close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

074. Муддассир сураси

(Сура эллик олти оятдан иборат, Маккада нозил бўлган.)
 Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1] Эй (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад!).

[2] Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг!
Тафсирларда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўраниб олишга ундаган ҳодиса шуки, у зот Макка кўчаларидан бирида кетаётганларида тўсатдан осмон ва ердан (келаётган) бир овозни эшитиб қоладилар. Шунда ўнгу сўлларига, орқа-олдиларига қараб, ҳеч нарсани кўрмайдилар. Сўнг бошларини (осмонга) кўтарганларида бир нарсани кўриб, ундан қаттиқ қўрқадилар. Уйларига келиб: «Мени ўраб қўйинглар, ўраб қўйинглар!» - дейдилар.
Агар бу гаплар тўғри бўлса (яхши), аммо аксинча бўлса. (улар ўзларидан келиб чиққан ҳолда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўраниб олишга ундаган нарса қаттиқ қўрқув бўлган, деб Расулуллоҳга қарши шоҳидлик беришлари мумкин эмас. Чунки ўраниб олиш қичқирикдан кейин кишида пайдо бўлган қўрқувни босадиган нарса эмас.
Баъзи муфассирлар айтишларича, дастлаб нозил бўлган ваҳий - бу «Эй (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад!)» ояти бўлган. Улар айтган бу гап тўғри бўлса, демак. Расулуллоҳга нозил бўлган илк ваҳий у зот эшитган ўша қичкириқ дейиш мумкин. Зеро, у «Эй (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад!)» оятидан олдин эшитилган.
Яна бир тафсирда айтилишича, Макка кофирлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳргар деб ҳақоратлашди ва шундай дейишга келишиб олишди. Бу гап маккаликлар орасида кенг тарқалди. Расулуллоҳни ушбу нарса маҳзун қилди ва У зот уйларига кириб, либосларига ўралиб олдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад!) Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг» деган сўзи билан у зотга ўринларидан туришни ва одамларни огоҳлантиришни амр этган. Бу таъвилга кўра, ваҳий ушбу сурадан олдин нозил бўлган. Шунинг учун мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломдан содир бўлаётган аломатларни кўриб, у зотни сеҳргар деб атаганлар. Валлоҳу аълам!
Зикр қилинишича, Мусо алайҳиссалом - Пайғамбаримизга ва у кишига Аллоҳнинг салавотлари бўлсин! - бундай деган: «Раббим менга Тури Сийно тоғи тарафдан келди. Тез орада Соъуро тоғи тарафидан ҳам келади ва тез орада Форон тоғи устидан чиқади». Агаг бу хабар тўғри бўлса, унинг маъноси шуки, «Раббим менга келди, яъни менга ваҳий қилди». «Тез орада Соъуро тоғи тарафдан келади». Бу - Ийсо алайҳиссаломга ваҳий (келишига ишора)дир. «Тез орада Форон тоғи устидан чиқади». Бу - Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръон(га ишора)дир.
Бу хабарда «Ҳар кеча дунё осмонига Аллоҳ таолонинг тушиши» тўғрисидаги ривоятлар Аллоҳнинг қуйидаги амри фариш-таларга нозил этилишига далолат бордир: «Дуо қилувчи борми, ижобат қилинади? Истиғфор айтувчи борми, кечирилади», денглар»(Абу Ҳурайра ва Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм Аллоҳни зикр қилиш учун тўпланадиган бўлсалар, уларни фаришталар ўраб, Аллоҳнинг раҳмати қамраб олади. Уларнинг устиларидан сакина (қалбий хотиржамлик) нозил бўлади ва Аллоҳ ҳам уларни Узининг ҳузуридаги зотлар (фаришталар) ичида тилга олади», дедилар. Яна: «Албатта, Аллоҳ кечанинг охирги учдан бири бўлгунча кутиб туради ва мана шу осмонга тушиб, тонг отгунга қадар: «Тавба қилувчи гуноҳкор борми? Мағфират сўровчи борми? Дуо қилувчи борми? Сўровчи борми?» деб нидо қилади», дедилар» (Имом Аҳмад, Имом Муслим ривояти).). Бинобарин, дастлабки ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Форон тоғида нозил қилинган бўлиши мумкин. Форон - Маккадаги тоғлардан бири ёки бу тоғ ўша маконга нисбати берилган бўлиши мумкин.
«Эй (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад!)» оятида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари тасдиғи ва расулликларининг аломати бордир. Негаки, инсоннинг устидаги либосига қараб таърифлаш уни улуғлаш ва ҳурматлаш маъносида тушунилмайди. Киши ўзининг исми ёки куняси билан чақирилган ҳолатдагина ҳурматланган бўлади. Агар иш кофирлар даъво қилганидек, бу Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан нозил қилинган бўлмаганида ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ичларидан тўқиб чиқарган бўлганларида, ўзларига либослари билан эмас, улуғлаш ва ҳурматлаш маъноси бўлган нарса (исм ёки куня) билан таъриф берган бўлардилар. Муҳаммад алайҳиссалом бундай қилмаган эканлар, у зотнинг ҳаққоний пайғамбар эканлари, ўзларига ваҳий қилинганига кўра, Аллоҳнинг амрларини (инсонларга) етказганлари ва уларни амр қилинганидек адо этганлари ўз тасдиғини топади.
«(Муҳаммад) юзини буриштирди ва юз ўгирди» (Абаса сураси, 1-оят) ва бошқа оятларда бўлгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоб қилиш маъносида келган оятлар(ни таъвил қилиш асноси)да уларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари тасдиғи бор, деб айтиб ўтган эдик.
Эҳтимол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй (либосларига) бурканиб олган киши!» деб либосларига нисбат берилиши кишининг ўз биродарига унинг либоси билан таъриф беришида ҳеч қандай зарар йўқлигини одамларга билдириб қўйиш учундир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўраниб олган либосга нисбат берилишлари ваҳий нозил бўлиб турган ҳолатга тўғри келгани учун ўша либосни улуғлаш маъноси ҳам тушунилади. Чунки биз жузъий нарсаларни Аллоҳ таолога нисбат бериш уларни улуғлаш маъносида тушунилади, деб айтиб ўтган эдик. Масалан, - «Аллоҳнинг туяси» (Аъроф сураси, 73-оят), - «Аллоҳнинг масжидлари» (Бақара сураси, 114-оят) ва - «Аршнинг Рабби» (Тавба сураси. 129-оят) каби (нисбат)лар Аршни улуғлаш, туяни қадрлаш ва масжидларни шарафлаш учун келган. Масалан, [Роббил ъааламийн] - «Оламлар Парвардигори» (Фотиҳа сураси, 2-оят), [Роббис-самааваати вал арди ва маа байнаҳумаа] - «(У) осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг Раббидир» (Марям сураси, 65-оят)ларида келгани каби (умумий ва) куллий нарсаларнинг Аллоҳ таолога нисбат берилиши У Зотни улуғлаш маъносида тушунилди. Чунки биз айтиб ўтган мисолларда иккала томондан бирдек нисбат берилган. Лекин ўша зикр қилиш Парвардигорни улуғлаш, Уни олийлик билан сифатлаш мавжуд бўлган ҳолатгз, яъни руку ва саждага мувофиқ келса, гарчи бу иш ўзни улуғлаш маъносида келган бўлса-да, шундай (яъни «Субҳаана Роббиял азим» ва «Субҳаана Роббиял аълаа» деб) зикр қилиш учун бандага изн берилган. Худди шунга ўхшаб, Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам ўраниб олган ўша либос ҳам ваҳий тушаётган ҳолатга тўғри келгани эътиборидан шаъни улуғ бўлди ва у зот ана ўша либосга нисбат берилдилар.
Одатда, инсон ухлашни ёки дам олишни хоҳлаган вақтдагина ўраниб олади. Уша ҳолатда киши фаришта билан бирга юриш у ёкда турсин, ҳатто улуғ ва кибор инсонлар билан бирга юришни ҳам хушламайди. Бу ҳолатда шунга далолат борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ваҳий келадиган вақтдан бехабар бўлганлар. Агар (вақтини) билмаган бўлсалар, у зотга баён қилиб берилган вақтдагидан кўра ваҳийнинг келиши оғирроқ ва қийинроқ кечган. Чунки у зотга ваҳийнинг нозил бўлиш вақти маълум қилинмаган экан, шунга ўхшаш суратда фаришта билан ёлғиз қолишдан ҳаё қилинадиган нарсалардан ҳамма вақт ўзларини эҳтиётлаб юришлари лозим бўлган. Шу боис ҳеч бир инсонга умрининг ниҳояси маълум қилинмаган, токи ўзига ўлим келиб қолишидан қўрқиб, ҳар доим унга тайёр туриши учун. Валлоҳу аълам!

[2] «Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг» оятида хушхабар эмас, балки огохдантириш алоҳида зикр этилган. Аслида ҳам у зот алайҳиссалом огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчи бўлганлар. Бинобарин, огоҳлантиришлари замирида, гарчи зикр қилинмаган бўлса-да, хушхабар бериш ҳам мавжуд бўлиб чиқади. Чунки огоҳлантириш халойиқларнинг ўзларига тегишли эмасдир. Огоҳлантириш - бу номаъқул ишни доим қилиб юрадиган кишиларнинг оқибатлари қандай бўлишини баён қилишдир, холос. Инсон ўша ишни қилиб юргани сабабли огоҳлантиришга ҳақли бўлган экан, уни тарк килгани сабабли хушхабарга ҳақли бўлади. Демак, огохдантириш замирида хушхабар бериш, хушхабар бериш замирида огоҳлантириш мавжуддир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло («Туринг-да, огоҳлантиринг», деб) у иккисидан бирини зикр қилиш билан кифояланган.
Оятдаги [қум] - «туринг» сўзида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимо тик туришлари лозимлиги назарда тутилмаган. Лекин унинг маъноси халойиқларни огоҳлантириш ва уларга хушхабар беришда бор имкониятингизни ишга солинг, деганидир.

[3] Раббингизни улуғланг,
Аллоҳни улуғлаш - Унинг чақириқларига ижобат қилиш. буйруқларига итоат этиш ва қилиш лозим бўлган ишларни зиммага олишдир. Мана шулар Уни улуғлаш ҳисобланади, фақатгина тил билан «Эй Азийм!» - дейиш эмас.
Эҳтимол, бу оятнинг таъвили «Аллоҳ таолони кофирлар У Зот тўғрисида «Унинг боласи бор, Унинг шериги бор», деб айтган сифатлардан улуғланг ва поклаб ёд этинг ёки Унинг ҳакқини улуғ деб билинг ва неъматларининг шукрини адо этинг». деган маънодадир. Бу ҳам бизнинг «Аллоҳ таолони севиш Унга итоат этиш ва Унинг амрларига бўйсунишдир. Унинг севгиси қалбда пайдо бўлса, киши ундан эси оғиб, ҳушидан кетадиган бир нарса эмас», деган сўзимиз кабидир. Худди шунга ўхшаб. Аллоҳ таолони улуғлаш ҳам биз тепада айтиб ўтган ишлар билан бўлади, биргина тилда айтиб қўйиш билан эмас.

[4] Либосларингизни покланг,
Оятдаги «либослар»дан Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсиятлари ирода қилинган бўлиб, либос шундан киноя қилинган бўлиши мумкин. Чунончи, айтишларича, араблар ваъдасини бузган ва унга вафо қилмаган кишин [иннаҳу ладани-сус-сияби] - «у кийими исқирт кишидир», агар ваъдасига ваф. қиладиган киши бўлса, [иннаҳу латоҳирус-сияби] - у кийими покиза кишидир», деганлар. Бинобарин, оятдаги хитоб Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсиятларига қаратилган бўлса, у ҳолда оятнинг таъвили - яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир - «хулкингиз, амалингиз ва сўзингизни Сизга таъна олиб келадиган ишлардан покланг» бўлади. Шунингдек, оятда айнан либоснинг ўзи ҳам назарда тутилган бўлиши, бинобарин, «Либосларингизни покланг» ояти уни нажосат ва нопокликлардан сақлашга қаратилган бўлиши мумкин. Либосларни нажосатлардан пок тутиш ҳақида тўхталадиган бўлсак, барчамиз - биз ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шунга буюрилганмиз. Аммо нопокликлардан поклашга келсак, айнан у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ишга буюрилган бўлишлари мумкин. Чунки у зот алайҳиссалом динни халойиқларга етказишга буюрил-ганлари учун либосларини нопокликдан пок тутишга тарғиб қилинганлар. Бундан мақсад шуки, ўша нопоклик сабабли у зотга нафрат билан қарамасинлар. Балки доим ҳурматлаш ва улуғлаш назари билан қарасинлар. Бу фақат либоснинг ўзига хос эмас, балки ейиш, ичиш, кийиниш кабиларда фойдаланиладиган барча нарсаларни поклашга қаратилган буйруқдир. Валлоҳу аълам!
Ривоят қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу (бу оятни) «Либосни мақтаниш ва (ваъдага) вафосизлик қилиш учун кийманг!» - деб тафсир қилган.
Айтишларича, жоҳилият даврида ваъдасига вафо қилмайдиган кишини ўлФ [иннаҳу ладанисус-сияби] - «у кийими исқирт кишидир», деб сифатлаганлар.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бу оятга «Хулқингни чиройли кил!»(Буни Қуртубий ва Олусийлар нақл қилиб келтирганлар) - деб маъно берган.
Баъзилар «Кийимингизни калта қилинг, узун қилманг! Чунки этаклари ерга тушиб, унга нажосат тегиши бордир», деб тафсир қилган. Валлоҳу аълам!

[5] Бутлардан йироқ бўлинг,
(Мазкур оятда келган) [ар-ружз] сўзи гуноҳнинг ва азоб-ланишга сабаб бўладиган нарсанинг исмидир. Бинобарин, уни қалбнинг озорланиши ва дард чекишига сабаб бўладиган нарса деб тушуниш мумкин. У ҳам озорланишга ва қалбнинг дард чекишига сабаб бўладиган нарсанинг исми бўлмиш [ас-сай-йиату] сўзи кабидир. Аллоҳ таоло:
«...ана ўшаларга, аламли жазодан иборат азоб бордир»,(«Бизнинг оятларимизни ожиз қолдиргувчи бўлиш учун ҳаракат қилганларга эса, ана ўшаларга, аламли жазодан иборат азоб бордир» (Сабаъ сураси, 5-оят).) деган. Демак, [ал-маъсам] азобга сабаб бўладиган нарсанинг исмидир. Қалбга оғриқ берадиган нарсалар жумласидан бўлмиш азоб эса ҳар иккала ишнинг исмидир. Муфассирлар ўАў [ар-ружз] сўзини бу ўринда [ал-маъсам] - «гуноҳ»га буриб таъвил қилганлар.
Қатода розияллоҳу анҳу зикр қилишича, Маккада Исоф ва Ноила исмли иккита бут бўлган. Улар олдига келган мушриклар уларнинг юзларини силаганлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Узининг Пайғамбарига «Бутлардан йироқ бўлинг» деб, ўша иккаласидан узоқ бўлишга буюрган(Табарий ривояти.).
Яна бир тафсирда айтилишича, мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Агар у икковларининг юзларини силасанг. сенга эргашиб, имон келтиришимиз тўғрироқ бўлар эди», дейишганида, Аллоҳ таоло бутларга ибодат қилишдан йироқ бўлинг, деган маънода: «Бутлардан йироқ бўлинг» оятини нозил қилган.
Тафсирлардан бирида [ар-ружз] сўзи азоб деган маънода экани айтилган. Хуллас, юқорида зикр қилинганларнинг барчаси биз бу сўз азобнинг ва унга сабаб бўладиган нарсанинг исмидир. деб айтганимиз бир маънога бориб тақалади. Валлоҳу аълам!

