110. Наср сураси
- Душанба, Июл 15 2024
- 38 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Мадина.
Оятлар сони: 3.
Тартиб рақами: 110.
Сура маъноси: ёрдам, мадад; ғалаба, ютуқ.
Суранинг бошқа номи: тавдийъ (видолашув).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “ – Изаа жаа-а насруллоҳи вал-фатҳ – сураси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳажжатул вадоъда эканларида ташриқ кунларининг ўртасида Минода нозил бўлган. Сура нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрлари охирлаб қолганини билдилар” (Абд ибн Ҳумайд, Баззор ва Абу Яъло ривояти).
Заҳҳок айтади: “ – Изаа жаа-а насруллоҳи вал-фатҳ – сураси Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан дарак берувчи белги эди” (Ибн Жарир ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачонки “изаа жаа-а насруллоҳи вал-фатҳ” сураси нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним шу йили олиниши менга маълум қилинди”, дедилар” (Аҳмад, Ибн Жарир ва Ибн Мунзир ривояти).
Ривоятларда келишича, ушбу сура нозил бўлганидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саксон кун яшаганлар.
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Қачонки Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса...
Эй Муҳаммад, қачон Аллоҳ Сизни душманларингиз устидан ғалабага эриштирса ва Макка шаҳри фатҳ қилинса...
2. Ва одамлар Аллоҳнинг динига гуруҳ(-гуруҳ) бўлиб кираётганларини кўрсангиз...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилганларидан кейин араблар: “Муҳаммад ҳарам аҳлидан ғолиб келди. Аллоҳ уларни Абраҳа қўшинларидан қутқарган эди. Демак, Муҳаммад ҳақ экан. Сизлар унга бас кела олмайсизлар”, деб гуруҳ-гуруҳ бўлиб Исломга кира бошладилар. Аввал битта ёки иккита бўлиб Исломга кирган бўлсалар, энди бутун бошли араб қабилалари мусулмон бўла бошладилар.
Оят маъноси қуйидагича: қачон Аллоҳ Сизга ғолибликни насиб қилса ва одамлар тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг дини Исломга кираётганларини кўрсангиз...
3. Бас, (шунда) Парвардигорингизга тасбеҳ ва ҳамд айтинг ҳамда У (Зот)дан мағфират сўранг. Зеро, У тавбаларни қабул қилувчидир.
Аллоҳ енгил қилгани сабаб Сизга ғалаба насиб этди ва одамлар жамоат бўлиб Исломга кирмоқдалар. Энди Сиз шукр қилиш учун тасбеҳ ва ҳамду санолар айтинг ҳамда Аллоҳдан истиғфор сўранг. Зеро, Аллоҳ тавбаларни доимо қабул қилувчидир.
Одатда, инсон бирон ютуққа эришса қалбида бироз бўлса ҳам ўзидан ажабланиш, ғурур пайдо бўлади. Бу оятларда нусрат ва зафар фақат Аллоҳдан экани, У Зотга бунинг учун тасбеҳ айтиш кераклиги ва қалбда пайдо бўлган озгина ғурур учун ҳам истиғфор сўраш лозимлиги айтилмоқда.
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга “изаа жаа-а насруллоҳи вал-фатҳ” сураси нозил қилинганидан сўнг у зот: “Субҳаанакаллоҳумма роббанаа ва биҳамдик, аллоҳуммағфир лий” деб кўп айтардилар” (Ибн Жарир ривояти).