096. Алақ сураси
- Душанба, Июл 15 2024
- 42 марта кўрилди
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 19.
Тартиб рақами: 96.
Сура маъноси: лахта (қотиб қолган ёки қуюқ) қон.
Эслатма: Алақ сурасининг аввалги беш ояти Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятларидан саналади.
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. (Эй Муҳаммад,) Яратган Парвардигорингиз номи билан ўқинг!
Эй Муҳаммад, Сизни йўқдан бор қилган Парвардигорингиз номи билан ўқинг.
Қуръоннинг энг биринчи оятида ўқишга амр қилинишидан Ислом илм дини экани ва ҳар бир мўмин-мусулмон илм олишга ҳаракат қилиши лозимлигини билиб оламиз.
2. У инсонни лахта қондан яратди.
Эркакдан чиққан нутфа аёл бачадонига тушади. Бир неча кунлардан сўнг қуюқлашиб, лахта қон шаклига келади. Кейин музғо (бир парча гўшт) шаклига келиб, секин-аста инсон қиёфаси ҳосил бўлади. Бу улуғ мўъжизадир.
3. Ўқинг ва Парвардигорингиз ўта карамлидир.
Яъни: ўқинг! Парвардигорингиз карами кенг, У сахий Зотдир. Аллоҳ Сизга ўқишни осон қилади.
4. У қаламни таълим берди.
Аллоҳ инсонга қалам билан ёзишни таълим берди. Инсон ўзи ўйлаб топгани йўқ ёки кашф қилгани йўқ ёзишни, балки У Зот бандани ёзишга илҳом қилди.
Ҳақиқатан, ёзиш илмнинг асосидир. Ёзиш бўлмаса, илм ривожланмас, авлоддан-авлодга мерос бўлиб қолмас, бир юртдан бошқа юртга ўтиб такомил топмас, балки унутилар ёки ўзгариб, хато-камчиликлар билан кишиларга етиб келарди. Зеро, ёд олишнинг ўзи илмга асос бўла олмайди. Чунки инсонга хос бўлган хусусиятлардан бири ҳам айнан унутишдир. Бежизга арабларда “ёзилган нарса мустаҳкам қолади. Ёдлангани унутилади” дейилмаган.
Бу оятнинг аҳамияти бугунги кунимизда яққол намоён бўлмоқда. Сабаби ҳозирда ҳар қандай маълумот ёзма шаклда бўлмаса, ҳеч бир китоб ёки мақола илм сифатида қабул қилинмаяпти.
Илмни ёзиб қўйишнинг қуйидаги манфаатлари бор:
– илмнинг узоқ давр, асрлар давомида сақланишига ёрдам беради;
– ёзиш орқали оғзаки нутқдаги баъзи камчиликлар тўғриланади;
– илм машаққат билан ёзилса, хотирада узоқ муддат сақланади ва ҳоказо.
5. У инсонга билмаган (нарсас)ини ўргатди.
Инсон аввал ҳеч нарсани билмасди. Аллоҳ унга керакли барча нарсани ўргатди, уни илм олишга тарғиб қилди.
Илм олишда мия, кўз, қулоқ, қўл ва бошқа аъзолар муҳим ўрин тутади. Бу аъзоларни мукаммал яратган Аллоҳ ҳамду сано ва мақтовларга энг муносиб Зотдир.
6-7. Йўқ! Инсон қачон ўзини беҳожат санаса, албатта туғёнга кетади.
Бу илмсизлик ёки илми бўла туриб, унга амал қилмаслик оқибатидир. Банда мол-дунёси кўпайиб, обрўъ-эътибори ошганида кибру ҳаво билан туғёнга кетади, Аллоҳга шукр қилишни унутади. Бу аксарият кишилар сифатидир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу: “Икки берилувчи ҳеч тўймайди: илм ва мол-дунё соҳиби. Улар бир-бирига тенг эмас. Илм соҳиби Раҳмоннинг розилигигини зиёда қилиб бораверади”, деди ва “албатта Аллоҳдан бандалари ичидаги олимларгина қўрқадилар” (Фотир, 28) оятини ўқиди. Кейин: “Мол-дунё эгаси туғёнга кетишда давом этади”, деди ва “Йўқ! Инсон қачон ўзини беҳожат санаса, албатта туғёнга кетади” оятини тиловат қилди (Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).
8. Албатта Парвардигорингга қайтиш бордир.
Аллоҳ таоло бу оятда бойлик билан туғёнга кетган бандани огоҳлантириб, ҳали Ўз ҳузурига қайтиб бориши, барча яхши ва ёмон амаллари ҳақида ҳисоб беришини маълум қилмоқда.
9-10. Бандани намоз ўқиётганида тўсадиган кимсани кўрдингми?
Амр ибн Ҳишом – Абу Жаҳл Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбада намоз ўқишларига тўсқинлик қиларди. Аллоҳ таоло бу оятда Абу Жаҳлга таҳдид қилмоқда.
11-12. Айтгинчи, у ҳидоятда бўлса ёки тақвога буюрса (уни намоздан тўсиш нима деган гап, ахир)?!
Эй бадбахт кимса, сен намоз ўқишдан қайтараётган банда – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғри йўлда бўлса ёки имон, солиҳ амал ва дўзахдан узоқлаштирадиган ишларга буюрса, нега энда уни намоздан тўсасан?!
13. Кўрдингми, агар у ёлғонга чиқарса ва юз ўгирса...
Абу Жаҳл Аллоҳ Расули олиб келган нарсаларни инкор қилиб, имондан юз ўгирди.
14. Аллоҳ кўриб туришини билмадими?
Аллоҳ ҳамма нарсани билади. Шунингдек, Абу Жаҳлнинг куфрини ҳам, имондан бўйин товлаганини ҳам билади. Абу Жаҳлнинг ўзи қилаётган ишлари Аллоҳга ошкора эканини яхши билиб қўйсин. Охиратда шунга қараб ҳисоб қилинади!
15-16. Йўқ! Агар у тўхтамаса, Биз уни пешона сочидан – ёлғончи ва хатокор пешона сочидан, албатта тутамиз!
Агар Абу Жаҳл қилаётган ишларини бас қилмас экан, қиёмат куни Аллоҳ унинг ёлғончи ва хатокор пешона сочидан тутиб, жаҳаннамга улоқтиради.
17. Бас, у ўз ҳамроҳларини чақирсин!
Бу кимса энди ўзига яқин бўлган ҳамсуҳбат ва ҳамроҳларини чақирсин! Ўша дўстлари, агар қўлларидан келса, уни азобдан қутқариб қолсинлар!
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида Абу Жаҳл келиб, “сенга бу ерда намоз ўқимагин, демаганмидим?! Бу ерда намоз ўқимагин, демаганмидим?!” деб жеркиди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан юз ўгириб, уни бироз койигандек бўлдилар. Абу Жаҳл эса: “Мен бу ерда энг кўп ҳамроҳ ва аҳли-аёлга эга эканимни яхши биласан-а?” деганида, Аллоҳ “Бас, у ўз ҳамроҳларини чақирсин! Биз эса азоб фаришталарини чақирамиз!” оятини нозил қилди” (Термизий, Аҳмад ва Ибн Жарир ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
18. Биз эса азоб фаришталарини чақирамиз!
Агар у ҳамроҳларини чақирар экан, Биз ҳам кучли ва қўпол азоб фаришталарини чақирамиз. Улар исёнкор бандаларни ловуллаб турган жаҳаннамга улоқтирадилар. Шунда у Аллоҳнинг аскарлари мутлоқ ғолиб, ўзининг ҳамроҳлари ўта ожиз эканини билиб олади.
19. Йўқ! Сиз унга итоат этманг, балки сажда қилинг ва яқин бўлинг!
Эй Муҳаммад, Сиз бу мушрикка итоат этманг, унинг гапига учиб намоздан чалғиманг, балки хоҳлаган жойингизда ибодат қилаверинг, намоз ўқиб, Аллоҳга яқинлашинг. Шунда У Зот Сизни ҳимоя қилади, одамлар озорларидан сақлайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Банда саждада Парвардигорига энг яқин бўлади. Бас, сизлар дуони кўпайтиринглар!” (Муслим, Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).