.
Абу Лаҳаб хотинининг исми Арвоъ бинти Ҳарб бўлиб, куняси Умму Жамил эди. У Абу Суфён ибн Ҳарбнинг синглиси бўлган. У Исломга қаршилик қилишда эри Абу Лаҳабдан ҳеч қолишмас, имкони борича мусулмонларга озор беришга тиришарди.
Оятнинг маъноси қуйидагича: яқин орада Абу Лаҳаб ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор беришда унга шерик бўлган, у зот эшиклари остига тиканлар ташлаган ва ғийбат, туҳматлар қилиб, фитна оловини ёқиб юрган Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил ҳам жаҳаннамнинг қизиб турган оловига киради. Унинг бўйнига пишиқ қилиб тайёрланган, толалари жуда қаттиқ арқон боғланади ва азобланади.