073. Муззаммил сураси
- Сешанба, Март 26 2024
- 21532 марта кўрилди
Сура йигирма оятдан иборат, Маккада нозил бўлган
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
[1] Эй (кийимларига) ўралиб олган киши (Муҳаммад).
«Муззаммил» ва «муддассир» сўзлари бир маънони ифодалайди. Бу ҳақда Муддассир сурасида ҳам сўз юритилади.
[2] Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина.
[3] (Яъни) ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бир оз камайтиринг.
[4] Ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг...
Оятдаги буйруқлар маълум бир вақтга тегишли бўлиши мумкин. Бордию буйруқлар бир вақтга тегишли бўлса, Аллоҳ таолонинг: «...ярми ёки ярмидан ҳам бир оз камайтиринг. Ёки унга зиёда қилинг» ояти «Тунда туринг!» ёки «Фақат озгина (дам олинг)» ибораларидан бирига тегишли бўлиши мумкин. Оятдаги «камайтиринг» буйруғини «Фақат озгина» иборасига боғласангиз (яъни тунда дам олишни камайтиринг, деб тушунсангиз), тунни ибодат билан ўтказиш вақтини кўпайтирган бўласиз. Мазкур буйруқни «Тунда туринг!» жумласига боғласангиз (яъни тунда ибодат қилишни камайтиринг, деб тушунсангиз), унда Аллоҳ таолонинг «ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бир оз камайтиринг» ояти (амрига итоат этган, яъни тунда дам олишни) кўпайтирган бўласиз. Ушбу оят маъносини («Тунда туринг!» ёки «Фақат озгина» ибораларидан) қайси бирига йўналтирилса ҳам, бирида кўпайиб, бошқасида камайишни тақозо қилади ва ҳар иккисининг маъноси бир хил бўлади.
Буни қуйидаги оят мисолида тўлиқроқ англаш мумкин:
«(Эй Муҳаммад,) Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: «Аллоҳ сизларга калола тўғрисида фатво беради» (Нисо сураси, 176-оят). Муфассирлар орасида мазкур оятдаги «калола»ни мерос қолдираётган маййит дейдиганлар ҳам, маййитдан мерос олаётган тирик шахс деб тушунадиганлар ҳам бор. Бу (маъно)ларнинг қайси бири ихтиёр этилса ҳам, бир хил маънони англатади. Чунки тирик инсоннинг маййитга ва маййитнинг тирик инсонга нисбатан (қариндошлик) даражаси бир хил бўлади, ўзгармайди.
Муфассирлар қайд қилганидек, оятдаги буйруқлар турли вақтларга тегишли бўлиши ҳам мумкин. У ҳолда «Тунда туринг! Факат озгина (дам олинг)» оятидаги буйруқ туннинг аксарият қисмини бедор ўтказишга қаратилган бўлади. Шунда юқоридаги буйруқни енгиллатиш маъноси «ярмидан ҳам бир оз камайтиринг» деган оятида бўлади: Яъни оятда Расулуллоҳга тунни бедор ўтказиш вақтини камайтиришга рухсат бор. Аллоҳ таолонинг: «Ёхуд унга зиёда қилинг» буйруғи «камайтиришга рухсат этилган микдор доирасида зиёда қилинг» деган маънони ифодалайди. Бордию камайиш кўтарилса (яъни тунни бедор ўтказиш вақти камайиш ўрнига кўпайса), буйруқ аввалги ҳолатга (яъни туннинг аксар қисмини бедор ўтказиш)га қайтади.
[ал-қолил] - «оз» сўзи муайян нарсаларнинг исми эмас, балки у нисбий исмлар жумласидандир, яъни: «оз» дейиш «кўп»ни зикр қилишни талаб этади. Чунки «оз» нарсанинг камлиги ўзидан кўп нарсага таққослаш орқали маълум бўлади. Шунинг учун (муфассирлар): «Аллоҳ таолонинг «Тунда туринг! Фақат озгина» ояти туннинг кўпроқ қисмини бедор ўтказишга (қаратилган) буйруқ», деганлар. Шу боис асҳобларимиз «Менда фалончининг сал кам минг дирҳам пули бор», деб иқрор қилган киши ҳақида: «У беш юз дирҳамдан кўпроқ тўлаши керак. Чунки у (минг дирҳамдан) озгинани истисно қилди. Бу ҳолатда (мингдан) истисно қилинаётган нарса (мазкур мисолда беш юздан кўпроқ қисм) истисно бўлаётган (мазкур масалада) нарсадан кўп бўлиши лозим», деганлар. Валлоҳу аълам!
[4] ...Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!
«Тартил» сўзи луғатда «ойдинлаштириш» (маъносида бўлиб), оят «Уни очиқ-ойдин қилиб баён эт» деган мазмунни ифодалайди. Бир қарашга кўра, (у) «Қуръони Каримни дона-дона қилиб, орасини бўлиб-бўлиб ўқи», деган маънони англатади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўлиб-бўлиб қироат қилганлари ривоят этилади. Ҳақиқатда, Расулуллоҳнинг қироатлари дона-дона тарзида бўлиши мумкин. Чунки баён қилиш (мақсади) Қуръонни бўлиб-бўлиб тиловат қилиш орқали юзага чиқади. Зеро, Қуръони Карим фақат гўзал тиловат қилиш учун эмас, балки қуйидаги уч маънода нозил қилингани сабабли Расулуллоҳ уни баён қилишга буюрилдилар:
Биринчиси, қиёмат кунигача сақланиб қолиши ва боқий қолиши учун ўқилади. Шу орқали у эсдан чиқмай сақланади.
Иккинчиси, Қуръони Каримдаги ҳукмлар, Аллоҳнинг ҳақи ва бандаларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқларини тушуниш ҳамда эслатма олиш учун ўқилади.
Учинчиси, оят (амр)ларига амал қилиш, насиҳатларидан ибрат олиш учун ўқилади. Шунингдек, инсонлар буйруқ ва қайтариқларига итоат этиладиган йўлбошчи имом сифатида уни маҳкам тутадилар.
Қуръони Каримни намозда тиловат қилиш бизга мазкур (уч) маъноларни адо этишни юклайди. Буни идрок этиш учун тафаккур юритиш лозим. Тафаккур эса уни дона-дона тиловат қилганда рўёбга чиқади.
Зикр қилганларимиз, Қуръон тиловатида вақф (тўхташ) мумкин, деганларнинг сўзини танлашни тақозо қилади (яъни оятларни ажратиб ва вақф жойларида тўхтаб ўқиш ҳақида гап кетмоқда). Чунки оятлар тиловатида тўхташ билан маъно тугал ифодаланиб, уларни тушуниш осонлашади. Бунда идғом қилмаслик (сўзларни қўшиб ўқимаслик) ва ҳаддан зиёд чўзиб ўқи-маслик мустаҳаб эканига далолат бор. Чунки мазкур ҳолатлар баённи тугал ифодалашга замин яратади.
Аслида, Қуръон тингловчиси унга қулоқ солишга буюрилгандир. Қироатни тинглашда тартибнинг гўзаллигига, ажиб ҳикмати ва маъноларнинг моҳиятига эътибор бериш бордир. Тингловчига (қироатга) қулоқ тутиш лозим бўлса, унинг Қуръон маънолари, гўзал тартиб ва ажойиб ифодасини англаши учун қироатни дона-дона қилиш қорига лозим бўлади. Чунки тартил билан Қуръондаги нозик маъноларни қори ва тингловчи фаҳмига етказиб бериш енгил кечади.
Шунингдек, тартил тиловатга тегишлидир. Қироатнинг манбаи Қуръон бўлгани учун Қуръонни қироат деб ҳам аталади. Лекин Аллоҳнинг каломи тартил деб васф этилмайди (яъни Каломуллоҳни тартил деб аталмайди). Тавфиқ Аллоҳдандир!
[5] Зеро, Биз сизга оғир Сўзни (Қуръонни) туширажакмиз.
Ушбу оятда (ваҳий) ким учун оғирлик қилиши айтилмай, очиқ қолдирилган. Оятдаги [сиқл] - «оғир» сўзи кофир ва мунофиққа тегишли бўлиши мумкин. Шу маънода тушунсак, оятдаги оғирлик урушга бўлган буйруқ ҳисобланади. Чунки бу икки (кофир ва мунофиқ) тоифага ҳам бирдек оғирлик қилади. Кофирлар ўз навбатида мусулмонларни ўзларининг (куфр) миллатига қайтаришдан ноумид бўлдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деди:
«Бугунга келиб, энди кофирлар динингиз (мағлубияти) дан ноумид бўлдилар» (Моида сураси, 3-оят).
Мунофиқлар эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жанг қилишдан чекиндилар, чунки бу уларга оғирлик қилди.
Оят маъносидаги оғирлик кофир ва мунофиқларга алоқадор бўлиши билан бир қаторда, аҳли китобларга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Чунки улар яна илоҳий Китоб нозил қилинишидан умидларини узган эдилар. Китоб нозил қилиниши мусулмонларга асло оғирлик қилмайди. Балки Аллоҳ таоло айтганидек. уларга енгиллик бўлади:
«Биз Қуръонни зикр учун осон қилиб қўйдик» (Қамар сураси, 17-оят).
Шунингдек, оят маъносидаги оғирлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга алоқадор бўлиши ҳам мумкин. Чунки у зот фиръавнлар (ҳаддан ошган мушриклар) ва барча халққа рисолатни етказишга буюрилган бўлиб, фиръавнларга рисолатни етказишда руҳий ва жисмоний хатар бордир. Руҳ ва жасад учун хатарли вазифани бажариш ўта машаққатли, оғир ишдир. Оятдаги оғирлик тунни бедор ўтказишга тегишли бўлиши ҳам мумкин. У ҳолда оятдаги «оғир Сўз» ибораси «у сўзнинг тақозосига вафо қилиш оғир», деган маънони билдиради.
Шунингдек, оятдаги «оғир» сўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлар ҳамда ансорларга тегишли бўлиши мумкин. Шунда, оятдаги «Сўз» фарзларни бажариш, шариат чегараларини муҳофаза қилиш, ҳалолни ҳалол деб билиш ва ҳаромдан сақланиш каби маъноларни ўз ичига олади.
(Шиалардан бўлган) Ботинийлар: «Оятдаги «оғир Сўз» нотиқ, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатни «асос»га, яъни «эшик»ка топширишга буюрилишлари», деган гумонни илгари суради. Уларнинг нигоҳида «асос» ва «эшик» Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудир. Ботинийлар пайғамбарларни нотиқлар деб атайдилар ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни халққа етказишга буюрилганлар. У Қуръонни халққа етказиб бўлгач, инсонлар Пайғамбарга муҳтож бўлмайдилар, балки уларга таъвилни (Қуръоннинг маъноси ва тафсирини) ўргатадиган шахсга эҳтиёж сезадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халққа таълим беришни зиммасига олган киши, таъвилни ҳам бўйнига олиши учун Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга таъвилни топширишга буюрилганлар. Бундай қилиш «оғир Сўз»дир. Чунки у зот ўзларидан бошқага ишни топширишга буюрилдилар. Зеро, «валиюл амрлик»ни бошқасига топшириб, ўзи гапирмай, сукут сақлаб туриши у зотга оғирлик қилди», деб айтадилар.
Уларга жавоб тарзида айтилади: «Масалага сизларнинг даъволарингизга кўра ёндашилса, ишни бошқа инсонга топширишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга енгиллик мавжуд бўлмайдими? Чунки сизларнинг мазҳабингизга кўра, иш Али розияллоҳу анҳуга топширилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонлари олинади. Сизларнинг наздингизда «қабз» (жон олиниши)нинг сурати - жасадда ҳибс қилиб турилган руҳоний-нуроний сурат жасаддан ажратилади. Сўнг жасад йўқ бўлади ва руҳ эса каромат ва неъмат диёрига юборилади. Шундай экан, ҳибсдан қутулиш нима учун у зотга қийин ва оғир бўлиши мумкин?! Балки бунда ишни бошқага топширишга тарғиб ва ташвиқ қиладиган нарса бор-ку?!»
Билингки, ботинийлар бирор кишига мазҳабларини ўргатишдан олдин уни ҳеч кимга айтмаслик шарти билан қаттиқ қасам ичирадилар. Сабаби бунинг ортидан ўзларига зарар келишидан қўрқадилар. Шунингдек, уларнинг эътиқодига кўра, ўлим руҳни ушлаб турган жисмга келади ва жисм ҳалок бўлгач, руҳ барча неъматлар муҳайё бўлган диёрга қайтади. Агар иш ҳақиқатдан ҳам улар айтганидек бўлса, уларни бошқаларни қасам ичиришга ундаётган нарса нима? Узларини ҳалок қилишлари (эътиқодлари бўйича руҳни) ҳибсдан халос қилиш ва неъматларга етишиш бўлса, улар нима учун ўзларидан қўрқадилар? Бундай сифатга лойиқ киши гўё ҳақиқий маййит ҳисобланади.
Демак, улар халқ билан эътиқодларига зид муомала қилмоқдалар. Бордию уларнинг эътиқодлари ҳақ бўлганида, унга қарши боришга асло рухсат бермас эдилар(Бу билан ботинийлар руҳнинг танада туришини руҳ учун ҳибс (қамок) эканини, ўлим эса руҳнинг фароғатига сабаб эканини даъво қиладилар. Лекин юқорида айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимига сабаб бўлувчи ишни у зот учун оғир иш деб ҳисобладилар. Шу жиҳатдан уларнинг эътиқодлари ва амалда тутган йўллари бир-бирига тамоман зиддир.). Лекин уларнинг юқорида айтилган нарсаларга чорлашлари шайтоннинг васвасаси ва зийнатлаб кўрсатишидан ўзга нарса эмас. Ботинийлар худди яҳудийларга ўхшайдилар. Чунки яҳудийлар охират диёрини бошқа инсонларга эмас, фақат ўзлари учун деб даъво қиладилар. Шу боис уларнинг даъволарига қарши:
«(Бу даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар, (тезроқ) ўлишни орзу қилинглар!» (Бақара сураси, 94-оят), дейилди. Ахир охиратга фақат ўлгандан кейин эришасизлар. Бордию ушбу даъволарингизда содиқ бўлсангизлар, унга эришиш учун ўлимни орзу қилинглар! Уларнинг ўлимни орзу қилмасликлари - ёлғончиликларининг, сўзлари ботиллигининг, кўзбўямачиликларининг ёрқин исботи. Шу каби, ботинийларнинг ўзларини ўта яхши кўриб, ҳалок бўлишдан қўрқишлари уларнинг бева-бечора халқни алдашни кўзлаганларининг намунасидир. Улар шу йўл орқали ҳаётда егулик (бойлик) топишга ва дунёвий ишларида кенгчиликка эришадилар, холос.
Мазкур ёндашув билан санавийлар (оташпарастлар)га ҳам қарши ҳужжат келтирган бўламиз. Чунки уларнинг эътиқодига кўра, қатл ва сўйиш ҳаром қилинган. Аслида улар қатл ва сўйишга рухсат берганларнинг пешқадами бўлишлари лозим. Зеро, уларнинг эътиқодида олам гўё нур ва зулматнинг аралашувидан иборат бўлиб, нурнинг ҳар бир қисми зулмат жузлари билан қоришган бўлади. Бу иккиси бир-биридан фарқли бўлгани учун зулмат нурдан устун келиб, у билан қоришиб кетиб, натижада зулмат нурни ўз исканжасида тутиб турувчи бўлиб қолди. Маълумки, қатлда нур парчаларини зулмат тутқунлигидан халос қилиш бор. Чунки эшитиш, кўриш ва ақл қатл орқали йўқ қилинади. Нур ва кўриш эса айнан ушбу нарсаларда бўлади. Чунки улар билан нурлар кўрилади. Бу нарсалар жасаддан ажраб, зулматли жасад ҳеч нарсани кўрмай қолса, нур қатл сабабли мақсад ва хоҳишига етиб, ўз ўрнини топади. Қатл нурни мақсадга етказиб, зулмат арқони ва тутқунлигидан халос қилса, демак, қотил унга қатл ва сўйиш орқали яхшилик қилган бўлади. Шунга биноан, уларнинг мазҳабида қатл асло ҳаром қилинмаслиги, балки уни қилган киши мақталиб, тўғри иш қилган ҳисобланиши керак.
Қутбий айтади: [ал-қовлус-сақил] - «оғир Сўз» бу Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, бу каломга оғирлик нисбати берилиши унинг улуғлиги ва ҳурмати юксаклигини кўрсатади. Бу сўз асло тентакларнинг аҳмоқона, эътиборсиз сўзига ўхшамайди».
Зажжож айтади: [ас-сақил] - «оғир» маъносида бўлиб, у қалбларда ўз қадри-қиммати билан улуғланиши ва эъзозланиши лозим бўлган сўздир. У бепарволик қилинадиган сўз эмас!»
Шунингдек, «оғир Сўз»ни «ҳақиқат» маъносида талқин қилиш ҳам мумкин. Зеро, баъзи хабарларда «ҳақиқат оғир ва аччиқдир, ботил эса енгил ва шириндир», дейилган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Яхшилик қўйилган тарози оғир бўлишга ҳақли. Ботил қўйилган тарози эса енгил бўлишга ҳақли». Тарозининг оғирлиги Қуръондаги амр ва қайтариқларга амал қилиш билан бўлади.
Шунингдек, оятдаги «оғир Сўз»дан мурод, туннинг барча қисмида бедор туришга қаратилган буйруқ бўлиши ҳам мумкин.
[6] Албатта, кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш баданға оғирроқ, (лекин) зикрға муносиброқдир.
Аллоҳ таолонинг ушбу оятидаги калима [витоан] ва [ватъан] тарзида ўқилган. Ким [витоан] тарзида мад (чўзиқ) билан ўқиса, у [мувотоа]дан олинган бўлиб, «мувофиқ бўлиш» маъносини англатади. Яъни кўз, қулоқ ва қалбга мувофиқ бўлади. Зеро, тунда қалб нарсаларнинг ҳақиқатини англашга тўсқинлик қилувчи ишлардан холи бўлади. Шунингдек, тунда (қалб,) кўз ва қулоқ Қуръонни тез ёдлайди ҳамда маъноларини ўта кучли идрок қила олади.
Кимки уни [ватъан] шаклида ўқиса, у «қадам билан босиш» иборасидан олинган бўлиб, таъвили «инсон бадани учун ўта қаттиқ ва оғир» деган маънода бўлади. Чунки инсон кундузи ер узра айланиб юришга одатланган бўлиб, тунда ором олишга ўргангандир. Бордию инсон ғайриодатий пайтда бедор ўтказиш ва икки оёғида тик туришга буюрилса, бу унга ва танасига оғирлик, қи-йинчилик туғдиради. Бундан ташқари, инсон кундузи айнан бир жойда мунтазам тик турмайди, балки бир жойда оз муддат туриб, яна бошқа жойга ўтади. Бордию бир жойда тик туришга буюрил-са, бу унга оғирлик қилиб, малолланиш ва қийналиш юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, туннинг ярми давомида ёки ундан кўпроғида тик туришга буюрилдилар. Бу ишда эса оғир меҳнат ва машаққатли қийинчилик бор. Валлоҳу аълам!
Аслида, инсонлар рўзғор учун зарурий эҳтиёжлар талаби ва дунёвий юмушларни тартибга солиш мақсадида кундузи турли томонларга тарқайдилар. Кечаси эса дам олиб, енгил бўлиш учун ухлайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёждан ортиқча мол-дунё орттиришдан қайтарилганлари каби, тунларни роҳат-фароғатда ўтказишдан ҳам қайтарилган эдилар. У зот тунда зарурат микдорича дам олиб, қолган вақтни ибодатда ўтказишга буюрилган эдилар. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, туннинг бир қисмини бедор ўтказишда роҳат ва енгиллик (маъноси) бўлиши ҳам мумкин. Сабаби шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча инсонларга рисолатни етказишга буюрилганлар. У зот кундузлари барча инсониятга рисолатни етказишга, кечалари эса бу машаққатдан узоқлашиб, Аллоҳ таоло ибодати учун фориғ бўлишга буюрилганлар. Ибодат учун фориғ бўлиш буйруғи рисолатни етказиш буйруғидан енгилроқ ҳисобланади. Чунки рисолатни етказиш буйруғида руҳий ва жисмоний хатар мавжуд. Кечанинг (ярми ё) аксар қисмини (ибодат билан) бедор ўтказиш буйруғида бундай хавф йўқ. Балки бунда инсоннинг баъзи аъзосига оғирлик ва баъзисига енгиллик бўлиши мумкин.
Бордию биринчи таъвилга нисбатан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир неча аёлга уйланиш ҳалол қилиниб, умматларига ҳалол қилинмади. Ахир бунда дунё лаззатларидан кўпроқ фойда олиш бор-ку!?» деб эътироз қилинса, жавоби бундай бўлади:
«Расулуллоҳдан бошқаларга рухсат берилмаган нарса - тўрттадан зиёдасига уйланишдир. Аёлларга зулм бўлиб қолмаслиги учун айнан тўртта билан чеклаб қўйилган. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир:
«Сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверингизлар. Бордию (улар ўртасида) одил бўла олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг)» (Нисо сураси, 3-оят).
Тўрттадан кўпига уйланиш биз айтган зулм эҳтимолига кўра бўлса, (табиийки,) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тақиқ бекор қилинади. Чунки Аллоҳ таоло у зотни зулмдан маъсум тутиб, аёллар ўртасида адолат қилишларига имкон берди. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (тўрттадан) кўпига рухсат берилиши меҳнат ва қийинчиликдан бошқа нарса эмас. Аёлларнинг ўртасида адолат ва гўзал муомала билан кўнгилларини олишда Расулуллоҳ учун кенг (феъл, гўзал) хулқли ҳамда мулойим бўлишдан бошқа йўл йўқ эди. Инсон одатда аёлларини рози қилишга бойлик билан эришади, лекин у зотда аёлларини рози қилиш учун етарли молу-дунё бўлмаган. Демак, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун тўрттадан) кўп аёлнинг ҳалол қилинишида роҳат-фароғат эмас, балки оғир қийинчилик ва имтиҳон бордир.
Қолаверса, бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатининг тасдиғи ва нубувватининг исботи ҳам бор. Чунки инсон никоҳ орқали зиммасига юклатилган ҳақ-ҳуқуқларни дунё неъматларидан фойдаланиб, лаззатларидан тотиб ва нафсга хоҳиш-истагини бериш орқали адо қила олади. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламга эса нафснинг хоҳиш-истакларини беришга рухсат этилмаган. Шунга қарамай, аёлларининг ҳақларини адо қилишга буюрилганлар. Демак, у зот инсоний табиат билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг лутфи ила аёлларининг ҳақларини адо қилишга эришганлар.
Ушбу оятда намоз (ибодати) зикр ва амални ўз ичига олишига далолат бор. Зеро, оятдаги [ашадду ватъан] ибораси «баданга оғирроқ» маъносини англатиб, унинг оғирлиги амалда намоён бўлади. Оятдаги [ва ақваму қила] ибораси эса, «зикрга муносиброқдир» маъносини ифодалайди.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатни тунда ҳам етказишга буюрилмаган бўлишлари мумкин. Чунки у зотнинг фиръавн (Абу Жаҳл) ва бошқа душманларининг бор куч-ғайрати Расулуллоҳни ўлдиришга, зулм, макр-ҳийла ишлатишга қаратилган эди. Кундузлари ёнларида саҳобийлар борлиги сабабли у зотга азият етказа олмаганлар. Тунда эса саҳобийлар ўзлари билан ўзлари бўлиб қолганлар. Бу вақтда ҳам рисолатни етказишга буюрилсалар, душманлар у зотга макр қилишга имкон топишлари мумкин эди. Шунинг учун у зотдан тунда рисолатни етказиш масъулияти олиниб, Парвардигорга ибодат қилиш билан тунни бедор ўтказиш ила имтиҳон қилинганлар.
Аллоҳ таолонинг [инна нашиъатал-лайли] ибораси - «тунги вақт» маъносини англатади. Айтилишича, у (лз [нашаъа] феълидан олинган бўлиб, «ўсмоқ» маъносидадир. Вақтлар янгиланиб, ўзгариб тургани учун тунни [нашиъа] - «ўсувчи» деб номланган.
[нашиъатал-лайл] иборасидан тунги намозни ўқиш ва Аллоҳ таолонинг ибодати билан машғул бўлиш каби маънолар кўзланган бўлиши ҳам мумкин.
[ва ақваму қийла] ибораси - «энг тўғри сўз» деган маънода бўлиб, «ақвам» сўзи амалга ошириш кўзланган ишни муболағали тарзда сифатлашдир. Ундан «сўз» маъноси кўзланса, уни «ростгўйлик» маъносига бурамиз. Чунки хабарнинг энг яхшиси тўғри бўлганидир. Ундан ўша гап тақозо қилган нарсага вафо қилиш кўзланса, бундай ҳолатда [ақваму] сўзи «сўз тақозо қилган нарсага қатъий вафо қилиш» деган маънони англатади. Бордию ундан фақат «қироат қилиш» маъноси кўзланса, «тунлари билан қироат қилади» маъноси келиб чиқади.
[7] Албатта, сиз учун кундузи давомли машғулот бордир.
Абу Бакр Асом ва Зажжож айтади: [ас-сабҳу] сўзи - «кенглик» маъносини билдиради. Гўё Аллоҳ таоло шундай деди: «Рисолатни етказишга ва уни амалга оширишга кундузида етарли муддат бор, шундай экан, тунни Раббингизнинг ибодатига ажратинг».
Айтилишича, (Аллоҳ таолонинг): «Албатта, сиз учун кундузи давомли машғулот бордир» ояти фориғлик, холилик ва ҳаракат қилиш бордир, мазмунини англатади. [ас-сабҳу] сўзидан баъзида «фориғлик», баъзида эса «юриш» ва «айланиш» маънолари ирода қилинади. Бу айтилган маъноларнинг ҳам эҳтимоли бор, лекин оятнинг маъносини фориғ бўлиш, нафсий эҳтиёжлар учун ҳаракат қилиш тарзида ифодалаб бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларини раво қилиш учун дунёдан етарли миқдордагина насиба олар эдилар. Расулуллоҳнинг дунё юмушларида кенгликка эришишлари учун ортиқча ҳаракат ва фориғ бўлишга ҳожатлари йўқ эди. Аммо у зотнинг вазифалари бор ҳаракатлари рисолатни етказишга, халқни Аллоҳнинг тавҳиди ва улар учун зарур бўлган нарсаларга чақиришдан иборат эди.
Аллоҳ таолонинг: «Албатта, сиз учун кундузи давомли машғулот бордир» оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида кечалари ибодат қилишларига ва кундузлари рисолатни етказишларига ижозат бордир.
[8] Раббингизнинг исмини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай ажралинг!
Аллоҳ таолонинг: «Раббингизнинг исмини ёд этинг» деган сўзи «Раббингизни ёд этинг» маъносини билдиради. Бунинг далили оятнинг давомида келган: «Унга бутунлай ажралинг» жумласидир. Зеро, «табаттул» (ажралиш) холис Аллоҳга бўлади, исмига эмас. Оятда «Рабб» сўзини зикр қилишдан мақсад шуки, инсон ўзининг ҳолатига қараб, у ҳолатда унга қандай ибодат лозим бўлишини билиб, у ибодатни бажариш билан Раббисини зикр қилган бўлади. Тилдагина Аллоҳнинг зикрини қилиб қўйишнинг ўзи билан эмас. Бу ҳақда Аллоҳ таоло оятда бундай марҳамат қилади :
«Бас, дедимки: Раббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўрангизлар, албатта, У ўта кечиримли Зотдир» (Нуҳ сураси, 10-оят).
Инсонларнинг мағфират сўрашлари буюрилган амалларни бажариш ва қайтариқлардан қайтишлари билан бўлади, фақатгина тилда «Аллохдан мағфират сўраймиз» дейишнинг ўзи билан эмас. Улар тиллари билан «Аллохдан мағфират сўраймиз» десалар-да, лекин кофир бўлсалар, уларнинг истиғфорлари қабул қилинмайди. Демак, (Нуҳ сурасида келтирилган оятда назарда тутилган Нуҳ алайҳиссалом қавми)нинг истиғфорлари Нуҳ алайҳиссалом даъватини қабул қилишлари билан белгиланади. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг зикри У Зот томонидан буюрилган ишларни бажариш билан амалга ошади. Бу эса, биринчи навбатда амал, кейин сўз билан бўлади.
Баъзи (муфассир)лар оятнинг зоҳирий маъносига қараб, ундаги буйруқни (Раббнинг) исм(и)га тегишли қилганлар ва зикр орқали кўплаб фойдалар ҳосил бўлгани учун Расулуллох Раббининг исмини зикр қилишга буюрилдилар (деб ҳисоблайдилар). Чунки Аллоҳнинг баъзи исмлари яхшилик қилишга ва Аллоҳ таолога ибодат билан юзланишга тарғиб этади. Баъзи исмлари эса хавф ва қўрқинчга чақиради, яна баъзилари Аллоҳнинг ажиб ҳикмати, гўзал тадбир, мустаҳкам ҳукмронлиги, қалбдаги унинг буюклигидан хабар беради. Баъзилари инсонга илм ва англашни зиёда қилади, деганлар.
Аллоҳнинг баъзи исмлари феъллардан олинган бўлиб, киши улар устида тафаккур юритса, бу исмларнинг ўша феъллардан ясалиш жиҳатини тушунади. Демак, Аллоҳнинг исмларини зикр этиш билан юқорида айтилган фойда ва илмлар ҳосил қилинади.
Аллоҳ таолонинг: оятидаги [табтил] сўзи - «Аллоҳ учун ажралиш», «нафсни шаҳватлардан узиб, лаззатлардан буриш» маъносини англатади. Гўё Аллоҳ таоло оятда: «Ўз нафсингни шаҳват ва лаззатлардан тийгин», деди. Марям розияллоҳу анҳо нафсини дунё лаззатларидан тийиб, ундан узилгани ва охиратга юзлангани учун «ал-Батул» деб номланди.
[9] (У) машриқ ва мағрибнинг Раббисидир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Бас, Уни вакил (ҳомий) қилиб олинг!
Аллоҳ таолонинг: «Машриқ ва мағрибнинг Раббиси» деган сўзи борасида Абу Бакр Асом айтади: «Унинг маъноси машриқу мағрибнинг Подшоҳи демакдир». Оятни «машриқу мағрибнинг Молики» деб тафсир қилиш ҳам мумкин. Чунки Аллоҳ таоло ҳақиқий Моликдир. Баъзилар «Рабб» бу муслиҳ (ислоҳ этувчи) маъносида, дейишган.
Аллоҳ таоло машриқу мағриб ва барча махлуқотларнинг молики бўлса ҳам, оятда айнан бу иккиси (машриқ ва мағриб) хослаб зикр қилинди. Чунки «машриқ» сўзини зикр қилиш осмонлару ерларни ўз ичига қамраб олади. Осмонлар ва ерларнинг зикри эса юқори билан асфаласофилинни ўз ичига олади. Инсон машриққа назар солса, бир булокдан қуёш чиқиб, Ернинг турли четларига тарқаб, ҳар куни минг йиллик масофани босиб ўтиб, лойқа булоққа ботади ва асфаласофилинга етиб боради. У шу зайлда юриб, яна чиқиш жойига боради ва у ердан чиқади. Бу Еру осмонларнинг пайдо қилувчиси ва бошқарувчиси ягона Зот эканига ҳамда Унинг Ердаги ҳукмронлиги осмонлардаги ҳукмронлиги каби эканига далил бўлади.
Бундан маълум бўладики, махлуқотлар узоқ муддат ичида босиб ўта олмайдиган минг йиллик масофани Қуёшнинг бир кун ичида босиб ўтишига имкон берган қудратли Зотни ҳеч ким ожиз қолдира олмайди. Шунингдек, бу Унинг мулки доимий ва ниҳоясиз эканига ҳам далилдир. Чунки Қуёш ҳар куни юклатилган ишини қилади ва у замон, вақт ўзгариши билан ўзгармайди.
Ер аҳлининг манфаатлари осмон манфаатларига боғлиқ қилинди. Аллоҳ таоло иккисининг мудаббири (бошқарувчиси) бўлмаса, улар орасидаги боғлиқлик йўқолиб, осмон манфаатлари Ер аҳлидан узилади. Оятда машриқу мағрибнинг қайд этилишида Аллоҳ таолонинг ёлғизлигига далолат, қудрати ва ҳукмронлигини намоён этишига, ажойиб ҳикматлари ва латиф тадбирларига ишоратлар бордир.
Еру осмонларнинг зикридан кўра, машриқу мағрибни эслатиш Аллоҳ таолонинг тавҳидини тезроқ англашга ва уни осонроқ тушунишга олиб боргани учун оятда Ер ва осмонлар зикр қилинмай, машриқу мағриб қайд этилди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «Машриқ ва мағрибнинг Раббиси» ояти «Зикрини адо этишга буюрган Зот - машриқу мағрибнинг Парвардигоридир» деган маънони англатади. Унда Аллоҳ таолонинг Павардигорлигини билишга олиб борувчи сабаб баён этилган.
Аллоҳ таолонинг [Лаа илааҳа иллаа Ҳува] сўзи - «ибодат қилинишга ҳақли маъбуд фақатгина У (Аллоҳ)дир» деган маънони англатади. Чунки инсонни Маъбудга ибодат қилишга ундайдиган нарса хавф (қўрқув) ва ражо (умид)дир. Аллоҳ таоло машриқу мағрибни зикр қилиш орқали барча махлуқотларнинг тадбири Ўзига тегишлилигини, У халойиқ устидан ғолиблигини ва барча ишга қодирлигини, барча хазина ҳамда манфаатлар Унинг тасарруфида эканини билдиргач, инсонлар Аллоҳнинг ҳақиқий илоҳ, барча нарсадан ғолиб Парвардигор эканини, Ундан бошқаси эса фойда ё зарар беролмайдиган, мағлуб бир махлуқот эканини англадилар. Шундай экан, улар ибодат қилинишга ва илоҳликка муносиб эмаслар.
Аллоҳтаолонинг: «Бас, Уни вакил қилиб олинг!» ояти «Барча ишларингизни Аллоҳ таолога топширинг. Зеро, У тадбирли ва ҳақли Зотдир. Унда ўзингга ҳеч қандай тадбир қолдирмагин», деган маънони англатиши мумкин. «Вакил» воқеликда ҳеч бир моддий манфаат кўзламай, ёрдам ва кўмак бериш мақсадида бошқа бир кишининг ишини бажаришга киришган шахсдир. Аллоҳ таолонинг «Уни вакил қилиб олинг!» ояти «Ундан нусрат ва ёрдам сўранг», деган маънодадир. Инсон муаммоларини бартараф этиш, ҳожатларини раво қилиш, мусибатларини аритиш учунгина вакилга мурожаат қилади. Аллоҳ таоло мазкур оятда: «Ҳар доим - мусибат етганида ҳам Аллоҳ таолога қайтинг. Шунда У муаммоларингизни ҳал қилади, эҳтиёжларингизни қондиради ва мусибатларингизни аритади», демокда. Валлоҳу аълам!
[10] Улар (мушриклар) айтаётган сўзларга сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарзда тарк этинг!
Муфассирлар мазкур оятнинг тафсири борасида бундай деганлар: «Уларнинг сизни ёлғонга чиқаришларига сабр қилинг. Зеро, оят давомида: «(Сизни) ёлғонга чиқарувчи (ўша) неъмат аҳлини Менга қўйиб беринг!» дейилиб, (Расулуллоҳ) ёлғонга чиқарилишга сабр қилишга чақирилдилар. Шунингдек, оят (маъноси) ёлғончига чиқариш ҳамда бошқа азиятларга ҳам қаратилган бўлиши мумкин. Чунки улар Расулуллоҳни ёлғончига чиқариш билан чекланиб қолмай, у зотни баъзан ёлғончи, баъзан сеҳргар, баъзан мажнун, баъзан эса етим дейишарди. Хуллас, улар Пайғамбаримизга турли азиятлар етказишарди. Аллоҳ таолонинг «Улар (мушриклар) айтаётган сўзларга сабр қилинг» ояти юқоридагиларнинг барчасига таъвил қилиниши мумкин.
Мазкур сабр қилиш буйруғи қуйидаги уч хислат билан амалга ошади: биринчиси, сизни ёлғончига чиқарганлари сабабли сиз ҳам уларни ёлғончига чиқарманг; (иккинчиси) улардан қўрқиб хавфсираманг. Хавфсираш мушрикларга тасалли беради ва улар бундан мамнун бўладилар; (учинчиси) уларга ҳалокат ва ўлим сўраб дуо қилманг, балки сабр қилинг!
Бир киши (эътироз билдириб) айтиши мумкин: қандай қилиб ёлғончига чиқаришлари у зотга оғир ботиб, хафа бўлишлари мумкин? Ҳолбуки, Расулуллоҳни ёлғончига чиқараётганлар у зотнинг душманлари эди-ку? Ахир, душманлар томонидан ёлғончига чиқарилиш оғир олинмайди ва қийин ҳам ҳисобланмайди. Зеро, хусуматчи бор имкониятини ишга солиб, ўз душманига ёмонлик қилишим керак, деб билади.
Инсон ўз дўстлари ва яқинлари томонидан ёлғончига чиқарилса, унга бу ўта оғир ботади. Шундай экан, Расулуллоҳга мушрикларнинг ёлғончига чиқариши қандай оғир ботган бўлиши мумкин ва нима учун бундан хафа бўлишлари мумкинки, қуйидаги оятлар билан сабр қилишга чақирилсалар: «Айтган гаплари сизни маъюс (хафа) қилаётганини яхши билурмиз» (Анъом сураси, 33-оят), «Улар (мушриклар) айтаётган сўзларга сабр қилинг».
Бу (эътироз)нинг жавоби қуйидагича: ёлғон ва жоҳиллик ақл ва табиатга оғир ботадиган нарсалардандир. Шунингдек, ёлғончига ва жоҳилга чиқаришни ҳам ақл ва табиат кўтармайди. Ҳаттоки, ёлғончига ҳам: «сен ёлғончисан», дейилса, бундан ғазабнок бўлади ва уни қабул қила олмайди. Шунингдек, жоҳил кимса, жаҳолати билан танилса, бу унга оғир ботади. Модомики, ноқис ақл ва номукаммал табиат эгаларига «ёлғончига чикарилиш» ёқмас экан, соф ақл ва саломат табиат соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «ёлғончига чиқарилиш» оғир ботиши ва ундан маҳзун бўлишлари табиийдир.
Мартабаси юқори бўлсин, паст бўлсин, ўзи ёки бошқалар ҳақида айтган сўзида ёлғончига чиқарилса, оғир ботмайдиган бирор инсон йўқ. Энди, Аллоҳ таолонинг ваҳийини етказаётган инсон ёлғончига чиқарилса, (ҳолат) қандай бўлади (ўзингиз билиб олаверинг)! Шундай экан, ёлғон сўз қалбга оғир ботиши аниқ ва у сабабли маҳзун бўлиш ҳам ажабланарли эмас.
Оятдаги(«Айтган гаплари сизни маъюс (хафа) қилаётганини яхши билурмиз» (Анъом сураси, 33-оят).) сабрни ёлғончига чиқарувчиларга нисбатан ўта раҳмли, мушфиқ эканлари натижасида маҳзун бўлганлар, деб талқин қилиш ҳам мумкин. Чунки Расулуллоҳни ёлғончига чиқаришлари ўзларининг ҳалокати ва мусибатига сабаб бўлади. Улар ўзларини ҳалокатга олиб борадиган нарса билан шуғулланганлари сабабли Расулуллоҳнинг уларга (раҳми келди,) шафқат қилиб, маҳзун бўлдилар.
Расулуллоҳнинг маҳзунлиги Аллоҳ йўлида ғазаб қилганлари бўлиши ҳам мумкин. Чунки пайғамбарлар Аллоҳ таоло йўлида ғазаб қиладилар ва душманларига қаттиқ турадилар.
«Расулуллоҳни ёлғончига чиқарганлар, у зотнинг душманлари эди. Шундай экан, уларнинг Расулуллоҳни ёлғончига чиқаришлари қандай оғир ботиши мумкин? Ахир бунинг душмандан содир бўлиши ғайриоддий иш эмас-ку?» деган эътирозга шундай жавоб берамиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга душман билан муомала қилгандек эмас, балки раҳбар ўз қўл остидаги ходимлари билан муомала қилгандек муомала қилар эдилар. Чунки у зот уларни дунё ва охиратда нажот топиб, шараф қозонишларига сабаб бўладиган ишларга чақирардилар. Ким бошқалар билан ўзига яқин инсондек муомала қилса, бу киши билан ҳам яхши муомалада бўлиш уларнинг зиммасида бўлади. Улар бундай қилмай, у зотни ёлғончига чиқаришса, албатта, бу ҳолат у зотга оғир ботиб, маҳзун бўладилар.
Аллоҳ таолонинг:
«Улар (мушриклар) айтаётган сўзларга сабр қилинг» ва «Ва уларга (азобни) шошилтирманг!» (Аҳқоф сураси, 35-оят) оятлари «Аллоҳ таоло бандасига фақат манфаатли нарсаларни яратиб беради», дейдиган (мўътазилий) тоифанинг сўзини пучга чиқаради. Бизга маълумки, бирор пайғамбарга дуойи бад қилиш учун рухсат берилиб, унинг илтижоси қабул қилинса, бунда инсонларни имонга ундовчи ва (пайғамбарларни) ёлғончига чиқаришдан тийиб турадиган нарса бордир. Чунки улар азоб келишидан қўрқиб, (пайғамбарларни) ёлғончига чиқаришдан тийиладилар ва чорловни қабул қилишга интиладилар. Демак, унда (бандаларни шу дунёнинг ўзида ҳалокатга гирифтор қилишда охиратдаги) ҳалокатдан қутулиш, дунё ва охиратда шараф қучиш бордир. Унга (пайғамбарларга қавмини дуои бад қилишга) изн берилмаслиги - Аллоҳ таолонинг бандаларга манфаатли ишларни яратиб беришга мажбур эмаслигига далилдир.
«Нима сабабдан дин душманларини Исломга чорлаш ва (пайғамбарларни) ёлғончига чиқаришдан қайтариш учун уларни дуойи бад қилишга рухсат берилмайди?» деб савол берилса, бундай жавоб берилади: «Сиз айтган нарсада имтиҳон ва синовни йўққа чиқариш бор. Чунки бундай вазиятда ҳужжат ақл-мушоҳадасиз қабул қилинади. Бордию мушриклар (пайғамбарни) ёлғончига чиқарганлари сабабли бутунлай қирилиб кетишларини билсалар, ундан тамомила тийиладилар ва Ислом динини мажбуран қабул қиладилар. Демак, у ҳужжатлар мушоҳада билан эмас, ақлий мушоҳадасиз қабул қилинадиган далиллардир. Аслида, расулларнинг ҳужжатлари мушоҳадасиз қабул қилинадиган далил эмас, балки тафаккур ва мушоҳадага асосланади. Чунки уларларнинг далиллари мажбурий бўлса, имтиҳон имти-ҳонлигини йўқотади. Шунинг учун пайғамбарларнинг ҳужжатлари шубҳага олинади. Инсон тафаккур юритса, ҳужжатларни идрок қилади ва имтиҳон ҳам имтиҳонлигича қолади.
Бир киши: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «ал-Олим вал-мутаъаллим» асарида: «Фаришталар, пайғамбарлар ва биз (мусулмонлар)нинг имонимиз бир хилдир», деган. «Биз ва пайғамбарлар имонда баробар бўлсак, нима учун уларнинг савоби комилроқ ва Аллоҳ таолодан хавфлари кучлироқ?» деса, қуйидагича жавоб берилади. Жавобнинг хулосаси бундай: пайғамбарлардан бирор хато содир бўлса, унинг ортидан уларга азоб етиши аниқ. Шунинг учун ҳам улар Аллоҳ таолодан ўта кучли қўрқадилар.
Бу жавобдан келиб чиқиб, бир киши бундай савол бериши мумкин: «Демак, пайғамбарларнинг Аллоҳ таолога имон келтиришлари ва гуноҳни тарк этишлари ихтиёрий эмас, мажбурий экан-да?» Бу саволга шундай жавоб берилади:
Биринчидан, пайғамбарларга гуноҳдан маъсумликлари маълум бўлмаган ва улар ҳалокатга тушиб қолишдан қўрққанлар. Бунинг мисоли Иброҳим алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзида ҳам намоён бўлади:
«Мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан сақлагин!» (Иброҳим сураси, 35-оят). Иброҳим алайҳиссаломга ўзининг гуноҳдан маъсумлиги маълум бўлганида, бундай дуо қилишдан беҳожат бўлар эдилар.
Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломнинг қиссасида бундай деган:
«Биз учун унга (сизнинг динингизга) қайтишимиз мутлақо жоиз эмас? Илло, Раббимиз - Аллоҳ хоҳлагани бўлур. Раббимизнинг ҳар нарсага илми кенгдир»(Оятнинг тўлиқ таржимаси: «Динингиздан бизни Аллоҳ қутқаргандан кейин яна унга қайтадиган бўлсак, Аллоҳга ёлғон тўқиган бўламиз-ку? Биз учун унга (сизнинг динингизга) қайтишиз мутлақо жоиз эмас? Илло, Раббимиз — Аллоҳ хохдагани бўлур. Раббимиз ҳар нарсага илми кенгдир. Аллоҳгагина таваккул қилдик. Эй Раббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасида ҳақиқий ажримлик ато эт! Сен ажрим қилувчиларнинг яхшисидирсан» (Аъроф сураси, 89-оят).) (Аъроф сураси, 89-оят). Бу оятлардан пайғамбарларнинг маъсумлиги ўзларига маълум бўлмагани ойдинлашади. Биз уларнинг маъсумлигига воқеликдан келиб чиқиб, гувоҳлик берамиз. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳикмати (пайғамбарларнинг) маъсум бўлишларини тақозо қилади. Пайғамбарлар рисолатни етказишга амр этилганлар. Лекин тафаккур орқали ўзларидан олдинги пайғамбарларнинг маъсумлиги намоён бўлиши учун уларнинг ишига назар солишга буюрилмаганлар. Демак, пайғамбарлар ўзларининг нажот топишлари ва ҳалокатга тушишлари борасида хавф (қўрқув) ва ражо (умидворлик)да бўлганлар. Улар Аллоҳ таолога мажбуран эмас, балки (ҳақиқат ва ботил орасини) ажратиш орқали имон келтирганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг даражалари юксакдир.
Иккинчидан, пайғамбарларнинг қалбига Аллоҳ таолонинг ҳайбати ва улуғворлиги ўрнашган эди. Уларни гуноҳ учун жазоланиш хавфи имонга ундамади, балки маърифат уларни Аллоҳ таолога имон келтиришга чорлади.
Кофирлар на Аллоҳ таолонинг буюклигини, на қудратини билганлар, бордию (мазкур нарсаларни улар билганларида, албатта,) имон келтирган бўлар эдилар. Пайғамбарларни ёлғончига чиқарганлари сабабли кофирларга уқубат келганида, кўрқувнинг ўзи уларни имонга ундаган бўлар эди ва чорасизликдан имон келтирган бўлар эдилар. Шу боис имтиҳон имтиҳонлигича қолиши ва пайғамбарлар билан бошқалар орасида фарқ бўлиши учун кофирлар (пайғамбарларни) ёлғончига чикарсалар ҳам, азобланмадилар.
Яна айтамизки, ўтган пайғамбарлар ҳақидаги хабарлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нубувватининг исботи ҳисобланади. Аҳли китоблар у ҳақда маълумотга эга бўлсалар ҳам, хабарларни (ўзгаларга) етказсалар ҳам (имон келтирмасликларига сабаб) улар бу хабарларни таълим ва талқин сифатида билиб қўйганлар, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хабарлар борасида илму маърифатга эга бўлган инсонлар билан асло тортишмаганлар. Демак, Расулуллоҳ бу хабарларни Аллоҳ таолодан ўрганганлар, бошқалардан эмас. Хабарлар бошқа ишларга ҳужжат бўлмаса-да, лекин бу (нубувват ва рисолат)га ҳужжат бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «Уларни чиройли тарзда тарк этинг!» оятини бундай таъвил қилиш ҳам мумкин: «Улар сизни ҳақоратлаб, шаънингизга нолойиқ сўзларни айтганида, уларга ва улар тўқиётган гап-сўзларга парво ҳам, эътибор ҳам қилманг». Чунки бу ҳам туҳматчи ва сўконғичларни ўзлари килаётган ишдан қайтаришнинг бир йўлидир. Буни Аллоҳ таолонинг ушбу ояти ҳам қўллаб-қувватлайди:
«Уларга жоҳил кимсалар хитоб қилса, улар: «Саломатлик бўлсин», дейдилар» (Фурқон сураси, 63-оят).
Мазкур оят «Улардан чиройли тарзда узилинг!» деган маънони ифодалаши ҳам мумкин. «Чиройли узилиш»нинг маъноси уларга нисбатан меҳр-мурувватни тарк қилмаслик, уларнинг ҳалокатини сўраб дуойи бад қилмаслик ва уларнинг ҳидояти, салоҳиятини сўраб дуо қилишдан тўхтамасликдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар азият берган вақтда ҳам «Аллоҳим, қавмимни ҳидоят қилгин. Чунки улар билмаяптилар...» деб дуо қилдилар.
Оятдаги «уларни чиройли тарзда тарк этинг» жумласи «ёмонликка ёмонлик билан эмас, яхшилик билан жавоб қайтаринг» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Сиз (улар қилаётган) ёмонликни гўзал (сўзлар) билан даф этинг!» (Муъминун сураси, 96-оят). Чунки халқ бундай яхши муомалали кишининг чақириғига «лаббай» деб жавоб беради. Валлоҳу аълам!
Муфассирлар орасида ушбу оятни «сайф»(Тавба сураси, 5-оят. Ушбу оятда урушга рухсат берилгани айтилади.) ояти насх қилган, дейдиганлар ҳам бор. Баъзилар оят насх қилинмаган деб ҳисоблаб, унинг маъносини насх қилинмайдиган маънога буриб таъвил қилганлар. Бу қарашга кўра, Аллоҳ таолонинг: «Уларни чиройли тарзда тарк этинг!» ояти «Улар берган азият сабабли уларга қарши жавоб қайтарманг!» маъносида бўлади. Шунингдек, мушрикларга қарши жанг қилиш улар берган азиятларга жавоб учун фарз қилинмаган. Балки (биринчидан) диннинг нусрати ва Аллоҳ таолонинг сўзини олий қилиш учун фарз қилинган. Шу боис «сайф» ояти мазкур:
«Бас, Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча уларни афв этиб, (хатоларидан) ўтинг» (Бақара сураси, 109-оят) оятини насх қилмайди.
Иккинчидан, мушриклар билан жанг қилиш улардан ўч олиш эмас, балки Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтиришга чақиришдир. Улар имон келтирсалар, азобдан қутуладилар ва улкан савоб ила зафар қучадилар. Демак, уруш мушрикларга уқубат эмас, раҳматдир.
Жанг уларга раҳмат бўлишининг сабаби шуки, мушриклар сон ва қувват жиҳатидан кучли, мусулмонлар эса оз сонли, шунингдек, ибодат билан машғул бўлганликлари сабабли қувватсиз бўлишларига қарамай, мушриклар устидан ғалаба қозонганларини кўргач, мушриклар мусулмонларнинг ҳийла ва сабаблар билан эмас, балки Аллоҳ таоло берган куч ва нусрат билан ғолиб бўлганларига амин бўладилар. Натижада, мушриклар мусулмонларнинг ҳақлигини тан оладилар. Улар ҳаққа ишонсалар, уни маҳкам тутадилар ва катта савоб ҳамда гўзал оқибатни қўлга киритадилар. Демак, улар билан жанг қилиш мушрикларнинг хунрезликларига жазо эмас, балки айни раҳматдир. Шундай талқин этилса, Аллоҳ таолонинг: «Уларни чиройли тарзда тарк этинг!» оятининг амали бекор қилинмаган бўлади.
Юқорида ўтган изоҳлар орқали қуйидаги саволга ҳам жавоб бериш мумкин: «Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига:
«(Эй Муҳаммад,) Биз сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё сураси, 107-оят), деган. Урушда раҳматни тарк этиш бор. Шундай экан, нима сабабдан у зотга жанг қилиш фарз этилди?»
Бу саволга шундай жавоб берилади: «Урушда раҳматни тарк этиш эмас, балки айнан раҳматни камолига етказиш (ҳикмати) бор. Чунки уруш у (мушрик)ларни имон келтиришга ва (пайғамбарни) ёлғончига чиқаришни тарк қилишга ундайди. Улар шундай қилишса, мартабалари олий, дунё ва охиратда қадрлари юксак бўлади. Валлоҳу аълам!
Ушбу саволга бошқа бир жавоб: «Уруш қатлга ҳужжат эмас (балки урушнинг фарз қилиниши мушрикларга қўрқув солишдир). Чунки мушриклар урушдан қўрқса, (пайғамбарни) ёлғончига чиқаришни бас қилиб, унинг даъватига қулоқ соладилар. Ривоятлардан маълумки, мушрикларга қарши уруш фарз қилинишидан олдин инсонлар якка-якка ҳолда Исломни қабул қилар эдилар. Уруш фарз қилингандан кейин гуруҳ-гуруҳ, қабила-қабила бўлиб (Ислом динини) қабул қила бошладилар. Бундан ташқари, урушга рухсат этилиши зарурат туфайли бўлган. Чунки мушриклар ўзларига қарши жанг қилинмаслигини билсалар, улар урушдан қўрқмас эдилар. Қўрқмасалар, (Ислом динини) асло қабул қилмас эдилар. Демак, уруш (Расулуллоҳдаги) раҳматни йўққа чиқариш учун эмас, балки хавфни юзага келтириш учун жорий қилинган.
Буни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мазмуни ҳам таъкидлайди:
«Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй ақл эгалари! (Бу билан) шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар» (Бақара сураси, 179-оят). Аслида қасосда ҳаёт эмас, жонга талафот етказиш бордир. Лекин унда «ҳаёт» борлиги (масаласи)га келсак, инсон бошқани ўлдириши билан ўзининг ҳам қатл этилишини тафаккур қилса, бу уни қотиллик қилишдан қайтаради. Демак, қасосда барча жонга ҳаёт бағишлаш (ҳикмати) мавжуд. Зоҳиран қасосда (жонга) талафот етказиш бўлса-да, ҳакиқатда қасос ҳаётни сақлашга сабабдир.
Шунингдек, мушриклар даъватни қабул қилмагач, қатл этилишларига амин бўлсалар, қайсарликни қўйиб, Исломни қабул қилишга киришадилар. Демак, зоҳиран уруш (Расулуллоҳни) раҳмат (пайғамбарлиги мақоми)дан чиқарадигандай туюлса-да, аслида урушнинг фарз қилиниши айни раҳмат ҳисобланади. Валлоҳу аълам!
Яъни: «Шунингдек, ҳар бир қишлоқда, унинг йирик жиноятчиларини у ерда макр қиладиган этиб қўйдик» (Анъом сураси, 123-оят), деб айтган.
Бошқа оятда эса бундай дейилади:
[11] «(Сизни) инкор этувчи (ўша) неъмат аҳлини Менга қўйиб беринг ва уларга озгина муҳлат беринг!»
Аллоҳ таолонинг: «(Сизни) инкор этувчи (ўша) неъмат аҳлини Менга қўйиб беринг» оятида Расулуллоҳни ёлғонга чиқарувчи ва Аллоҳнинг йўлидан тўсувчи шахслар ўзига тўқ ва кенгчиликда яшовчилар экани айтилмокда. Шунингдек, Аллоҳ таоло ояти каримада:
«Биз қайси бир қишлоққа бирор огоҳлантирувчи (пайғамбар) юбормайлик, албатта, у жойнинг маишатпарастлари: ... дедилар» (Сабаъ сураси, 34-оят)(Оятнинг давоми: «...у жойнинг маишатпарастлари: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган (дин)га кофирмиз!» дедилар».). Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мазкур оятда (инкор этувчи) неъмат берилган шахсларни зикр қилди.
Аллоҳ таолонинг «(Сизни) инкор этувчиларни Менга қўйиб беринг» оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғончига чиқарувчиларга аввал қарши чиққанларига ишора бўлса-да, аслида Расулуллоҳ уларга ҳеч қандай қаршилик қилмаганлар. Бу каби хитоблар Қуръони Каримнинг бир неча оятларида учрайди. Яъни аслида воқеликда ҳеч нарса бўлмаса ҳам, оят маъноси олдин ўтган ҳодисага далолат қиладигандек туюлади.
Масалан, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Осмонни кўтариб қўйди» (Раҳмон сураси, 7-оят). Оятдаги «кўтариш» сўзи аслида пастга қўйилган нарсани (тепага кўтариш маъноси)да ишлатилса-да, воқеликда осмон аввал паст(да бўлиб, кейин тепа)га кўтарилмаган. Мазкур оятдаги «кўтариш» сўзи «осмон кўтарилган ҳолатда яратилган» деб таъвил қилинади. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай деган:
«(У) ерни одамлар учун қўйди» (Раҳмон сураси, 10-оят).
Ер аввал кўтарилган эмаски, кейинчалик (қайта) қўйилган бўлса, балки ер (барча жонзотлар учун муносиб қилиб) қўйилган ҳолатда яратилгандир.
Юсуф алайҳиссалом:
«Мен Аллоҳга имон келтирмайдиган қавм динини тарк этдим» (Юсуф сураси 37-оят), дедилар. Юсуф алайҳиссалом уларнинг динига кирмаганларки, аввал кириб, сўнг уни «тарк этган» бўлсалар.
Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлар (бутлар)дир. Уларни (кофирларни) нурдан зулмат сари чиқарадилар» (Бақара сураси, 257-оят). Оятдаги «Уларни зулматдан нур сари чиқаради» жумласи уларнинг аввал зулматда бўлганларини ифодаламайди. Шунингдек, «Уларни (кофирларни) нурдан зулмат сари чиқарадилар» ояти кофирларнинг аввал нурда бўлганларини англатмайди. Гарчи (ушбу оятлар) зоҳиран мазкур маъноларни билдирса ҳам (ҳақиқатда у маъноларни англатмайди).
Демак, Аллоҳ таолонинг: «(Сизни) инкор этувчиларни Менга қўйиб беринг» ояти зоҳиран Пайғамбаримизнинг ёлғончига чиқараётганларга қарши чиқаётганларини англатса-да, воқеликда у зот қаршилик қилмаганлар. Бундан бошқа мисолларни Муддассир сураси тафсирида зикр қиламиз.
Аллоҳ таолонинг: «(Сизни) инкор этувчиларни Менга қўйиб беринг» ояти «Уларни қилаётган ишлари сабабли жазоламанг ва уларни дуойи бад ҳам қилманг! Балки уларга бироз муҳлат беринг, яқинда Аллоҳ уларга кифоя қилади», деган маънони ифодалайди.
[ан-наъмату] ва [ан-ниъмату] сўзлари орасидаги фарқ тўғрисида шундай дейилади: [ан-наъмату] - бандага истидрож(Ғайриоддий ҳодисаларнинг динсизлардан содир бўлиши истидрож дейилса, валийлардан содир бўлиши каромат дейилади.) сифатида ва ҳалокатига боис бўлиши учун бериладиган неъматлардир. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида акс этган:
«Яна (қанчадан-қанча) ўзлари баҳраманд бўлган неъматларни (қолдириб кетдилар)» (Духон сураси, 27-оят).
[ан-ниъмату] - Аллоҳ таолонинг бандаларига берган фазлу икромидир. Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини тўкис қилиб қўйди» (Луцмон сураси, 20-оят). Валлоҳу аълам!
[12] Ҳақиқатан, Бизнинг ҳузуримизда кишанлар ва дўзах бордир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: [ал-анкалу] сўзи - «кишанлар» ва «занжирлар» деган маънони англатади», дейди. Абу Бакр Асом: «Ал-анкалу» сўзи «ибратли нарса» ва «бошқалар учун ибратли нарса» деган маъноларни англатади» деган. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Биз бу (уқубат)ни уқубат олдидаги (қишлоқларга) ва (уқубатдан) кейинги (юзага келган қишлоқларга) ибрат ва тақводорлар учун эса панд-насиҳат қилдик» (Бақара сураси, 66-оят). Мазкур оят «Жазо келган қишлоқдагиларга ва (жазо) дан кейинги (пайдо бўлган қишлоқлик)ларга» деб таъвил қилинади. Маъно Абу Бакр Асом айтгандек бўлса, у дунёга алоқадор бўлиши ва Бадр куни тушунилиши мумкин. Валлоҳу аълам! Аввалги маъно (яъни Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг талқини) ҳақиқатга яқинрокдир.
Оятдаги [жаҳим] - «катта олов» маъносини англатади. Ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига далил ва расулликларининг белгиси бордир. Чунки «Ҳақиқатан, Бизнинг ҳузуримизда кишанлар ва дўзах бордир» ояти юқоридаги «(Сизни) инкор этувчи (ўша) неъмат аҳлини Менга қўйиб беринг» оятига алоқадордир. Яъни уларга бизнинг ҳузуримизда кишанлар ва дўзах бордир. Улар куфрда вафот этсалар, кишанланадилар ва жаҳаннам билан азобланадилар. Оятда уларнинг кофир ҳолда вафот этишларига ишора бордир. Улар ҳақиқатда шундай вафот этдилар, ишлари (куфрга) муҳрланди ва улардан бирортаси мусулмон бўлмади. Расулуллоҳнинг ғайбдан берган хабарлари қандай хабар берилган бўлса, шундай ҳолда тўғри чиқар эди. У зот бу маълумотларни фақат Аллоҳ таолодан олар эдилар. Демак, Расулуллоҳ у (ғайб)ни ўзлари тўқимаганлар, балки Аллоҳ таолодан қабул қилиб олганлар. Ғайб илми у зот алайҳиссалом рисолатларининг энг катта белгиларидан бўлган.
[13] Ва (томоққа) тиқилгувчи (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир!
Инсоннинг ҳалқумига тиқилиб, юта олмаган нарсаси аслида таом ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло (бу ҳақда):
«Уларга қайноқ сувли ичимлик бор» (Анъом сураси, 70-оят Юнус сураси, 4-оят) деган. Қайноқ сув аслида ичимлик эмас. Шарҳланаётган оятдаги нарса худди таом сингари чайналгани учун «таом» деб аталди. (Кейинги оятдаги) йиринг ва қайноқ сувлар ичимлик сингари оқиш хусусиятига эга (бўлгани учун у иккиси «шароб» деб аталди). Шунинг учун аввалги оятда «таом», иккинчи оятда «шароб» сўзлари қўлланилди. «Таом» сўзи «егулик» деган маънони англатиб, у инсон табиати кўтармайдиган егуликларга ҳам ишлатилаверади. Шунингдек, «қайноқ сув» ютумли бўлмаса-да, «ичимлик» деб номланаверади.
Аслида, кофирлар ўз куфрлари сабаб Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилиш ўрнига, Аллоҳнинг зикрини тарк этиб, неъматни нонкўрлик билан қарши олдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳар бир неъмат ўрнига охиратда уларга азоб тайин қилди. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳужжат бўлади:
«Биз уларни қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз» (Исро сураси, 97-оят). Мушриклар кўз, қулоқ ва тил неъматларига шукр қилмаганлари сабабли Аллоҳ уларнинг кўришини кўрликка, эшитишини карликка алмаштирди. Шунингдек, Аллоҳ таоло либосларини қора мойга, уловларини оёқ ва юзлари билан жаҳаннамга судралишга алмаштирди. Ва яна Аллоҳ таолонинг неъматлари шукрини тарк этганлари сабабли таом ва ичимликларини «заққум» ва «қайноқ сув»га алмаштирди.
[14] У Кунда Ер ва тоғлар ларзага келар ва тоғлар оқувчи қумларга айланиб қолур!
[ар-ражфату] сўзига бир неча ўринда тўхталдик. Аллоҳ таолонинг [касибан маҳийла] ибораси «оқувчи тупроқ» маъносини англатади. Бу оятда ўша (қиёмат) кунининг ўта даҳшатли экани ҳақида хабар бордир. Чунки тоғлар нарсаларнинг энг қаттиқ ва энг мустаҳкамидир. Сўнг, у кунининг даҳшати қаттиқ ва мустаҳкам тоғлар ҳам кўтара олмайдиган даражага етади. Шундай экан, заиф ва ночор инсон у куннинг шиддати ва даҳшатини қандай кўтара олади?! Улар (Пайғамбарни) ёлғончига чиқаришдан ва залолатдан тийилиб, тўхташлари учун Аллоҳ таоло уларга қиёмат кунининг ҳолат (даҳшатлар)ини эслатди.
[15] (Эй Макка аҳли,) дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар, қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир Пайғамбарни (яъни Муҳаммад алайҳиссаломни) юбордик.
Аллоҳ таолонинг: [шааҳидан аълайкум] ояти тафсирида Абу Бакр Асом: «Унинг таъвили, у (пайғамбар) Аллоҳ таолонинг сизлардаги ҳақларини баён қилувчи» деган. [Шааҳидан аълайкум] ибораси «У (Расул) сизларнинг фойдангизга ёки зиёнингизга гувоҳлик берувчи» деган маънони англатиши мумкин. Расулуллоҳнинг кофирларга қарши гувоҳ бўлишларига қуйидаги оят далилдир:
«Сизни (эй Муҳаммад,) ана уларга қарши гувоҳ қилиб келтирурмиз» (Наҳл сураси, 89-оят). (Бундан тушуниладики,) Расулуллоҳ мўминларнинг фойдасига гувоҳ бўладилар. Баъзида [аълайкум] - (сизларга қарши) ибораси қўлланилса ҳам, ундан [лакум] - (сизларнинг фойдангизга) маъноси кўзланади. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг сўзи:
«Ва бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (ҳам ҳаром қилинди)» (Моида сураси, 3-оят). Оятда [аъла] қўшимча (предлог) ишлатилиб, ундан «бут-санамларга қарши» деган маъно эмас, балки «уларнинг фойдасига» деган маъно кўзланмоқда. Чунки мушриклар жонлиқни бутларга қарши деб эмас, гўё уларнинг фойдасига атаб сўярдилар.
Мазкур оятда Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн хоссатан зикр қилинди. Бу ердаги тахсис, яъни (Мусо ва Фиръавнни) хослаб қайд этишдан кўзланган фойда (Валлоҳу аълам) бундай: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (ёшликларидан) ҳақни ёлғонга чиқарган кимсалар орасида ўсдилар. Аммо улар Пайғамбаримизнинг ёлғончилигига асло гувоҳ бўлишмади. Балки улар Расулуллоҳни адолатли ва омонатдор деб ҳисоблар, у зотни гувоҳликка салоҳиятли деб билардилар. Шундай экан, қандай қилиб Расулуллоҳга ёлғончилик нисбатини бердилар? Ахир, у зотдан ёлғончилик содир бўлганига гувоҳ бўлмаганлар-ку?! Шунингдек, Мусо алайҳиссалом ҳам ўзи пайғамбар этиб юборилган қавм орасида униб-ўсдилар. Улар ҳам Мусо алайҳиссаломни омонатдор, адолатли ва гувоҳликка салоҳиятли деб билардилар».
Баъзи муфассирларнинг нақл қилишича, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлигини кўрганлари ва уларнинг орасида униб-ўсганлари сабабли у зотга паст назар билан қараб, ҳақорат қилар эдилар. Худди шундай, Мусо алайҳиссалом қавмига пайғамбар этиб юборилганларида, улар у зотни ҳақорат қилиб, ёшлик кезларидагидек паст назар билан қарашган. Ҳатто у киши ҳақида бундай дейишган:
«(Улар келиб Фиръавнга шу сўзларни айтишгач, у Мусога қараб) деди: «Биз сени болалик чоғингда ўз ичимизда (яъни саройимизда) тарбияламаганмидик, умрингнинг бир неча йилида орамизда турган эдинг-ку!» (Шуъаро сураси, 18-оят). Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарганлари ва у зотга паст назар билан қараганлари боис уларга таг-томири билан қириб ташловчи бало келди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарганларнинг ҳолини ва Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқариб, унга паст назар билан қарашгани сабабли бошларига келган азобни мушрикларга ибрат сифатида зикр қилди. Токи улар Расулуллоҳга паст назар билан қарашдан тийилсинлар. Акс ҳолда, анавиларнинг бошига тушган нарса буларнинг ҳам бошига етади. Улар куч-қувватлари, ададлари ва моллари кўплигига сира алданиб қолмасинлар. Чунки Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарганларнинг ҳам бойликлари, фарзандлари, сонлари, куч-қувватлари ўта кўп эди. Аммо бу неъматлар уларни Аллоҳ таолонинг азобидан қутқара олмади.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ва иккиси ҳакидаги хабарни хослаб зикр этганини қуйидагича изоҳлаш ҳам мумкин: «Улар ҳақидаги хабарлар маккаликлар орасида тарқалган эди. Чунки мушриклар яҳудийлардан ҳайратланишар ва қолаверса, Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ҳақидаги маълумотга ҳам эга эдилар. Яҳудийлар Макка ахдига Фиръавн ва унинг қавми Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқаргани сабабли азобга гирифтор бўлганини айтиб беришар эди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳни ёлғончига чиқаришдан тийилишлари учун мушрикларга Мусо алайҳиссалом воқеасини эслатди. Чунки Аллоҳ таоло мушрикларга қарши ҳужжатларни бирма-бир ёки ҳаммасини бирданига баён этиши ҳам мумкин. Зеро, бунда шубҳа ва узрга ўрин қолмайди.
Мусо алайҳиссалом ва унинг қавми яшаган давр Расулуллоҳга (саодат асрига) яқин бўлгани учун Аллоҳ таоло уларнинг воқеаларини маккаликларга эслатди. Чунки Мусо алайҳиссалом кавми ер юзида қирилиб кетган энг охирги қавм ҳисобланади.
[16] (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни денгизга ғарқ қилиб юбордик).
[вабийла] сўзи - «қаттиқ», «шиддатли» маъноларида бўлиб, шиддатли ёмғирга нисбатан ҳам [вабил] сўзи ишлатилади. Абу Бакр Асом: «У [вабил] ҳар қандай чигал нарсага қўлланади», деган.
[17] Сизлар кофир бўлсангизлар, (ўз даҳшати билан) қандай қилиб болаларни қаритиб, оқсочларга айлантириб қўядиган Кун(нинг азоби)дан сақланасизлар?!
Мазкур оят бир неча маъноларни англатиши мумкин: биринчиси, сизлар дунёда дўзахнинг йўли, яъни куфрни тутсаларингиз, охиратда қандай қилиб ундан сақланасизлар?! Ахир маълумки, киши бир нарса учун йўлга тушса ва йўлда ундан бошқа чиқиш бўлмаса, у шаксиз ўша жойга киради. Иккинчиси, зиммангиздаги неъматлар шукрини тарк қилиб, охиратда дўзах азобидан қандай сақланасизлар?! Учинчиси, оятни шундай таъвил қилиш ҳам мумкин, яъни охиратда дўзахга ташланиб, (азобга) мажбурланганингизда азобдан қандай қилиб сақланасизлар?! Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Сўнгра уларни қаттиқ азоб (тортиш)га мажбур қилурмиз»
(Луҳмон сураси, 24-оят). Бошқа бир оятда бундай дейилади:
«Улар юзтубан ҳолларида дўзах сари судраладиган Кунда...» (Қамар сураси, 48-оят).
«(Дўзах фаришталари:) Уни (гуноҳкорни) ушлаб дўзахнинг ўртасига судраб олиб боринглар» (Духон сураси, 47-оят). Сизларга дунё ҳаётида Аллоҳ таолога имон келтиришга ва куфрдан тўхташга имкон берилган эди, лекин сизлар куфрдан асло узилмадингиз. Аллоҳнинг азобига улоқтирилган ҳолингизда, қандай қилиб унинг азобидан халос бўлишга имкон топасизлар?! Уни шундай тушуниш ҳам мумкин, яъни сизлар дунёда имконият берилганида имон келтирмадингиз, энди охиратда (келтирилган) имонингиздан қандай фойда олишингиз мумкин?!
Аслида, охират сабаблар муҳайё қилинадиган жой эмас, балки у жазо ёки мукофот бериладиган диёрдир. Улар азобни даф қилишга тайёрлаб қўйилган сабабларни дунёда қўлга киритишмас экан, охиратда сабаблардан фойдаланайлик дейишса, уни қўлга киритишга имкон берилмайди. Дунёда сабабларни қўлга киритмаганлари учун улар охиратда мукофотга нолойиқ бўладилар.
Биз юқорида охират имтиҳон ва синов диёри эмас, деб таъкидладик. Чунки синов яширин нарсаларни ошкора қилиш учун ўтказилади. Охиратда эса, савоб ва азоб кўзга кўрсатилади.
Дўзахни кўзи билан кўриб турган инсонга «Шу ишни қилсанг, дўзахга кирасан», дейилса, у мазкур ишни қилишга журъат эта олмайди. Жаннатни кўзи билан кўриб турган кишига «Аллоҳ таолога имон келтирсанг, жаннат билан мукофотланасан», дейилса, у шак-шубҳасиз Аллоҳ таолога имон келтиради. Шунинг учун ҳам охиратда имтиҳон қилишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Балки у мукофот ёки азоб бериладиган диёрдир. Аллоҳ таолонинг: «(ўз даҳшати билан) болаларни қаритиб, оқсочларга айлантириб қўядиган Кун» ояти шу маънога далолат қилади. Дунёдаги қарилик сабабсиз, яъни кексаликсиз рўёбга чиқмайди. Аллоҳ таоло ушбу оятда (қиёмат кунида) қарилик сабабисиз ҳам сочлар оқариб кетиши ҳақида хабар бермокда. Бундан охират дунёси сабаблар қўлга киритиладиган жой эмаслиги маълум бўлади. Уларнинг охират кунида Аллоҳ таолога имон келтиришлари ўша кунда манфаат ҳам бермайди, Аллоҳнинг азобидан ҳам сақламайди.
Аллоҳ таолонинг: «(ўз даҳшати билан) болаларни қаритиб, оқсочларга айлантириб қўядиган Кун» ояти ҳақиқий маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни ушбу куннинг даҳшатидан болаларнинг сочлари оқариб кетади, кексалар эса қўрқинчнинг зўридан гўё мастдек бўлиб қоладилар. Бу ҳакда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Одамларни «маст» ҳолда кўрасиз, ҳолбуки, улар маст эмаслар» (Ҳаж сураси, 2-оят).
Оят ҳақиқий (болаларнинг сочи) оқариш маъносида эмас, мажозий маънода бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло ўша куннинг улуғлиги ва ўта қўрқинчли экани сабабли (оқ сочларга айланиб қолиш) билан зарбулмасал қилди. Баъзан бир нарсанинг ўта улуғворлиги сабаб рўёбга чиқиши хаёлан мумкин бўлмаган нарсага зарбулмасал қилинади. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мисол бўлади:
«Унинг (оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар қулаб парчаланиб кетаёзур. Сабаб - Раҳмонга фарзанд даъво қилишларидир» (Марям сураси, 90-91-оятлар). Аллоҳ таоло борасида айтилган сўз (бўҳтон)нинг катталигидан оятдаги зарбулмасал мажозий маънода айтилган. Оятда ҳақиқий маънодаги «(осмонларнинг) ёрилиши» ёки «(Ернинг) бўлиниши» назарда тутилмаган.
Оятни бундай тушуниш ҳам мумкин: «Аллоҳ таоло уларни абадий қолдириш учун қайта тирилтирмаганида, у куннинг даҳшатидан ҳатто болаларнинг ҳам сочи оқариб кетар эди. Шунинг учун улар ўзгармайдилар ва вафот этмайдилар».
[18] У сабабли осмон ҳам ёрилувчи, (Аллоҳнинг) ваъдаси амалга ошувчидир.
Аллоҳ таолонинг: «У сабабли осмон ҳам ёрилувчи» оятида айтилганидек, болаларнинг сочини оқартириб юборадиган нарса ўша куннинг даҳшати ва қаттиқ қўрқинчидир. Осмон булутлар сабабли ёрилиши ҳам мумкин. Яна бир қарашга кўра, осмон Аллоҳ таолонинг ҳукми ва қазоси билан ёрилади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло «осмон» сўзи (араб тилида) муаннас1 жинсда бўлишига қарамай, [мунфатиратун] сўзи ўрнига (осмон сўзининг сифати бўлган) [мунфатирун] сўзини (музаккар жинсда) зикр қилди. Зажжож айтади: «Унинг маъноси [зату инфитор] - (яъни мунфатирун сўзидан олдин «зату» деган тақдирда муаннас сўзи) шаклида ифодаланади, яъни «ёрилувчи» маъноси келиб чиқади. Бу худди музаккар жинсдаги исмга сифат қилинган [имроатун мурдиъун] - «эмизувчи аёл» иборасига ўхшайди. Бунда ҳам (мурдиъун сўзидан олдин «зату» сўзи тақдир қилинади, яъни) сяз [зату ирдоъин] -«эмизувчи аёл» маъносини ифодалайди.
Аллоҳ таолонинг «(Аллоҳнинг) ваъдаси амалга ошувчидир» ояти «ваъданинг ўзи эмас, балки ваъда қилинган иш амалга ошувчи» деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам айни шу маънони ифодалайди:
«Албатта, У Зотнинг ваъдаси амалга ошувчидир» (Марям сураси, 61-оят). Ваъданинг ўзи эмас, ваъда қилинган иш амалга ошади. Ваъданинг таъсирида ваъда қилинган иш юзага чиққани учун мазкур оятда ваъда қилинган иш «ваъда» сўзи билан ифодаланди. Бу худди «ёмғир Аллоҳнинг раҳмати» деган сўзга ўхшайди. Яъни ёмғирнинг ўзи раҳмат бўлолмайди, балки «Уларга ёғган нарса Аллоҳнинг раҳмати билан бўлади. Лекин ёмғирнинг ўзи раҳмат эмас» маъносида тушунилади. Шунингдек, «Намоз Аллоҳнинг амридир» жумласидан (Аллоҳнинг) сифати бўлган буйруқнинг ўзи тушунилмайди, балки ўқилаётган намоз Аллоҳнинг амри билан бўлиши тушунилади.
Худди шунингдек, ваъда қилинган иш «ваъда»га нисбат берилмоқда. Чунки, инсонга ваъда сабабли зиммасига бирор нарса вожиб бўлади. «Ваъда»нинг ўзи қилинадиган иш ёки амалга
ошириладиган нарса эмас.
[19] Албатта, бу эслатмадир. Бас, ким хоҳласа, (у сабабли) Парвардигори сари йўл тутар.
Аллоҳтаолонинг: «Албатта, бу эслатмадир» оятидаги «бу» сўзидан юқорида зикр қилинган даҳшатлар ирода қилиниши мумкин. Шундай дейилса, у эслатма юзасидан зикр қилинган бўлади. Шунингдек «бу» сўзи рисолатга ишора бўлиши ҳам мумкин. Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолати эслатмадир. Ёки «бу сура» ёки «бу оятларнинг барчаси» эслатмадир.
Аллоҳ таолонинг: «Бас, ким хоҳласа, (у сабабли) Парвардигори сари йўл тутар» ояти «Парвардигори уни чақирган ишни тутади» маъносини англатади. Бу Аллоҳнинг чақириғига «лаббай» деб ижобат қилиш билан бўлади.
У шундай маънони англатиши ҳам мумкин: «Ким хоҳласа, Раббисига итоат қилиб, ибодати билан машғул бўлиб, охиратда У ваъда қилган неъматлар томон йўл тутади.
[20] (Эй Муҳаммад,) албатта, Раббингиз Сиз ва Сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг учдан иккисига яқинроқ вақтда, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (микдори)ни Аллоҳ белгилар. У саноғига ета олмасларинғизни билиб, тавбаларингизни қабул этди. Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар. У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, Ер юзида сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билди. Бас, (қийналмай Қуръондан) осон бўлган миқдорда ўқийверинглар. Намозни тўкис адо этинглар, закотни (ўз жойига) беринглар ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар! Ўзларингиз учун тақдим қиладигаи яхшиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида топурсизлар. Аллоҳга истиғфор айтинг! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.
Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад,) албатта, Роббингиз Сиз кечанинг учдан иккисига яқинроқ вақтда, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришингизни билур» ояти борасида Абу Убайд бундай деган: «Оятни [адна] сўзига мослашмаган аниқловчи (изофа) шаклида боғлаб [ва нисфиҳи ва сулусиҳи] деб жар (қаратқич келишиги) билан ўқиш тўғри бўлади. Шунда оят «Албатта, Раббингиз Сиз кечанинг учдан иккисига яқинроқ вақтда, баъзида унинг ярмига яқинроқ вақтда ва (гоҳо) учдан бирига яқинроқ вақтда (бедор бўлиб, намозда) туришингизни билур» деган маънода бўлади.
[адна] сўзи зиёдалик ва камайиш маъноларининг иккисига ҳам ишлатилади. Чунки учдан бир (1/3) билан яримдан (1/2) ортгани олтидан бир (1/6) бўлади. Агар учдан бир (1/3) га ўн иккидан бир (1/12) дан озроқ зиёда бўлса, у учдан бирга яқин бўлади. Шунингдек, учдан бир (1/3) дан озгина камайса ҳам, учдан бирга яқинроқ бўлади. Худди шу каби, ярим (1/2) ва учдан икки (2/3) дан ортиб қолгани олтидан бир (1/6) бўлади. Агар ярим (1/2) га ўн иккидан бир (1/12 ) дан кўпроқ зиёда бўлса ҳам, у учдан икки (2/3) га яқинроқ бўлади. Агар шу ҳолатда ўн иккидан бир (1/12) дан камайса, яримга яқинроқ ҳисобланади.
Баъзи муфассирлар ушбу сўзларни насб(Араб тили грамматикасида исм туркумига мансуб сўзлар доимо уч ҳолат (рафъ, насб, жар)дан бирида бўлади. Бу ҳолатлар ҳосил қиладиган маънолар ўзбек тили грамматикасидаги келишикларга қисман ўхшайди.) (тушум келишиги) да [ва нисфаҳу ва сулусаҳу] деб ўқишни айтганлар.
Оятда икки кўринишнинг ҳам эҳтимоли мавжуд. Чунки «Албатта, Раббингиз Сиз кечанинг учдан иккисига яқинроқ вақтда, баъзида унинг ярмида ва учдан бирида туришингизни билур» оятида янги ҳукмни вожиб қилиш (юклаш) маъноси йўқ. Балки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунда ибодат учун туришлари ҳақида хабар берилмокда, холос. Оятда келтирилган вақтларнинг барчасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда турган бўлишлари мумкин.
Биринчи қараш эгалари айтганидек, ушбу вақт туннинг учдан икки қисмига, унинг ярмига ва учдан бир қисмига яқинроқ вақт бўлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечанинг учдан иккига яқинроқ қисми, унинг ярми ва учдан бирида, шунингдек, ярмига яқинроқ ва учдан бирига яқинроқ қисмида ибодат учун турган бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунда бедор бўлишлари кечанинг айнан учдан икки қисмига тўғри келмагани, балки ундан кўпроқ ёки озроқ қисмида турганлари учун ҳам оятда «учдан иккига яқинроқ қисм» зикр қилинди. Лекин бедор бўлиш туннинг ярми ва учдан биридаги вақтларга тўғри келгани учун унинг икки ҳолати айтилмокда. Яъни Расулуллоҳ алайҳиссалом туннинг ярмида, ярмига яқинроқ қисмида, туннинг учдан бири ва унга яқинроқ қисмида ибодат учун турганлар.
Ушбу ҳолатларнинг барчасида воқелик эҳтимоли бор. Юқоридаги икки фикрнинг бирини рад этиб, бошқасини ушлаш жоиз эмас.
Бу худди ушбу оятга ўхшайди:
«(Мусо) деди: «(Эй Фиръавн,) сен анави (мўъжиза)ларни фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигори ҳужжат қилиб нозил қилганини аниқ билурсан» (Исро сураси, 102-оят). Оятдаги сўзи биринчи шахсда, яъни [алимту](Шунда маъно қуйидагича бўлади: «(Мусо) деди: Мен анави (мўъжиза)ларни фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигори ҳужжат қилиб нозил қилганини аниқ билурман».) тарзида рафъ ҳолатда, иккинчи шахсда насбда, яъни [алимта] шаклида қироат қилинган. Чунки унда икки жиҳат ҳам тўғри бўлади. Зеро, Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн иккиси ҳам мўъжизаларнинг барчасини билганлар.
Шу боис Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида бундай деди:
«Раббимиз, сафарларимиз орасини йироқ қилгин» (Сабаъ сураси, 19-оят). Ушбу оят [Роббуна боъада байна асфарина], яъни «Раббимиз сафарларимиз орасини йироқ қилди» тарзида ҳам қироат қилинган. Чунки оят «дуо» ва «ижобат» каби икки маънони ифодалайди. Чунки мазкур оятдаги феълни буйруқ майлида ўқилса «дуо» маъносида, ўтган замонда ўқилса «ижобат» маъносида бўлади. У феълнинг ёзилиши бир хил бўлиб, бири иккинчисидан эъроб (ҳаракат)да фарқланади.
Мазкур оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки ҳолат содир бўлиши мумкинлиги учун сўзларини насбда, яъни [ва нисфаҳу ва сулусаҳу] тарзида ва жарда, яъни [ва нисфиҳи ва сулусиҳи] шаклида ўқиш мумкин. Бу сўзларнинг мазкур икки ҳолатдаги фарқи эъробда (ҳаракатда) бўлади, холос. Валлоҳу аълам!
Расулуллоҳга тунда ибодат учун туриш (таҳажжуд)нинг фарзи кечанинг учдан бири миқдорича бўлиб, ундан ортиғи нафл бўлиши мумкин. Ва яна тунда ибодат учун туриш (таҳажжуд) кечанинг барча қисмида фарз бўлиши ҳам мумкин, яъни ибодат учун туриш (таҳажжуд) кечанинг учдан бири, ярми ва учдан иккисидан зиёда бўлиши ҳам, кечанинг учдан бири билан адо бўлиши ҳам мумкин. Руку ва сажданинг фарзи ундан бир жузни топиш билан адо бўлгани каби ибодат учун туриш (таҳажжуд) нинг фарзи ҳам кечанинг бир қисми билан адо бўлади. Руку узоқ давом этса ҳам унинг бошидан то охиригача фарз ҳисобланади, яъни муқтадий рукунинг аввалида имомга қўшилиб, сўнг имом (рукудан) бошини кўтарса, яна бир киши келиб рукунинг ўртасида қўшилса ва (имом) бошини кўтарса, учинчи одам рукунинг охирида қўшилиб, имом билан бир пайтда бошини кўтарса, буларнинг барчаси рукунинг фарзини топган бўлади. Аслида имом рукуни қисқа қилганида ҳам унинг фарзига кифоя қилар эди. Тунда ибодат (таҳажжуд)га туриш фарз бўлса, кечаси қилинган барча ибодатлар (чўзилиб кетса ҳам) фарз ҳисобланади. Бунда туннинг бир қисми билан кифояланиш ҳам мумкин(Ушбу таъвилга кўра, таҳажжуд намози фарз деб берилмоқда. Аслида таҳажжуд намози нафл ибодати саналади. Шарҳнинг давомида таҳажжуд фарзлигининг насх қилингани баён қилинади.).
Аллоҳ таолонинг: «Эй (кийимларига) ўралиб олган киши!» деган хитоби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос бўлса-да, лекин Аллоҳ таолонинг: «Сиз билан бирга бир тоифа» ва «Сизларнинг тавбаларингизни қабул этди» оятлари ибодат учун тунда туриш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга эргашган мўминларга (бирдек) фарз эканига далил бўлади. Тунда ибодат (таҳажжуд)га туриш фарзлиги барча мусулмонларга тегишли бўлмаганида Аллоҳ таолонинг: «Сизларнинг тавбаларингизни қабул этди» сўзида ҳеч қандай маъно қолмас эди. Зеро, ўша вақтда тунги ибодат бизга фарз қилинмаганида, уни тарк қилишда Аллоҳ таолонинг мағфиратига ҳожатимиз қолмас эди.
Аллоҳ таоло (одатда) «тавба» ва «насх» (мавзуидаги) оятларда барчага хитоб қилади. Жумладан, Аллоҳ таолонинг: «Сизларнинг тавбангизни қабул этди» ва «Намозни адо қилинглар ва закотни беринглар» каби оятлари (бунга мисол бўлади). Муайян шахсларга қаратилган буйруқлар (бирлик шаклида) зикр қилинган. Бунга Аллоҳ таолонинг: «Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (дам олинг), ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бир оз камайтиринг» ояти (мисол бўлади).
Бунга кўра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, бошқаларни шу хитоб доирасига киритиш жоизлиги, лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқасига хитоб қилиниб, унинг доирасига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни киритиш мумкин эмаслиги келиб чиқади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эргаштирувчи (пайғамбар) бўлганлари учун у зотга алоқадор хитобга бошқаларни қўшиш мумкин. Лекин у зотдан бошқалар эргаштирувчи пайғамбар бўлмагани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни (уларга тегишли ҳукм доираси)га қўшиб бўлмайди.
Аллоҳ таолонинг: «Кеча ва кундуз (миқдори)ни Аллоҳ белгилар» оятида, «кеча ва кундуз шунчаки тахминий ҳаракат қилмайди, балки Аллоҳ таолонинг азалда битган такдири билан ҳаракатланади» деган маъно бор. Бунинг далили (барчага) маълум, чунки кеча ва кундуз яралганидан буён бир ўлчовда ҳаракат қилади, яъни у иккиси олдинга ўтиб ҳам кетмайди, ортда қолиб ҳам кетмайди ва кичрайиб ҳам, каттариб ҳам кетмайди. Бунда кеча ва кундузнинг Яратувчиси ягоналигига, у иккисини шу мезонга солган Зотнинг мулки битмас-туганмас ва салтанати боқий эканига далил бордир.
Аллоҳ таолонинг: «У саноғига ета олмасларингизни билди» оятини баъзилар: «Унга тоқат қила олмасларингизни билди» деб тафсир қилганлар. Абу Бакр Асом: «Аллоҳ таоло (бандаларнинг) тоқати етмайдиган нарсани уларга юклаши мумкин эмас», деб бу маънони ёқламаган. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди» (Баҳара сураси, 286-оят). Абу Бакр (Асом) айтган далил мазкур таъвилни инкор этмайди. Чунки инсон имконияти етадиган (айрим) қийин ва машаққатли ишлар ҳам (баъзан) «тоқат қилиб бўлмайдиган иш» дейилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай деган:
«Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклама!» (Бацара сураси, 286-оят). Оят «бизларга амал қилишимиз қийин бўлган ишни юклама», деган таъвилни англатади. Улар зиммаларига тоқатлари етмайдиган ишни Аллоҳ таоло юклаб қўйишидан қўрқмаганлар (балки амал қилиш қийин бўлган ишларга буюрилишдан қўрққанлар). Демак, Аллоҳ таолонинг: «У саноғига ета олмасларингизни билди» ояти «Унга тоқат қила олмасларингизни билди» деб таъвил қилинса, юқорида айтилган маънода таъвил қилинган бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «...тоқатимиз етмайдиган нарсани (бизга юклама)» ояти «тоқатлари етмайдиган ишга буюрилмайдилар» маъносида эмас, балки «тоқатимиз тугайдиган ишга бизларни ундамагин» маъносида бўлиши мумкин. Мисол учун, инсон қатлни кўтара олади, лекин қатл этилиши унинг тоқатини тугатади.
Аллоҳ таолонинг: «...тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклама!» ояти «Бизларни шаҳват ва лаззатлардан сақлагин, токи биз уларни устун қўймайлик! Бордию шаҳватларга берилсак, Сен бизга буюрган ибодат қилиш қувватини зое қиламиз, натижада ибодат қила олмаймиз» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Бу инсон феълидан ажралмайдиган қувватдир. Инсон тоқати ва қуввати етмайдиган ишларга таклиф қилинмайди.
Аллоҳ таолонинг: «У саноғига ета олмасларингизни билди» ояти бундай таъвил қилиниши мумкин: «Аллоҳ таоло сизларга буюрган нарсанинг саногига ета олмаслигингизни билди. Бордию сизларга кечасида ибодат қилиш буйруғи туннинг учдан бири ва ярмига (фарз қилиб) чегаралаб қўйилса, сизлар уни қийналиб адо қилган бўлардингиз. Шунинг учун сизларга унинг учдан бирида ибодат қилиш фарз қилинди ва ундан зиёда қилишингиз учун ҳам имкон яратди. Кечанинг учдан бирида туришларингиз кечанинг барчасини ўз ичига олади. Битта вақтга чегаралаб қўйилса, сизлар уни қийинчилик ва машаққат билан бажарар эдингиз ва бу иш қийин вазифа бўлар эди». «У саноғига ета олмасларингизни билди» оятини «У сизларнинг тоқат қила олмаслиқларингизни билди», деб тафсир қилганларнинг фикри ҳам ушбу маънони қувватлайди. Бунда «тоқат» сўзи «қийинчилик» ва «машаққат» маъносида бўлади.
Ушбу оятда ҳукмни истеҳсонга боғлаш мумкинлигига далил бор. Чунки Аллоҳ таоло уларга кечанинг учдан бирида ибодатга туришни фарз қилди. Аммо ушбу миқдорни қамров жиҳатидан аниқ белгилашнинг имкони йўқ, балки уни қалб билан белгилаш мумкин. Демак, гоҳида қалбга тушган ва ғолиб гумон билан ҳам ҳукм эътиборга олинади. Истеҳсон ҳукмни ғолиб гумонга боғлашдир.
Биз айтгандек, ғолиб гумон билан ҳукмнинг собит бўлишига куйидаги нарса ҳам далолат қилади: «Аллоҳ таоло қазф (зинокор деб туҳмат) қилувчи ва зинокорга ҳад (жазо) белгилаган. Лекин Аллоҳ дарра уришнинг микдорини ҳам ва нима билан уришни ҳам баён қилмаган. Улар қалбдаги ғолиб гумон билан белгиланади. Масалан, бу каби жиноятга мана шундай калтаклаш белгиланади, дейиш каби. Бунга нарсаларнинг қиймати, жароҳатларнинг товон пули, нафақалар, кайлий ва вазний(Кайлий ва вазний булар - ўлчов бирликлари бўлиб, тортиб ва ўлчаб беришга айтилади.) нарсаларни ўлчаш кабилар киради. Буларнинг барчаси ғолиб гумон билан эътиборга олинади. Чунки уларнинг бирортасида мусибатларни ўлчайдиган меъёр ва асос мавжуд эмас. Демак, бундай нарсаларда ғолиб гумон билан ҳукм қилиш мумкин бўлади. Мужтаҳид (ўз ижтиҳодида) икки нарсага таянади: у бир сафар бошқа нарсага қарайди ва ҳукм шу билан намоён бўлади. Бу қиёс деб аталади; у бир сафар ғолиб гумон билан ҳукм қилади ва бу иши истеҳсон дейилади.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга: «Витр намози фарзга ўхшаганида, ракатлар сонида ихтилоф қилинмас эди», деб савол берган кишининг саволи нотўғрилигига ушбу оят далилдир. Чунки Аллоҳ таоло кечанинг учдан бирида ибодатга туришни мусулмонларга фарз қилиб: «уларга буюрилган нарсанинг саноғига ета олмайдилар», деб хабар берди. Демак, улар (кечанинг учдан бири) ҳисобига ета олмасалар, бу ерда зиёдалик ёки нуқсон юзага чиқиши аниқ. Витр намози ҳам айни шу ҳукмдадир, яъни унинг адади маълум бўлмаса-да, бу уни фарзлар ҳукмидан чиқармайди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «У саноғига ета олмасларингизни билиб, тавбаларингизни қабул этди» оятига келсак, У Зот инсонларга (таҳажжудни) фарз қилганида, улар бу ибодатнинг саноғига ета олмасликлари (ёки тоқатлари етмаслиги)ни билган эди. Лекин шунга қарамай, Аллоҳ таоло бандаларининг жидду жаҳдсиз тўлиқ қамраб олишлари сира имконсиз бир вақтда уларга ибодатни юклашга ҳақи борлигини (мўминлар) билишлари учун, бордию мазкур таклиф улардан соқит бўлса, Аллоҳ таолонинг бандаларга инъомини билишлари учун буни баён қилди. Бунинг мисоли Аллоҳ таолонинг ушбу оятига ўхшайди:
«Энди, Аллоҳ сизлардан (юкингизни олиб) енгиллаштирди. Сизларда ожизлик бор эканини билди» (Анфол сураси, 66-оят). У (мусулмон)ларда заифлик бўлса-да, ўн нафар (мушрик)га қарши курашиш зиммаларига юклатилганини билишлари учун Аллоҳ таоло мазкур оятни зикр қилди. Лекин (Аллоҳ таоло мазкур ҳукмни) енгиллаштирганда, мўминлар Унинг улкан неъматини англайдилар.
Аллоҳ таолонинг: «Тавбаларингизни қабул этди» ояти тунги ибодатга тура олмаган бир гуруҳ саҳобийларга тегишли бўлиши мумкин. Бундай талқин қилинса, оятдаги тавба ҳам айнан ўшаларга тегишли бўлади. Буни қуйидаги оят ҳам исботлайди: «(Эй Муҳаммад,) албатта, Раббингиз Сиз ва Сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг учдан иккисига яқинроқ вақтда, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур». Бу оят саҳобаларнинг барчаси ҳам тунги ибодат (таҳажжуд)га турмаганларини, балки улардан бир тоифаси (ибодатга) турганини кўрсатади. Шунда оятда зикр этилган тавба (таҳажжудга) тура олмаганларга тегишли бўлади.
Ва яна, оят(даги «тавбаларингизни қабул этди» жумласи) тунги ибодатга турмаганларга ҳам, Расулуллоҳ билан турганларга ҳам тегишли бўлиши мумкин. У ҳолда Расулуллоҳ билан (тунги ибодатга) турганлар талаб этилган миқдорда ибодат қила олмай, (таҳажжудга) тура олмаган кишилар каби тавбага муҳтож бўлиб қолган бўладилар. Натижада, Аллоҳ таоло уларнинг барчасининг тавбасини қабул қилади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар» оятига келсак, баъзи муфассирлар тунги ибодат (таҳажжуд) ушбу оят билан насх (ҳукми бекор) қилинган, деганлар. Баъзилар (тунги ибодат) Аллоҳ таолонинг «Намозни адо этинглар!» ояти билан насх қилинган, деганлар. Ушбу оятдаги намоздан фарз намозлар назарда тутилган. Бизнинг наздимизда, мазкур икки қараш орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Зеро, у икки оят билан (таҳажжуд ибодати) насх қилинган.
Бунинг сабабига келсак, борди-ю тунги ибодатнинг фарзлиги амалда қолса, Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқиш мумкин бўлмай қоларди. Чунки улар кечанинг учдан бир қисмигача ибодатда бўлсалар, машаққатга ва қийинчиликка соладиган миқдорда қироатни маромига етказишлари лозим бўлади. Мабодо уларга муяссар бўлган микдорда қироат қилишга изн берилса, кечанинг учдан бирида (ибодатга) туришлари (ҳукми) улардан соқит қилингани билинади. Шунингдек, инсон шом ва хуфтон намозларини ўқишга туриб, Қуръондан муяссар миқдорда ўқиса, Аллоҳ таолонинг: «Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар» оятига амал қилган бўлади. Шу жиҳатдан, бу оятни тунги ибодат ҳукмининг насх этилганига далил қиладилар. Бу қироат намозда ўқилгани учун мазкур икки оят билан (таҳажжуднинг фарзлиги) ҳам насх қилинган.
Баъзи инсонлар тунги ибодатнинг фарзлиги Расулуллоҳдан ҳам, умматдан ҳам соқит бўлган, дейдилар ва бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ҳужжат қиладилар:
«Тунда (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл бўлган таҳажжуд намозини ўқинг!» (Исро сураси, 79-оят). Расулуллоҳга таҳажжуд ибодати фарзлигича қолганида, у зотга (оятдаги) тунги ибодат нафл бўлмас эди.
Баъзилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то вафот этгунларича таҳажжуднинг фарзлиги у зотдан соқит бўлмаган, дейдилар. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган: «Тунда ибодатучун туришменга фарз цилинди. Сизларга эса фарз қилинмади», ҳадисини ҳужжат қиладилар. Ҳадис «Таҳажжуд менга фарзлигича қолди, сизлардан эса ушбу ҳукм кўтарилди» маъносини англатади. Эсласангиз, юқорида дастлаб таҳажжуд намози Расулуллоҳга ҳам, умматга ҳам бирдек фарз қилинганини далил келтирган эдик.
Баъзилар ушбу ҳадисга ва уларга қарши юқорида биз келтирган сўзларга асосланиб, Расулуллоҳнинг умматига таҳажжуд намози фарз бўлмаган, дейдилар.
Унга шундай деб жавоб берилади: «...ўзингиз учун нафл бўлган таҳажжуд намозини ўқинг!» оятидаги «ўзингиз учун нафл бўлган» ибораси «сиз учун ўлжа» маъносида бўлиб, ундан таҳажжуд намозининг Расулуллоҳга нафл ибодат бўлгани тушунилмайди. Унинг «ўлжа» маъносида изоҳланиш сабаби қуйидагичадир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари гуноҳларга каффорат тарзида эмас, балки Аллоҳ таолога шукр маъносида бўлган. Расулуллоҳ бу билан фазилатга эга бўлганлар. Зеро, Аллоҳ таоло у зотнинг аввалги ва кейинги гуноҳларини мағфират қилгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасанотларни гуноҳларга каффорат сифатида бажаришга эҳтиёж сезмаганлар. Демак, Расулуллоҳнинг ишлари фазилат қозониш маъносида бўлиб, ушбу фазилат у зотга бардавом бўлиб турган. Расулуллоҳ шу орқали улкан савобларга эришганлар ва бу энг катта ўлжа ҳисобланади.
У зотнинг ибодати шукр маъносида эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган қуйидаги ривоят далил бўлади: «У зот икки оёқлари шишиб кетгунича (намозда) тик турар эдилар. Шунда у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизнинг аввалги ва кейинги гуноҳларингиз афв этилмаганмиди?» дейилди. У зот алайҳиссалом: «Шукр этувчи банда бўлмайинми!?» дедилар». У зотдан бошқаларнинг солиҳ амаллари гуноҳларига каффорат ва тойилишларини покловчи (ибодатлар) бўлган. Бу ҳакда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Албатта, ҳасанотлар гуноҳларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114-оят). Инсонлар яхши амалларни илк вақтларда қилиш билан фазилатга эга бўлмайдиларки, ғаниматга молик бўлсалар. Балки ўзларининг ҳасанотлари билан тойилишларини кетказиб, гуноҳлардан ўзларини халос қиладилар. Шунинг учун уларнинг Аллоҳ таолога яқинлашиш маъносида қилган ибодатлари нафл бўлмайди. Валлоҳу аълам! Шу боис Расулуллоҳнинг таҳажжуди ва тунги ибодати «нафл» деб эмас, «ғанимат» деб номланди.
Аллоҳ таолонинг: «У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, Ер юзида сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билди» оятига келсак, бу сурани баъзилар тўлалигича Маккада нозил бўлган дейдилар.
Яна баъзилар унинг аввалги қисми Маккада, охирги қисми Мадинада нозил бўлган дейишиб, бунга Аллоҳ таолонинг: «Бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, ер юзида сафар қиладилар ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетадилар» оятини ҳужжат қиладилар. (Уларнинг айтишича,) бунинг сабаби, жиҳод мусулмонларга Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг фарз бўлган. Қолаверса, мусулмонлар Маккада истиқомат қилаётган йиллари Ер юзида сафар қилмаганлар. Ушбу оятда бир тоифа мусулмонларнинг жанг қилгани ва бошқаларининг Ер юзида сафар қилгани ҳақида хабар берилмокда. Демак, бу оятлар Мадинада нозил бўлган. Шунингдек, улар (оят давомидаги) Аллоҳ таолонинг: «Намозни тўкис адо этинглар, закотни (ўз жойига) беринглар» буйруғини далил қилиб: «Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг уларга закот фарз қилинди», деганлар. Ушбу оятда закот чиқаришга буйруқ бор, демак, у оят Мадинада нозил бўлган. Суранинг аввалида мушриклар билан ҳужжатлашиш маъноси мавжуд. Мадинада мушрик(лар) бўлмаган, балки аҳли китоблар бўлган.
Ким сурани тўлалигича Маккада нозил бўлган деса, Аллоҳ таолонинг: «Бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, ер юзида сафар қиладилар ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетадилар» оятини «вожиб қилиш» ва «вожиб» маъноларига эмас, ваъда ва башорат маъноларига йўналтирганлар. Улар бунга Аллоҳ таолонинг: «У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини билди» сўзини далил қилиб келтирадилар. Аллоҳ таоло «Уша вақтда улар касал бўлганлар» деб эмас, «Келажакда сизларнинг орангизда беморлар бўлади» деб хабар бермоқда. Демак, қайд қилинган нарсада оятнинг маданийлигига далолат йўқ.
Ушбу оят «ваъда» маъносида талқин қилинса, оятда «мусулмонлар йўқчиликда кун кечиришган ва ўз қавмларидан доим қўрқиб яшаганлар» деган маъно бўлади. Оятда яна «Ер юзида сафар қилганлари сабабли (тез орада улардан) торлик кўтарилиб, рўзғорлари яхшиланиб, фатҳлар қилиниб, қўллаб-қувватлагувчилар кўпайиб, душман устидан ғолиб бўлишлари ҳамда улардан омонда бўлишлари» башорати ҳам мавжуд. Ҳақиқатда, воқеликда улар мамнун бўладиган ҳолатга келинди. Ва яна ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Расул эканларининг белгиси бордир. Чунки Расулуллоҳ мўминларни ғайбдан бохабар қилдилар ва иш у зот хабар берганларидек бўлди.
Аллоҳ таолонинг: «У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини билди» ояти иллат баёни ўрнида зикр қилинган. Яъни касаллик, Ер юзида сафар қилиш ва Аллоҳнинг йўлида жанг қилиш каби узрлар сабабли (тунда ибодат учун туриш борасидаги) буйруқ уларга енгиллаштирилди. Енгиллаштириш узр сабабли рўёбга чиқар экан, амалиётда узр топилмаса, ҳукм енгиллаштирилмайди. Шундай экан, узр топилишидан олдин қандай қилиб ҳукм енгиллаштирилиши мумкин?! Аслида, бу узрлар воқеликда юзага чиқса ҳам, лекин улар (тунги) ибодат билан тўқнаш келмайди, яъни узрлар (тунги ибодатдан) олдин юз беради. Чунки жанг кундузи бўлади, кечаси эмас. Шунингдек, кундузилари сафар қилинади, кечалари эмас. Таҳажжуд ибодатига эса, тунда турилади, кундузи эмас. Мазкур узрли ҳолатлар тунги ибодат билан бир вақтда тўқнаш келмаса-да, таҳажжудга туриш улардан соқит қилинди. Шунга кўра, уруш ва сафар вақти бўлмаса ҳам, тунги ибодатнинг мусулмонлардан мансух қилиниши мумкин бўлади. Чунки санаб ўтилган узрли ҳолатлар тунги ибодат билан бир вақтга тўғри келмайди.
Жанг ва (ризқ талабида) сафар кечаси эмас, кундузи содир бўлса-да, улар сабабли саҳобалардан тунги ибодатнинг фарзлиги бекор қилинишининг ҳикмати шуки, кундузлари жанг қилиш уларни ҳолдан толдиради, қувватларини камайтиради, шунинг учун тунги ибодатга туриш учун узрли бўлади. Ер юзида (ризқ талабида) сафарга чиқиш ҳам худди шу кабидир. Саҳобалар кечаси жанг билан машғул бўлмасалар-да, Аллоҳ таоло улардан тунги ибодатни соқит қилиш орқали уларга неъмат берди. Валлоҳу аълам!
Ер узра сафар қилиш - тижорат, талаби илм ва бошқа мақсадлар учун бўлиши мумкин. Бу ўринда сафар фақат тижоратга хос эмас.
Аллоҳ таолонинг: «Намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар» оятига келсак, Абу Бакр Асом Аллоҳ таолонинг «закотни беринглар» деган сўзида, бу оят Мадинада нозил қилинганига далолат бор. Чунки закот мусулмонларга Мадинада фарз қилинган, дейди. У айтганидек, закот Мадинада фарз қилинган бўлса, у бизнинг наздимизда, фақат чорва ҳайвонларига тегишли бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари душмандан қўрқиб, чорва боқишга имкон топмаганлари сабабли, Маккада уларга тегишли чорва ҳайвонлари бўлмаган. Лекин бошқа молиявий закотлар саҳобалар Маккадалик вақтларида ҳам, уни тарк этганларида ҳам фарз қилинган бўлиши мумкин. Закот бериш амрида оятнинг Мадинада нозил қилинганига далолат йўқ. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «Ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар!» оятидаги «қарз» сўзи араб тилида «кесмоқ» маъносини ифодалайди. Араб тилида [қаразал фаъру ал-жироба] - «сичқон мешни тешди» деган жумла бор. Шунинг учун ҳам у «қарз» сўзи билан ифодаланган. Чунки инсон ўз молидан сўралган қарзни «кесиб олиб» бошқа кишига беради. Шунингдек, инсон садақа қилиш орқали маълум миқдорни (гўё) «кесиб олади» ва холис Аллоҳ таоло учун сарф қилади. Шунинг учун ҳам у «қарз бериш» деб аталади.
Аллоҳ таоло («Ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар!» деган) оятда фақирга миннат қилмасликлари учун қарзнинг нисбатини Узига берди. Чунки қарз бериш (аслида) инсон билан Раббиси ўртасида ҳосил бўлади. Фақир эса ушбу ибодатни амалга оширишда саховатли инсонга ёрдамчи ҳисобланади. Чунки инсон воқеликда ҳожатидан ортиқча молни ўзи ишонган кишига (кейинчалик) муҳтож бўлганида қайтариб бериш шарти билан қарз беради. Шунингдек, садақа ҳам ҳожатдан ортиқча молдан вожиб бўлади. Инсон уни Аллоҳ таоло йўлида беради ва эҳтиёж сезганида, албатта, унинг самарасини топади.
Фақирга садақа сифатида берилган мол Аллоҳ таолонинг молидир. Аллоҳ таоло бу молни инсон томонидан Аллоҳга берилган қарз деб атади ва у (қарз)ни Узига нисбат берди. У (қарз бериш)ни Аллоҳ таолога нисбат берилишининг фойдаси банданинг феълини қадрлашдир. Аллоҳ таолонинг ушбу илтифоти орқали бундай ишларни қилишга (бандада) рағбат пайдо бўлади. Бу худди Аллоҳ таолонинг бандаларига инояти бўлган ишни «савоб» деб номлашга ўхшайди. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай деган:
«Кимки яхши амал қилса, ўзи учундир» (Фуссилат сураси, 46-оят, Жосия сураси, 15-оят). Ким амал қилса, ўзи учундир, ажри бошқага бўлмайди. Шунингдек, бандаларни тарғиб қилиш ва амалнинг фазилатини ошириш мақсадида шаҳид бўлиб ўлган инсонни «ўзини Аллоҳга сотувчи» деб номлаган. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«Аллоҳ мўминлардан жонлари ва молларини сотиб олди». (Тавба сураси, 111-оят).
Ва бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Ўзларингиз учун тақдим қиладиган яхшиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида топурсизлар» (Бацара сураси, 110-оят) ояти «сизларнинг фойдангиз учун ҳосил бўлган неъматни топасизлар» маъносида бўлади. Зеро, инсонлар яхшию ёмон барча такдим этган ишларини ушбу кунда топадилар. Лекин ёмон ишлар уларга қарши ҳужжат бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
«Ҳар бир жон ўзи қилган яхши ва ёмон амаллари (кўз ўнгида) ҳозир қилинган Кун (қиёмат)да улар (ёмон амаллари) билан унинг ўртаси узоқ масофа бўлишини орзу қилади» (Оли Имрон сураси, 30-оят). Шунингдек, Аллоҳ таоло (бошқа сурада) айтади:
«...на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб қўйибди» (Каҳф сураси, 49-оят)(Оятнинг тўлиқ шакли: «(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли (ўз қўлига) қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Ҳолимизга вой! Бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. (Улар) қилган (барча) амалларини накд ҳолда топурлар. Раббингиз ҳеч кимга зулм қилмас».).
Аллоҳ таолонинг: «янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида (топурсизлар)» ояти(га келсак), наҳв (араб тили грамматика) қоидасига кўра, [ҳува хойрун] тарзида бош келишикда бўлиши керак эди. Чунки [ҳува] сўзи ўзидан кейинги исмни бош келишик (рафъ)да туришини талаб қилади. Лекин [ҳува] сўзи бу ўринда фосила (ажратувчи сўз) бўлади. Аслида, бунинг жумладаги ҳукми уни тушириб қолдириш (ҳазф) эди. Агар уни ҳазф қилсак, жумла тўғри бўлади. Шунда унинг маъноси: «Аллоҳнинг ҳузурида топган яхши нарсаларингиз дунёда қолдирган ишларингиз сабабидандир» маъносида бўлади. Шунда (хойран) сўзи тўлдирувчи (мафъул) бўлади.
Аллоҳ таолонинг «янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида (топурсизлар)» ояти бир неча маъноларни англатиши мумкин.
Биринчиси, меросхўрларингизга қолдирган нарсаларингиз нисбатан ажри улуғ ва яхшидир. Лекин охиратга тақдим этган яхши амалларингиз меросхўрларга қолдирган нарсаларингиздан кўра сизлар учун яхшироқ ва ажри улуғроқдир. Меросхўрларга қолдирган меросида ўзи учун яхшилик борлигига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси далил бўлади: «Меросхўрларингни бой ҳолатда колдиришинг, уларни инсонлардан тиланчилик циладиган даражада фақир этиб цолдиришингдан яхшироцдир» (Имом Бухорий ривояти).
Иккинчиси, инсонлар қадри улуғ кишиларга молларини сарфласалар улардан тезда жавоб (такдирлов) оладилар. Шундай дейилса, Аллоҳ таолонинг: «янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида (топурсизлар)» ояти бандаларга Аллоҳ йўлида ўз молларини хайр-эҳсон қилишларига чорловчи бўлади. Чунки инсонлар манфаат умидида улуғ кишиларга молларини хайр-эҳсон қилишга қизиқишар экан, (буюк зот саналган) Аллоҳ йўлида мол сарфлашлари ўта ажрли амал бўлади ҳамда бу (Аллоҳ йўлида бойлик сарфлаш) рағбатга муносиб (иш)дир. Зеро, воқеликда инсон лаҳзалик манфаат умидида баъзан нафсига ёқимсиз бўл-ган ишни ҳам кўтаради. Бордию инсон Аллоҳ йўлида сарфлаган нарсасига мўл-кўл савоб ва улкан ажрни умид қилса, харжлаётган пайтдаги машаққатни кўтариши енгил кечади.
Аллоҳ таолонинг [ва аъзома] - «ўта улуғ» сўзи [азимун] - «улуғ» маъносида бўлиши мумкин (шунда «ажри ўта улуғ» эмас, балки «ажри улуғ» маъносида бўлади). Чунки гоҳида [афъалу] вазнидаги сўз [фаъийлун] вазнида ишлатилади. Мисол учун, [акбару] - «энг катта» сўзи [кабирун] - «катта» маъносида қўлланади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳга истиғфор айтинг!» сўзи(га келсак), «истиғфор» мағфиратни талаб қилишдир. У баъзан тил билан ва баъзан феъл билан бўлиши мумкин.
Феъл билан мағфират сўраш - азобга мустаҳиқ қиладиган феъллардан тийилиб, Аллоҳ таолонинг чақириғига «лаббай» деб ижобат қилишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Кофир бўлганларга айтинг, (куфрдан) тўхтасалар, ўтмиш (гуноҳ)лари кечирилур» (Анфол сураси, 38-оят). Уларнинг куфрдан тийилиб, Исломга киришлари мағфират этилишларига сабаб қилинди. Зеро, Аллоҳ таоло шундай деган:
«Раббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўрангизлар, албатта, У ўта кечиримли Зотдир» (Нух сураси, 10-оят).
У (мушрик)ларнинг истиғфорлари тил билан: «Аллоҳим, бизни мағфират эт!» деб қўйишгина бўлмаслиги лозим. Балки истиғфорнинг маъноси: «Сизлар айни амал қилиб турган куфрингиздан тийилинг ва Раббингиз чақирган ишга ижобат қилинг», бўлади. Бу феълий истиғфордир.
Тил билан истиғфор айтиш мағфират сўраш бўлиб, унинг икки хил таъвили бор:
Биринчиси, Раббингиздан гуноҳларингизни кечиришини сўрашингиз.
Иккинчиси, Аллоҳдан мағфиратга сабаб бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўрашингиздир. Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси ҳаққига мағфират сўрашлари мазкур таъвилга кўра бўлган. Яъни у зот алайҳиссалом Раббисидан отасининг нажот топишига сабаб бўладиган иш - Ислом динига муваффақ қилишини сўраганлар. У отасининг куфрда бардавом бўлган ҳолида кечирилишини сўрамаганлар. Иброҳим алайҳиссалом отасининг Аллоҳ таолога душман эканига амин бўлгач, ҳаққига мағфират сўрашдан тийилганлар ва отаси мағфиратни тақозо қиладиган ишга муваффақ этилмаганини билганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Аллоҳнинг душмани эканлиги билинганидан кейин ундан воз кечди» (Тавба сураси, 114-оят).
Демак, Иброҳим алайҳиссалом отаси куфрда бардавом бўлиши билан бирга мағфират этилишини сўрамаганлар. Балки биз қайд қилган таъвилга кўра мағфират(га тавфиқ) талаб қилганлар. Валлоҳу аълам!