[6] (Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда миннат қилманг,
Мужоҳид ва Ҳасан (Басрий): «Бу оят такдим ва таъхир услубида келган бўлиб, «Қилаётган ишингизни кўп санамангки, Раббингизга уни миннат қилган бўлурсиз», деган маънодадир»(Тил қоидасига кўра, жумладаги сўзларни мазмунига қараб олдин ёки кейин келтириш. Ушбу оятда бу қуйидаги кўринишга эга: «кўп санаган ҳолингизда миннат қилманг»даги «миннат қилманг, (ишни) кўп санаманг» тарзида ҳам қўлланилиши мумкин.), деганлар. Агар оят шундай таъвил қилинса, гарчи айнан Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилга олинган бўлсалар-да, ундаги хитоб у зотдан бошқаларга қаратилган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз Раббиларига миннат қилишлари ҳам, Аллоҳ таоло учун қилган амалларини кўп санашлари ҳам тасаввурга сиғмайди. Зеро, бундай турдаги қилмишни авом халқ орасидан озгина яхшилиги бор ҳеч бир инсон қилмайди. Шундай экан, қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу иш содир бўлиши мумкин?! Чунки Аллоҳ таолога миннат қилиш мунофиқларнинг амалидир. Аллоҳ таоло:
«Улар сизга Исломга кирганларини миннат қилмоқдалар. Айтинг: «Сизлар менга Исломингизни миннат қилмангиз» (Ҳужурот сураси, 17-оят), деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гунохдан маъсум бўлсалар-да, ушбу оятдаги хитоб у зотга қаратилган бўлиши ҳам мумкин. Бунинг далили
«Аллоҳга қўшиб бошқа «илоҳ»га илтижо қилманг!» (Қасас сураси, 88-оят) каби оятлардир.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, (гуноҳ қилишдан) маъсумлик Аллоҳ томонидан тақиқ (қайтариқ) келишига монелик қилмайди. Чунки тақиқ мавжуд бўлишига қарамай, маъсумликдан фойдаланса бўлади. Агар шундай бўлмаса, маъсумликда ҳеч қандай фойда йўқдир.
Баъзи муфассирлар бундай деган:
«Ва ла тамнун тастаксир».
Яъни дунёда ўзингиз берадиган ҳадядан кўра афзалроқ мукофотни талаб қилган ҳолда эҳсон қилманг. Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тижорат сингари дунёда ўзлари учун лозим бўлган ва унга эҳтиёжлари тушадиган микдордан ортиқча молу дунёни кўпайтиришга восита бўладиган ишларни қилишдан қайтарилганлар. Ахир сиз Аллоҳ таолонинг:
«Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган нарсаларга кўзларингизни термултирманг!» (Тоҳо сураси, 131-оят) - деганини кўрмайсизми? У зот кофирлар баҳраманд бўлишлари учун бериб қўйилган нарсаларга кўзларини термултиришдан қайтарилган эканлар, молу дунё воситаларини топиш учун ҳаракат қилишдан қайтарилишлар? бундан кўра тўғрироқдир. Демак, Аллоҳ таоло Пайғамбар алай-ҳиссаломни молу дунё топиш ва уни жамлашдан қайтаргани. У зотнинг ризқларини инсоннинг қудрати етмайдиган ўлжа ва ғанимат моллари ҳисобидан қилиб қўйгани ўз тасдиғини топди Мол-дунёни ушлаб, ўзлари учун жамғариб қўйиш ҳам у зотга тақиқланган. Аксинча, у зотга ўша мол-дунёни ўз умматларига сарфлаш амр этилган. Бунинг далили Пайғамбар алайҳис-саломнинг: «Ушбу (ганимат) мол(и)дан менинг ҳақим бешдан бирдир. (Ушбу) бешдан бир ҳам сизларга қайтарилади»(Имом Аҳмад ривояти.), деган сўзларидир. Аллоҳ таоло ҳам:
«Аллоҳ шаҳарларнинг (кофир) аҳолисидан Ўз Пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар Аллоҳга, Пайғамбарга ва (у зотнинг) қариндошлари, етимлар ...га тегишлидир» (Ҳашр сураси, 7-оят), деган.
Айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эртанги кун учун бирор нарсани захира қилиб қўймаганлар. Аллоҳ таоло:
«Кофир бўлганларнинг шаҳарма-шаҳар сайр этиб (яйраб) юришлари сизни зинҳор алдаб қўймасин! Арзимас роҳат...»(«Кофир бўлганларнинг шаҳарма-шаҳар сайр этиб (яйраб) юришлари Сизни зинҳор алдаб қўймасин! Арзимас роҳат. Кейин эса борадиган жойлари - жаҳаннам. Нақадар мудҳиш жой у!» (Оли Имрон сураси, 196-197-оятлар).) - деган.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам молу дунё эгаллаш ва уни жамлашга восита бўладиган сабабларни бажаришдан, бинобарин, дунёда ундан кўра афзалроғини излашга восита бўладиган атолардан қайтарилган зот эдилар. Валлоҳу аълам!

[7] Раббингиз учунгина сабр қилинг!
Демак, ушбу оятда холис Аллоҳ таоло учун сабр қилишга ва унда сидқидил бўлишга чақириқ бор.
«Бас, сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг» (Инсон сураси, 24-)ояттцуа. эса сабр қилишнинг ўзига чақирилган. (Муддассир сурасидаги) бу оят ҳам сабрга буюриш маъносида ҳамда тақдим ва таъхир услубига кўра келган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло гўё: «Бас, Раббингиз учун сабр қилинг, яъни Сизга берилаётган озорларга сабр қилинг, уларнинг қилмишларига яраша жавоб қайтарманг. Чунки Аллох таоло уларга кифоядир», деб амр этган бўлади.
Бу оят мазмунидан маълум бўлмоқдаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафслари хуш кўрмайдиган ва унга оғирлик қиладиган ишлар билан имтиҳон қилинганлар. Шу боис Аллоҳ таоло у зотни қийинчиликларга бардошли бўлиш учун сабр қилишга чақирган. Валлоҳу аълам!

[8] Қачонки, (қиёмат эълони учун) сур чалинганида,
(Мазкур оятдаги) [нуқиро] сўзи «пуфланди, чалинди-маъносини, [ан-нақур] эса «сур» маъносини билдиради. Бу аввалги пайғамбарларнинг китобларида келган сўздир.
Аллоҳ таоло бу ўринда:
«Қачонки (қиёмат эълони учун) сур чалинганида», бошка ўринда:
«Бас, қачонки сур бир бор чалинганида» (Ҳаҳқо сураси 13-оят), яна бир оятда:
«Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлди» (Ёсин сураси, 29-оят), деган. Шундай экан, буларнинг барчасини асл маъносига буриб (яъни чиндан ҳам сурга пуфланади, деб) тушуниш мумкин. Бинобарин, аввал қичқириқ, сўнг даҳшатли овоз ва сур чалиниши амалга оширилади. Сўнг уларнинг ортидан қиёмат бўлади. Ушбу оятларда сурга пуфланиши (рамз) ўхшатиш йўлига кўра зикр қилинган бўлиши ҳам мумкин. Агар шундай бўлса, бу билан ўша иш (қайта тирилтириш) Аллоҳ таолога осон ва енгил иш эканлиги хабар қилинаётган бўлади. Чунки кўзни очиб юмиш, даҳшатли овоз (чиқариш), пуфлаш ва чалиш каби ишлар осон бўлиб, бирор кишига қийинчилик туғдирмайди.
Еки (мазкур оят) инсонларнинг жасадларига руҳ пуфланадиган вақтнинг қисқалигини баён қилиб келган бўлиши ҳам мумкин. Яъни руҳлар пуфлаш, қичқириқ ва бақириш миқдорича вақт ичида (ўз жасадларига) қайтарилади. Бу ҳолат дастлабки яратишдан фарқ қилади. Чунки дастлабки яратилишда инсонга онасининг қорнида қирқ кун нутфа, сўнг лахта қон, сўнг ўшанча вақт бир парча гўшт ҳолатида бўлганидан сўнггина руҳ пуфланади. Яъни руҳ инсонга бир қанча муддат ва вақтлар ўтганидан сўнггина пуфланади. Иккинчи бор яратилишда эса, руҳ қисқа муддат ичида (ўз жасадига) қайтарилади. Ана ўша муддат сурга пуфлаш, қаттиқ қичқириқ, бақириш ва кўз очиб юмгунчалик миқдорда (қисқа) бўлади. Валлоҳу аълам!
Гарчи айрим ҳадисларда сур мавжудлиги аниқ зикр қилинган бўлса-да, биз оятнинг таъвили ҳақиқий маънода эмас, балки ўхшатиш маъносида бўлиши ҳам мумкин, дедик. Чунки у ҳадислар оҳод хабарлардир. Хабарул воҳид (бир кишининг ривояти) амал қилиш ҳақидаги илмни вожиб қилади, шоҳидлик ҳақидаги илмни эмас. Сурнинг ҳақиқати фақатгина эътиқодий ишдир. Эътиқодий масалаларда қатъий ҳукм қилинмаслиги учун бу масала устидан аниқ ва қатъий ҳукм чиқарилмаган.
Биз яна [изаа] - «қачонки, ...ган вақтда» ҳарфи (олд кўмакчиси) вақтни баён қилиш ҳақида келган саволнинг жавобидир, деб айтиб ўтган эдик. Шу жиҳатдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўё: «Сур чалингунига қадар сабр қилинг!» - дейилгандек бўлади.
Ёки у «Туринг-да, огоҳлантиринг» оятига жавоб бўлади. Яъни «Сур чалиниши билан ёмон инсонларга тушадиган азоб ҳақида уларни огохдантиринг!» деган маънода бўлади. Ёки:
(Шу суранинг) «Яқинда Мен уни (дўзахдаги) баланд довонга дучор қилажакман» оятига жавоб бўлади. Яъни «Сур чалинганида Мен уни баланд довонга дучор қилажакман».
Ёки ўша савол шундай иш ҳақида воқе бўлганки, (оятда) унинг нима эканига ишора қилинмаган. Валлоҳу аълам!

[9] Ана ўша кун қийин кундир.

[10] Кофирларга осон бўлмаган (кундир).
Ана ўша кун мўминлар учун раҳмат бўладиган кундир. Чунки ўша кунда улар Раббилари томонидан икром қилинади ва уларга буюк даражалар берилади. Лекин Аллоҳ таоло ўша кун ва унда бўладиган ҳолатларни гарчи улар мўмин бўлмаганлар бошига тушса-да, Қуръоннинг бир неча оятларида зикр қилиб ўтган. Бир гал уни [воқеа] - «воқе бўлувчи» деб, бирида [қориъа] - «зарба берувчи» деб, яна бирида [ҳааққоҳ] - «хақиқатан рўй берувчи» воқеа деб атаган(Имом Мотуридий бу гапи билан Воқиъа сурасининг 1-2-оятлари, Қориа сурасининг 1-3-оятлари ҳамда Ҳаққо сурасининг 1-3-оятларига ишора қилаётган бўлса, ажаб эмас.).
Азоб фақат кофирлар бошига тушади ва уларга ўз ҳақини қарор топтиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ўша кун бир тоифага оғир ва бошқасига енгил бўлишига қарамай, уни «қийин кун» деб атаган.
Эҳтимол, ўша кун халойиқларнинг барчасига қийин бўлар, чунки унинг даҳшатларидан айримлари барча тоифани қамраб олади. Чунончи, Аллоҳ таоло:
«Одамларни «маст» ҳолда кўрасиз»(«Уни кўрадиган кунингизда ҳар бир эмизувчи (она) эмизиб турган (боласи)ни унутар ва ҳар бир ҳомиладор ўз ҳомиласини ташлар ҳамда одамларни «маст» ҳолда кўрасиз. Ҳолбуки, улар маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Ҳаж сураси, 2-оят).), деган. Сўнгра мўминларга Аллоҳ таоло томонидан хурсанд қилувчи нарсалар ва сийловлар ато қилингани сабабли улардан ушбу қўрқинчлар кетказилади. Дўзах аҳлига эса у кун қийинлигича қолади.

[11] (Эй Муҳаммад!) Мени Ўзим якка яратган кимса (Валид) билан қўйиб қўйинг.
Зикр қилинишича, ушбу оят Валид ибн Муғийра ҳақида нозил бўлган. Аслида, аввалги пайғамбарлар ва фиръавнлар ўртасида бўлиб ўтган суҳбатлар ҳақидаги хабарларда бундай тортишувлар набийлар билан якка шахслар ўртасида бўлгани баён қилинган. Негаки, ҳар бир пайғамбарнинг фиръавни битта бўлган. Ундан бошқалар эса шу фиръавннинг фикри ва унинг тасарруфи асосида иш кўрган. Шунинг учун пайғамбарнинг ўша фиръавндан бошқасига хитоб қилишига эҳтиёжи бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фиръавнлари кўп бўлган. Уларнинг ҳар бири ўзини раҳбар деб даъво қилган ва ўзидан бошқасига эргашишдан, унинг фикрига қараб иш қилиш ва унга бўйсунишдан бош тортган. Абу Жаҳл, Валид ибн Муғийра, Абу Лаҳаб ва бошқалар шулар жумласидандир.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирига алоҳида хитоб қилишлари керак бўлган. Бир жамоа билан музокара ўтказиб, улардан ҳар бирига алоҳида жавоб бериш бир киши билан гаплашиб, унга жавоб беришдан оғиррокдир. Бундан келиб чиқадики, Пайғамбаримиз алайҳис-саломнинг синовлари ўзларидан олдин ўтган пайғамбарларга бўлган синовлардан кўра кўпроқ бўлган.
«(Эй Муҳаммад!) Мен бир ўзим яратган кимсани Ўзимга қўйиб беринг!» оятида Набий алайҳиссаломга: «Ўзимга қўйиб беринг!» - деб айтилаётган бўлса ҳам, у зотнинг Аллоҳ таолони бирор нарсадан тўсиб турганликлари тушунилмайди. Лекин бу гап куч-қудратни кўрсатиб қўйиш маъносида олдиндан айтиладиган жумлалар сирасидандир. Мисол учун, ундан ҳеч қандай монелик ўтмаган бўлса-да, инсон ўз шеригига: «Мен ва фалончини холи қўй!» ёки «Уни ўзимга қўйиб бер!» - деб айтади. Бу билан у ўзидаги қувватни намойиш қилиб, унга ўзи бас келишини ва ўзини унинг ёмонлигидан ҳимоя қилишини кўрсатиб қўйишини назарда тутади. Бинобарин, «(Эй Муҳаммад!) Мен бир ўзим яратган кимсани Ўзимга қўйиб беринг!» оятида: «Сизни ундан ҳимоя этишга ва унинг ёмонлигидан сизни ҳимоя қилишга Аллоҳ таолонинг ўзи кифоя қилади», деган маънода Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни унга қарши чиқмаслик ва қилмишига яраша жавоб қайтармасликка чақирган.
Ёки бу оятда у (Валид)нинг ҳақига ўлим ва ҳалокат сўраб. дуо қилишдан қайтарилган, Аллоҳ таолонинг амри келгунигача сабрли бўлишга ундалган. Демак, оятда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга тасалли бериш бордир. Негаки, икки киши бир нарса устида тортишиб қолиб, улар орасида бирор ёмон иш содир бўлганида, учинчи шахс келиб, улардан бирига ёрдам берса, иш ўша ёрдам берилган кишига осон кечади, бундан хурсанд бўлади ва тасалли топади.
Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берувчи ва у зотни душманларидан ҳимоя қилишга кифоя қиладиган зот Аллоҳ таоло бўлар экан, у янада кўпроқ тасалли беради ва хурсанд қилади. Бу тасалли Пайғамбар алайҳиссаломни қуйидаги оятларда зикр этилган сабрга муваффақ қилади:
«Бас, (эй Муҳаммад!) сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг» (Аҳкрф сураси, 35-оят).
«Бас, сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг» (Инсон сураси, 24-оят).
Ушбу «Мен бир ўзим яратган...» оятини икки хил талқин килиш мумкин. Биринчиси, «Уни ёлғиз Ўзим яратдим, яратишда ҳеч ким менга ёрдамчи ва кўмакчи ҳамда маслаҳатчи бўлган эмас», деган маънода. (Иккинчиси), «Мен уни молсиз ва фарзандсиз қилиб, ёлғиз яратдим...», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, бу оят билан ўша лаънати кимсага тахдид килинмоқда ва қўрқитиб қўйилмоқда. Яъни у қандай қилиб мол-давлатсиз ва ёрдамчисиз яратилган дастлабки ҳолатига қайтарилишдан қўрқмас экан?! Бунга қуйидаги оят мисол бўлади:
«Ҳузуримизга сизларни биринчи марта қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз-ёлғиз келдингиз» (Анъом сураси, 94-оят).

[12] Мен унга кенг-мўл бойлик бердим.
Манбаларда айтилишича, [малан мамдудан] сўзи «тугаб қолмайдиган, балки тўлдириб турувчиси бўлган мол», маъносидадир. Мужоҳид раҳимаҳуллохдан зикр қилишларича: «У (яъни [малан мамдудан]) минг динор бўлган»(Табарий, Абдураззоқ ривояти.), деб айтади. Суддий эса: [малан мамдудан] ўн уч минг динордир», деб изоҳлаган.
Тафсирларда айтилишича, Аллоҳ таоло бу сўзи орқали унга (Валид ибн Муғийрага) йилда икки марта мева берадиган Тоифдаги боғни назарда тутган. Лекин бизнинг фикримизча, [малан мамдудан] тугаб қолмайдиган, узлуксиз келиб турадиган бойликдир. Бундай бойликни санаб, саноғига етиб бўлмайди.

[13] (Хизматига) ҳозиру нозир ўғилларни ҳам.
Яъни мудом (унинг хизматида) ҳозиру нозир бўлиб турадиган, (унинг олдидан) нари кетмайдиган ўғилларни ҳам. Бу оятда икки ҳикмат бор. Биринчиси, унинг моли шу даражада кўп бўлганки, уни тўплаш ва излаб топиш учун фарзандларини (турли томонларга) тарқатиб юборишга эҳтиёж сезмаган. Аксинча, мол унга ўз ихтиёри билан келган, уни жамлаш учун сабабларни ишга солишнинг кераги бўлмаган.
Иккинчиси, ўғил фарзандлар бўлишини хоҳлаш, орзу ва талаб қилишдан мақсад - бу уларга назар солиш билан овуниб. хурсанд бўлиш, керак бўлиб қолган вақтда улардан ёрдам ва кўмак сўрашдир. Демак, мазкур оятда у (Валид ибн Муғийра)нинг ўз орзусига етишгани, мол-давлати ва фарзандлари кўплигидан одамлар унга ҳавас қиладиган ҳолда экани баён қилинмоқда.

[14] Яна унга (ҳаёт неъматларини) муҳайё қилиб қўйдим.
Яъни дунёда унинг ризқини кенг-мўл қилиб қўйдим. (Мазкур оятда келган) [ат-тамҳид] сўзи «имконият бериш» маъносидадир, деган қавл ҳам бор.

[15] Сўнгра у (борига қаноат қилмай) яна зиёда қилишимни тама қилур.

[16] Йўқ! Чунки у оятларимизга (имон келтириш ўрнига) қаршилик қилувчи эди.
«Сўнгра у (борига қаноат қилмай) яна зиёда қилишимни тама қилур. Йўқ!» ояти (хусусида). Унинг бу тамасини охиратда зиёда қилиб беришга буриб тушуниш мумкин. Чунончи, Аллоҳ таоло:
«Балки (куфр ва бошқа) гуноҳларни касб этганлар ўзларини имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотлар билан тенг қилишимизни ўйлагандирлар?!»(«Балки ёмонлик (куфр ва бошқа) гуноҳларни касб этганлар ўзларини имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотлар билан тенг қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар деб ўйлагандирлар?! Қандай ҳам ёмон (ноҳақ) ҳукм қилурлар?!» (Жосия сураси, 21-оят).) деган.
Улар, агар охират ҳақ бўлса, дунёда мўминлар билан баробар бўлганларидек, охиратда ҳам баробар бўлишларини тама қилишган. Худди шу сингари бу лаънати (Валид ибн Муғийра) ўзига дунё неъматлари мўл-кўл қилиб қўйилгани каби охират неъматлари ҳам уларга (куфр ва бошқа гуноҳларни касб этганларга) мўл-кўл қилиб қўйилади, деб ўйлаган. Аллоҳ таолонинг:
[калла] - «Йўқ!» деган сўзи уларга раддиядир.
Агар оятнинг маъноси шундай бўлса, унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлиги ҳақлигига энг катта далил бордир. Чунки Аллоҳ таоло унга (Валид ибн Муғийрага) охиратда ҳеч қандай насиба йўкдигини хабар берган. Охиратдаги насибадан маҳрум бўлиш учун эса фақатгина куфрда вафот этиш лозим. Аллоҳ таоло айтганидек, у (Валид ибн Муғийра)нинг ҳаёти куфр билан якун топди. Демак, бу оятда Пайғамбар алайҳис-салом ғайбга тегишли иш ҳақида хабар берганлар. У зотнинг хабарлари тўғри чиққан ва иш у зот айтганларидек амалга ошган. Демак, у зот буни Аллоҳ таоло билдиргани учун билганлар.
Валид ибн Муғийра шу дунёда мол-давлати зиёда қилинишини тама қилган бўлиши, Аллоҳ таоло «Иўқ!» - деган сўзи билан унинг тамасини пучга чиқарган бўлиши ҳам мумкин. Айтишларича, шу оят нозил бўлганидан сўнг унинг мол-мулки аста-секин камайишни бошлаган, ҳатто Аллоҳ таоло унга бирор нарсани зиёда қилмаган ҳолда, уни ҳалок эттирган. Демак, бу таъвилда ҳам олдинги таъвилдаги каби у зот алайҳиссалом пайғамбарликларининг тасдиғи бордир.
«Чунки у оятларимизга (имон келтириш ўрнига) қаршилик қилувчи эди» оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сабрли бўлишга ундаш бор. Чунки Аллоҳ таоло унга (Валидга) кўп неъматларни ато этган. Лекин ушбу малъун шахс Аллоҳ унга кўплаб неъматлар бергани ва яхшиликлар қилганига қарамай, Унинг амрларига итоат этмаган ҳолда билатуриб, унинг оятларига қаршилик қилди. Шундай экан, (эй Муҳаммад,) қандай қилиб Сиз ундан Раббига қилаётган муомаласидан бошқача муомала қилишини кутасиз?! Бинобарин, бу оятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сабрга чақирадиган маъно бордир.
[ал-инод] - бу ҳақиқат ғолиб бўлишини билатуриб, унга қарши чиқишдир. Демак, «Чунки у оятларимизга (имон келтириш ўрнига) қаршилик қилувчи эди» ояти шуни хабар бермокдаки, у (Валид) илм, ҳар томонлама билиш ва аниқ ишончдан кейин Аллоҳнинг оятларига қарши чиқди. Аллоҳ Пайғамбарининг амрига осий бўлиб, такаббурлик қилди. Кибрли шахс ўз ақлига қарши чиқади, сўзлар ёки амаллар билан акли тасдиқлаган нарсанинг зиддига юради.
«Сўнгра у (борига қаноат қилмай) яна зиёда қилишимни тама қилур. Йўқ!» оятида «Аллоҳ таоло бандаларига улар учун энг яхши бўлган ишни қилади», деган (мўътазилий)ларнинг сўзини ботилга чиқариш бор. Чунки оятдаги «зиёда қилишимни» ибораси инсон яхшилик деб тама қилиб юрган зиёдалик бўлиши ва у (мўътазилий)ларнинг фикрича, Аллоҳ таоло уни зиёда қилиши шарт эди. Оят(нинг давоми)даги «Йўқ!» деган сўзда унинг (молини) зиёда қилиш ҳақидаги тамасини узиш бордир. (Мўътазилийлар фикрича,) уни ўша зиёдаликдан маҳрум қилиш билан Аллоҳ таоло зулм қилувчи бўлиб қолади. Шундай экан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик белгиларини Аллоҳ таоло қандай қилиб зулм ҳисобланган жиҳат билан тайин этиши мумкин? Агар уни зиёдаликдан маҳрум қилиш у учун яхши ва манфаатлироқ бўлса, Аллоҳ қандай қилиб ўша маҳрумликни Набий алайҳиссаломнинг пайғамбарликларига аломат қилиши мумкин? Ҳолбуки, сизларнинг даъволарингизча, Аллоҳ таоло уни маҳрум килиши лозим эди-ку?(Имом Мотуридий бу билан мўътазилийларнинг Аллоҳ бандасига фақатгина яхши бўлган нарсани қилиб бериши лозим, деган эътиқодларига раддия бермоқ-да. Чунки оятда Валид ибн Муғийра мол-дунёси яна зиёда бўлишини хоҳлаган. Лекин Аллоҳ зиёда қилмасликни айтмокда. Агар мўътазилийлар эътиқоди тўғри бўлганида Валидга яна зиёда қилиб берилиши керак эди. Оятда аксинча, зиёда қилиб бермаслик айтилмокда.)
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида бу оят [сумма ятмаъу ан язийд] - «Сўнгра у (моли янада) зиёда бўлишини тама қилур» деб ўқилган.

[17] Яқинда Мен уни (дўзахдаги) баланд довонга дучор қилажақман.
Баъзи муфассирлар таъкидлаганидек, ушбу оятда ҳақиқий маънодаги баландлик, яъни устига кўтарилиш қийин бўлган довон маъноси назарда тутилган бўлиб, у ўша довонга кўтарилишга мажбур қилиниши мумкин. Эҳтимол, довон бу оятда ўхшатиш йўлига кўра зикр қилингандир. Негаки, воқеликда ҳам довонга кўтарилиш инсонга қийинчилик туғдирадиган, ундан пастликка тушиш эса осон бўлган ишлар сирасига киради. Агар шу маънода келган бўлса, демак, оят охиратда Валид ибн Муғийрага кўтариши қийин ишлар (азоблар) юкланишига ишорадир.
Мазкур оят ва (шу суранинг) «Яқинда Мен уни Сақарда (жаҳаннамда) куйдиражакман» ояти борасида мўътазилийларга бундай деб айтилади:
«Ушбу оятларда Аллоҳ таоло уни довонга дучор қилиши ва жаҳаннамда куйдириши ҳақида ваъда берган. Энди айтинг-чи, Аллоҳ таоло (бу билан) мазкур хабар тўғри бўлишини, ваъдасини амалга оширишни ирода қилганми ёки (оятдаги) хабарини ёлғонга чиқариб, ваъдасига хилоф қилишними? Агар иккинчисини айтсангиз, Аллоҳ таолони ёлғончига, ваъдасига хилоф қилувчига чиқарган бўласиз. Бундай сифатлари бўлганлар эси паст ва жоҳил бўлиб, илоҳликка ярамайди. Агар: «Ҳа, Аллоҳ ўзининг хабари тўғри чиқиши ва ваъдасига вафо қилишни хохдаган» десангиз, сизлардан яна бундай деб сўраймиз: «Аллоҳ таоло Ўз ваъдасини амалга оширишни улар куфрда бардавом бўлсалар ҳам хоҳлаганми ёки улар куфрни тарк қилганларидами?» Агар сизлар Аллоҳ таоло уларни куфрни тарк қилишлари ортидан жаҳаннамда куйдиришни хоҳлаган бўлади десангиз, У Зотни зулм қилувчига чиқарган бўласиз. Чунки Аллоҳ таоло уни ўзи истамаган иш сабабли жаҳаннамда куйдираётган бўлиб чиқади. Агар Аллоҳ таоло уларни куфрда бардавом бўлиб турган ҳолларида жаҳаннамда куйдиришни хоҳлайди, деб таслим бўлсангиз. у ҳолда сизлар: «Аллоҳ таоло ҳар бир шахс учун унинг ўзи ихтиёр этган ва ундан содир бўладиган ишлар ҳақида олдиндан билганларини ирода этади», деб айтишингиз лозим бўлади.
У (мўътазилий)ларга яна бундай деб айтилади: «Аллоҳ таоло (Ўзини): «хорликдан (қутқарувчи) дўсти бўлмаган (яъни ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган) Зот» (Исро сураси, 111-оят) деб сифатлаган. Агар иш сизлар даъво қилгандек бўлганида, Аллоҳ таоло ҳар бир кофирнинг мусулмон бўлиб, имон келтиришини ирода қилади. Кофир эса куфр келтириб, Унга душманлик қилишни ирода қилади. Бу ҳолатда Аллоҳ таоло Ўзига хорликдан (қуткарувчи) дўсти бўлишини ирода қилган бўлиб чиқади. Чунки кофир Унга қарши чиқишни ихтиёр қилган бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло уни дўст тутишни ирода қилмокда. Аллоҳ таоло золимлар айтаётган бу сўзлардан (пок ва) ниҳоят даражада олийдир!

[18] Чунки у (Қуръон тўғрисида ёмон) фикр юритди ва (нима дейишни) ўйлаб қўйди.
(Фақиҳ раҳимаҳуллоҳ бундай деган:) «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фиръавнлари (душманлари) Ҳаққа қайсарлик қилиш, инсонларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиш ва Унинг нурини ўчиришга бел боғлаган эдилар. Улар ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танийдиган ва у зотни ёлғончиликда айблашдан пок қилиб кўрсатиш учун бир иш устида келишиб, уни у зотга нисбат бермоқчи бўлдилар. Зикр қилишларича, Валид (ибн Муғийра) ўз улфатларини тўплаб: «Бу кунлар (одамлар Каъбани тавоф қилиш учун келадиган) мавсумдир. Улар сизлардан бу одам (Муҳаммад алайҳиссалом) ҳақида сўрайдилар. Хўш, уларга нима деб жавоб берасиз?» - деди. Шунда улардан баъзилари: «У шоир дей-миз», дейишди. Валид: «Одамлар шеърни эшитишган. Унинг сўзлари шеър эмас», деди. Баъзилари: «У коҳин деймиз», дейишди. Валид: «Коҳинлик арабларда маълум ишдир. Одамлар унинг (Муҳаммад алайҳиссаломнинг) сўзини эшитсалар, коҳин эмаслигини англайдилар ва сизларни ёлғончига чиқарадилар», деди. «У каззоб деймиз», деди баъзилари. Шунда Валид: «Биз уни синаганмиз, унинг бирор марта ёлғон гапирганини кўрмаганмиз», деди. Баъзилар: «У мажнун деймиз», дейишди. Валид: «Одамлар унга (Муҳаммад алайҳиссаломга) назар солсалар, мажнун эмаслигини биладилар», деди. Шундай қилиб, улар қандай йўл тутишдан ожиз қолдилар. Валид ўз-ўзича фикр юритиб, чамалаб кўрди ва: «Бу (Қуръон) сеҳрнинг ўзидир. У олиб келган нарса бошқалардан ривоят қилаётган сеҳрдан бошқа эмас», деди. Шундай қилиб, улар Пайғамбар алай-ҳиссаломни сеҳргар деб аташга келишиб олдилар. Улар: «Бу сеҳргар икки шахс орасини ажратиб юборади. У оталар билан фарзандлар ва қариндош-уруғлар орасини ажратиб юборгани ҳакдир», дедилар. Бу макрлари билан улар инсонларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унинг нурини ўчиришдек мақсадларига эришишни умид қилдилар. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам келган:
«Шунингдек, ҳар бир қишлоқда, унинг йирик жиноятчиларини у ерда макр қиладиган этиб қўйдик. (Улар) фақат ўзларигагина макр қиладилар» (Анъом сураси, 123-оят).
Бу оятда зикр қилинганидек, макрнинг фақат ўзларига қайтиши борасида уламолар бир неча маъноларни айтганлар. Биринчиси, макр уларнинг ўзларига қайтиши шуки, Аллоҳ таоло уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган ёмон қилмишларини фош қилди ва уни қиёматга қадар ўқиладиган оят қилиб қўйди. Бу ҳолатда уларнинг ёлғончи эканлари фош бўлиши, қиёмат кунига қадар уларга тўхтовсиз лаънат ёғилишидан ташқари, шармандалик етиб туришига ҳам ишора қилинаётганини кўриш мумкин.
Иккинчиси, катталар бирор ишнинг тадбири учун бир жойга тўплансалар, одатда, ўрта табақа инсонлар ва кичиклар ҳам уларга қўшилади. Ииғилган барча инсонлар режалаштирилган ва келишиб олинган иш ҳақида хабардор бўладилар. Уларнинг режасидан ҳамма хабардор бўлса, бу хабар ҳамма ёққа тарқалиб кетади ва инсонлар уларнинг ёлғонлари ва қилмишларидан воқиф бўладилар. Ана шунда улар ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танийдиган қилиб кўрсатамиз, деган жиҳатдан у зотнинг ҳолатларини билмасликлари маълум бўлиб.
халқ орасида уларнинг ёлғонлари очиқ-ойдин юзага чиқиб қолади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатларини билмасликлари аниқ-равшан бўлиб қолгани учун инсонлар уларнинг у зот алайҳиссалом ҳақларида айтган гаплари ва хабарларига эътибор қилмайдиган бўлиб қоладилар. Бу эса инсонларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиш эмас, балки уларни Исломга чақириш ва рағбатини оширишга сабаб бўлади. Шундай қилиб, уларнинг макрлари фақат ўзларига қайтадиган бўлади.
[иннаҳу факкаро] ояти «У пухта қилиб амалга оширмоқчи бўлган иши ҳақида тафаккур қилди» ёки «(Узи тўплаган одамлар) томонидан ўртага ташланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериш учун энг муносиб сўзлар борасида тафаккур қилди», деган маънони ифодалайди. [ва қоддаро] ояти ҳам шу маънода тушунилади.

[19] Ҳалок қилингур, қандай ҳисобга олди?!
Тафсирлардан бирида (бу оятдаги) уз [қутила] сўзига «лаънат бўлсин» деб маъно берилган. Лаънатлаш Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ қилишдир. Валид раҳматдан узоқ қилингани (дунёнинг ўзидаёқ) аён бўлган. Чунки дунёда унинг бойлиги кўпайишдан тўхтади ва тўплаган бойлиги ҳам камая бошлади. Ҳатто Аллоҳ таоло уни ҳалок қилиб, сўнг абадий қолувчи қи-либ жаҳаннамга етаклаб борди.
«Қандоқ ҳам чамалади?!» яъни «Қандай қилиб у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳргар деб атаб, ўзининг чамасидан ҳаё қилмади. Ваҳоланки, бу номни ўйлаб топиш вақтида ўзининг ёлғончи эканини билар эди-ку?!» ёки «Қандай қилиб у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканларини билатуриб, Аллоҳ таолога қарши журъат ва жасорат қилди?! Қандай қилиб Унинг оятларини инкор этиб, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқмай, бу ишга журъат қила олди?!»

[20] Яна ҳалок қилингур, қандай ҳисобга олди?!
Аллоҳ таоло уни икки марта лаънатлади. Бу лаънатнинг асорати дунёда ҳам, охиратда ҳам унда намоён бўлган. Чунки Аллоҳ таоло халойиққа ёлғончилигини кўрсатиб, уни шарманда қилди. Бу шармандалик қиёматга қадар қолиб кетди. Аллоҳ таоло уни раҳматидан узоқ қилди. Зеро, борган сари бойлиги камайиб, мол-давлат келадиган манбалари барҳам топди. Бу унинг лаънатга дучор бўлганининг шу дунёдаги аломатидир. Аллоҳ таоло тез орада довонга кўтарилишга мажбур қилишини ва уни Сақарда (жаҳаннамда) куйдиришни ваъда қилди. Бу унинг охиратдаги хорлиги ва лаънатга дучор бўлишидир. Шундай қилиб, бу икки лаънатнинг бири шу дунёда намоён бўлди, иккинчиси эса, унга охиратда намоён бўлади.

[21] Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради.
Эҳтимол, у ўзи тўплаган жамоа ўртага ташлаган сўзларга қарагандир.

[22] Сўнгра (Қуръондан айб топа олмагач) юзини тириштирди ва буриштирди.
У (Валид ибн Муғийра)ни юзини тириштириш ва буриштиришга ундаган нарса - бу ўз қавми ўртага ташлаган турлича таклифлар бўлиши мумкин. Яъни ёлғонлари ошкор бўлиб қоладиган ихтилофга борганлари учун уларга юзини буриштирган.
Ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларидан қаттиқ ғазабга келгани уни шу даражада ғамгин ва маҳзун қилиб қўйганки, бу нарса унинг юзига ҳам таъсир қилган. Шу жиҳатдан у юзини буриштирган.

[23] Сўнгра (Ҳакдан) юз ўгирди ва кибр қилди.
У ишнинг тадбирини қилиш учун йиғилган анави одамлардан юз ўгириб, уларга кибр қилган бўлиши эҳтимоли бор. Ёки у Аллоҳнинг Пайғамбарига кибр қилиб, у зотга итоат қилишдан юз ўгирган, у зот даъват қилган нарсага итоат қилиш ўрнига, даъватдан юзини бурган бўлиши мумкин.

[24] Бас, деди: «Бу (Қуръон) сеҳрнинг ўзидир».
Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарса (Қуръон аввалгилардан) ривоят қилинган сеҳргарлик ишларидандир, деди. Ёки у: «Аллоҳнинг ҳузуридан келгани хабар қилинаётган бу нарса ундан аввалгилардан нақл қилинган сеҳрдир», деди. Аммо Валид бу гапни айтар экан, Қуръоннинг сеҳр эмаслигини билар эди.
(Фақиҳ раҳимаҳуллоҳ бундай дейди:) «Фаразан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарса, улар айблаганидек, сеҳр бўлса ҳам, бу гап у зотнинг рост гапираётганларига ҳужжат бўлиш ва у зотнинг пайғамбарликларини тасдиқлашдан нарига ўтмайди. Чунки сеҳрни ўйлаш ва тафаккур қилиш орқали ўрганишнинг имкони йўкдир. Уни билишнинг ягона йўли бошқалардан ўзлаштириш ва ўрганишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимдан сабоқ олмаганларини, сеҳрдан хабари бор бирор кимсанинг ҳузурига бормаганларини улар яхши билганлар. Демак, улар Расулуллохдаги илмни одамлардан кимдир ўргатмагани, бу Аллоҳ таоло томонидан берилганини билганлар. Бинобарин, улар Пайғамбар алайҳиссаломни айблаётган нарса (ўзларига қарши) буюк ҳужжат бўлиб чиқади. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни сеҳрдан пок ва йироқ қилган. Сеҳргарларга қарши туришга буюрган.
Аслида, сеҳргар сеҳри билан икки кишининг орасини ажратиб юборади. Унинг сеҳри ажратиш жараёнида шундай амал қиладики, (ажратиш) сабабини билиб бўлмайди. Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватлари орқали инсонларнинг ажралиш сабаблари аниқ эди. Чунки у зот кофирларга қарши далиллар келтирардилар. Уларга чуқур назар солган киши у зот ўзлари даъво қилаётган пайғамбарликда ҳақ эканларини билиб олар ва имон келтирарди. Узига инсоф қилмасдан, далилларга назар солмаган кимсалар имон келтирмас эдилар. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсонлар орасини ажратиб юборишлари сеҳргарларнинг ажратишлари кабидир, деган гап асоссиз (туҳмат)дир.
Чунки кофирларнинг ҳар бири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин ҳақида фикр юритиб, (инсоф билан) чуқур мулоҳаза қилганларида, бу нарса уларни у зот алайҳиссаломга имон келтиришга ва пайғамбарликларини тасдиқлашга ундаган бўлар эди. Ана шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарса якинлар орасини ажратишга эмас, балки бирдамлик ва аҳилликка сабаб бўларди.
Ҳақиқатда сеҳргарнинг ўзи қилаётган сеҳрдан мақсади катталар ва бошлиқлар наздида обрў-эътибор қозониш, бу дунёдаги имкониятлардан кенгроқ фойдаланишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзлари олиб келган дин орқали бошлиқлар наздида обрў-эътибор қозонишни талаб қилмадилар, аксинча, (куфрда бўлса) уларни душман тутдилар ва уларга қарши эканларини намоён қилдилар. Инсонларни молу дунёни кўпайтиришга эмас, аксинча унга меҳр қўймасликка чақирдилар. Шундай экан, сеҳргарларнинг ишларига тўғри келмайдиган нарсаларни олиб келган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай қилиб сеҳргар дейиш мумкин?!

[25] Бу айни башарнинг сўзидир.
Башарият унинг ўхшашини келтиришдан ожиз қолгани учун Валид ибн Муғийра Қуръон башарнинг сўзи эмаслигини яхши билган. Аллоҳ таолонинг: «Чунки у оятларимизга (имон келтириш ўрнига) қаршилик қилувчи эди», (шу суранинг 16-ояти) деган сўзидан аён бўладики, Валид мана шу сўзларнинг оят эканини билатуриб, уларга қаршилик қилган.

[26] Яқинда Мен уни Сақарда (жаҳаннамда) куйдиражакман.
Сақар - бу азобнинг бир туридир. У дўзах чуқурликларининг бешинчи қаватидир, деган гап ҳам бор. Яна бир тафсирда айтилишича, Сақар жаҳаннам эшикларидан биридир. Бинобарин, оятнинг маъноси: «Мен уни жаҳаннамга Сақар эшигидан киритажакман», бўлади. Валлоҳу аълам!

[27] (Эй Муҳаммад!) Сақарнинг нима эканлигини қаердан ҳам билар эдингиз?!

[28] У (бирор кофирни) қолдирмас ҳам, (ўз ҳолига) қўймас ҳам (балки куйдириб, азоб берур).
«У (бирор кофирни) қолдирмас ҳам, (ўз ҳолига) қўймас ҳам» ояти «унга роҳатбахш ҳаёт қолдирмайди, ҳалок бўлиб, қутулишига ҳам қўймайди, балки абадий ҳалокат ичра қолдиради», деган маънода бўлиши мумкин. Чунончи, Аллоҳ таоло:
«Албатта, унинг учун жаҳаннам бор, у жойда у на ўла олур ва на яшай олур»(«Ҳақиқатан, кимки (охиратда) Парвардигорнинг ҳузурига жиноятчи (кофир) ҳолида келса, албатта, унинг учун жаҳаннам бор, у жойда у на ўла олур ва на яшай олур» (Тоҳо сураси, 74-оят).), деган.
Бу оят «Сақар унинг на терисини, на гўштини ва на суягини қолдирур, балки терисини пиширади, гўштини еб битиради, суякларини синдиради. Уни ўша ҳолича - суяклари синган, эти еб битирилган, териси пишган ҳолда қолдирмайди, балки териси, гўшти ва суяклари яна қайтарилади. Сақар уларни ана шу тарзда абадий куйдириб ётади. Унга на роҳат беради ва на қочиб, унинг азобидан қутулишига қўйиб беради», деган маънода бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

[29] (У) териларни қорайтириб куйдирувчидир.
Бу оят борасида бир неча хил қарашлар айтилган. Бир тафсирда айтилишича, [лавваҳатун лил-башар] яъни терини куйдирувчи, деган маънодадир. Чунки [ал-башар] - бу тери деганидир.
Оятда куйиш терига хослаб зикр қилинган, чунки инсоннинг териси кўриниб туради. Куйдириш зоҳирда унга таъсир ўтказгани учун алоҳида зикр қилинди. Чунончи, инсон ҳам кўзга кўринадиган махлуқотларга кўрингани учун инсон деб, жинлар эса ўз жинсидан бўлмаган зотлар кўзидан яширин бўлгани учун жин деб аталган.
Бу Аллоҳ таолонинг:
«Терилари куйиб битиши билан...»(«Азобни тотсинлар деб, терилари куйиб битиши билан ўрнига бошқа (янги териларини алмаштириб турамиз» (Нисо сураси, 56-оят).) деган оятида келгани кабидир.
Баъзи тафсирларда бундай дейилган: [лаввааҳатун яъни инсонларга кўриниб турувчидир. Чунончи, Аллоҳ таоло:
«Дўзах эса йўлдан озганларга (кўриб пушаймон чекишлари учун) намойиш қилинур» (Шуъаро сураси, 91-оят), яна:
«Кўрадиган (ҳар бир) кишига дўзах намоён қилингани(Нозиъот сураси, 36-оят) деган. Яъни дўзах уларга намоён бўлиб, кўзларига кўринади, улар унга қараб, азоб (ҳақлиги)га ишончлари комил бўлади.
Дўзахнинг [лаввааҳатун] - «кўриниб турувчи» деб сифатланишига, дўзах аҳлининг терилари куйдирилиб, гўштлари еб битирилгани, натижада уларнинг суяклари чиқиб, кўриниб қолгани сабабдир, эҳтимол. Чунки Аллоҳ таоло суякларни яратиб, уни гўшт, гўштни эса тери билан қоплаган. Демак, олов унинг терисини куйдириб, гўштини еб битиргани сабаб суяги чиқиб, кўриниб қолади. Сўнг доимий тарзда терилар ва гўштлар алмаштириб турилади. Дўзах аҳлининг ҳолати асосан ана шундай бўлади.

[30] Унинг устида ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик қилур).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, улар жаҳаннам қўриқчилари бўлиб, ҳар бирининг беҳисоб ёрдамчилари бор(Табарий ривояти.).
Айтишларича, уларнинг олти нафари кофирларни дўзахга бошлаб боради, яна олти нафари уларнинг ортидан ҳайдайди ва бошқа олти нафари уларнинг юзига темир ва олов гурзилар билан уради. Охиргиси - катта қўриқчи, яъни Молик бўлиб, қолганларига вазифалари бўйича буйруқлар бериб туради.
Сақарда ўн тўққизта қуйи даража бўлиб, ҳар бир даражага бир фаришта бошлиқ қилинган бўлиши ҳам мумкин. Негаки, дўзахнинг ўз чегараси бор, чунки Аллоҳ таоло уни барча (куфрда ўтган) жинлар ва одамлар билан тўлдиришга ваъда берган.
Бордию унинг чегараси бўлмаса, уни (уламолар зикр қилиб ўтган) миқдор билан тўлдириш амалга ошмаган бўлар эди. Сақарда ўн тўққиз хил азоб билан азоб берилиши, (жаҳаннамнинг ўн тўққиз нафар азоб фариштасидан) ҳар бири бошқача бир азоб бериши эҳтимоли ҳам бор.
Аслида Аллоҳ таоло Ҳаким Зот бўлиб, ҳар бир ишида ажойиб ҳикматлар борлигини маълум қилган. Аммо ҳар қандай ҳикматга ҳам ақл билан эришиб бўлмайди ва чуқур мулоҳаза қилиб ҳам уни билиб бўлмайди. Ахир кўрмайсизми, Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг ҳаётига сабаб бўлган маънони сувга жойлаб қўйган. Ҳар қандай одам ўзининг бор имкониятини ишга солиб, сувнинг табиатидаги ҳаёт, экинларга озуқа ва унум берадиган маънони англашни хоҳласа, асло бунинг уддасидан чиқолмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло таомда озуқа ва униб-ўстириш хусусиятини жо қилди. Кимдир ундаги озуқа ва унумга сабаб бўладиган маънони билишни истаса, унинг тагига ета олмаслиги аниқ. Шунга ўхшаб, Аллоҳ таоло (бу оятда) зикр этилган сон (ўн тўққиз)да ҳам қандайдир ҳикматни яшириб қўйган. аммо биз буни ақл ва чуқур мулоҳаза билан ҳам била олмаймиз.
Ботинийларнинг даъво қилишларича, дунёнинг тузилишига доир сонларни зикр қилинишида руҳоний оламга қўйилган ададларни таърифлаш бордир. Уларга бундай дейилади: «Ким оламнинг таркибига алоқадор сонларни руҳониятга жо қилинган сонларни билишга муносиб қилди?» Яъни ким руҳониятдаги ададларни жасаддаги сонларни билишга восита қилди.
Сўнг улардан руҳоният ичига жо қилинган ададлар ҳақида сўралиб: «Қандай маъно туфайли шундай қилинди ва унда кандай ҳикмат бор?» дейилади. Бу саволдан сўнг уларда ожизлик ва жоҳилликни эътироф қилишдан ўзга чора колмайди. Шундай экан, аввалданоқ илмсизликни эътироф этсинлар ва ожизликларини намоён қиладиган ҳақиқатни кашф қилишга чиранмасинлар. Валлоҳу аълам!
Бизнинг фикримизча, юқорида айтиб ўтганимиздек, мўминлар Аллоҳ таоло Ҳаким Зот, Унинг иши воқеликда ҳикмат доирасидан четга чиқмайди, деб эътиқод қиладилар. Чунки воқеликда инсонни ҳиммат чегарасидан чиқишига ундайдиган нарса учта маънонинг биридир: ёки жоҳиллик, ёки ожизлик, ёки муҳтожлик. Аллоҳ таоло олимдир, жоҳил эмас. У кучли Зотдир, ваъдага вафо қилишдан ожиз қолмайди. Беҳожат Зотдир, ҳеч нарсага эҳтиёжи тушмайди. Бинобарин, ҳикмат чегарасидан четга чиқишга сабаб бўладиган омиллар У Зотда мавжуд эмас. Демак, Аллоҳ таолонинг ишлари ҳикмат чегарасидан чиқиши мумкин эмаслиги ўз тасдиғини топди. Шунга ўхшаб, кофирлар ва ҳавойи нафс эгалари ҳам У Зот ҳикматли, Унинг ишлари ҳикмат доирасидан четга чиқиши мумкин эмас, деб эътироф этадилар. Аммо улар ўз ақллари билан ҳикматни англаб етмас, чуқур мулоҳазалари ёрдамида уни идрок қилмас эканлар, бу ишда ҳикмат йўқ, деб ўйлайдилар ва Аллоҳ таолога (ўзлари англаб етмаган) ҳикматни нисбат берилишини рад қиладилар. Ҳикмат (асосида келиб чиққан) иш бефойда бўлмайди, деган фикрдаги даҳрийлар қайта тирилишни инкор этдилар ва воқеликда баъзи нарсалар зоҳиран бефойда бўлиб кўрингани сабабли Яратувчининг ҳам борлигини инкор қилдилар. Уларнинг қарашларига кўра, кимдир бино барпо қилиб, кейин уни бузиб ташласа, кейин уни яна бузишдан олдинги ҳолатига қайтарса, ҳикматли шахс эмас, балки жоҳил ва эси паст инсон бўлади. Шундан келиб чиқиб улар қайта тирилиш масаласини ҳам ўша ишга таққослайдилар ва бу ишдан фойда йўқ, чунки бу ишда ўлимдан аввалги ҳолатга қайтаришдан бошқа нарса мавжуд эмас, деб ҳисоблайдилар. Мазкур нарсалар санавийлар (кўп илоҳга сиғинувчилар)ни иккита худо бор деган қарашни илгари суришга ундаган. Чунки улар воқеликда яхшилик ва ёмонликни, тўғрилик ва бузуқликни, зулмат ва ёруғликни кўриб, зулмат билан ёруғликнинг жавҳари битта бўлиши мумкин эмас, дейдилар. Бу орқали ёмонлик билан яхшиликнинг яратувчиси бошқа-бошқа эканини билдилар. Яна улар ҳикматли Зотнинг иши ҳар хил ва бир-бирига қарама-қарши бўлиши ҳам мумкин эмас, деган қараш асосида ёвузлик ва яхшиликнинг яратувчиси бошқа-бошқа, деб эътиқод қилдилар. Мўътазилийлар шу боисдан бандаларнинг амаллари махлуқ (Аллоҳ таоло яратган) эканини инкор этдилар. Чунки феъл бир яхши бўлса, бир ёмон бўлади. Бири тўғри бўлса, бошқаси бузғунчилик бўлади. Ёмонликни, шунингдек, бузғунчиликни Аллоҳ таолога боғлаб зикр қилиш мумкин эмас, деб бандаларнинг амалларида Аллох таолонинг аралашувини инкор қилдилар.
Мўминлар барча ишни Аллоҳ таолога топширдилар. У Зотдан келган ҳар бир нарса ҳақидаги илмни - гарчи ундаги ҳикматни ақллари билан идрок қила олмасалар-да, Унга ҳавола қилдилар. Чунки улар ўз ақллари билан идрок эта олмайдиган. илмлари билан англолмайдиган нарсаларга дуч келдилар. Чунончи, биз сув тўғрисида гапираётиб, «унга шундай сифат жо қилинганки, у билан нарсалар тирик бўлади. Агар инсонлар ақллари ва фикрлари билан ўша сифатни билишни истасалар. уддасидан чиқолмаслар», деб айтган эдик. Худди шу сингари, бу сифат таомда ҳам, ичиладиган нарсаларда ҳам мавжуд. Шундай бўлса-да, ақлимиз унинг ҳикматидан воқиф бўлмагани сабабли сув, егуликлар ва ичимликларни инкор этиши мумкин эмас. Шунинг учун инсон Аллоҳ таоло зикр қилган фаришталарнинг сонини, қайта тирилишни ақллари билан унинг ҳикматидан воқиф бўлмаган ҳар бир нарсани инкор этиши мумкин эмас. Валлоҳу аълам!

[31] Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари (қўриқчилари » қилдик ва Биз фақат куфрга кетган кимсаларни синаш учун уларнинг саноғини (ўн тўққизта) қилдик. Токи китоб берилган кимсалар аниқ билгайлар ва имон келтирган зотларнинг нмонлари янада зиёда бўлгай ҳамда китоб берилган кимсалар ҳам, мўминлар ҳам (бу хусусда) шак-шубҳа қилмагайлар. Яна дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: «Бу мисол билан Аллоҳ нима демоқчи?» - дегайлар. Аллоҳ ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўяр ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Парвардигорингизнинг қўшинларини (фаришталарининг адади ва сифатларини) Унинг ўзигина билур. У (жаҳаннам ҳақидаги хабар) ннсонлар учунгина бир эслатмадир.
«Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари (қўриқчилари) қилдик...» Кимдир бу борада: «Агар фақат фаришталаргина дўзах соҳиблари қилинган бўлса, у ерда ҳеч бир инсон ва жин бўлмаслиги керак? Шундай экан, Аллоҳ таоло қандай қилиб: «Жаҳаннамни барча (куфрда ўтган) жинлар ва одамлар билан тўлдиражакман» (Ҳуд сураси, 119-оят), деб айтган?» дейиши мумкин.
Унга бундай жавоб берилади: «Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари (қўриқчилари) қилдик...» ояти «Биз дўзахийлар устидан у ерда уларга азоб берадиган фаришталарнигина тайин килдик», деган маънода бўлади. Дўзах ўти фаришталарни ҳам куйдиради ва улар ҳам азоб чекадилар, деган маънода эмас.
Ушбу оятда намозида «Улар жаннат аҳлидирлар»нинг ўрнига «айнан ўшалар дўзах аҳлидирлар» деб ўқиб қўйган кишининг намози бузилмайди, деган қоидага далолат бор. Чунки жаннат аҳлини дўзах аҳли деб айтишда уларга азобни вожиб қилиш маъноси йўқ. Чунончи, «Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари (қўриқчилари) қилдик...» оятида ҳам фаришталарга азобни лозим қилиш ёки уларни азобга ҳақли деб ҳисоблаш маъноси ифодаланмайди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло фаришталарни дўзах қўриқчилари қилиб, хослаб олишига сабаб, улар фақат Аллоҳ учун ғазаб ва қаҳр қилиш учунгина яратилган. Улар Аллоҳ буюрган ишларда унга итоатсизлик қилмайдилар ва фақат буюрилган ишни бажарадилар. Ҳеч кимга мойил бўлмайдилар, Аллоҳга осийлик қилгани ва Унга қарши чиққани учун азобланаётганини кўриб, ҳеч кимга раҳм қилмайдилар. Улар инсон ва жинларнинг табиатида яратилган эмаски, қалблари бировга мойил бўлса ва раҳм қилинишга ҳақли бўлмаган кишига раҳм қилсалар.
Муфассирлар айтишларича, «Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари (қўриқчилари) қилдик...» ояти ўша кофирлар «Унинг устида ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик қилур)» оятини эшитганларида: «Бу микдордаги фаришталарга ўзимиз бас келиб, улардан устун келамиз ва дўзахдан чиқиб кетамиз», деганларида, уларга раддия тарзида нозил бўлган. Бинобарин, Аллоҳ таоло бу билан кофирларга: «Улар сизга ўхшаган инсонлар эмас, улар айнан фаришталардир», деб хабар берган.
Ривоят қилинган хабарларда, фаришталар ташқи кўринишлари даҳшатли, ўзлари улуғвор, куч-қувватли, оғизларидан дўзах учқунлари чиқадиган, жисмлари инсонлар жисми каби (ўтда) куймайди ва оғриқ билмайди, деб сифатланган. Валлоҳу аълам!
«Ва Биз фақат куфрга кетган кимсаларни синаш учун уларнинг саноғини (ўн тўққизта) қилдик». (Бу оятда келган) [ал-фитна] сўзи икки хил маънода ишлатилади. «Фитна» сўзи зикр қилинади-ю, аммо ундан қийин бир синов кўзда тутилади ёки азоблаш ирода қилинади. Шунга кўра, бу оятдаги [ал-фитна] сўзидан азоблаш ирода қилинган бўлса, маъноси: Уларга зикр қилинган адад (ўн тўққиз) уларнинг устиларига фитна, яъни азоб қилиб қўйилган. Чунки фаришталарга кофирларни азоблаш вазифаси топширилган. Бу ҳам қуйидаги оят каби тушунилади:
«Бу кунда улар оловда азобланурлар» (Зориёт сураси, 13-оят).
Агар оятдаги [ал-фитна] сўзидан синов маъноси ирода қилинса, буни бир неча хил тушуниш мумкин. Шулардан бири, «Биз фақат куфрга кетган кимсаларни синаш учун уларнинг саноғини (ўн тўққизта) қилдик». Яъни Аллоҳ таоло улардан қайси бирлари Қуръон оятларига кофир бўлишини билиб, ўша ададни уни синаш учун сабаб қилган. Чунки Аллоҳ таолонинг илмида ушбу шахс имтиҳон қилинишни хохдайдиганлар сирасидан бўлган. Аммо бу адад Аллоҳ таоло кимнинг тўғри йўл истаб, Узининг оятларига назар солишини билган инсоннинг имони ва тасдиғини зиёда қилади, холос. Чунки бу зотлар Аллоҳ таоло уларни турли синовлар билан имтиҳон қилишини билиб, имон келтирадилар ва буни Аллоҳга топширадилар. Демак, дўзах қўриқчиларининг адади ўн тўққиз нафар қилиб қўйилиши кофирларга қийинчилик бўлади. Чунки бу нарса уларнинг куфрларига сабаб бўлган эди. Бинобарин, шу тариқа бу синов [ал-фитна] деб номланди.
Оятдаги «...факат куфрга кетган кимсаларни синаш учун...» ибораси куфр келтирган кимсалар устидан фитна қилиб қўйилди, деган маънодадир. Аслида бу гап куфрнинг пайдо бўлиши ҳақида бўлиб, аввал ўтган қавмлар тўғрисида айтилган. Яъни улар бу оятни эшитганларида, бунда (дўзах қўриқчиларининг адади ўн тўққизта қилинишида) ҳеч қандай ҳикмат йўқ, бу ададнинг дўзах эгалари йигирма ёки ўн саккизта бўлишидан кўра афзалроқ ери йўқ, деб ўйладилар ва Унга кофир бўлдилар. Бу Мусо алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзи кабидир:
«Бу фақат бир синовингдирки, у орқали хоҳлаган кишингни адаштирасан...»(«Бу фақат бир синовингдирки, у орқали хоҳлаган кишингни адаштирасан ва хохдаган кишингни ҳидоят қиласан» (Аъроф сураси, 155-оят).). Оят бу адаштириш синовдан илгари бўлган деб эмас, балки Сомирийдан ҳали содир бўлмаган адаштиришнинг пайдо бўлиши деб тушунилади. Уларнинг синалишлари шундаки, мазкур адад зикр қилиниши билан уларнинг куфрлари янада зиёдалашган. Чунки улар ўша ададга улуғлаш ва ҳурматини жойига қўйиш назари билан эмас, балки беписандлик ва масхаралаш назари билан қараганлари боис уларнинг куфрлари зиёда бўлган. Валлоҳу аълам!
«Токи китоб берилган кимсалар аниқ билгайлар ва имон келтирган зотларнинг имонлари янада зиёда бўлгай».
[ал-истийқон] - «аниқ билиш, ишонч ҳосил қилиш» ва [аз-зиядату] «зиёда бўлиш» бир нарса. Чунки [ал-истийқон]да имоннинг зиёда бўлиши, [аз-зиядату] - «зиёда бўлиш»да эса аниқ билиш, ишонч ҳосил қилиш маъноси бор. Бинобарин, мазкур оятнинг маъноси: «Токи китоб берилганларнинг имон келтирганлари (мўминлари) аниқ билгайлар...» тарзида бўлади. Уларнинг аниқ билишлари шу тариқаки, улар бу ададни ўзларига тушган Китобдагига мувофиқ келишини кўрадилар ва бу нарса уларни Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келганига ишонч ҳосил қилишга ундайди.
Ушбу оятда мазкур ададнинг ўзларидаги Китобга мувофиқ келганини кўриб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолодан ваҳий орқали қабул қилиб етказаётганларига ишонч ҳосил қилган ахди китоблардан имон келтирмаганлари ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин. Демак, Аллоҳ таоло кимни имон келтиришини истаса, ушбу оят билан ундаги шубҳаларни аритиб уни имонга йўллаб қўяди. Кимни имон келтиришини хоҳламаса, ушбу оятни унга қарши ҳужжат қилади. Валлоҳу аълам!
«Имон келтирган зотларнинг имонлари янада зиёда бўлгай». Яъни олдинги умумий тасдиқи янада зиёдалашади ва тасдиқлаш лозим бўлган нарсаларни умумий тарзда тасдиқлаганликлари учун тасдиқлари ҳам кучаяди.
«Аммо имон келтирганларнинг имонларини бу (сура) зиёда қилур» (Тавба сураси, 124-оят) ояти борасида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан бундай ривоят қилинади: «Имоннинг зиёда бўлиши зикр қилинган барча ўринларда зиёдаликнинг маъноси - уларга шарҳлаб берилгани сабабли умумий тарзда қилган тасдиқлари янада зиёда бўлади». Чунки улар Аллоҳ таолони ягона деб билган, У Зотга имон келтирган вақтларида яратиш ҳам, барча ишлар ҳам Унинг ихтиёрида эканини эътироф этган бўладилар. Яратиш унинг ихтиёридадир, деб эътироф этиш замирида пайғамбарларга имон келтириш, Аллоҳ таоло томонидан уларга нозил қилинган китобларнинг барчасини тасдиқлаш маъноси ётади. Шу имони билан у ҳар бир пайғамбарни алоҳида-алоҳида тасдиқлайдиган эътиқод қилувчига айланади. Бинобарин, у Пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга имон келтирса, олдин умумий тарзда тасдиқлаб юрган нарсасини янада (кучлироқ) тасдиқлаган бўлади.
Оятдаги зиёда бўлишни собитқадамлик ва барқарорлик маъносида ҳам тушуниш мумкин. Чунки имон ҳар доим янгиланиш ҳукмидадир. Зеро, мўмин банда ҳамма вақт куфрдан сақланишга буюрилган. Куфрдан сақланганида, унинг зиддини қилган, яъни имон келтирган бўлади. Демак, имон ҳар доим янгиланиш ҳукмига эга эканлиги ўз исботини топди. Бу ҳолатда (оятдаги) имон зиёда бўлишини унда собитқадам ва барқарор бўлишга буриб талқин қилиш тўғри бўлади. Шундай экан, агар хоҳласангиз, имонда бардавом бўлишни зиёда бўлиш деб, хоҳласангиз имон деб, хоҳласангиз, собитқадам бўлиш деб атанг. Қуръони Каримда буларнинг барчаси жоиз эканини ифодалайдиган оятлар бор. Аллоҳ таоло:
«Эй имон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига имон келтирингиз!» (Нисо сураси, 136-оят) - деб, имон келтирганларидан сўнг ҳам (Аллоҳ таоло) уларни имон келтиришга тарғиб қилган. Бундан мақсад улар ўз эътиқодларида собитқадам бўлишларидир, холос. Бошқа бир оятда:
«Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит Сўз билан собитқадам қилур» (Иброҳим сураси, 27-оят), деган. Собит сўз - бу имондир. Яна бирида:
«... имон келтирганларни (динда) собитқадам қилиш учун...» (Наҳл сураси, 102-оят) деб, уларнинг имонда бардавом бўлишлари ва мустаҳкам туришларини имон деб ҳисоблаган.
Аллоҳ таоло:
«... имонлари зиёда бўладиган...» (Анфол сураси, 2-оят), яна:
«У (Аллоҳ) ўз имонларига яна имон қўшилиши учун...» (Фатҳ сураси, 4-оят), деган. Аллоҳ таоло мўминлар ҳақида (имонлари) зиёда бўлиш, унда собитқадам бўлиш ва имон келтириш исмларини зикр этган. Агар бу зиёдалик амалларга йўналтирилса, бизнинг фикримизча, у фазилат ва комиллик юзасидан зиёда бўлиш деб тушунилади, айнан ўзи эмас. Чунки бир нарса бошқаси туфайли зиёда бўлишга сазовор бўлса, унинг бу сазоворлиги фазилат ва комиллик юзасидан содир бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Менинг ушбу масжидимда ўҳилган намоз Масжидул Ҳаромдан ташҳари бошқа масжидларда ўҳилган мингта намоздан яхшидир»(Бухорий, Муслим, Термизий ривояти.), деган сўзларига қарамайсизми? Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом бу билан адад жиҳатидан бўлган афзалликни ирода этмаганлар. Чунки намоз ўқувчи киши бошқа масжидда ҳам бажариш лозим бўлган айнан ўша амалларни бажаради. Демак, зиёдалик фазилат ва комиллик эътиборидан бўлади, адад эътиборидан эмас, деб тушунилади. Шунингдек, у зот: «Жамоат билан ўқилган намоз ёлгиз ўқилган намоздан йигирма беш даража афзал бўлади»(Бухорий, Муслим, Термизий ривояти.), деганлар. Бу ҳадисда ҳам адад эътиборидан бўладиган зиёдалик эмас, балки фазилат ва комиллик эътиборидан бўладиган зиёдалик ирода қилинган. Худди шунга ўхшаб, солиҳ амаллар ортидан имонда пайдо бўладиган зиёдалик ҳам фазилат ва шараф юзасидан бўлади. Чунки амаллар имондан эмас, зеро, имон - бу тасдиқдир ва бу нарса амалларда мавжуд эмас. Бундан имоннинг зиёда бўлиши айнан биз айтиб ўтган тарзда экани аниқ бўлади.
«Ҳамда китоб берилган кимсалар ҳам, мўминлар ҳам (бу хусусда) шак-шубҳа қилмагайлар. Яна дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: «Бу мисол билан Аллоҳ нима демоқчи?» - дегайлар».
Оятнинг бу қисми борасида биз билан мўътазилийлар ўртамизда ихтилоф бор. Зеро, уларнинг даъволарича, ўша адад, яъни фаришталарнинг адади куфр келтирган кимсалар «Бу мисол билан Аллоҳ нима демоқчи?» - деб унга кофир бўлишлари учун эмас, балки мусулмонлар, аҳли китоблар, кофирлар ва қалбларида иллати борлар унга имон келтиришлари, бўйсунишлари учун синов қилиб қўйилган. Аммо кофирлар бу гапни айтгач Аллоҳ таоло «жаъала» феълини Узига нисбат берди. Бироқ бундан фаришталар фитна (синов) учун яратилган деган маъно тушунилмайди. Бу ҳам қуйидаги оят кабидир:
«Бас, Фиръавннинг хонадон аҳли уни (ўсиб-улғайганида) ўзларига «душман ва ташвиш бўлиши учун» тутиб олдилар» (Қасас сураси, 8-оят). Оятдаги тутиб олиш, гарчи бошқа мақсад учун бўлса-да, унга душманлик ва ташвиш нисбати берилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло:
«Кофир бўлганлар, уларга муҳлат бериб турганимизни яхшилик деб ўйламасинлар! Муҳлатни уларга гуноҳлари янада кўпайиши учун берамиз» (Оли Имрон сураси, 178-оят), деган. Маълумки, муҳлат бериш гуноҳнинг зиёда бўлиши учун эмас. Лекин улар гуноҳни янада кўпайтирганлари сабабли мухдат бериш унга нисбат берилди, гарчи у ана шу мақсад учун бўлмаса ҳам.
Шунингдек, (халқ орасида) кенг тарқалган гапда ҳам бундай дейилади:
Ундаги бир фаришта ҳар куни нидо қилар, Улиш учун тугилинг, бузилиш чунуй куринглар!(Ажлуний ривояти.)
Ҳеч ким бузилиши учун бино қурмайди. Лекин охир-оқибати харобалик бўлгани учун, шу мақсадда қурилмаган бўлса ҳам, унга нисбат берилмокда.
Уғри ўзининг қўли кесилиши учун ўғрилик қилди деб айтилади. Маълумки, у ўзининг қўли кесилиши учун ўғрилик қилмайди. Гарчи ўғрилик бошқа мақсадда қилинса-да, у сабаб қўли кесилиши лозим бўлганидан бу иш қўл кесилишига нисбат берилди. Худди шу каби, оятда зикр этилган адад ҳам шу эътибордан, яъни биз юқорида қайд этган мақсад учун тайин қилиб қўйилган. Кофирларнинг келажакда куфр келтиришлари маълум бўлгач, яратиш ҳам шу ишга нисбат берилган. Лекин бу улар шундай яратилди, дегани эмас (Мўътазилаларнинг даъвоси шу ерда тугади Биз айтамизки, агар иш улар даъво қилгандек бўлса, бу нарса рубубиятни йўққа чиқаришга олиб борган бўларди. Чунки хлкматли ишнинг шарти бор - кимки келажакда бўладиган ишдан бошқасини ирода қилган ҳолда бир ишни қилса, бу унинг оқибатини билмаслигини очиқлайди ёки фойдасиз иш қилаётган бўлади. Кимнинг ҳолати шундай бўлса, унинг илоҳ бўлиши дуруст бўлмайди, балки жоҳил ва эсипаст бўлади. Ахир кўрмайсизми, кимдир бир нарса учун бино қурса, лекин ушбу бино ўзиники эмаслигини билса, бу иши беҳуда бўлади. Агар ўзи ирода этган иш бўлмаса, уни билмаган бўлиб чиқади. Бу гап ўз тасдиғини топар экан, биз бундай деймиз: Агар Аллоҳ таоло кофир шахсдан ундан содир бўладиган ишдан бошқасини ирода қилса, у зотнинг иши хато ёки бефойдага чиқиб қолади. Демак, аниқ бўлдики, Аллоҳ таоло ҳар бир тоифа учун улардан содир бўладиган ишни ирода қилади. Агар бандаси залолатни ҳидоятдан устун қўйишини билса, бас, унга залолатни ирода қилади. Агар у яхши иш қилишни устун қўйишини билса, унга ўша яхшиликни хохдайди, ўша ишга муваффақ қилади ва унга ҳидоят қилади.
«Бас, Фиръавннинг хонадон аҳли уни (ўсиб-улғайганида) ўзларига «душман ва ташвиш бўлиши учун» тутиб олдилар» (Қасас сураси, 8-оят) оятининг маъноси ҳам қуйидагича бўлади: Аллоҳнинг илмида Мусо алайҳиссалом улар учун душман ва ташвиш бўлади. Бу эса уни ўша мақсадда ушлаб оладилар, дегани эмас. Балки улар Мусо алайҳиссалом ўзларига душман ва ташвиш бўлишини билганларида, уни ушлаб олмаган бўлардилар. Лекин улар бу ишнинг оқибати нима бўлишини билмаганлар ва ундан фойдаланиш учун уни тутиб олганлар. Аллоҳ таолога нарсаларнинг оқибати махфий бўлиши, Унинг иши даставвал ўша (махфий) мақсад учун бўлиши мумкин эмас.
Шоирнинг «Ўлиш учун тугилинг ва бузилиши учун бино куринглар!» деган гапига келсак, бу каби жумлалар эслатма ва чақириқ ўринларида айтилади. Токи инсон бино қуришга ҳарис бўлмасин, балки ундан юз ўгирсин. Аллоҳ таолога бирор иш махфий қолиши мумкин эмаски, бу борада иш эслатма тарзида бўлса. Демак, бунинг ҳақиқий маънода экани ўз тасдиғини топди. Валлоҳу аълам!
«Яна дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: «Бу мисол билан Аллоҳ нима демоқчи?» - дегайлар» оятидаги [ал-масал] сўзи «баён қилиш» маъносидадир. Арабларда: «Сенга баён қилиб бераман», деган маънодаД) [умассилу лака сурота казаа] - «Сенга фалон нарсанинг суратини мисол қиламан», деб айтилади.
«Аллоҳ ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўяр ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур». Буларнинг барчаси «Биз фақат куфрга кетган кимсаларни синаш учун уларнинг саногини (ўн тўққизта) қилдик» оятини изоҳлаб беради. Яъни Аллоҳ таоло адашишни ихтиёр килади деб билган кимсани бу (уларнинг саноғини ўн тўқкиз нафар қилиб қўйиш) билан йўлдан оздириб қўяди. Адашишни ихтиёр қилиши - бу Аллоҳ таолонинг оятларига мазах қилиш ва беписандлик назари билан қарашидир. Унинг оят-ларига биз таъкидлагандек назар солган кимсани Аллоҳ таоло йўлдан оздириб қўяди ва янада қаттиқроқ адаштиради.
Ким Аллоҳ таолонинг оятларига ҳидоят ва тўғри йўл топиш кўзи билан назар солса, уларни улуғлаш ва ҳурматлаш билан қабул этса, Аллоҳ уни (тўғри йўлга) муваффақ қилади ва ҳидоят неъмати билан сийлайди.
Бу ҳам Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти сингаридир:
«Айтинг: «(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир». Имон келтирмайдиган кимсаларнинг эса қулоқларида оғирлик (карлик) бордир ва у (Қуръон) уларга кўрлик (омили) бўлур (Фуссилат сураси, 44-оят).
Шу маънода бошқа оятлар ҳам бор. «Тавфиқ Аллоҳдандир!»
Мўътазилийлар: «Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўяр» ояти «Аллоҳ таоло уни адашган кимса деб атайди» ёки «У адашган вақтда унга адашганлик ҳукмини беради», деган маънони ифодалайди. Аллоҳ таоло уни адаштиради ва унинг залолатга кетишини хоҳлайди, деган маънони эмас», дейдилар.
Уларга бундай жавоб берилади: «Агар Аллоҳ таоло банданинг имон келтиришини ирода қилса - ваҳоланки, сизлардан ҳар бирингиз ҳақидаги иродаси ана шудир - у ҳидоят топишни хоҳлаётганига қарамай, уни адашган кимса деб номлаши ва залолатга кетган деб ҳукм қилиши зулм ҳисобланади. Бу билан У Зот ёлғончига чиқиб қолади. Аллоҳ таоло ишлари зулм билан сифатланишидан ёки Узи ёлғончига чиқарилишдан пок ва олий Зотдир!»(Мўътазилийлик таълимотига кўра ҳидоят ҳам, залолат ҳам бандадан ҳисобланади. Яъни банда ҳидоят ва залолатни ўзи яратади.)
Абу Бакр Асом: «Бунинг таъвили шуки, Аллоҳ бир йўлни тайин қилиб қўйган бўлиб, ундан юрган кишини у ҳидоятга олиб боради. Ундан четга чиққан киши, залолатга юз тутади. Халойиқлардан ҳеч бири унга ўхшаш йўлни тайин қилишга муяссар бўлмайди», деган.
Биз бундай деймиз: «Агар оятнинг таъвили Абу Бакр Асом айтгандек бўлса, бундай деб айтилиши керак эди:
«Аллоҳ хоҳлаган нарсасини мана шундай йўлдан оздириб қўяр ва Ўзи хоҳлаган нарсасини ҳидоят қилур» оятида Аллоҳ таоло [ман яшау] - «хоҳлаган кишини» деган экан ва [ман] сўзи билан ақлга тўғри келмайдиган йўллар ҳақида эмас, ақлли шахслар ҳақида сўз юритилар экан, Абу Бакр Асомнинг айтганлари тўғри эмаслиги исботини топди.
Аслида, Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» ояти парвардигорлик сифатларидан бўлиб, унда Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган ишни қилишга қодир экани билан мақтаниш бор. Агар Аллоҳ улардан (содир бўлган амалларни) ирода қилувчи бўлмаса ва келажакда содир бўлишини билган амалларни ирода қилмаса, бу мақтов бекор бўлади ва парвардигорлик сифатларининг жумласидан чиқади. Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир тоифа учун улардан содир бўлишини билган ишларни ирода қилиши ўз тасдиғини топди.
«Парвардигорингизнинг қўшинларини (фаришталарнинг адади ва сифатларини) Унинг ўзигина билур».
[ал-жунд] - бу улар воситасида интиқом олинадиган ва ғолиб бўлинадиган жамоа номидир. Аллоҳ таолонинг: «Парвардигорингизнинг қўшинларини Унинг ўзигина билур», деган сўзидан дўзах эгалари (қўриқчилари) бўлган фаришталар ирода қилинган бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг аскарлари озлиги сабабли дўзах қўриқчиларини кам сонли қилган, деган маъно тушунилмайди.
«Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни уларнинг ададлари миқдори ва ҳолатларини) Унинг ўзигина билур». Бинобарин, ушбу оят «Парвардигорингизнинг қўшинларини, яъни бу қўшинларнинг қуввати, куч-қудрати ва ҳайбатини Унинг ўзигина билур», деган маънода бўлади.
Шунингдек, ушбу қўшинларга дўзах аҳлини азоблаш вазифаси фаришталарни имтиҳон қилиш эътиборидан юклатилган бўлиши ҳам мумкин. Чунончи, баъзи фаришталар жаннат ахдига туҳфалар ва тортиқларни етказиб бериш билан, яна баъзилари бу дунёда жонларни олиш билан, баъзилари эса ёмғир олиб тушиш ва бошқа ишлар билан имтиҳон қилинган.
Фаришталарнинг дўзах аҳли устидан ҳукмрон қилиб қўйилиши уларга мукофот тарзида бўлиши ҳам мумкин. Чунки улар дўзах аҳлини азоблаганлари ва Аллоҳнинг душманларидан ўч олганларидан лаззатланадилар. Чунки воқеликда ҳам инсон ўз душманидан ўч олганида лаззатланади ва роҳатланади.
Аллоҳ таолонинг бу ояти «Парвардигорингизнинг қўшинларини, (яъни қўшинлари кўплигини) Унинг ўзигина билур», деган маънони ҳам қабул қилади. «Парвардигорингизнинг қўшинларини, яъни (енгилмас) қўшин қилиб (тизиб) қўйилишлари ва интиқом олишга яроқли бўлишлари сабабини Унинг ўзигина билур», деб ҳам талқин қилиш мумкин. Зеро, Аллоҳ Узи яратган нарсаларнинг энг заифлари билан ҳам душманларидан интиқом оладиган қўшин қилиб қўйишга қодир Зотдир. Мисол учун, Намруд замонидаги чивин воқеаси, Фил эгаларига қушларнинг юборилиши, Лут алайҳиссалом қавми устига тош ёғдирилиши ва бошқалар.
Аллоҳ таолонинг: «Парвардигорингизнинг қўшинларини Унинг ўзигина билур» ояти «Аллоҳ таоло душманлардан интиқом олиш учун нималарни қўшин қилиб олишни фақат Узигина билур», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Ахир кўрмайсизми, Аллоҳ таоло баъзи душманларини - Фиръавннинг қавми ва Нуҳнинг қавмидан сувга ғарқ қилиш билан интиқом олган. Баъзи осий қавмларнинг устидан кучли шамолни қўшиндек юбориб, уларни ҳалок этган. Яна баъзиларини ерга юттириб юбориш билан ҳалок этган. Бинобарин, бу оятда Аллоҳнинг азоби ва ғазаби тушиб қолишидан эҳтиёт бўлиш лозимлигига ишора бордир.
«У (жаҳаннам ҳақидаги хабар) инсонлар учун бир эслатмадир».
Бу оят маъносини Сақарга буриб тушуниш мумкин. Яъни у инсонлар учун эслатма, ўгит, уларга ўз амалларининг оқибатини эслатишдир. Шунингдек, бу оятни фаришталарнинг ададига буриб тушуниш ҳам мумкин.

[32] Йўқ! Ой билан қасамёд этаман,

[33] ўтиб кетган тун билан ҳам,

[34] ёришиб келаётган тонг билан ҳам...
Бу оятдаги [калла] ҳарфига бир таъвилда «ҳақиқатда» деб маъно берилган бўлса, бошқасида у «тийиб қўйиши» ва «танбеҳ бериши» маъносида келгани айтилади.
Аллоҳ таолонинг: «Ой билан қасамёд этаман, ўтиб кетган тун билан ҳам, ёришиб келаётган тонг билан ҳам...» оятлари қасам ўрнида келган. Биз юқорида қасам кўзланган нарсани таъкидлаш учун ишлатилади, деб айтдик. Туннинг чекиниши куннинг келиши билан бўлади. Туннинг охирги қисмининг зикр қилиниши унинг бошланишини зикр этилишини тақозо қилади. Куннинг аввалини зикр қилиниши унинг барча қисмини зикр қилинишини тақозо этади. Демак, тун билан ичилган қасам унинг барчаси билан, кун билан ичилган қасам унинг ҳаммаси билан ичилгандек бўлади. Сўнг оқшом келганида ўзининг зулмати билан қисқа вақт ичида ҳамма нарсани ўраб олади. Шунингдек, кун келганида, халойикдан қисқа фурсатда зулматни кетказади. Фаразан, инсон узоқ умри давомида булар ҳақида тўлиқ илмга эга бўлиш учун уларни санашга жидду жаҳд қилса, асло бунинг уддасидан чиқа олмайди. Туннинг биз айтган ҳукмронлиги ва куннинг келишида биз зикр қилиб ўтган ишлар бор экан, юқорида таъкидлаганларимиз кўз билан кўриладиган ва шоҳиди бўлинадиган бир иш бўлиб чиқади. Кун ва тунда қандай ҳикмат борлигини билишни истасалар, яъни тун қайси сифати билан нарсаларни идрок қилишдан кўзларни тўсувчи экани, парда бўлишга ярашини, кун қандай қилиб ўша пардаларни кетказувчи бўлганини билишни хоҳласалар, бунга асло қодир бўлмайдилар.
Бинобарин, бу оятда шу нарса баён қилинмокдаки, ақл юритиш ва мулоҳаза қилиш орқали ҳикматини идрок қилиб бўлмайдиган ҳар нарсани ҳам инкор этиш тўғри эмас. Демак, бу нарсанинг замирида пайғамбарлар олиб келган хабарларни, гарчи уларда яратиб қўйилган ҳикматдан мулоҳаза ёрдамида воқиф бўлинмаса-да, тасдиқлаш вожиблиги ётибди. Бу оятда шунга ишора борки, кун ва тунни пайдо қилувчи Зот ягонадир, халойиқларнинг барчаси Унинг ҳукми ва тасарруфи остида бўлиб, улар тўғрисида Ўзи хоҳлаганидек ҳукм қилади, Ўзи истаган ишни амалга оширади.
Шунингдек, оятдаги қасам зикри келган икки вақт - туннинг чекиниши ва тонгнинг ёришишига тааллуқли бўлиши ҳам мум-кин. Бинобарин, бу икки вақтда улардан аввалги вақтларда бўлган ҳикмат яширин бўлади.
Оятдаги [асфаро] сўзи «ёритмоқ, тарқалмоқ» маъносида, [из адбаро] сўзи эса «кетмоқ» маъносидадир. Ривоят қилинишича, Кайсоний(Абу Бакр Абдураҳмон ибн Кайсон Асом (ваф. 225/840 й.) мўътазилий мазҳабидаги фақиҳ ва муфассир.) бундай деган: [дабаро] - «кетди» сўзи Қурайш лаҳжасидаги сўздир. Улар истеъмолда
[заҳаба кал амсид даабири], яъни «ўтиб кетган кечаги кунга ўхшаб, у ҳам кетди», деб айтадилар. Улар бу сўзни фақат кун, ой ва йилга нисбатан ишлатадилар, бошқа нарсаларга эмас.
дабарор рожулу] ёки [дабарал амру] деб айтмайдилар, аммо [адбаро] деб айтилади».
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида [иза дабаро] деб, бошқа қироатларда эса [иза адбаро] шаклида ҳам ўқилган. Юқорида таъкидланганидек, барчага маълум ва машхури [из адабаро] шаклидир.

[35] Албатта, у (жаҳаннам охиратдаги) улкан (бало)лардан бири,
Айтилишича, гап Сақар ҳақида кетмоқда. Сўнгра дўзах аҳлининг азоби турлича бўлиб, жаҳаннамда ҳам поғоналар мавжуд. Сақар ундаги поғоналарнинг бири, чунки у ҳам азобнинг бир кўринишидир. Шу боис у улкан балолардан бири дейилган.

[36] Инсонлар учун огоҳлантирувчи,
Баъзи муфассирлар бу ердаги огохдантириш сифатини Сақарга, баъзилари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга буриб, маъно берганлар. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Бу (Қуръон) араб тилидаги (олдинги илоҳий китобларни) тасдиқловчи бир Китобдир. У золим (кофир) бўлганларни (охират азобидан) огоҳлантириш ва эзгулик қилувчиларга (жаннат ҳақида) хушхабар сифатида (нозил қилингандир)» (Аҳқоф сураси, 12-оят). Баъзи қироат олимлари (ушбу оятдаги [лийунзиро] иборасини) [литунзиро] «огоҳлантиришингиз учун» деб ўқиганлар ва огоҳлантиришни Пайғамбаримизга нисбат берганлар. Яна баъзилари уни Қуръонга нисбат бериб, [лийунзиро] - «огохдантириши учун» деб ўқиган.
Асл қоида шуки, иш-ҳаракат содир этмайдиган нарсаларга нисбат берилган амаллар иккита ишни тақозо этади. Биринчиси, бир иш унинг пайдо бўлишига сабаб бўлаётган нарсага нисбат берилади. Агар шу сабаб бўлмаса, бу ҳолат содир бўлмайди. Улар ўша ҳолатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлгани учун унга нисбат берилган. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшайди:
«Ва дунё ҳаёти уларни алдаб қўйган» (Анъом сураси, 70-оят). Дунё ҳаёти ҳеч кимни алдамайди, лекин инсонлар унинг зийнатига алданадилар. Дунё ҳаёти уларнинг алданишларига сабаб бўлгани учун алдаш амали дунёга нисбат берилган.
Иккинчиси, дунё шундай кўринишда яратилганки, агар алдов аҳлидан бўлганида, албатта, алдаган бўлар эди. Шунинг учун ҳам бу иш дунёга нисбат берилган. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги қиссада бундай деган:
«Эй Раббим! У (санам)лар кўп одамларни йўлдан оздирди» (Иброҳим сураси, 36-оят). Санамлар ҳаракатсиз нарса бўлгани учун уларга адаштириш сифатини бериб бўлмайди. Лекин уларга сиғинувчилар улар сабабли йўлдан озганлари учун адаштириш амали санамларга нисбат берилган. Санамлар ҳам шундай суратдаки, агар уларнинг иш-ҳаракатлари бўлганида, албатта йўлдан оздирган бўлар эдилар. Иўлдан оздириш амали биз айтиб ўтган ўша икки жиҳат учун санамларга нисбат берилган.
Худди шунга ўхшаб, огоҳлантириш амали ҳам бу оятда дўзахга нисбат берилган. Чунки у тилга олинган вақтда инсон огоҳ тортади. Шунинг учун у дўзахга нисбат берилган. Ёки дўзах шундай бир кўринишда яратилганки, агар огоҳлантирадиганлар аҳлидан бўлганида, албатта, у огоҳлантирувчи бўлар эди. Валлоҳу аълам!

[37] Сизлардан илгарилашга ёки чекинишга ихтиёрли кишилар учун (тайёрлаб қўйилган)дир.
Айтишларича, бу оят тахдид маъносидадир. Бу ҳам қуйидаги оятга ўхшайди:
«Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин ва хоҳлаган кимса кофир бўлсин!» (Каҳф сураси, 29-оят). Бундай таҳдидлар панду насиҳатда муболаға қилиш ва ишларнинг оқибатини эслатиш ортидан айтилади. Аллоҳ таоло бу сурада муболаға билан насиҳат қилган, бандаларнинг ишлари оқибатини баён қилган.
«Илгарилашга ёки чекинишга...» оятининг таъвили ҳақида бундай дейилган: Аллоҳнинг тоати учун илгарилашга ёки тоатнинг ўрнига, Аллоҳга осийлик қилиш учун чекинишга. Аслида инсон ўзига фойда ва яхшиликлар келтирадиган ишларни севадиган, ёмонлик ва зарарларни ёмон кўрадиган килиб яратилган. Ким бир нарсани яхши кўрса, уни талаб қилади ва ким бирор нарсани ёмон кўрса, ундан четланиб, ўзини олиб қочади. Инсон нимани талаб қилса, у томонга илгарилайди, бирор нарсадан қочса, ундан ортга чекинади. Демак, талаб қилиш маъноси илдамлашдан ва қочиш (ёмон кўриш) маъноси чекиниш сўзи орқали ифодаланган.
Бир таъвилда айтилишича, Аллоҳ таолонинг «Илгарилашга...» деган сўзи Аллоҳнинг тоати сари илгарилашга, деган маънони ифодалайди. Чунки У Зотга тоат қилиш бандага охиратда фойда беради ва яхшиликлар олиб келади. Ёки Унинг тоатидан чекинишга (деган маънони беради). Чунки У Зотнинг тоатидан юз ўгиришда ўзини ҳалокатга ва турли ёмонликларга ташлаш бордир.
Ёки «Сизлардан илгарилашга ёки чекинишга ихтиёрли кишилар учун (тайёрлаб қўйилган)дир» оятининг маъноси Аллоҳ таоло бандада илгарилаш ва чекиниш феълини яратиши билан, деган маънода бўлиши мумкин. Ана шунда, у банда қудрат доирасида вужудга келгани боис, унинг феъли ва касби Аллоҳ таолонинг яратгани бўлади. Яъни бу қараш бизнинг «илгарилаш ва чекиниш бандага нисбат берилишида бизга қарши ҳеч қандай ҳужжат йўқдир», деган сўзимизга ўхшайди. Тавфиқ Аллохдандир!

[38] Ҳар бир жон ўзи (дунёда) қилган (яхши ва ёмон) амали билан гаровлидир.
Бу оятнинг таъвили - яна ҳам Аллоҳ билувчироқ - охиратда ҳар бир жон дунёда касб қилган амаллари билан гаровли ҳолда бўлади, деган маънодадир. [раҳина] сўзи [ғалиқотун] - «бир жойда қулфланган» демакдир.
Бу оятда шунга далил борки, гаровга қўйилган нарса гаровга олган шахсда ҳамма вақт (фойдаланишдан) тўсиб қўйилади. Гаров эгаси қарзини тўлаганидан сўнггина ундан тўсиқни кетказиши ва фойдаланиши мумкин бўлади. Ушбу оятда яна гаров ҳалок бўлганида, унинг баробаридаги нарса ҳам ҳалок бўлишига далолат бор. Чунки жазолаш лозим бўлгани боис жонлар азоб билан гаровланган бўлади. Демак, азоб ўша жонлар учун жазога айланади. Маълумки, жонларга азоб тушиши сабабли улар ҳалок бўлади. Худди шу каби гаров ҳам қарз эвазига ушлаб турилади ва унинг ўрнини босади. Унинг ҳалок бўлиши қарзга боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам!

[39] Фақат ўнг томон эгаларигина
«Фақат ўнг томон эгаларигина жаннатларда бир-бирлари билан савол-жавоб килурлар». Унг томон эгалари - улар шундай зотларки, Аллоҳ таоло уларни бошқа бир оятда бундай деб васф қилган:
«Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса...» (Иншиқоқ сураси, 7-оят). Аллоҳ таоло бу оятда ўнг томон эгаларини (амаллари билан) гаровли бўлганлар жумласидан истисно қилган. Чунки Аллоҳ гаровга олинганларни кўпликни ифодаловчи лафз билан, яъни [куллу нафсин] - «ҳар бир жон» деб зикр қилган. Шундай экан, ўша умумийлик ичидан жамоатни истисно қилиш тўғридир. Яъни ўнг томон эгалари улар билан (ўз жонларини) гаровдан озод қилишга ҳақли бўладиган амалларни қилганлардир. Чунки жиноятчи (кофир) лар ўз жиноятлари билан гаровлидирлар. Ўнг томон эгалари эса яхшиликларни касб этганлар, солиҳ амаллар қилганлар. Аллоҳ таоло солиҳ амалларни гуноҳлар ва хатоларни ювиб юборувчи қилиб қўйган. Чунончи, У Зот бундай марҳамат этган:
«Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотларнинг гуноҳларини албатта ўчирурмиз ва уларни қилиб ўтган чиройли амаллари билан мукофотлагаймиз» (Анкабут сураси, 7-оят).

[40] Жаннатларда бир-бирлари билан савол-жавоб қилурлар

[41] жиноятчи (кофир)лар ҳақида.

[42] (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни Сақарга нима киритди?» (деганларида),

[43] улар айтурлар: «Бизлар (дунёда яшаганимизда) намозхонлардан эмас эдик,

[44] мискинга (бизга берган Аллоҳнинг бойлигидан) таом берувчи ҳам бўлмадик.

[45] Бизлар (беҳуда сўзларга) шўнғийдиганлар билан бирга шўнғир эдик.

[46] Жазо кунини (қиёматни) ёлғонга чиқарар эдик».
Аллоҳ таолонинг: «Жаннатларда бир-бирлари билан савол-жавоб қилурлар, жиноятчи (кофир)лар ҳақида. (Улар дўзах аҳлига): «Сизларни Сақарга нима киритди?» (деганларида)...» оятларининг зоҳирий маъноси бу савол-жавобни жаннат аҳлидан бир-бирларига беришган, деган фикрга олиб боради. Агар саволни бир-бирларига берган бўлсалар, (оятда) «Уларни Сақарга нима киритди?» дейилиши керак эди. Чунки бу ерда Сақар аҳли савол бермаяпти, балки улар ҳақида бошқалар сўрамоқда. Ахир сиз Аллоҳ таолонинг «жиноятчи (кофир)лар ҳақида» деганини кўрмайсизми? У Зот: Жиноятчи (кофир) лар бир-бирларидан сўрайдилар, демаган. Демак, аниқ бўлдики, оятнинг зоҳири хитоб қилинаётган шахслар жиноятчи (кофир)лардан бошқалар бўлишини тақозо этади. Шунинг учун ҳам биз бу каби ҳолатларда «Уларни Сақарга нима киритди?» деб айтилиши керак, деган эдик. Лекин оятда яширин ибора(Аллоҳ таоло гўё: «Улар жаннатларда жиноятчи (кофир)лардан сўрайдилар», дегандек бўлади.) ҳам мавжуд бўлиб, у ҳазф (сўз ёки жумладан айрим бўлакларни муайян сабаблар билан тушириб қолдириш) қилинган, деган эҳтимол ҳам бор. Агар у тушириб қолдирилган десак, шак ва чигаллик бартараф бўлади. Аллоҳ таоло гўё: «Улар жаннатларда жиноятчи (кофир)лардан сўрайдилар», дегандек бўлади. Бинобарин, бу билан савол Сақар аҳлига - чап томон эгаларига
- айнан ўшаларга берилгани ўз тасдиғини топди.
Жаннат эгалари бир-бирларидан жиноятчи (кофир)ларнинг маконлари ва қаерда эканлари ҳақида сўраганларида, уларни кўриб қолиб: «Сизларни Сақарга нима киритди?»
- деб сўрашлари эҳтимоли ҳам бор. Ана ўшанда улар: «Бизлар (дунёда яшаганимизда) намозхонлардан эмас эдик...» дейдилар. Ахир, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига назар солмайсизми:
«Бас, ўзи қараб, уни дўзахнинг ўртасида кўрди» (Соффот сураси, 55-оят). Бундан аён бўладики, жаннат эгалари уларнинг (кофирларнинг) жойларини кўрадилар. Кўрганларида улардан: «Сизларни Сақарга нима киритди?» деб сўрайдилар. Улар эса Аллоҳ таоло улардан хабар берганидек қуйидагича жавоб берадилар: «Бизлар (дунёда яшаганимизда) намозхонлардан эмас эдик, мискинга (бизга берган Аллоҳнинг бойлигидан) таом берувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (беҳуда сўзларга) шўнғийдиганлар билан бирга шўнғир эдик. Жазо кунини (қиёматни) ёлғонга чиқарар эдик».
Қоида шуки, қабул бўлиши имонга боғлиқ бўлган (охиратда фойда берадиган) амаллар имон эгалари бўлмаган (кофир) кимсаларга нисбат берилганида ундан қабул қилиш(Чунки Аллоҳ наздида имонсиз кишидан амаллар қабул қилинмайди.) назарда тутилган бўлади. Имон эгаларига нисбат берилганида эса ўша амалларнинг ўзи назарда тутилган бўлади.
Бунинг далили шуки, кофир бўлган кимса охиратни инкор этувчи бўлса, гарчи намоз ўқиса ҳам, мискинларга таом едирса ва закот берса ҳам, Сақарга киритилади. Закот берса, намоз ўқиса ва мискинларни таомлантирса ҳам, токи имон келтирмагунича, бу ишлар кофирга фойда бермайди. Демак, мазкур амаллардан улар бажариш эмас, балки уларни қабул қилиш ва эътироф этиш маъноси назарда тутилган. Бу гапнинг тўғрилигига қуйидаги оят далил бўлади:
«Қачонки уларга: «Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!» - дейилса, кофир бўлган кимсалар имон келтирган зотларга (истеҳзо билан): «Агар Аллоҳ хоҳласа, Ўзи озиқлантирадиган кишиларга бизлар таом берамизми? Сизлар, шубҳасиз, аниқ залолатдадирсиз», дерлар» (Ёсин сураси, 47-оят). Улар ўз зиммаларига (мискинларга) таом едириш вожиблигини инкор этганлар. Оятдаги «иқомат» сўзидан намоз ўқиш эмас, балки уни қабул қилиш ирода қилинган. Улар намозни тўкис ўқишни қабул қилишлари ва закот беришни эътироф этишлари вожиб бўлади. Баъзи ўринларда «иқомус-солат» (намозни тўкис адо этиш) ва «ийтауз-закат» (закот бериш) сўзларидан уларни ибодат сифатида қабул қилиш маъноси ирода қилинган бўлиши мумкин. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Агар тавба қилиб, намозни мукаммал адо этсалар ва закот берсалар, уларни қўйиб юборингиз!» (Тавба сураси, 5-оят). Уларнинг намозни мукаммал адо этишлари ёки закот беришлари уларни қўйиб юборишнинг шарти бўлмаган, аксинча, оятнинг маъноси улар намоз ва закотни ибодат сифатида қабул қилишларидир. Улар намозни эътироф этиб, уни адо этишни қабул қилсалар ва закотни ҳам эътироф этсалар, ҳали бу ишларни қилмаган бўлсалар ҳам, уларни қўйиб юбориш лозим бўлади. Шунинг учун ҳам оятни (юқоридаги амалларни) қабул қилиш маъносида таъвил қилиш тўғри бўлади.
Таъкидланганидек оят намоз ва закотни қоим қилиш маъноси-да таъвил қилинмади. «Бизлар (дунёда яшаганимизда) намозхонлардан эмас эдик» оятидаги «мусоллийн» (намозхонлар) сўзидан барчамиз билган намоз ибодати кўзда тутилган бўлса, юқоридаги таъвил тўғри бўлади. Ахир нега шундай бўлмасин? Ҳолбуки, бу оятда зикр қилинган «намозхонлар»дан мўминлар ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин-ку. Чунки намозхонлар - ана шулар мусулмонлардир. [ажмаъа аҳлус солати ъала ҳаза] - «Намозхонлар фалон нарсага иттифоқ қилдилар», деб айтилади ва бу билан мусулмонлар назарда тутилади.
Аллоҳ таолонинг қиёмат кунини инкор этиш, намозни тарк қилиш ва мискинларга таом бермасликни ушбу оятларда жамлаши валлоҳу аълам икки маънони ифодалайди. Биринчиси, намоз, таом бериш ва закотни эътироф этган киши қиёмат кунига имон келтирган зот ҳисобланади. Чунки инсон охир-оқибатдаги манфаатлардан умидвор бўлгани учун шу амалларни бажаришга рағбат қилади. Оқибатдаги жавобгарликдан қўрқиб, уларни тарк қилишдан сақланади. Агар қиёмат кунини эътироф этмаса, на манфаат умид қилади ва на зарар етишидан қўрқади. Бу нарса уни мискинга таом бермаслик, намозни зое қилиш, закот бермаслик, уларнинг барчасини инкор этиш ва қабул қилмасликка ундайди. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти кабидир:
«Динни (охират жазосини) инкор этадиган кимсани кўрганмисиз?! Бас, у (оқибатлардан умиди йўқлиги учун) етимни жеркийдиган ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайдиган (кофир) кимсадир» (Моъун сураси, 1-3-оятлар). Агар у ўз амалининг оқибати бор деб билмаса, етимга ёрдам беришни эътироф этмайди ва мискинларга садақа бермайди. Балки қиёмат кунини инкор қилиши уни етимга зулм қилишга ва мискинларга таом бермасликка ундайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ушбу оятларда қиёмат кунини инкор этиш, намозни тарк қилиш ва мискинларга таом бермасликни жамлаб зикр қилди.
Уларни қиёмат кунини инкор этишга ундаган нарса Исломни қабул қилиш билан зиммаларига юкланадиган мана шу вазифалар бўлиши мумкин. Чунки улар охиратга имон келтирсалар, намоз ўқиш, закот бериш, мискинни таомлантириш, Рамазон ойи рўзасини тутиш ва бошқа ибодат амалларини зиммаларига олишлари шарт бўлар эди. Бу амаллар уларга оғирлик қилгани учун имон келтирмадилар. Чунки улар мўминлар ўз елкаларига олган бу амалларнинг ўзларига ҳам вожиб бўлиб қолишини истамадилар.
«Бизлар (беҳуда сўзларга) шўнғийдиганлар билан бирга шўнғир эдик» оятидаги [ал-хоиз] - бу ботилга шўнғувчи кимсадир.

[47] То аниқ нарса (ўлим) келгунича».
Яъни то шўнғиб юрган ишларимиз билан биз ботил йўлда эканимизга аниқ ишонгунимизга қадар.

[48] Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас.
Яъни уларни шафоат қиладиган ҳеч ким йўқ.
Аслида шафоат кофирларга нисбатан олиниб, «улар учун шафоатчилар йўқ» ёки «шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас» дейилса, шафоат йўқлигини, яъни уларни шафоат қиладиган ҳеч ким йўқлигини тақозо қилади. Агар мўминларга нисбатан ишлатилса, уни инкор қилишни эмас, балки шафоат қилувчиларнинг шафоатлари фойдасиз эканини тақозо этади. Чунончи, биз юқорида таъкидлаганимиздек, имонни талаб қиладиган амаллар (масалан, «намозхонлардан эмас эдик» оятида келганидек) кофирларга нисбатан ишлатилса, уларни қабул қилмасликни тақозо этади. Мўминларга нисбатан ишлатилса, уларни адо этмаганлик кўзда тутилади.
Бизнинг: «Уни шафоат қиладиган зот йўқ, дейилса ва бу билан мусулмон киши ирода қилинса, шафоатни буткул инкор қилиш эмас, балки шафоатдан фойдалана олмаслик назарда тутилади», деган гапимиз мўътазилийлар ва хаворижларга қарши қаратилган. Чунки биз гуноҳи кабира қилган кишини шафоат қилинишга ҳақли мусулмонлардан деб ҳисоблаймиз.
Мўътазилийлар ва хаворижлар эса бундай дейдилар: «Аллоҳ таолонинг ҳукмига кўра, гуноҳи кабира қилганларнинг афв этилиши жоиз эмас, балки Аллоҳ уларни дўзахда абадий қолдиради. Чунки У Зот гуноҳи кабира қилган кишиларга дўзахни ваъда қилган ва у ерда абадий қолишларини хабар берган. Шундай экан, Унинг ваъдасида хилоф пайдо бўлиши ёки Унинг хабарида ёлғон учраши жоиз эмас. Агар улар шафоатга сазавор бўлсалар ва у сабабли Аллоҳнинг мағфиратига эришсалар, У Зот берган ваъдасига хилоф қилувчи ва берган хабарида ёлғончига чиқиб қолади. Бинобарин, бандалар гуноҳи кабира қилсалар, шафоат сабабли (азобдан) қутулишлари асло умид қилинмайди, балки улар дўзахда абадий қоладилар, деб ҳукм қилинади. Шунда Аллоҳнинг хабарида ёлғон мавжуд бўлишига далил йўқ бўлиб чиқади ва У ўз ваъдасига хилоф қилади, деган хулоса берадиган нарса ҳам йўқ бўлади». Шунингдек, улар кабира гуноҳ қилган инсон дўзахда абадий қолади, деб эътиқод қилганлари учун ўз эътиқодларига кўра, шафоатни ҳам инкор қилишлари керак. Зеро, Аллоҳ таоло:
«Сизларни (аввал бошда ярата) бошлаганидек, (қиёматда мангу ҳаётга) қайтурсизлар. Бир гуруҳни ҳидоятга йўллади, (бошқа) бир гуруҳга эса залолат (битилгани) ҳақ бўлиб чиқди» (Аъроф сураси, 29-30-оятлар), деган. Уларга азоб битилиб, сўнг қайта тирилганларида азоб етмаслиги жоиз эмас. Мўътазилийлардан бир жамоаси охиратда шафоат бор бўлишини инкор қилиб, қуйидаги оятларни далил-ҳужжат қилдилар:
«Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўқ» (Шуъаро сураси, 100-оят).
«(Эй имон келтирганлар!) На савдо-сотиқ, на ошна-оғайничилик ва на шафоат (қилиш) бўлмайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан (шу дунёда) эҳсон қилингиз!» (Бақара сураси, 254-оят).
«Биров бирор нарсада ўзганинг ўрнига ўта олмайдиган, (гуноҳкор учун) бадал ҳам олинмайдиган, унга шафоат ҳам фойда бермайдиган... кун (қиёмат)дан қўрқингиз! (Бацара сураси, 123-оят).
Улар (мўътазилийлар)нинг даъволарича, қиёмат куни ҳар бир инсоннинг шафоатчиси унинг ўз амалидир. Демак, кимнинг амали яхши бўлса, у сабабли (дўзахдан) нажот топади, аксинча, кимнинг амали ёмон бўлса, унга азоб ҳақли бўлади ва уни шафоат қилувчи зот бўлмайди (шу ерда мўътазилийлар гапи тугади).
Мазкур оятларнинг зоҳиридан олинган бу гаплар билан шафоат йўқ деб инкор қилиш лозим бўлса, унда қуйидаги оятлар билан уни исботлаш шарт бўлади:
«Улар фақат Аллоҳ рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар. Уларнинг (ўзлари) Ундан хавфсираб қўрқиб турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят).
«У кунда шафоат (оқлов) Раҳмон изн берган ва сўзидан У рози бўлган кишидан бошқага фойда бермас» (Тоуо сураси, 109-оят). Зеро, бу икки оятда шунга ишора борки, Аллоҳ таоло қиёмат куни баъзиларга шафоат қилиш учун изн беради. Демак, сиз (мўътазилий)лар айтган ўша шафоатни инкор қилувчи далиллар у (шафоат)ни бутунлай инкор қилинишини тақозо этмайди. Балки шафоат йўқлиги халойиқларнинг айримларига тегишли бўлиб, баъзиларига эса шафоат қилиш ҳуқуқи берилади, деб эътиқод қилиш лозим бўлади.
Ҳадисларда гуноҳи кабира эгалари учун шафоат мавжудлиги батафсил айтилган. Бинобарин, юқоридаўтган: «Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўқ» ва «на ошна-оғайничилик ва на шафоат бўлмайди» оятларининг ҳукми кофирларга тегишли бўлиб, биз шундай эътиқод қиламиз.
Мўътазилийлар орасида шафоатни ҳақ дейдиганлар ҳам бор, аммо уни дунёда фаришталарнинг истиғфорига ҳақли бўлган кимсаларга тегишли деб биладилар. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида зикр қилинган зотлардир:
«Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фа-ришта)лар имон келтирган кишиларни мағфират этишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат ва илм жиҳатдан барча нарсани эгаллагандирсан. Бас, тавба қилган ва йўлингга эргашган кишиларни мағфират эт ва уларни дўзах азобидан сақла!» (Ғофир сураси, 7-оят).
Аммо гуноҳи кабира эгалари эса ҳеч кимнинг шафоатига эришмайдилар, балки дўзахда абадий қоладилар, дейдилар.
Уларга (раддия сифатида) бундай дейилади: «Тавба қилган ва Унинг йўлига эргашган кишилар учун шафоатда қандай манфаат бор? Ҳолбуки, улар ўз тавбалари ва тўғри йўлга эргашганлари сабабли (дўзахдан) халос бўлишга ҳақли бўлганлар-ку?» Агар улар: «Уларнинг манфаатлари шуки, шафоат уларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабаларини кўтаради ва бу билан улуғ даражаларга сазовор бўладилар. Мисол учун, ҳаётда ҳам киши подшоҳлар ҳузурида ўзининг биродари мартабасини улуғлаш ва қадрини ошириш мақсадида унинг гўзал сийрати, чиройли хислатлари ва яхшиликларини зикр қилишини кўрасиз. Шунга ўхшаб, охиратда шафоатчилар ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида дўстларини яхши гаплар билан мақтайдилар ва бу билан уларнинг даражалари зиёда ва мартабалари улуғ бўлишини мақсад қиладилар» десалар, жавоби шуки, даражаларнинг зиёда бўлиши фақат кўпроқ хоҳиш-истакларга етишишга олиб боради, холос. Кўпроқ хоҳиш-истак ва лаззатлардаги зиёдалик манфаатлар орасида зикр қилинмайди. Чунки хоҳиш-истакларнинг аксарига уларнинг эҳтиёжлари йўқ. Шафоат каби ишларда бирор ҳожатни чиқариш ва манфаатга эришиш кўзда тутилади.
Маълумки, инсонларнинг шафоатдан умидлари ундаги манфаат учундир. Қачонки унга эҳтиёж бўлсагина, улар учун шафоатда манфаат пайдо бўлади. Гуноҳи кабира эгалари - шафоатга кучли эҳтиёж сезадиган кишилардир. Аммо тавба қилиб, Аллоҳга қайтган кишиларга келсак, улар шафоатдан беҳожатдирлар. Шунинг учун ҳам гуноҳи кабира қилган кишилар учун шафоат ҳакдир, деб эътиқод қилиш лозим.
У (мўътазилий)ларнинг воқеликдан келтирган далиллари асосли гап эмас. Зеро, инсон ўз биродарини чиройли сифатлар ва ундаги яхши хислатлар билан сифатлашига сабаб подшоҳларнинг у ҳақида мақтовга сазовор ҳолатларини билмаслигидир. Бинобарин, подшоҳ унинг ҳолатидан бохабар бўлса, ҳеч ким у ҳақда яхши хислатини айтишга ботинолмасди. Демак, подшоҳлар ҳузурида уни мақтаб гапиришга бўлган зарурат уларнинг бу киши ҳақида маълумотга эга эмаслигидир. Аллоҳ таолога бирор инсоннинг ҳолати, унинг зоҳирий ва ботиний ишлари махфий қолиши мумкин эмаски, уни таърифловчига эҳтиёж туғилса. Шундай экан, шафоат мўътазилийлар айтиб ўтган сифат учун бўлмаслиги, балки биз айтиб ўтган гаплар учун бўлиши ўз тасдиғини топди.
Бундан ташқари, афв этиш ва кечириш - қилган жинояти учун жазоланиши керак бўлган инсондан жазони олиб ташлаш демакдир. Шафоат бандалар ўртасида маълум иш бўлиб, у - жазо ва ғазабга сабаб бўлувчи хато ишларни қилганида, яхши инсонлар ва обрў-эътиборли шахслар шафоати билан афв этилади. Аллоҳ таолонинг яхшилар ҳамда У рози бўлганлар ва муқарраб бандалар шафоати билан жазога лойиқ инсонларни афв этишини рад этиб бўлмайди. Тавфиқ Аллохдандир!

[49] Нега улар (илоҳий ваҳий ва) эслатмадан юз ўгирувчидирлар?!
Оятнинг таъвили бундай бўлиши мумкин: уларга нима бўлдики, ўзларининг фойда ва зарарлари учун бўладиган ишлар ёки охиратлари ва қайтиш жойлари ҳақидаги эслатмадан юз ўгирадилар?! Эслатма Пайғамбар алайҳиссалом ва Қуръон бўлиши мумкин. Чунки уларнинг ҳар бири ҳам инсонга нима фойдаю нима зарар эканини эслатади. Валлоҳу аълам!
Ёки оят таъвили: «Уларга нима бўлдики, қадрлари улуғ бўлиши, фаришталар ҳузурида зикр қилинишларига сабаб бўладиган нарсалардан юз ўгирадилар?!» бўлиши мумкин. Бунга сабаб бўладиган нарсалар Аллоҳга итоат қилиш ва Унинг ибодатига юзланиш билан бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг:
«Дарҳақиқат, сизларга Китоб (Қуръон) нозил қилдик. Унда сизларнинг зикрингиз бордир» (Анбиё сураси, 10-оят), деган сўзига ўхшайди. Унинг маъноси шуки, агар сизлар Қуръонга эргашсангиз ва унинг ҳурматини зое қилмасангиз, у сабабли (фаришталар орасида) зикр қилинадиган ва мартабалари юксаладиган зотларга айланурсиз.

[50] Худди чўчиган эшакларга ўхшаб

[51] шердан қочиб.
Оятдаги [мустанфиротун] сўзи [мустанфаротун] деб ҳам ўқилган. Уни [мустанфиротун] деб ўқиганлар феълни эшакларга нисбат бериб, гўё «қочувчи эшаклар» дегандек бўлади. [нафаро] ва [истанфаро] бир хил маънони (қочмоқ) англатади. Чунончи, қавм уйқуга кетди, деган маънода [истарқодал қавму] деб айтилади.
Уни фатҳа билан ўқиганлар наздида оят «қочишга мажбур қилинган эшак» маъносида бўлади. Қочишга ўқ отиш ва овчи ёки арслон мажбур қилади. Чунончи, муфассирлар (оятдаги) [қасваротин] сўзини «шер» ёки «ўқ отувчилар» ёки овчилар деб таъвил қилганлар.
Арабларда [ҳийа ан-нафироту] - «У қочқокдир» деган гап бор. Бу гап табиатида қўрқиб қочиш устун бўлган ёввойи эшакларга ўхшатишда ишлатилади. Ўхшашлик жиҳати шундаки, улар нажот топишлари, қийинчиликдан қутулишларига сабаб бўладиган нарсадан юз ўгирдилар. Худди зарар ва ҳалокатдан қочаётган эшакларга ўхшаб (эслатмадан) қочдилар. Бу оятда уларнинг ўта жоҳил, ниҳоятда эсипаст эканлари баён қилинган. Чунки эшаклар ҳалокат ва зарардан омон қолиш учун овчи, ўқ отувчи ва шердан қочади. Кофир кимсалар эса ўзларининг нажотларини қўйиб, ҳалокат ва зарар томон қочмоқдалар. Демак, улар эшаклардан ҳам жоҳилроқ ва адашганрокдирлар.

[52] Йўқ! Улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар.
Баъзи муфассирлар ушбу оят борасида бундай деганлар: «Мушриклар: «Эй Муҳаммад, бизга маълум бўлишича, Бани Исроил қавмидан бир киши гуноҳ иш қилиб қўйса, эрталаб ўз уйининг эшигига: «Сен фалон гуноҳ ишни қилдинг», деган ёзув осиб қўйилгани ёки (ётоғининг) бош тарафига ёзиб қўйилганини кўрар экан», дедилар. Баъзи ровийлар бу ёзувга «Сен фалон гуноҳни қилдинг, тавбанг эса мана бундай бўлади», деган жумлаларни қўшимча қилган. Сўнг улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзларига ҳам худди шундай қилишларини сўрайдилар. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида шу хабарни беради ва: Улар ўз орзуларига эришмайдилар, деган маънода «Иўқ!» - деб уларнинг умидини узади».
Қатода розияллоҳу анҳу бундай деган: «Мушриклар: «Эй Муҳаммад! Сенга эргашишимиз сени хурсанд қилса, ҳар биримизга алоҳида-алоҳида саҳифа бергинки, унда «Фалончи ўғли фалончига» деб бизни сенга эргашишга буюрилган бўлсин», дедилар». Бир нақлда айтилишича улар ҳеч нарса қилмасдан туриб, гуноҳдан пок бўлганлик ҳақидаги оқлов берилишини сўраганлар(Табарий ривояти.).
Лекин мазкур таъвилларнинг бирортасига қатъий таяниш лозим эмас. Балки улар эҳтимоллик ва мумкинлик йўлига кўра айтилади. Зеро, ўша муфассирлар бу истакларни билдирган ўша қавмнинг шоҳиди бўлмаганларки, уларнинг хоҳишларини хабар қилсалар ҳамда бу қисса ва хабарлар ўз тасдиғини топса. Ҳужжат эгаси бўлмиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам улар шу нарсани сўраганлари ҳақидаги хабарлар мутавотирлик даражасига етмаган. Шунинг учун улар айтган гапларга асосланиб, аниқ бир фикрни айтиш тўғри эмас.
«Йўқ! Улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар» оятида зикр қилинган бу истак айрим кофирлар, яъни уларнинг бошлиқлари ва катталари ҳақида бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳам ўзи ҳақида очиқ саҳифа берилишини истамаган бўлиши мумкин. Бу ердаги исташдан мурод талаб қилиш, сўрашдир. Сўнгра уларнинг мазкур нарсаларни талаб қилишлари уч хил талқин қилинади. Биринчиси, мушрикларнинг катталаридан ҳар бири ўзига алоҳида китоб нозил қилинишини хоҳлаган бўлиши. Чунончи, Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган:
«Уларга бирор оят (ёки мўъжиза) келса, айтадилар: «Бизга Аллоҳнинг (бошқа) пайғамбарларига берилгани каби оят (ёки мўъжиза)лар берилмагунича, сира имон келтирмаймиз» (Анъом сураси, 124-оят).
Бу ўринда уларнинг қайсарлик ва ўжарлик қилиб, Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кибрланишлари кўрсатиб берилмокда. Бундан мақсад бу ишлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканларини тасдиқлашда уларга бир мўъжиза бўлишидир. Чунончи, Аллоҳ таоло уларни ҳикоя қилиб, бундай дейди:
«Айтдилар: «Токи бизлар учун (мана шу) ерни ёриб, бир булоқ чиқариб бермасанг,... ёки осмонга кўтарилмагунингча биз сенга сира имон келтирмаймиз... Яна бизларга ўқийдиган (бирор) китоб туширмас экансан, (осмонга) кўтарилишингга ҳам сира ишонмаймиз» (Исро сураси, 90-93-оятлар).
Ушбу оятларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари ҳақиқий эканини аниқ билиш учун улар ўзларига китоб нозил қилинишини сўраганлари баён қилинмоқда. Аммо бу қайсарлик ва ўжарлик юзасидан бўлган. Йўқса, улар Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида фикр юритганлари-да, ўзларига нозил қилинадиган китоб билан у зотнинг пайғамбарликларини тасдиқлашга зарурат бўлмаган ҳолда, (холис тафаккурлари) уларни Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари ҳақидаги билимга олиб борган бўлар эди. Валлоҳу аълам.
Мушриклар ўзларининг катталарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра пайғамбарликка ҳақлироқ ва китоб нозил қилинишга муносиброқ деб билган бўлишлари мумкин. Чунки улар ўз улуғларини (бой-бадавлатлик ва шу кабиларда) у зотга нисбатан афзалроқ эканини кўрганлар. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига назар солмайсизми:
«Яна улар: «Бу Қуръон икки шаҳар(нинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди», дедилар» (Зухруф сураси, 31-оят). Бошқа оятда эса бундай деган:
«Бизларнинг орамизда (зодагонлар туриб,) ўша (Муҳаммад) га зикр (Қуръон) нозил қилинибдими?!» (Сод сураси, 8-оят). Демак, улар мана шу мақсадда очиқ саҳифалар берилишини талаб қилганлар. Чунки улар ўзларини бу фазилатга хос деб билганлар.
Ушбу оятда мазкур таъвилларни айтиб ўтишимизга сабаб мушрикларнинг мазкур сифатлари Қуръон келиши билан маълум бўлган. Муфассирлар зикр қилиб ўтган таъвилларни эса Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган хабарлар орқали аниқлаштириб олиш имконсиздир. Бундан аён бўладики, биз келтирган таъвиллар бу оятга бошқаларидан кўра тўғрироқ ва (эътиборга) моликроқдир. Валлоҳу аълам!

[53] Йўқ! Балки улар охиратдан қўрқмаслар.
Уларни ҳар бирларига алоҳида китоб берилишини сўрашга ундаган нарса охиратга имон келтиришдан юз ўгиришларидир. Улар охиратга имон келтирганларида, бу имонлари уларни қайсарлик ва ўжарликни тарк қилишга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зулм қилмасликка ундаган ва ҳаққа бўйсунишга чақирган бўларди.

[54] Йўқ! У (Қуръон) бир эслатмадир.

[55] Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма олур.

[56] Улар фақат Аллоҳ хоҳлаганидагина (Қуръондан) эслатма олурлар. У (Ундан) қўрқишга аҳл (лойиқ) ва мағфират аҳли ҳамдир.
Бу икки (54-55-) оят(лар)нинг маъносини «Абаса ва тавал-лаа» сурасига, «Улар фақат Аллоҳ хоҳлаганидагина (Қуръ-ондан) эслатма олурлар» оятининг маъносини эса «Изаш-шамсу куввирот» сурасига келганимизда айтиб ўтамиз, иншааллоҳу таоло.
Муфассир уламолар «У (Ундан) қўрқишга аҳл (лойиқ) ва мағфират аҳли ҳамдир» оятини Аллоҳ таолога буриб, маъно берганлар. Инсонларга буриб, маъно бериш ҳам жоиздир. Агар бу оятда инсонлар назарда тутилган бўлса, [ҳува ахдут тақваа]
ояти: «У (Қуръондан) эслатма оладиган тақво аҳлидир» деган маънода бўлади. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини кўрмайсизми:
«Ва уларга тақво калимасини (яъни «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни) лозим қилди. Улар ўша (калима)га жуда ҳақли ва аҳл эдилар» (Фатҳ сураси, 26-оят). Аллоҳ таоло тақво калимасини лозим қилган зотларни тақво аҳлидан деб ҳисоблади.
Агар «У қўрқишга аҳл (лойиқ) ва мағфират аҳли ҳамдир» оятидан мурод Аллоҳ таоло бўлса, у ҳолда таъвили: «Аллоҳ таоло (бандалар) хато қилиш ва адашишдан сақланишга лойиқ Зотдир», бўлади. Бунинг сабаби шуки, киши воқеликда фақат уч хислат туфайлигина ўзидан бошқаларга нисбатан хато қилиш ва адашишдан сақланади:
Биринчиси, унга муҳтожлиги борлигини билгани учун ҳурмат ва улуғлаш юзасидан;
Иккинчиси, унинг ўч олишга бўлган куч-қудрати ва ҳукмронлигини кўргани учун;
Учинчиси, унинг неъматлари ва яхшиликлари кўплиги учун ундан ҳаё қилиб, унга нисбатан хато қилишдан сақланади.
Демак, мана шу ишлар хато ва камчилик қилишдан сақланишга сабабдир. Ҳақиқат шуки, барча халойиқлар Аллоҳ таолога
муҳтождирлар. Улар устидан куч-қудратга эгалик ва ҳукмронлик У Зотникидир. Ҳар бир бандага неъмат берувчи ва яхшилик қилувчи Аллохдир. Шундай экан, У Зот ҳурмат қилиниш, улуғланиш, жазосидан қўрқиш, ҳаё қилинишга ҳақлидир. Ким (мазкур ишлардан) сақланса, мағфират қилинишга ҳақли бўлади.
«У қўрқишга аҳл (лойиқ)...» ояти «У дўзахдан сақлайдиган ишларни Ундан сўрашга ҳақли Зотдир», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Бунинг далили қуйидаги оятлардир:
«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!» (Оли Имрон сураси, 131-оят). Яна:
«Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни дўзахдан сақлангиз!» (Таҳрим сураси, 6-оят). Сўнг қуйидаги оят билан бизга қандай сақланишни ҳам ўргатган:
«Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бакрра сураси, 201-оят). Аллоҳ таоло бу оятда шуни баён этмокдаки, дўзахдан сақланиш Аллоҳ таоло ўзининг фазлу марҳамати ила сақлаши учун У Зотга тазарру ва илтижо қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло бундай деган:
«Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз!» (Фотир сураси, 6-оят). Аллоҳ таоло бу оятда бизни шайтон билан урушиш учун уни душман тутишга буюрмокда ва унга қарши урушиш эса қуйидаги оятга кўра, Аллохдан паноҳ сўраш билан У Зотга илтижо қилишдир:
«Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллохдан паноҳ тиланг!» (Аъроф сураси, 200-оят). Бошқа бир оятда бундай деган:
«Айтинг: «Эй Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман» (Муъминун сураси, 97-оят). Демак, Аллоҳ таоло (бандалар) дўзахдан сақлайдиган нарсаларни сўрашларига ва душман макрини даф қилиш учун паноҳ сўрашларига ҳақли Зотдир.
«...ва мағфират аҳли ҳамдир», яъни Ундан мағфират сўралишга ҳақли Зотдир. Аллоҳ таоло бизни тақво аҳлидан ва гуноҳларимизни мағфират қилиши билан яхшилик ато этган зотлардан айласин!
Айрим муфассирлар «У қўрқишга аҳл (лойиқ) ва мағфират аҳли ҳамдир» оятини Аллоҳ таоло Ундан қўрқишга аҳл (лойиқ)дир, Ундан тақво қилган зотларни мағфират қилишга аҳл (лойиқ)дир, деган маънода таъвил қилганлар. Аллоҳ ёрдам сўралувчи Зотдир!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase