close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

086. Ториқ сураси

 

 

 

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 17.
Тартиб рақами: 86.
Сура маъноси: тунда кезувчи, кечаси пайдо бўлувчи юлдуз.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Осмонга ва тунда пайдо бўлувчи (юлдуз)га қасамки...
Аллоҳ таоло ушбу оятда мўъжизакор осмон ва тунда кўринадиган юлдуз билан қасам ичмоқда.

2. (Эй Муҳаммад,) Сиз тунда пайдо бўлувчи (юлдуз) нима эканини қаердан билар эдингиз?!
Тунда пайдо бўлувчи юлдуз қандай экани келаси оятда айтилади.

3. У ёритувчи (ёки тешиб ўтувчи) юлдуздир.
Бу ердаги “ёритувчи юлдуз”дан мурод Зуҳал юлдузидир .
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Абу Толиб билан ўтирган эдилар. Шу онда бир юлдуз учди ва Ер юзи ёришиб кетди. Али қўрқиб, “Бу нима?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу отилган юлдуздир. Аллоҳ оятларидан биридир”, дедилар. Шунда “вас-самааи ват-ториқ” сураси нозил бўлди” (“Тафсийрул қуртубий”).
Демак, оятда зикр қилинаётган юлдуз ўз нури ва шуъласи билан зулматни тешиб ўтувчи ва ёритувчи юлдуз экан. Бу қадимги муфассирлар фикри. Аммо ҳозирги уламолар таъкидлашича, юлдуз сузганда атрофдаги газлар қопламини тешиб ўтар, ҳатто унинг ортидан тешик туйнук қолар экан. Бу Қуръони каримнинг илмий мўъжизасидир.

4. Ҳар бир жоннинг устида ҳимоя қилувчи (фаришта) бордир.
Аллоҳ таоло осмон ва ёритувчи юлдуз билан қасам ичиб, ҳар бир бандага ҳаёти давомида яхши ва ёмон амалларини ёзиб борадиган, муҳофаза қиладиган фаришта бириктирилганини маълум қилмоқда.
Аслида ҳимоя қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Фақат У Зот фаришталарни бу ишга вакил қилган бўлиб, фаришталарнинг сақлаши Аллоҳнинг сақлаши билан бўлади.

5. Бас, (энди) инсон нимадан яратилганига назар солсин!
Энди инсон ўзининг нимадан яратилганига ибрат кўзи билан қарасин! Шунда у Аллоҳнинг қудратини ҳис қилади, ўзининг ожиз эканини англаб, кибр ва ғурурдан узоқ бўлади, инсонни йўқдан бор қилган Аллоҳ уни қайта тирилтира олишига имон келтиради.

6. У отилиб чиқувчи сувдан яратилган.
Эркакдан шиддат билан отилиб чиқувчи сув (маний) аёлнинг суви билан қўшилиб, бачадонга тушади ва шундан инсон пайдо бўлади. Шу сабаб инсон нимадан яратилганию ўзининг нақадар ожиз эканини бир зум ҳам унутмасин!
            
7. У (отанинг) бели ва (онанинг) кўкрак суяги орасидан чиқади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, инсон эркак ва аёлнинг аралашган сувидан пайдо бўлади. Буни замонавий илм ажойиб суратда кашф қилган ва бу борада янги маълумотлар кўпайиб бормоқда.
Аъмаш айтади: “Суяклар ва асаб тизими эркак сувидан, гўшт ва қон аёл сувидан яратилади” (Ибн Мунзир ва Абдураззоқ ривояти).
                                                
8-9. Сирлар ошкор бўладиган кунда У Зот уни қайта (тирилти)ришга, албатта Қодирдир.
Инсонни бир неча томчи сувдан яратган Аллоҳ банда ўлиб, чириб кетганидан сўнг уни қайта тирилтиришга Қодир. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Қиёмат куни дунёда беркитиб юрилган энг махфий сирлар ҳам ошкор бўлади, қалблардаги мақсад ва ниятлар кундек равшан бўлади. Ана шунда яхши ва ёмоннинг фарқи очиқ билинади.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ бандаларига тўрт нарсани буюрган: намоз, закот, Рамазон рўзаси ва жунубликдан ғусл қилиш. Мана шулар Аллоҳ “сирлар ошкор бўладиган кунда...” деб айтган сирлардир” (Байҳақий “Шуаъбул иймон”да ривоят қилган).
                           
10. Унинг учун бирон куч ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмайди.
Қиёмат куни инсон ўзини ҳимоя қила олмайди ва уни Аллоҳ азобидан қутқарувчи бирон ёрдамчи ҳам бўлмайди.
           
11. Қайтиш (хусусияти)га эга бўлган осмонга қасам...
Оятдаги “қайтиш”дан мурод ёмғирдир. Сабаби ёмғир Ерга тушганидан сўнг буғланиб, яна осмонга қайтади ва шу зайл айланиб юради.
                 
12. Ёриб чиқиш (хусусияти)га эга бўлган Ерга қасамки...
Бу оятда турли ўсимлик ва дарахтларни ундириб чиқарувчи Ер билан қасам ичилмоқда.

13. Албатта у ажратувчи Сўздир.
Қуръони карим ҳақ билан ботил, яхши билан ёмоннинг орасини ажратувчи, ҳукмларни баён қилувчи, адолатли ҳукм чиқарувчи илоҳий Каломдир.

14. У ҳазил эмас!
Қуръон жиддий калом. Унга жиддий муносабатда бўлиш лозим. У беҳудага нозил қилинмаган.

15. Албатта у (кофир)лар қаттиқ ҳийла қиладилар.
Анави кофирлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ҳақ динни ботилга чиқариш учун қаттиқ уриниб, макр-ҳийла қилмоқдалар.
      
16. Ва Мен қаттиқ “ҳийла” қиламан.
Аллоҳ эса уларни маълум муддат шу ҳолда – куфр ва маъсиятда истаган ишларини қилишларига қўйиб беради ва мавриди келгандагина уларни жазолайди.

17. Бас, (эй Муҳаммад,) кофирларга муҳлат беринг, уларга озгина муҳлат бераверинг.
Эй муҳтарам Пайғамбар, Сиз даъват қилишда давом этинг, уларга азоб тиламанг, уларни гуноҳ қилишларига қўйиб беринг, токи Мен уларни қаттиқ жазолайин. Эй Муҳаммад, уларга озроқ муҳлат бераверинг! Оқибатда азобга гирифтор бўлишларини кўрасиз.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase