108. Кавсар сураси
- Душанба, Июл 15 2024
- 54 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 3.
Тартиб рақами: 108.
Сура маъноси: кўп яхшилик; Кавсар (жаннатдаги ариқ номи).
Сабаби нузул: Абу Айюб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳим вафот этганида, мушриклар бир-бирларининг олдига келиб, “Бу кеча ота-бобосининг динини тарк этган анави кимсанинг думи қирқилди”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло Кавсар сурасини нозил қилди” (Табароний ва Ибн Мардавайҳ ривояти).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Албатта Биз Сизга Кавсарни ато қилдик!
Оятдаги “кавсар”дан мурод нима экани борасида турли ривоятлар бор. Шу сабаб муфассирлар уни ҳар хил таъвил қилишган. Жумладан, ушбу сўз “кўп яхшилик”, “жаннатдаги Кавсар ариғи”, “пайғамбарлик”, “Қуръон”, “душманлардан ғолиб келиш”, “саҳоба ва умматнинг кўплиги” дея тушунтирилган. Шунга кўра оятни: Эй Муҳаммад, гарчи душманларингиз кичик санаётган бўлсалар-да, Биз Сизга кўп яхшиликлар, фазилат ва мақомлар бердик, деб тафсир қилиш мумкин.
2. Бас, Сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик сўйинг.
Аллоҳ тарафидан яхшиликларга сазовор бўлган экансиз, энди Сиз Ёлғиз Аллоҳ учун намоз ўқинг ва У Зотнинг исмини зикр қилиб, қурбонлик сўйинг!
3. Албатта сизни ёмон кўрадиган (кимса)нинг думи қирқилгандир.
Сизга нафрат билан қарайдиган душманларингиз дунё ва охират яхшиликларидан маҳрумдирлар. Улар вафот этиб кетгач, номлари хотирадан буткул унутилади.
Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ. Ос ибн Воил ва Уқба ибн Абу Муъайт каби мушрикларнинг ўғил фарзандлари кўп бўлса ҳам, ўлимидан кейин уларни биров эсламади ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамма ўғил фарзандлари вафот этиб кетган бўлса ҳам, у зот ортидан қолган саҳобалар Ислом байроғини юқори кўтардилар, шариатни авлоддан-авлодга, асрдан-асрга ўтиб келишига сабабчи бўлдилар. Мана ўн тўрт асрдан ошибдики, мушриклар нафақат мусулмонлар, балки инсофли ғайридинлар томонидан ҳам ёмон сифатлар билан эсланадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ким эсласа, ортидан салавот ва салом йўллайди.