109. Кафирун сураси
- Душанба, Июл 15 2024
- 130 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 6.
Тартиб рақами: 109.
Сура маъноси: кофирлар.
Сура фазилати: Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир ой кузатдим. У зот бомдоддан олдин ва шомдан кейинги икки ракъат (суннат намози)да Кафирун ва Ихлос сураларини ўқир эдилар” (Термизий, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг биридан сўрадилар: “Эй фалончи, сен уйландингми?” У: “Аллоҳга қасамки, менинг уйланишга имкониятим йўқ”, деб жавоб берди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ихлос сурасини биласанми?” дедилар. У киши: “Ҳа”, деб жавоб берди. “У Қуръоннинг учдан бири(га тенг)”, дедилар у зот. Ва яна сўрадилар: “Наср сурасини биласанми?”. У киши: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У Қуръоннинг тўртдан бири(га тенг)”, дедилар. Кейин “Кафирун сурасини биласанми?” деб сўрадилар. У киши: “Ҳа”, деб жавоб қайтарди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръоннинг тўртдан бири(га тенг)”, дедилар. Шундан сўнг “Залзала сурасини ҳам биласанми?” деб сўрадилар. “Ҳа, биламан”, деб жавоб берди у. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У Қуръоннинг тўртдан бири(га тенгдир). Бас, сен уйлангин, уйлангин!” дедилар” (Имом Термизий ривоят қилган ва ҳадис санадини ҳасан, деган).
Сабаби нузул: Абулбухтурийнинг мавлоси Саид ибн Мийноъдан ривоят қилинади: “Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил, Асвад ибн Мутталиб ва Умайя ибн Халаф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратиб қолиб, “Эй Муҳаммад, кел, сен биз сиғинаётган нарсага ибодат қилсанг, бизлар ҳам сен ибодат қилаётган нарсага ибодат қиламиз. Сен ҳам, биз ҳам келишиб иш тутамиз. Агар биз тутган йўл сеникидан тўғрироқ бўлса, у ҳолда сен ундан ўз улушингни оласан. Агар сен тутган йўл бизникидан тўғри бўлса, биз ундан ўз улушимизни оламиз”, дейишганида, Аллоҳ Кафирун сурасини нозил қилган” (Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Анборий ривояти).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1-2. (Эй Муҳаммад,) айтинг: “Эй кофирлар, мен сизлар сиғинаётган нарсага ибодат қилмайман!
Эй Муҳаммад, Сизни бут-санамларга сиғинишга чорлаётган кофирларга айтинг: мен сизлар топинаётган санамларга зинҳор ибодат қилмайман! Сабаби улар зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмайдиган оддий тошлар, холос.
3. Сизлар ҳам мен ибодат қилаётган (Зот)га сиғинувчи эмассизлар.
Сизлар ширк ва куфрда давом этаркансиз, мен ибодат қилаётган Ёлғиз Аллоҳга ибодат қила олмайсизлар.
4. Мен сизлар сиғинган нарсага ибодат қилувчи эмасман.
Мен келажакда ҳам сизларга ўхшаб бутларга сиғинмайман, сизлар тутган йўлдан юрмайман, балки Аллоҳга ибодат қиламан!
5. Сизлар мен ибодат қилган (Зот)га сиғинувчи эмассизлар.
Агар куфр ва ширкдан воз кечмас экансиз, келажакда сизлар Аллоҳга ибодат қилолмайсизлар. Зеро, кофир ва мушрикларнинг қилган “ибодат”и қабул қилинмайди.
6. Сизларнинг (ўз) “дин”ингиз ва менинг (ўз) диним бор!”
Сизлар қилаётган амалларингизга қараб ҳисоб қилинасизлар. Мен Ислом динидаман ва охиратда амалларимга қараб ҳисоб қилинаман.