close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

075. Қиёмат сураси

Маккада нозил бўлган. 40 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи унинг биринчи оятидан олинган.
«Қиёмат» сурасида иймон арконларидан бири бўлган, ўлгандан сўнг тирилиш ва дунёда қилганларига яраша жазо ёки мукофот олиш мавзуи муолажа қилинади. Айниқса, сурада қиёмат ва унинг шиддатларига алоҳида эътибор берилади. Инсоннинг ўлим олдидаги ҳолати, кофирга охиратда бўладиган мусибат ва қийинчиликларга зикр қилинади. Шунинг учун ҳам сура «Қиёмат» номи билан аталади.
Сураи карима қиёмат куни ва маломатчи нафс билан қасам ичиб, ўлгандан сўнг тирилиш ҳақ эканини таъкидлаш билан бошланади.
Сўнгра, ўша қўрқинчли куннинг баъзи аломатлари, жумладан ой тутилиши, кўзнинг ҳайрон қолиши, халойиқнинг маҳшарга йиғилиши ва ҳисоб-китоб бўлиши эслатилади.
Қиёмат кунида одамларнинг иккига бўлинишлари, биринчиси бахтиёрлар, иккинчиси эса, бадбахтлар эканлигини, бахтиёрлар Худо олдида юзлари ёруғ бўлиб ўз Роббиларига назар солишлари, бадбахтларнинг юзлари қаро бўлиб, хору зорликда қолишлари васф қилинади.
Сўнгра сураи каримада инсоннинг ўлим олдидаги ҳолати, у пайтдаги қийинчиликлар, инсон ўзи ўйламаган ғам-ғуссаларга ботиши зикр қилинади.
Охирида ақлий далиллар билан маҳшар ва қайта тирилишликнинг ҳақ экани исбот қилинади.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Қиёмат куни билан қасам.
Қиёматга ишониш Исломда иймон арконларидан биридир. Пайғамбаримиздан иймон ҳақиқатидан сўралганда, У зот: «Аллоҳга, фаришталарга, илоҳий китобларга, Пайғамбарларга ва охират кунига иймон келтирмоғинг ва яна яхши-ёмон тақдир ҳам Аллоҳдан эканига иймон келтирмоғинг (иймондир)», деганлар.

2. Ва маломатчи нафс билан қасам.
«Маломатчи нафсдан» мурод мўмин кишининг нафсидир. Чунки у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради. Гуноҳ иш қилса, «Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима жавоб берасан?» деб маломат қилади. Савоб иш қилса, «Бу оз-ку, кўпроқ қилсанг бўлмайдими? Қанча кўп савоб иш қилсанг, ўзингга фойда-ку», деб маломат қилади. Тасаввуф мактабнинг машҳур намояндаси, Ислом оламида катта ҳурматга эга бўлган олим Имом Ҳасан Басрий, яхши одам доимо ўз нафсини маломат қилиб туради, фожир одам нафсини итоб қилмай юраверади, деганлар.
Келгуси оятда Аллоҳ қиёматни инкор, қилувчиларга ҳужжат келтиришга ўтади.

3. (Кофир) Инсон Бизни унинг суякларини жамлаб олмас, деб ўйларми?
Кунлардан бирида араб мушрикларидан Адий исмли киши Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтириб, қиёмат ҳақида сўзлаб беришни сўради. Ҳазрати Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга бир оз қиёмат ҳақида сўзладилар. Шунда Адий, «Аллоҳга қасамки, ўша кунни ўз кўзим билан кўрсам ҳам сенга ишонмайман, эй Муҳаммад, сенга ҳам, ўша кунга ҳам, иймон келтирмадим, Аллоҳ ўлган одамнинг суякларини тўплаши мумкин эканми?» деди.Аллоҳ таоло унга раддия қилиб ушбу оятларни туширди.

4. Балки, Биз унинг бармоқ учларини ҳам асл ҳолига келтиришга қодирмиз.
Ушбу оят Қуръони Каримнинг илмий мўъжизаларидан биридир. Тупроққа кўмилган ўлик бир муддатдан сўнг чириб битади. Қиёмат куни ўша чириб, тупроққа аралашиб кетган инсон қайта тирилишга кўпчилик ишонгиси келмайди. Юқорида тилга олинган мушрик Адийга ўхшаб ҳайрон бўлади.
Аллоҳ таоло бўлса, бунга ҳайрон бўлишининг ҳожати йўқ, Мен нафақат танани, балки ўша танадаги нозик, дақиқ жойларни, чизиқларни ҳам, жумладан бармоқ учларини ҳам, аввал қандоқ бўлса, худди шундоқ ҳолига келтираман, дейди.
Нима учун Аллоҳ бу оятда инсон аъзолари ичидан айнан бармоқ учини танлаб олди?
Инсоннинг бошқа аъзолари, бировники иккинчисиникига ўхшаши мумкин. Лекин бармоқ учлари ҳеч қачон бировники бошқа шахсникига ўхшамас экан. Бу ҳақиқатни одамлар ўтган асрга келибгина англаб етдилар. 1884 йилдан бошлаб Англияда бармоқ изидан одамларни аниқлаш бошланди. Бармоқ излари турлича бўлиб, дунёда ҳеч қачон бир кишининг бармоқ чизиқлари иккинчи шахсникига ўхшамас экан. Бу далил Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигини яна бир бор исботлайди. Кўпчилик мазкур оят таъсиридан Ислом динини қабул қилганлар.

5. Балки, инсон келажакда фисқу фужур қилишни хоҳлайдир.
Яъни, гуноҳкорлар яна ўз ҳолатларида қолавермоқчи бўладилар.

6. Қиёмат куни қачон? деб сўрайдир.
Бу савол билиш учун эмас, балки инкор учун, қиёмат қачон бўларди, ҳеч қачон бўлмайди демоқчи бўлиб айтилган. Шунинг учун ҳам аввалги оятда келтирилганидек, у ўзининг фисқу фужурида давом этади, шуни хоҳлайди ва шу сабабдан қиёматга ҳам ишонгиси келмайди. Чунки фосиқлар ҳавойи нафсларининг чегараланишини ҳеч хоҳламайдилар. Қиёматни кофирлар инкор қилиб турган бир пайтда, қиёматнинг ҳақлиги тўғрисидаги кучли оятлар келади. Бир диққат билан эътибор беринг-а.

7. Қачонки кўз лол қолиб қўрқинчга тўлса.
8. Ва ой тутилса.
9. Ва қуёш билан ой жамланса.
10. Ўшал кунда инсон «қочар жой қаерда?» деб қоладир.
Бу оятларда қиёматда бўладиган тўс-тўполонлар, даҳшатли воқеалар ва ўша даҳшатлар ичида қолган инсоннинг ҳоли баён қилинган. Яъни, кофир инсон бу дунёда инкор қилиб юрган нарсаси юзага келиб, азоб-уқубат, дўзахга кириш аён бўлиб қолганда, қочишнинг пайига тушади ва қаерга қочса бўларкин, деб сўрай бошлайди. Бу саволга жавоб эса қуйидагича:

11. Йўқ! Қочар жой йўқдир!
12. У кунда жойлашув фақат Роббинг ҳузурида бўладир.
13. У кунда инсонга аввалу охир қилган ишларининг хабари бериладир.
Бу дунёда ҳар бир инсоннинг қилаётган каттаю кичик ишларини фаришталар тарк қилмасдан ёзиб боришади. Қиёмат кунида эса ўша ёзувлар асосида ҳар бир инсонга ўзи қилган ишлари ҳақида хабар берилади ва ҳисоб-китоб қилинади. Яхши ишлари кўп бўлса жаннатга, ёмон ишлари кўп бўлса дўззахга киритилади.

14. Ҳа, инсон ўз нафсига қарши ўзи шоҳиддир.
15. Ва агар узрларини тўкиб солса ҳам.
Инсонга қиёмат куни бу дунёда қилган гуноҳ ишларининг хабари берилиб, юзга солинганда узр айтиб, гуноҳларини бўйнига олмай тонишга уринади. Шунда унинг аъзолари унга қарши гувоҳлик бера бошлайди. Кўзи, фалон вақтда мен билан ҳаром нарсани кўрган эдинг-ку, энди тонасанми, дейди. Қўли, мен билан фалон гуноҳни қилган эдинг, дейди. Оёғи, мен билан гуноҳ ишларга юриб боргансан, шунга гувоҳлик бераман, дейди ва ҳоказо бошқа аъзолари ҳам. «Ҳа, инсон ўз нафсига қарши ўзи ҳужжатдир» деган оятдан мақсад шу.
Аввалги оятларда кофирларнинг қиёматга ишонмасликларининг сири, у ҳам бўлса фисқу-фужурда бардавом бўлишлик, Аллоҳнинг фармонларидан қочиш экани баён қилинди. Кейинги оятларда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга каломни илоҳийни қандай қабул қилиб олиш кераклиги баён қилинади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Карим оятларининг илк бор тушиш даврида Жаброил фаришта алайҳиссаломдан шошилиб қабул қилиб олардилар. Унутиб қўйишдан қўрқиб фариштага қўшилиб лабларини қимирлатиб ўқиб турардилар. Чунки бу у киши учун кутилмаган таълим эди. Ҳар бир ҳарфни қайтариб, ўрнидан чиқариб талаффуз этиш лозим эди. Шунинг учун ҳам юқоридаги ҳолатга тушардилар. Ислом душманлари айтгандек Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўзлари таълиф қилган бўлсалар, ҳеч қачон мазкур ҳолатга тушмасдилар.
Шундай қилиб Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига Қуръон оятларини қандай ҳолда қабул қилиб олишни ўргатганлигининг тафсирига ўтамиз.
Эй Пайғамбар!

16. Сен шошилиб у билан, тилингни қимирлатма.
Яъни, Биз Қуръонни сенга етказаётганимизда, унитиб қўймайин деб қўшилиб ўқиб турма.

17. Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда.
Шунинг учун сенинг ташвишланишинг ортиқча.

18. Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур.
19. Сўнгра у(Қуръон)ни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда.
Яъни, сўнгра сенга тушиниши ишкал бўлган жойини, ҳукмларини, маъноларини баён қилиб бериш Бизнинг зиммамизда.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу оятлар маъносида қуйидагиларни айтганлар: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам тушаётган оятларда оғирлик сезар эдилар. Бирор нарсани ўтказиб юбормасдан ёдлаб олиш мақсадида у билан тиллари ва икки лабларини қимирлатиб турар эдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятларни нозил қилди. Ана шундан кейин Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳузурларига Жиброил алайҳиссалом келсалар бошларини қуйи солиб, жим тинглайдиган бўлдилар. Бас, қачон Жиброил кетсалар, Аллоҳ қандоқ ваъда қилган бўлса ўшандоқ ўқир эдилар.
Аллома Исмоил ибн Касир худди шу оятлар тафсирида қуйидагиларни ёзадилар: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни қабул қилиб олишга шошилар эдилар. Фариштанинг қироатидан олдинга ўтиб кетиб қолардилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла У зотни тинчланишга амр этди. Уни  қалбларида жамлаб беришни, баён қилиб беришни, очиқлаб беришни кафолатини олди. Биринчи ҳолат уни қалбларида жамлаш. Иккинчи ҳолат тиловати. Учинчи ҳолат тафсири ва маъносини изоҳ қилиш».
Қуръон яна қиёматни инкор қилувчиларни огоҳлантиришга ўтади:

20. Йўқ! Балки сизлар шошар дунёни яхши кўрасизлар.
Яъни, Йўқ! Эй мушриклар, кофирлар, иш сиз гумон қилаётгандек эмас! Қайта тирилиш, ҳисоб-китоб ва жазо бўлмай қолмайди, албатта бўлади. Сизларнинг ноҳақ гумонга бориб, қайта тирилиш, ҳасоб-китоб ва жазони инкор қилишингизнинг бош сабаби.
«сизлар шошар дунёни яхши кўрасизлар».

21. Ва охиратни тарк этасизлар.
Яъни, охират иши сизлар ўйлаганча эмас. Сизлар, ўлгандан сўнг тирилмайсиз, жазо ҳам олмайсиз деб ўйлайсизлар. Чунки бу дунё ва унинг шаҳватларига муҳаббатингиз зўр, шунинг учун ҳам охиратни ва ундаги доимий неъматларни унутасиз.
Қиёматга инкор бўлаётгани учун келгуси оятларда охиратни эсдан чиқармасликка ундов, унда мўминларнинг ҳоли нима кечадию, кофирларнинг ҳоли нима бўлишлиги баён қилинади.

22. У кунда чиройли юзлар бор.
23. Ўз Роббисига назар солувчилар.
Бу мўминлар ҳолатининг баёнидир. Яъни, улар қиёмат кунида бахтга эришганлари юзларидан балқиб турган севинчидан билинади ва улар ўша куннинг энг олий мақоми-Аллоҳнинг, ўз Роббиларининг жамолини кўришга муяссар бўладилар.
Аҳли жаннат учун энг олий неъматАллоҳ таолонинг жамолини ҳижобсиз кўришдир. Ана ўша буюк неъматнинг ҳақиқатда бўлишига ушбу ояти карима далилдир. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг ақидаси шудир. Бу маъно бошқа оятларда ва бир қанча ҳадиси шарифларда ҳам ўз ифодасини топгандир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта сизлар ўз Роббингизни худди манави ойни кўраётганингиздек, аён кўрурсизлар»-деганлар.
Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам жумладан: «Бас, ҳижоб очилур, уларга Роббилари таборака ва таолога назар солишдек маҳбуб ҳеч бир нарса берилмагандир»-дерлар.
Аллоҳ бизларни ҳам кўпчилик қатори Ўз жамолига назар солишга насиб айласин!
Кейинги оятларда эса тамоман тескари ҳолат васф этилади.

24. Ва у кунда тиришиб-буришган юзлар ҳам бор.
25. Ўзларига умуртқасини синдирадиган иш бўлишига ишонарлар.
Бу кофирларнинг ҳолатидир. Чунки қиёмат кунида оғир, мудҳиш аҳволда қолганлари уларнинг ҳам юзларидан яққол кўриниб туради. Ва улар ўзларига улкан азоб келишига ишониб бўлганлар. Бу улкан азобни Қуръони Карим умуртқа поғанасини синдирадиган оғир зарбага ўхшатмоқда.
Юқорида бу дунёни охиратдан устун қўйганлар, уларнинг охиратни унутиш сабаблари баён қилинади. Энди эса уларга ўзларини ўнглаб олишларига эслатма қилиб, ўлимнинг зикри, ўлим олдидаги жон бериш ҳолатининг зикри келтирилади.

26. Йўқ! Вақтики, жон ҳалқумга келса.
27. «Ва ким буни қутқарар?» дейилса.
28. Ва албатта бу фироқ эканлигига ишонса.
29. Ва болдирлар бир-бирига алмашса.
30. У кунда ҳайдаб бориш жойи Роббинг ҳузуридадир.
Бу оятлар жон чиқиш ҳолатидаги инсонни тасвирлаяпти. Яъни, жони ҳалқумига келиб қолганда, уни ҳаётда олиб қолиш учун барча чора кўрилади. Ким қутқараркин деб илтижо қилинади. Лекин иложи бўлмай фироқ вақти келганига ишонч ҳосил бўлади. Жон чиққанда эса оёқлар жонсиз бўлиб бир-бирига чалмашади
Ўз яқинлари, ота-онаси, ака-укаси, биродари жон бераётганида бошида туриб жон бериш ҳолатини, жон аччиғини кўрса-да такрор қиёмат кунига ишонмовчилар ҳолини қуйидаги оятлар васф қилинади.

31. Бас у тасдиқламади ва намоз ўқимади.
Яъни, ўша нобакор банда, ўзи тасдиқлаши, иймон келтириши-лозим бўлган нарсаларни тасдиқламади ва Аллоҳга намоз ҳам ўқимади. Иймондан кейин намозни зикр қилиниши, нобакор, жиноятчи банданинг айблари рўйхатида иймондан кейин намоз келиши ҳамманинг кўзини очмоғи ва намозга ҳушёр бўлишга чақирмоғи лозим.

32. Ва лекин ёлғонга чиқарди ва юз ўгирди.
Яъни, у иймон келтириши лозим нарсаларни ёлғонга чиқарди ва тоат-ибодатдан юз ўгирди.

33. Сўнг ўз аҳлига керилиб борди.
Яъни, қилган мазкур нобакорлиги ва исёнини қаҳрамонлик билиб, худди улкан бир ишни амалга оширгандек ўз аҳли олдига керилиб, такаббурлик ила юриб борди.

34. Ҳолингга вой бўлсин сенинг, вой бўлсин!
35. Яна ҳолингга вой бўлсин сенинг, вой бўлсин!
36. Инсон беҳуда тарк қилинишликнинг ҳисобини қилурми?
Яъни, қиёмат бўлмаса керак, дегандек. Ўлгандан кейин қолиб кетсак керак, қайта тирилмаймиз, ҳам дейди.
Ушбу оятлар Абу Жаҳл ҳақида тушганлиги кўпчилик муфассирларимиз томонидан ривоят қилинган.

37. У манийдан оққан нутфа бўлмаганмиди?
Яъни, у инсон ўз аслини ўйласин, яқинлагина дунёда унинг асари ҳам йўқ эди. Кейин она қорнига манийдан оққан нутфа (сперма) билан тушди.

38. Сўнг алақа бўлди. Бас бекаму-кўст этиб яратди.
39. Бас ундан жуфтни-эркак ва аёлни яратди.
Битта ҳужайранинг эркак ёки аёл бўлишини Аллоҳ қилмаса ким қилади?! Фақат ақл ишлатиб кўрганларгина бу ҳақиқатни тушуниб етадилар.

40. Шундай зот ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!
Йўқдан бор қилган зотга, борни қайта тиклаш жуда ҳам осонку?! Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ўқиганларида: «Субҳанака ва балаа», дер эканлар. Яъни, «Сени поклаб ёд этаман, эй Парвардигор! Қодирсан!» деган маънода.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase