close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

107. Моъуун сураси

Маккада нозил бўлган. 7 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг охирги сўзидан олингандир. «Моъуун» сўзи ҳақида уламоларимиз бир неча хил маънолар айтганлар. Аввало, уламоларимиз луғавий жиҳатдан «Моъуун» оз-арзимаган нарса маъносини анлатишини айтишган. Бу сурадаги маъно ҳақида эса, баъзилари, «моъуун»дан мурод, закот, бошқалари, хўжаликда керак бўлиб турадиган асбоб-анжомлар, дейишган.
Бу сураи карима динга эътиқоди йўқ, охиратдан умиди йўқ одамнинг аломатларини баён қилади. Сўнгра баъзи бир Ислом амалларини адо этиб юрувчи, масалан намоз ўқиб юрувчи, лекин ўзи Ислом ҳақиқатидан узоқ шахслар ҳақида сўз юритади.
Моъуун сураси ўзи қисқа бўлишига қарамай улкан ҳақиқатни–иймон ва куфр ҳақидаги тушунчани муолажа қилди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Охират(жазоси)ни ёлғонга чиқарувчини кўрдингми?
Яъни, охират жазосини ёлғонга чиқарувчи одам қандоқ одам бўлишини биласанми? Унинг сифатлари қандоқ бўлишини билишни хоҳлайсанми?

2. У етимни қўполлик билан ҳайдайдир.
Яъни, ўша  охират жазосини ёлғонга чиқарувчи киши етимга қўполлик қилувчи, уни ўз олдидан ҳайдаб солувчи одамдир. Ҳа фақат охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин.
Етим одатда ожиз, заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни диндор деб бўлмайди. Шунинг учун ҳамАллоҳ таоло охиратни ёлғонга чиқарувчиларнинг аввалги сифатини бундоқ сифатлади.

3. Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмайдир.
Одатда, ўзгаларни таом беришга қизиқтирмаган ўзи ҳеч қачон бермайди. Бу ҳам динсизларнинг аломати экан. Мусулмонлар эса муҳтожларга доим ёрдам берадилар. Шу билан бирга бошқаларни ҳам мискинларга яхшилик қилишга, уларга таом беришга қизиқтирадилар. Эътибор берадиган бўлсак, ушбу ояти каримада микинларга таом беришга  бошқаларни қизиқтирмаслик катта айб сифатида зикр қилинмоқда. Шундоқ бўлганидан кейин имкони бўлиб туриб, мискинларга таом бермасликнинг ўзи қанчалик гуноҳлигини билиб олаверса бўлади.
Энди намознинг ҳақиқатидан ғофил намозхонлар азобу ҳалокатдан қўрқитилади.

4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки.
5. Улар намозларини унутувчилардир.
Яъни, намознинг маъноларини, ҳикматларини, инсон виждонининг поклигини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзишини унутганларнинг ҳолига вой, жойи жаҳаннам.
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида: «Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради» деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.
Ушбу оятлар маъноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таъвийллар айтганлар.
Абул Олия, булар, намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуъ ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар, деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундоқ намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса иқобидан қўрқмайди», деганлар.
Ибн Жарир Табарий келтирган ривоятда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар, деганлар.
Муфассирларимиз ушбу жумладаги келишик қўшимчаларга ҳам алоҳида эътибор берганлар. Оятда «Ан солатиҳим саҳуун»–«намозларини унитувчилар», дейилмоқда, «фии солатиҳим»–«намозларида»-дейилмаяпти. Шундан оятда мунофиқлар ҳақида сўз кетаётгани келиб чиқади. Чунки, мўмин киши ҳам намоз ичида баъзи нарсаларни унутиши мумкин. Лекин унутиш билан унутишнинг фарқи бор. Мунофиқнинг намозни унутиши ўқимаслик, унга эътиборсизлик қилиши ила бўлади. Мўмин эса намознинг ичида бирор нарсани унутиб хатога йўл қўйса саҳв саждаси қилиб дарҳол тўғрилайди.
Бундан сўнг ушбу оятда зикр қилинганлар мунофиқлар эканлигига келаси икки оят ҳам далилдир.

6. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир.
Намоз ўқиса-ю, намознинг ҳақиқатини унутса, ёмонлик, иғво, бўҳтон, ёлғончилик, бузғунчилик ва бошқа разолатлардан қайтмаса, ундай киши риёкор, мунофиқ бўлади. Одамларнинг кўзини бўяш, улар ҳузурида обрў топиш, ўзини диндор қилиб кўрсатиш учун намоз ўқиган бўлади.

7. Ва моъуунни ман қиладиганлардир.
«Моъуун»ни баъзи тафсирчилар закот дейдилар, бошқалари эса хўжаликда керак бўлиб турадиган асбоб-анжомлар дерлар.
Ислом сатхий, зоҳирий нарсалар дини эмас. Балки ихлос ва амал динидир. Ибодатлар ихлос билан бўлмаса, эгасини яхши ахлоқ ва омилларга бошламаса, ҳақиқий бўлмайди. Инсон тили билан мусулмонман дейиши, баъзи Ислом амалларини адо этиши, намоз ўқиши мумкин, лекин ҳақиқий мусулмон бўлса, иймон аломатлари унинг юриш-туришида, муомаласида, гап-сўзида, ишида, одоб ахлоқида–ҳамма-ҳаммасида кўриниб туради.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase