close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

107. Моъувн сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 7.
Тартиб рақами: 107.
Сура маъноси: рўзғор буюмлари; закот; тоат; мол-дунё; яхшилик.
Суранинг бошқа номи: ароайта, дийн сураси.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Ҳисобни ёлғонга чиқарадиган кимсани кўрдингизми?
Эй Муҳаммад, Сиз қиёмат, қайта тирилиш ва ҳисобни ёлғон дейдиган кимсани кўрдингизми?
      
2. У етимни ҳайдаб солади.
Бундай кимсадан етимлар нарса сўрасалар ёки ҳожатларини раво қилишини илтимос қилсалар, уларни олдидан ҳайдаб, ҳақоратлайди ва ҳаққини поймол қилади.
Ибн Журайж айтади: “Бу оят Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У ҳар ҳафта бир туя сўярдир. Агар етимлар ундан бирон нарса сўраб келсалар, ҳассаси билан уларни савалаб ҳайдарди” (“Тафсийрул-қуртубий”).
                
3. Ва мискинга таом беришга ундамайди.
Бундай кимса бойликка ўч ва бахиллиги сабаб ҳеч вақоси йўқ етим-есирларни таомлантирмайди ёки ўзгаларни етимларга таом беришга ундамайди. Балки у ўзи билан овора, биров билан иши бўлмайди.
                                        
4-5-6. Бас, намозларини унутиб қўядиган , риё қиладиган “намозхон”ларга ҳалокат  бўлсин!
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: “Ушбу оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Улар ошкора ҳолда намоз ўқиб, махфий тарзда уни тарк этардилар” (Ибн Жарир ва Ибн Мардавайҳ ривояти).
Қатода: “Бундай кимса намоз ўқидими ёки ўқимадими, унга фарқи йўқ”, деган.
Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Намозларини “унутиб” қўядиган кимсалар” ҳақида сўраганимда, у зот: “Улар намозни ўз вақтидан кечиктирувчилардир”, деб жавоб бердилар (Ибн Жарир Табарий, Абу Яъло, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ, Табароний “Авсат”да ва Байҳақий “Сунан”да ривоят қилган).
Абу Барза ал-Асламий ривоят қилади: “Қачонки “Улар намозларини “унутиб” қўядилар” ояти нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ушбу оят сизлардан ҳар бирингизга дунёдаги бор нарсанинг берилишидан яхшироқдир. Бундай киши намоз ўқиса, намозининг яхшилигидан умид қилмайди. Агар уни тарк этса, Парвардигоридан қўрқмайди” (Ибн Жарир Табарий ривояти).
“Тафсийрул-Қуртубий” китобида: “Бундай кимсалар намоз вақти ўтиб кетса, унга афсус-надомат қилмайдилар. Ўзларини итоатгўй, намозхон, деб аталишлари учунгина намоз ўқийдилар. Одамларнинг кўнглидан жой олиш, улардан олқиш, таҳсин ва мақтовлар эшитиш ёки намоз ўқиш орқали обрўъ-эътибор қозониш уларнинг бош мақсадлари” деб айтилган.
“Зубдатут-тафосийр” китобида эса юқоридаги оят тафсири шундай келтирилади: “Улар намоздан ғофил, унга эътиборсиз бўлган кимсалардир. Агар намоз ўқисалар, савоб умид қилмайдилар. Намозни тарк этсалар, жазосидан қўрқмайдилар. Вақти чиққунча намоздан ғофил ҳолда бўладилар. Мўминлар орасида бўлганларида риё учун намоз ўқиб, якка ўзлари қолганда уни буткул тарк қиладилар”.
“Тафсирул ҳавмад”да ушбу оят қуйидагича тушунтирилган: “Намозни вақтидан кечиктириб адо қилувчиларга вайл ва азоб бўлсин! Баданлари ва тиллари билан уни бажариб, қалблари хушуъдан, ўқиётган оятларининг маъноларини тадаббур қилишдан узоқ бўлганларга вайл бўлсин! Улар шундай кишиларки, ўқиган намозларининг самараси нафслари ва амалларида кўринмайди. Бундай кишилар етим ва мискинларга бахиллик билан муносабатда бўлишларидан ташқари намозда ҳам бахиллик қиладилар. Уларнинг хаёллари паришон, фикрлари тарқоқ бўлиб, намозда қалблари сокин бўлмайди. Улар жамоат ичида риё учун, одамлардан мақтов эшитиш ниятида намоз ўқиб қўядилар”.
       
7. Ва улар моъун  (рўзғор буюмлари)ни ман қиладилар.
Бундай кимсалар ўта бахил бўлиб, одамларга яхшилик қилишни истамайдилар, камбағал қўшниларидан қозон, болта, челак, ҳатто туз ва сувни ҳам қизғанадилар.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase