close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

072. Жин сураси

(Маккада нозил бўлган, 28 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1] Сиз айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, Албатта жинлардан (бир неча) нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига жинларнинг келиш сабабида ихтилоф қилинган. Баъзилар: «Иблис осмонга кўтарилиб, унинг кучли қўриқчилар ва учар юлдузлар билан тўла эканини кўриб, ерда аниқ бир ҳодиса бўлганини билган ҳамда лашкарларини уни билиб келиш учун жўнатган», деган. Ва яна баъзилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларида бут-санамлар юзтубан бўлиб йиқилган. Иблис бут-санамлар юзтубан бўлиб қулаганлари сабабли ерда бир ҳол бўлган деб ўйлаб, маълумотга эга бўлиш учун лашкарларини (турли томонга) жўнатди», деганлар.
Баъзи инсонлар ушбу қисса билан Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятда келтирган қиссаси бир мазмунда деганлар:
«(Эй Муҳаммад!) Эсланг, ҳузурингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик» (Аҳцоф сураси, 29-оят).
Улардан баъзилари: «Бу (Жин) сура(си)да зикр қилинган гуруҳ мушрик жинлар, Аҳқоф сурасида зикр қилинган жинлар эса яҳудий жинлар бўлган. Ушбу сурада жинлар(нинг эътиқоди) ҳақида келган оят бунга далил бўлади:
«Албатта, улар (инсонларнинг кофирлари) ҳам худди сизлар гумон қилганингиздек, Аллоҳ бирор кимсани қайта тирилтирмас, деб гумон қилганлар» (Жин сураси, 7-ояти).
Яҳудийлар эса қайта тирилишни тасдиқлаб, уни инкор қилмас эдилар. Демак, у (сурада зикр этилган жин)лар мушриклардан экани собит бўлади. Аҳқоф сурасида Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилган:
«Улар дедилар: «Эй қавмимиз! Дарҳақиқат, биз Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилувчи бир Китобни (Қуръонни) тингладик» (Аҳцоф сураси, 30-оят).
Бундан у (жин)ларда Аллоҳнинг расули Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган китоб ҳақида маълумот борлиги ва улар бунга иқрор эканлари собит бўлади. Яҳудийлар эса бошқа китобга эмас, Мусо алайҳиссаломнинг китобига имон келтирадилар.
Жинларнинг бу Китобни тасдиқ қилишлари ва ўзаро суҳбатга қулоқ тутишлари ҳақидаги Аллоҳ таоло келтирган хабарларда кўплаб фойдалар бордир. Улардан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жинларга ҳам, инсониятга ҳам пайғамбар этиб юборилганлар ва ҳатто жинлар у зотни эшитиш учун (ҳузурларига) борганлар. Кейингиси эса улар Қуръонни Набий алайҳис-салом тилидан эшитгач, қавмлари орасида огоҳлантириш ишларини олиб бориб, шариатни етказишда у зотга ёрдам бердилар. Аллоҳ азза ва жалла (бу ҳакда) бундай хабар берган:
«Қачонки қироат охирлаганда, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар» (Аҳқоф сураси, 29-оят).
(Ундаги фойдалардан яна бири шуки) ўша гуруҳ (жинлар) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (чақириғи)га ижобат қилишга шошилганлар.
Ва яна воқеа замирида жоҳиллар орасида ўсиб-улғайган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (мушрик) қавмини нодон деб кўрсатиш (маъноси ҳам) бордир. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзаро омонатдор, адолатли деб билганлар ва у зотнинг ёлғон ишлатганларига умуман дуч келмаганлар. Ростгўйлик билан танилган зот гарчи тасдиқ қилинмаса-да, у келтирган хабарни тезлик билан ёлғонга чиқарилмайди, балки ёлғони намоён бўлгунича ўз ҳолига қўйилади. Қавмлари у зот алайҳиссаломни ёлғончига чиқардилар.
Омонатдорлиги, адолати билан танилган кишига лойиқ бўлган муомалани қилмадилар. Пайғамбар алайҳиссалом рисолатини тасдиқлаган жинлар у зотнинг келтирган хабарлари рост ёки шубҳали эканидан бехабар эдилар. Уларга ҳужжат намоён бўлиб, олдиларида рисолат (пайғамбарлик) аломати собит бўлгач, дарҳол Набий алайҳиссаломни тасдиқлашга шошилдилар ҳамда у зотга ростгўйлик билан танилган инсонга хос муносабатда бўлдилар. Бу эса у (мушрик)ларнинг ниҳоятда жоҳил бўлганига далолат қилади.
Ушбу воқеада яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатига далолат бор. Чунки Аллоҳ таолонинг:
«У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бас, дарҳол унга имон келтирдик» оятидан бошлаб, улар ўртасида бўлиб ўтган суҳбат охиригача ғайб илми ҳақида хабар берилган. Буни эса фақат ғайб илмидан хабари бор зот билади. Демак, Расулуллоҳ буларни Аллоҳ таоло орқали билганлари собит бўлади.
Сўнг жинларнинг халойиқ ўхшашини келтиришдан ожиз қоладиган мўъжиза (Китоб)ни Расулуллоҳ олиб келганларини билишлари ва Унинг маънолари муҳкам, таълифи ҳамда назми чиройли тартибда эканидан воқиф бўлишлари уларни Расулуллоҳга имон келтиришга ундаган бўлиши мумкин.
Қолаверса, бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то у зотга бир гуруҳ жинлар келиб, ваҳий қилинган нарсани тинглаганлари ҳақида ваҳий орқали маълум қилинмагунча уларнинг келганини сезмаганлари хабари бор. Шунингдек, ботинийлар (фирқаси)нинг сўзи ботил эканига ҳам далил мавжуд. Чунки улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийни руҳоний жасад билан қабул қилган деб ҳисоблайдилар. Агар (ҳолат) улар васф қилгандек бўлганида, жинлар Набий алайҳиссаломнинг ҳузурига келган пайт у зот уларни кўрган бўлар эдилар. Зеро, руҳоний жасад жинларни ошкор этадиган хусусиятга эга ҳисобланади. Демак, у зотга ҳузурларига келган бир гуруҳ жинларни билиб оладиган руҳоний жасадга ваҳий қилинмаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинишича, у зот Жаброил алайҳиссаломдан уни ўз суратида кўришни сўраганлар. Шунда Жаброил алайҳиссалом у зотга: «Сиз бунга тоқат қила олмайсиз, сабаби Ер мени сиғдира олмайди, аммо осмон уфқига қаранг (шунда кўрасиз)», деган(Саълабий раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга: «Мен сизни осмонда қандай бўлсангиз, ўша суратда кўришни хуш кўраман», дедилар. «Бунга сиз тоқат қила олмайсиз», деди. «Иўқ (тоқат қила оламан)», десалар, у: «Сизга қаерда кўринишимни хохлайсиз?» деб сўради. «Абтохда», дедилар. «У мени сиғдира олмайди», деди. «Минода-чи?» деб сўрадилар. «У мени сиғдира олмайди», деди. «Арафотда-чи?» дедилар. «У мени сиғдира олади», деди. Бас, у зот билан ваъдалашдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда чиқдилар. Қарасалар, у (Жаброил алайҳиссалом) Арафот тоғларидан шовқин ва оғирлик билан, Машриқ ва Мағриб ўртасини тўлдирган ҳолда яқинлашиб келмокда экан. Боши осмонда, оёқлари ерда (эди). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни кўришлари билан ҳушларидан кетиб йиқилдилар. Жаброил (алайҳиссалом) дар-ҳол ўз суратига қайтди ва у зотни бағрига босди. «Эй Муҳаммад! Кўрқманг, боши Аршнинг остида, оёқлари етти (нчи қават) ернинг чегарасида бўлган ҳолда Исрофилни кўрганингизда, қандай бўларди? Арш унинг елкасида, у баъзан Аллохдан қўрқиб кичрайиб кетади. Ҳатто васоъ, яъни чумчуқ каби (митти) бўлиб қолади. Раббингизнинг Аршини Унинг азаматигина кўтариб туради» (Қуртубий. «Ал-Жомиъ ли-аҳком ал-Қуръон». 19/241. Қаранг: Багавий. «Маъолим ат-танзил». 8/350).). У зот ваҳийни руҳоний жасад воситасида қабул қилган бўлганларида Жаброил алайҳиссаломни ўз суратида, албатта, кўрган бўлар эдилар. Натижада бундай сўровнинг аҳамияти қолмас эди. Демак, ваҳий иши ботинийлар ўйлаганидек эмаслиги собит бўлди. Балки у зот қуйидаги оятда васф қилинганидек, ваҳийни жасадлари билан қабул қилиб олганлар:
«Сиз: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман...» дегин»
(Каҳф сураси, 110-оят)(Ушбу мазмундаги оятлар: «(Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Дарҳақиқат. мен ҳам сизлар каби бир башардирман. (Фақат) менга илоҳингиз ёлғиз Илоҳ экани ҳақида ваҳий этилмокда. Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!» (Каҳф сураси, 110-оят)-, «(Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Ҳақиқатан, мен ҳам худди сизлар каби бир башардирман. Менга «Илоҳингиз - ёлғиз Аллоҳ» деб ваҳий қилинмоқда. Бас, сизлар Унинг Ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз! Мушрикларнинг ҳолига вой!» (Фуссилат, 6-оят).).
Қутабий: «[ан-нафару] - учтадан тўққиз нафаргача бўлган (жинлар) гуруҳини англатади» деган(«жинлардан бир гуруҳи» (жумласидаги) [нафар] учтадан ўнтагача бўлган (гуруҳ)га айтилади. Ибн Кутайба. «Тафсир гариб ал-Куръон». 489-6.).
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик» ояти ҳақида баъзилар бундай деганлар: [ал-ъажабу] сўзи «нодир» деган маънони билдиради. Жинлар у зот томонидан тиловат қилинишини ғаройиб (ҳодиса) деб билдилар. Чунки улар хат ёзишни ва китоб ўқишни билмайдиган уммий зотдан Уни эшитган эдилар».
Баъзилар эса: «У (Қуръон)нинг гўзал таълифи, назми ва мукаммал тартиби жинларни ҳайратланишга ундаган», деганлар.
Бошқа бир гуруҳ: «Жинлар унинг оятлари ва ҳужжатларидан ажабланишган. Чунки у тавҳид, рисолат ва қайта тирилишни исбот қилиш учун келган. Жинларда вахдоният (Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналиги) тўғрисида илм бўлмаган, балки улар мушрик эдилар. Бундан ташқари улар қайта тирилиш ва рисолат борасида илмга эга эмасдилар. Оятлар мана шу ҳақиқатларни исботлагани сабабли жинлар учун ҳайратланарли бўлган», деганлар. Валлоҳу аълам!
Жин сураси ҳамда Аллоҳ таолонинг:
«(Эй Муҳаммад!) Эсланг, ҳузурингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик» (Аҳкрф сураси, 29-оят) оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг келишини сезмаганлари ҳақида хабар берилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган хабарга кўра, у зот саҳобаларига Раҳмон сурасини тиловат қилаётиб, уларга айтганлар: «Албатта, жинлар сизлардан кўра яхшироқ ижобат қилувчилардир. Мен уларга ушбу сурани тиловат қилганимда: «Эй Раббимиз, неъматларингдан ҳеч нарсани ёлғонга чиқармаймиз, (барча) ҳамд Сеникидир», дер эдилар»(Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари олдига чиқдилар ва Раҳмон сурасини бошидан охирига қадар ўқиб бердилар, улар сукут қилишди. Шунда у зот айтдилар: «Батаҳқиқ, мен жин кечаси (жинлар ҳузуримга келган кеча)да жинларга у (оят)ларни ўкиб бердим. Улар сизлардан кўра яхшироқ жавоб қайтаришар эди. Мен ҳар сафар У Зотнинг «Бас, (эй инсонлар ва жинлар!) Раббингизнинг қайси неъматларини инкор этасиз?!» деган сўзига келганимда: «Эй Раббимиз, неъматларингдан ҳеч нарсани ёлғонга чиқармаймиз, (барча) ҳамд Сеникидир», дедилар». «Сунан ат-Термизий». «Тафсир ал-Куръон». 55-уадис.). Бу хабарда Набий алайҳиссалом уларни кўрганлари ва келганларини ҳис қилганларига далолат бор. Демак, бу (хабар) орқали иккала кўриниш тасдиғини топади, яъни бир маротаба (жинлар келганини) сезганлар, бошқа сафар сезмаганлар.
Аллоҳ азза ва жалла у зотнинг кўзларини қувватли қилиб қўйгани сабабли уларни кўрган бўлишлари ҳам мумкин. Ҳатто у зот жинларни идрок қилганлар, бошқаларнинг кўзи эса уларни кўришдан ожиз бўлган.
Жаннатийлар Парвардигорлари ҳузуридан туҳфалар келтирган фаришталарни кўрадилар. Аллоҳ азза ва жалла (мўминларнинг) кўзларини қувватли қилиб қўяди, дунёда кўзлари билан фаришталарни кўра олмаган бўлсалар-да, (жаннатда) ўз жавҳарлари билан фаришталарни кўрадилар. Шунга биноан, Аллоҳ таоло Уз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларини қувватли қилиб қўйгани, ҳатто жинларни ўз суратида кўрган бўлишлари мумкин. Яна (бир таъвил шуки,) Аллоҳ таоло жинларни инсон суратида тасвирлаб қўйгани сабабли Расулуллоҳ уларни кўзлари билан кўриб, (жинларнинг) келишларини ҳис қилганлар. Валлоҳу аълам!
Сура бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига жинларнинг ҳозир бўлиши борасида зикр қилинган икки таъвил мумкин ва жоизлик даражасида бўлиб, қатъийликни собит қилмайди. Чунки таъвил аҳллари бу (қараш)ларни тадаббур ва ижтиҳод билан айтганлар. Ижтиҳод орқали билинадиган нарсалар тўғрисида гувоҳлик билан қатъий сўз айтиш мумкин эмас.
Жинларни келишга ундаган нарса юқоридаги икки сабабдан бошқа, яъни келган гуруҳ жинларнинг огоҳлантирувчилари бўлиши мумкин. Чунки жинлар орасида огоҳлантирувчиларнинг борлиги зикр қилинди. Расуллар эса инсонлардан бўлади, жинлардан эмас. Жинлар бирор расулни учратиш ва ундан бирор нарсани қабул қилиб олиш, сўнг қавмларини огохдантириш илинжида турли томонга тарқалганлар.
Ёки улар осмонга кўтарилиб, хабар эшитишар ва қавмларини огохдантирар эдилар. Сўнг бу нарсани билиш улардан узилиб, осмонга кўтарилишга йўл топа олмадилар. Чунки осмон қўриқчиларга тўла эди(Жин сурасининг 8-оятига қаранг.). Улар Аллоҳ таоло уларни тараддудда қолдирмаслигини ва билиш воситалари улардан кесиб қўйилмаслигини англадилар. Шунда ўзларидан шубҳаларни аритадиган, ҳужжат ва далилларни уларга баён қилиб берадиган зотни топиш умидида Ер юзида тарқалдилар. Ўз мақсадларига Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали етдилар.
Ёки уларда Ер юзидаги ҳеч бир жин ёки инсон Аллоҳ борасида ёлғон сўзламайди, деган фикр бўлиши мумкин. Чунончи, Аллоҳ таоло улар ҳақида қуйидаги оятда хабар берган:
«Яна инсонлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳ шаънига сира ёлғон сўзламас, деб ўйлар эдик» (Жин сураси, 5-оят). Уларда ёлғон юзага чиққач, у сабабли имтиҳон қилинишларидан ва тўғри йўл уларга ноаниқ бўлиб қолишидан қўрққанлар. Шунда энг муносиб йўлга ўзларини далолат қиладиган зотни топиш умидида Ер бўйлаб тарқалдилар, охир-оқибатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни топдилар.
Бошқа таъвилга кўра, улар осмонга чиқиб, уни қўриқчи ва (жинларга отилувчи учар) юлдузлар билан тўла эканини кўриб, бундан бирор хабарнинг юзага чиққанини билганлар ёки Ердагиларга бирор азоб тушишидан қўрққанлар. Шу сабабли буни билиш мақсадида турли ўлкаларга тарқалганлар.
«Осмонлар кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда» хабарининг кофирларга тегишли эканини исботлайдиган нарса шундан кейин коҳинликнинг тўхтатилиши ҳақидаги хабардир. Агар бунинг акси бўлганида, улар (осмондаги хабарларни эшитишдан) ман қилинмас эдилар. Чунки шайтонлар осмонга чиқиб, коҳинларга ўзлари эшитган хабарларни олиб келар, коҳинлар эса улар орқали одамларни йўлдан оздирар эдилар. Улар осмон(га чиқиб, хабарларни эшитиш) дан ман қилинмаганларида бу (коҳинлик)дан тўсилмаган бўлар эдилар. Бугун ким коҳинликни даъво қилса, Пайғамбарлар алайҳимуссалом тилларидан илиб олган нарсадан бошқа янги хабар бўлмайди. Учқун юлдузлар иши - кофирлар ўзаро биладиган зоҳир иш. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатини кофирларга иқрор қилдирувчи самовий ҳужжатдир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилишларидан олдин (жинларга отиладиган) юлдуз борлигини ҳеч ким даъво қилмаган. Коҳинларнинг (хабар олишдан) тўсилиб қолишлари у зотнинг ростгўйликларига далил бўлади. Ёрдам Аллохдандир!

[2] У тўғри йўлга ҳидоят қилур. Бас, биз унга имон келтирдик ва ўз Раббимизга бировни сира ширк келтирмасмиз.
(Оятдаги «тўғри йўл») Аҳқоф сурасида биз баёнини келтирган «ҳаққа ҳидоят қилади» деган маънодадир:
«Ҳақ (дин)га ва тўғри йўлга ҳидоят қилади» (Аҳцоф сураси, 30-оят).
Аллоҳ таолонинг «ва ўз Раббимизга бировни ширк келтирмасмиз» ояти ҳақида Абу Бакр Асом бундай деган: «Улар араб мушрикларидан бўлганлар. Улар Қуръонни тинглаб эшитгач, «ва ўз Раббимизга бировни ширк келтирмасмиз», дедилар ва ширкдан воз кечдилар. Уларнинг мазкур сўзлари юқоридаги таъвилни қувватлайди.
Шунингдек, ушбу жинлар мушрик бўлмай, муваҳҳид, яъни яккахудолик таълимотида бўлганлари эҳтимоли ҳам мавжуд. Лекин Қуръони Каримни тинглаб, имонларини янгиладилар ва кайтадан ширкдан халос бўлдилар. Кишининг ишончи янада зиёдалашганида, гарчи бундан олдин мушрик бўлмаган бўлса-да, ширкдан халос бўлади, (деб тушунилади). Буни Мусо алай-ҳиссаломнинг қуйидаги сўзи ҳам тасдиқлайди:
«(Раббим) Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман» (Аъроф сураси, 143-оят).

[3] Албатта, буюклиги олий бўлмиш Раббимиз бирорта хотин ҳам, фарзанд ҳам тутган эмасдир.
[ал-жадду] сўзининг таъвили борасида ихтилоф қилинган. Баъзилар: «Бу сўз барча хоҳлаган нарсасига эгалик қиладиган Зотга нисбатан ишлатилади ва У [зу жаддин] деб сифатланади», деганлар. Бу билан улар: «Парвардигоримиз Узи хоҳлаган барча нарсага эгалик қилади, Унга қаршилик бўлмайди ва У Зот ҳеч кимга муҳтож бўлмайди», деган маънони назарда тутган бўлишлари мумкин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари ҳам шундай таъвил қилинади:
«Ҳузурингда бойлик эгасига бойлиги фойда бермас»(Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар фарз намозидан кейин: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма лаа мааниъа лимаа аътойта ва лаа муътия лимаа манаъта ва лаа янфаъу зал-жадди минкал-жадду», дер эдилар. Дуонинг маъноси: «Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк Унга хос. Ҳамд Унга хос. У ҳар бир нарсага қодир. Аллоҳим, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Ҳузурингда бойлик эгасига бойлиги фойда бермас». (Имом Бухорийривояти).). Яъни дунёда кимда [жадд] - «буюклик, бойлик» бўлса ва Аллоҳ таолонинг тақдирида (унинг пешонасига) бунинг акси битилган бўлса, унинг буюклиги Аллоҳнинг азобидан уни қутқариб қола олмайди.
Оятдан бу маъно ирода қилинган бўлса, маъно қуйидагича бўлади: васфи бундай бўлган Зот шерик, хотин ёки фарзанд тутишдан олий (беҳожат)дир. Чунки бу нарсаларнинг барчаси ҳожат аломатлари саналади. Хоҳлаган нарсасига эгалик қилувчи Зотнинг бирор ҳожати бўлмайди.
[ал-жадду] сўзи зиёда бўлиши ҳам мумкин, шунда унинг маъноси «Раббимиз (барча нарсадан) олийдир» бўлади. [ал-жадду] сўзи улуғлик ва юксаклик маъносида бўлиши ҳам мумкин. Бир киши қавми ичида улуғ ва шарафли бўлса [фулаанун жадда фий қовмиҳи] - «Фалончи қавми орасида улуғ бўлди», дейилади. Ҳасан (Басрий) раҳматуллоҳи алайҳ [таъала жадду Роббинаа] жумласидаги [жадду Роббинаа] иборасини «Раббимизнинг беҳожатлиги» деб тафсир қилган(«Тафсир ал-Ҳасан ал-Басрий». 2/367; «Тафсир Абдуррззоқ». 3/351; «Тафсир ат-Табарий». 29/130; Суютий. «Ад-Дур ал-мансур». 8/298.).
Аллоҳ таоло Узининг фарзанд тутишдан поклигини қандай зикр қилганига назар солинг:
«Улар: «Аллоҳ фарзанд тутди», дедилар. У (бундан) покдир. У беҳожатдир» (Юнус сураси, 68-оят). Тафсир қилинаётган оятда Аллоҳ таоло [жадду Роббинаа] иборасидан кейин «фарзанд тутиш»ни зикр қилган.
Баъзилар мазкур оятни «Раббимизнинг мулки» деб таъвил қилганлар. Ундан «Раббимизнинг қуввати» деган маъно кўзланган бўлиши ҳам мумкин. Демак, бундан Раббимиз ҳар қандай разолат ва тубанликка нисбат берилишдан олий бўлди, маъноси келиб чиқади.
Аслида, бу ўринда Аллоҳ таолонинг [жадду Роббинаа] ибораси тафсирига ўта чуқур эътибор бермаслик афзал. Чунки у жинларнинг сўзидан ҳикоя тарзида келтирилган. Демак, бу сўзнинг муроди жинларнинг хабар бериши билан маълум бўлади.
Қуръони Каримда ширкнинг тўрт кўриниши келган:
Ибодатдаги ширк. Унга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«Рабби ибодатига биронтани шерик қилмасин» (Кауф сураси, 110-оят).
Яратишдаги ширк. Унга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олганлару, улар ҳам яратганлар, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?» (Раъд сураси, 16-оят).
Ҳукмдаги ширк. Унга қуйидаги оят далил бўлади:
«Ва У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас» (Каҳф сураси, 26-оят).
Мулкдаги ширк. Унга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«Мулкда шериги бўлмаган...» (Исро сураси, 111-оят).
Демак, ширк баъзан ибодатда, баъзан яратишда, баъзан мулкда ва баъзан ҳукмда бўлиши ўз исботини топди. Жинлар ўзларининг «ва ўз Раббимизга бировни сира ширк келтирмасмиз» (Жин сураси, 2-оят) деган сўзлари билан ширкнинг мазкур тўрт кўринишидан ўзларини покладилар.
ал-жадду] сўзи «хоҳлаган нарсасига эгалик қилади» деган маънони англатса, у мўътазилийларнинг сўзини йўққа чиқаради. Чунки улар Аллоҳ таоло барча кофирнинг имон келтиришини хоҳлайди деб биладилар. Кофирлар имон келтирмасалар, мўътазилийларнинг сўзига кўра, У Зотнинг Ўзи хоҳлаган нарса устидан ғолиб бўла олмаслиги маъноси келиб чиқади.
Уларга бошқа жиҳатдан ҳам эътироз етади. Биз ширк баъзан яратишда бўлишини баён қилганимиздек, улар Аллоҳ таолодан [халқул афъол] - «феълларни яратиш»ни инкор қиладилар. Демак, бу билан У Зотга яратишда шерикларни исбот қилган бўладилар. Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни ёлғиз Ўзи яратишининг хабарини берган. Шундай экан, феълларнинг яратилиши ва пайдо қилиниши Аллоҳ таолодандир. Уларни касб қилиш ва бажариш эса бандалардандир. Бизнинг эътиқодимизда феълларнинг Аллоҳ таолога нисбати берилган жиҳати махлуқотларга нисбат берилмайди. Шундай экан, яратишликда ўхшашлик қолмайди. Чунки феъллар, Аллоҳ таолодан рўёбга чиққан жиҳатга кўра, бандалардан рўёбга чиқмайди.
Ўйлаб кўринг, «мулк» сўзини Аллоҳ таолога ҳам, махлуқотларга ҳам бирдек нисбат берса бўлади. Лекин унда (Аллоҳга) шерик қилиш маъноси йўқ. Чунки «мулк» сўзининг нисбати Аллох таолога берилган жиҳатга кўра махлуқотларга берилмайди. Зеро, мулкнинг бандаларга нисбати мажозий, Аллоҳ таолога нисбати эса ҳақиқийдир. Шунингдек, феълларнинг Аллоҳ таолога ва махлуқотларга нисбат берилишида икки жиҳат турли бўлгани сабабли ширкни келтириб чиқармайди. Тавфиқ Аллохдандир!
Аллоҳ таолонинг: «Раббимиз бирорта хотин ҳам, фарзанд ҳам тутган эмасдир» деган ояти (тафсирига келсак), махлуқотлар ичидан хотин тутиш шаҳватнинг устунлигидандир. У шаҳватларни пайдо қилувчидир. Шундай экан, Узи яратган нарсаси У Зотга ғолиб келиши мумкин эмаски, бу уни хотин тутишга ундаса! Шу (сўз) билан «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари» деб ўйлайдиганларга раддия берилади. Қизлар хотинлардан вужудга келади. Аллоҳ хотин тутишдан олий Зот бўлса, қандай қилиб Унинг қизлари бўлиши мумкин?!
Аллоҳ таолонинг: «...фарзанд ҳам тутган эмас» деган ояти тафсири. Аслида, киши фарзанд кўришга қуйидагилардан бири сабабли рағбат қилади: ёлғизланиб қолганда улар билан овуниш мақсадида фарзанд кўради; заифлиги сабаб улардан ёрдам олиш мақсадида фарзанд кўришга рағбат қилади; мол-мулки завол топиб, йўқ бўлиб кетмаслиги учун фарзанд кўради. Аллоҳ таоло ёлғизлик, заифлик ёки мулкининг заволи хавфидан пок ва олий Зотдир.
Фарзанд кўришга ундайдиган сабаблар Аллоҳ таолода бўлмаганидан сўнг У Зотни фарзанд тутишдан поклаш лозим бўлади. Шунинг учун ҳам худосизлар Аллоҳ таолога фарзанд нисбатини беришганида, У Зот қуйидаги оятда ундан беҳожат эканини баён қилди:
«У (бундан) поқдир. У беҳожатдир» (Юнус сураси, 68-оят). Яъни У Зот фарзанд тутишнинг барча кўринишларидан беҳожатдир. Тавфиқ Аллоҳдандир!

[4] Ва, албатта, эсипастимиз Аллоҳга ноҳақ гапларни айтарди.
Баъзилар шундай деганлар: «Уларнинг эсипасти Иблис бўлган». Бу битта Иблисга тегишли эмас, балки эсипаст бўлган ҳар бир (инсон ва жинлар)га тегишлидир. Масалан, «Бизнинг бадкоримиз шундай дер эди» ёки «Бизнинг фосиқимиз шундай дер эди» дейилса, бир осий ёки фосиқ ирода қилинмайди, балки исёнкорлиги ва фосиқлиги билан танилган ҳар қандай киши тушунилади. Шунга биноан Аллоҳ таолонинг: «Ва, албатта, эсипастимиз... айтарди» ояти бир кишига қаратилмаган, балки ушбу (сифат) топиладиган ҳар бир (инсу жин)га тегишли бўлади.
Ушбу оятда (Қуръони Каримни) тинглаган гуруҳ кофир эмас, мўмин (жин)лар эканига далолат бор. Чунки улар кофир бўлганларида аҳмоқлик феъли уларда бўла туриб эсипастликни ўзларидан бошқаларга нисбат бермас ва ўзларини ундан четда тутмас эдилар.
Улар мушрик бўлганларида юқоридаги сўзлар ўрнига «Биз Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтар эдик», деган бўлардилар. Шунда бу уларнинг ширк ва куфрдан қайтишлари ва тавбалари ҳисобланар эди. Қолаверса, бу Аллоҳ таоло берган улкан неъмат, яъни имон ҳидоятига уларнинг шукроналари бўлар эди. Ва бу сўзни улар асло эсипастларига нисбатан қўлламаган бўлар эдилар. Демак, бундан уларнинг мўмин бўлганлари собит бўлади.
[аш-шатоту] сўзи «жабр» деган маънони англатади. Баъзилар уни «ёлғон» деб тафсир қилганлар. Бошқалар эса «зулм» деб изоҳлаган. [аш-шатоту] сўзи бу ерда «жабр» маъносидадир. «Жабр» улар айтган фаҳш сўз, яъни Аллоҳ таолога ширк келтиришдир. Бу - жабр барча тилда ва динда хунук эканини баён қилади. Жинларнинг Аллоҳ таоло шаънига жабр ва адолатсизлик билан сўзлаганларни эсипастга чиқарганларини кўрмайсизми!?

[5] Яна инсонлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳ шаънига сира ёлғон сўзламас, деб ўйлар эдик.
Абу Бакр Асом айтишича, улар жин ва инсонлардан эшитган сўзларига таяниб Аллоҳнинг хотини ва боласи бор, деб эътиқод қилар эдилар. Улар буларни айтганларни ростгўй деб билишар эди. Бу уларни «Аллоҳ таолонинг хотини ва боласи бор», деб айтишга ундади. «Парвардигорнинг боласи ва хотини бор» деб даъво қилувчиларнинг муттаҳамлиги маълум бўлгач, улар дарҳол бу сўзни айтганлардан ўзларини четга олдилар. Бундан жинларнинг ўша вақтгача мушрик бўлганлари равшан бўлади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатига қулоқ тутишгач, ҳужжатлар уларга кўрингач, шубҳалари кўтарилиб, олдинги (айтган) сўзларидан воз кечиб, имонга келдилар.
Оят Абу Бакр (Асом) зикр қилган таъвилдан бошқа маънода бўлиши ҳам мумкин: «Қавм ҳидоят ва имон узра яратилган эди. Улар инсонлар ва жинлар тўғри йўлда деб гумон қилар эдилар. Ҳатто уларнинг орасида «Аллоҳнинг боласи ва хотини бор» деган сўзлари билан ёлғон намоён бўлди».
Оят маъноси қуйидагича бўлиши ҳам мумкин: «Аллоҳ таоло ёлғоннинг қабиҳлигини уларга кўрсатиб қўйгани ҳамда бола ва хотин тутишдан поклиги тўғрисидаги ҳужжат-далиллар қарор топгани сабабли имтиҳон қилинувчилардан ҳеч бири Аллоҳ таолога қарши ёлғон гапира олмайди деган гумонда эдик. Уни тилларида изҳор қилганлари сабабли ёлғон намоён бўлди».
Абу Бакр (Асом) қайд қилган таъвил қатъий эмаслигига қуйидаги нарса далолат қилади: жинлар ва инсонлар орасида Аллоҳ таолони покловчи имонлилар бор эди. Шунингдек, улар ичида «фарзанди ва хотини бор» дейдиганлар ҳам бор эди. Аллоҳ таоло уларнинг сўзларидан ҳикоя қилиб бундай деган:
«Ва, албатта, биздан мусулмонлар ва биздан адашганлар бор» (Жин сураси, 14-оят).
«Ва, албатта, биздан солиҳлар ҳам ва бошқалар ҳам бор» (Жин сураси, 11-оят).
У (жин)ларнинг наздида иккала тоифа ҳам тўғри йўлда бўлиши мумкин эмас. Лекин уларнинг гумонида қавмнинг барчаси ҳидоятда бўлган. Уларга анавиларнинг ёлғончилиги аён бўлгач, Валлоҳу аълам, қуйидаги сўзни айтдилар:

[6] Инсонлардан бўлмиш (айрим) кишилар жинлардан бўлмиш кимсалардан паноҳ тилашар, уларга эса янада ҳаддан ошишни зиёда қилур эдилар.
Зикр қилинишича, инсонлар, яъни араблардан айрим қавмлар бирор водийга борсалар, ўша водийнинг саййид (жин)идан ҳимоя сўрар ва: «Мана шу водийнинг саййиди ила қавмининг эсипастларидан паноҳ тилайман», дер эдилар. Бундан кейинги жараёнда ихтилоф қилинган. Баъзилар жинлар инсонларни ҳимоя қилар эди, деган бўлсалар, бошқалар ҳимоя қилмас эдилар, деб гумон қилганлар. Бу инс ва жиннинг ҳаддан ошишини янада зиёда қилар эди.
Улар: [ар-роҳқу] сўзи «қўрқиш» ва «чўчиш» маъноларини англатади» дейишган. Абу Ровқ(Абу Ровқ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Бакр Ҳазоний. Отаси билан ўзидан олдинги (ровий)лардан ҳадис ривоят қилган. Басралик бўлган. Маймун ибн Миҳрон Котиб, Абдуллоҳ ибн Шубайб Маккийдан ҳадис эшитган. Ундан Абулҳасан Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Жундий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Муқ-риъ ва бошқа кўплаб олимлар ҳадис ривоят қилганлар. 332/944 санадан кейин вафот этган (Самъоний. «Ал-Ансоб». 12/329).)дан шундай ривоят қилинган.
Баъзилар: «У «хорлик», «заифлик» маъноларини англатади», деганлар. Улар паноҳ беришдан ман қилинганлари туфайли заифлик, хорлик, хавф ва қўрқинч жиҳатидан зиёда бўлар эдилар.
Баъзилар: «Паноҳ сўраганларга ёрдам берардилар», деганлар. Лекин шунга қарамай улардан қўрқишар, паноҳ сўралмаган маконларда ва паноҳига олмаган вақтларда уларга найранг қилишларидан қўрқар эдилар. Ихтилоф қилишларига қарамай, жинлар инсонларга қўрқувни зиёда қилишларига иттифоқ қилганлар. Инсонларнинг жинлардан паноҳ сўрашлари ширк ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло - паноҳ берувчи Зот. Одамлар ўзларидан жинларнинг макрларини даф қилиш учун Аллоҳ таолодан паноҳ сўрашлари ва ўзларига Аллоҳ жалла жалалуҳудан бошқа ёрдамчи бор, деб билмасликлари лозим эди. Улар паноҳ сўраб жинларга мурожаат қилишса, Аллоҳ таолодан бошқасини ҳимоя ва ёрдам беришга қодир, деб билган бўладилар. Бу улардан содир бўлган ширк келтириш ҳисобланади. Чунки жинлар аслида инсонларга нисбатан ўта заифдирлар. Улар инсондан кўрқишлари ва инсонлар сезиб қолмасликлари учун бошқа суратга кириб олишларини билмайсизми? Улар заифлиги сабабли инсонлардан бирортасига ҳеч қандай талофат етказа олиш-майди. Жинлар инсонларнинг на бойликларини тортиб олишга кучлари етади ва на таом, шаробини булғай олади. Кучлининг ўзидан кўра заиф-ночордан паноҳ тилаши хорликни кўрсатишдир. Ким [ар-роҳқу] сўзига «хорлик» ва «заифлик» маъносини берса, унинг таъвили юқоридагидек бўлади.
Баъзилар: «Инсонлар жинларнинг ҳаддан ошишини зиёда килади», деганлар. Улар (оятдаги) [ар-роҳқу] сўзини «ўзини катта тутиш», «кибр қилиш» маъносида деганлар. Яна у сўз «эсипастлик» ва «нодонлик» маъноларида дейилган. Бошқа бир қавлга кўра, у «гуноҳ» деган маънони англатади.
Қутабий уни «фасод қилиш» ва «зулм» маъноларини англатади, дейди. Киши фасодчи бўлса [фулаанун мурҳиқун фий дийниҳи] - «фалончи динида бузғунчи» дейилади. Жинлардаги ҳаддан ошишнинг зиёдалашиши сабаби шуки, уларнинг катталари инсонларнинг уларда муҳтож бўлиб, ҳатто улардан паноҳ тилашларини кўриб, ўзларида жинлардан эргашувчилари ва барча инсонларга нисбатан афзаллик бор деб, биладилар. Шу тариқа уларга кибр туйғуси ғолиб келиб, кибр ва улуғворликда чуқурлашиб борадилар. Айнан шу нарса уларни пайғамбарлар келтирган ҳужжат-далилларга назар солишдан тўсиб қўйган. Шунингдек, инсонлар ичидаги кофирларнинг катталари ўзларини бошқалардан афзал тутишлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватини қабул қилишга тўсқинлик қилган.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига назар солинг:
«Худди шунга ўхшаш ҳар бир шаҳарда катта жиноятчиларни унда макр қилиш учун қўйиб юбордик» (Анъом сураси, 123-оят).
Ким оятдаги [ар-роҳқу] сўзини «эсипастлик», «адолатсизлик», «зулм» ёки «фасод қилиш» деган маъноларни англатади деб ҳисобласа, уларнинг барчаси биз зикр қилган маънога қайтади. Чунки уларнинг эсипастлиги ўзини катта тутиш ва кибрланишга ундади. Зеро, жинлардан жоҳил ва эсипастларгина паноҳ сўрайди. Жоҳил ва нодонга паноҳ бериш кибрланишга арзийдиган фазилат эмас. Улар ўзларининг такаббурлиги сабаб гуноҳга шўнгиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан ўта узоқлашдилар. Валлоҳу аълам!

[7] Ва, албатта, у (инс)лар худди сизлар гумон қилганин-гиздек, Аллоҳ бирор кишини ўлгандан сўнг сира тирилтирмас, деб гумон қилардилар.
Улар қайта тирилтиришни кўрмаганлари ва уни ўзларининг тоқати ва қуввати етмайдиган иш деб билганлари туфайли Аллоҳ таолодан қайта тирилтириш қудратини инкор қилган бўлишлари мумкин. Улар (Аллоҳга хос) қудрат бунга қодир бўлмайди, деб ўйлаганлар. Улар қайта тирилтиришнинг ҳикмат доирасидан чиқишини инкор қилмаганлар. Чунки улар бу билан қайта тирилтиришни инкор қилишни истаганларида «Аллоҳ сира қайта тирилтирмас» дейиш билан кифояланган бўлардилар. Улар сўзларига «бирор кишини» деган таъкидни қўшишгач. бу қудратни инкор қилишларига далолат қилди.
Улар «Аллоҳ ҳаргиз қайта тирилтира олмайди, чунки бу ҳикматдан ташқари ишдир» деб гумон қилган бўлишлари ҳам мумкин. Зеро, ҳалок қилиниб, сўнг яна қайтарилиш ҳикмат ҳисобланмайди. Балки боқий қолдириш ирода қилинса, фоний килинмайди ва ҳатто қайта тирилтиришга эҳтиёж тушмайди. Бу сўз жинлар (тили)дан келтирилган сўз эмас. Балки Аллоҳ таоло худди сизлар ўйлагандек жинлар ҳам қайта тирилтириш йўқ деб гумон қилишларининг хабарини берди.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...сизлар гумон қилганингиздек» ояти хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, инсонларнинг барчасига қаратилгандир. Аслида, мусулмонлар бундай гумонда бўлмаганлар, балки улар қайта тирилтиришга аниқ ишонганлар. Лекин оят: «Эй инсонлар, сизлардан кофир кимсалар қайта тирилтириш йўқ деб гумон қилганлари каби кофир жинлар ҳам шундай гумон қилганлар», мазмунини ифодалайди.
Оятда уларнинг «Қайта тирилтириш йўқ», дейишлари илмга эмас, гумонга асосланганига далолат бор. Уларни гумонга ундаган нарса қайта тирилтиришни тақозо қилувчи сабабдан юз ўгиришларидир. Инсонларнинг табиати гумонга таянишни ёмон кўради. Оятда қайта тирилтириш ҳақлигига олиб борувчи далил-ҳужжатларга назар солишга ва гумонларга суянмасликка чақириқ ва тарғиб бор.
Наҳв олимлари ушбу сурадаги [инна] сўзининг касрали (яъни биринчи ҳарфни товуши билан) ўқилиши жинлар (тили)дан баён қилишга ишорадир, дейдилар. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу оятига ўхшайди:
«Дарҳақиқат, бизлар ажиб бир Қуръонни эшитдик» (Жин сураси, 1-оят). Жинлар (тили)дан ҳикоя қилинмаган оятларда [анна] сўзини насб ҳолатида (яъни биринчи ҳарфни «а» товуши билан) ўқиш муносибдир. Шу боис Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятида:
[Ва аннаҳум зоннуу камаа зонантум] - «Албатта, улар (инсонларнинг кофирлари) ҳам худди сизлар гумон қилганингиздек...» тарзида фатҳали («а» товуши билан) ўқиш муносибдир. Чунки оят жинлар сўзидан ҳикоятан келтирилмаган. Валлоҳу аълам!

[8] Ва, албатта, биз осмон(га етиш)ни талаб қилдик. Бас, уни кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда кўрдик.
Жинларнинг осмонни талаб қилиш (тегиш)лари унинг эшигини топиб, ундан кириб хабарга қулоқ тутиш учун бўлиши мумкин. Зеро, осмон хабарлари уфқларнинг ҳаммасида мавжуд эмас ва унинг эшиклари ҳам осмонни тўлиқ қамраб олмаган. Жинлар эшикларига эгалик қилиш ва кириб олиш учун осмонни талаб қилар (унга тегар) эдилар.
«Осмонни талаб қилиш»дан унинг эшикларига тегиш назарда тутилган бўлиши мумкин. Улар осмон эшикларини очиб, ичига кириб, хабарларни эшитиш учун эшикларига тегар эдилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Бас, уни кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда кўрдик» сўзи тафсирига келсак, эшикларнинг баъзиси қўриқчи (фаришта)лар билан, бошқалари эса (жинларга отилувчи учар) юлдузлар билан тўла бўлиши мумкин. Улар қўриқчи (фаришта)ларга тўла эшиклар (олди)га келсалар, қўриқчилар уларни қайтариб, ҳайдар эдилар. Юлдузлар билан тўла эшикларга келсалар, учар юлдузлар уларнинг ортидан таъқиб қилар эди. Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади:
«...ва ҳар томондан (учқунла) отилурлар» (Соффот сураси, 8-оят). Эшикларнинг барчаси қўриқчи (фаришта)лар ва (учар) юлдузлар билан тўла бўлиши мумкин. Чунки қўриқчилар фақат қўриқлаш билан эмас, бошқа ишлар билан ҳам имтиҳон қилинадилар. У (қўриқчи)ларнинг бу каби ишлар билан банд бўлишлари (уларни) қўриқлашдан чалғитган бўлиши мумкин. Улар машғул бўлган вақтда (жинларнинг) ўғриликча қулоқ тутаётганини кўрсалар, тўсатдан пайдо бўлувчи юлдуз уларнинг ортидан таъқиб қилиб, мақсадларидан тўсган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, жинлар фаришталар кўра олмайдиган жойга кўтарилиб, уларнинг сўзини эшитган бўлишлари эҳтимоли ҳам мавжуд. Чунки баъзан киши сўзининг овози кўз нури етиб бормайдиган жойгача етиб боради. Шунда учар юлдузлар қўриқчилар остида бўлади ва жинлар учар юлдузлар билан ўққа тутиладилар. Валлоҳу аълам!

[9] Ва, албатта, биз у (осмон)да тинглашга қулай жойларга жойлашиб олар эдик. Энди эса, ким қулоқ солса, ўзини пойлаб турган учқунга дучор бўлади.
Айтилишича, оятдаги [шиҳаабун] юлдузлардан, [ро-содун] фаришталардан иборат бўлади. Бу масалада асл (гап) шуки, жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рисолат келганда осмон хабаридан тўсилган эдилар. Бундан олдин ўғриликча гапга қулоқ тутар эдилар. (Рисолат келгач) ҳатто коҳинларнинг иши тўхтади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган вақтда коҳинларнинг иши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (пайғамбарлик) ишлари аралашиб кетмаслиги учун жинлар осмон хабарини келтиришлари мумкин эмас эди. Улар осмонга чиқишдан, ундан хабар келтиришдан тўсилдилар, натижада коҳинларнинг иши тўхтади. Шундан сўнг Расулуллоҳ (олиб келган) бу (дин иши) коҳинлик эмас, осмондан келаётган ваҳий эканини билдириш учун уларга келдилар. Чунки у коҳинлик бўлганида ўтган замонларда бўлганидек (пайғамбардан) бошқаси ҳам бу каби ишни қила олар эди. Гўё бу оят жинлар ўз қавмлари томон огоҳлантирувчи бўлиб борганларидаги сўзини келтирди. У (жин)лар барчасини ўз қавмларига айтиб бердилар.

[10] Ва, албатта, биз ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилиндими ёки Раббилари уларга рушдни (тўғри йўлни) ирода қилдими, билмасмиз.
Аллоҳ азза ва жалланинг мазкур ояти икки хил маъно англатиши мумкин: биринчиси, осмон хабарлари ердан қўриқчилар ва учар юлдузлар воситасида тўсилиб, осмонга кўтарилувчи (жин)лар ундаги хабарлардан ман этилишлари ва ҳар томондан ўққа тутилишлари сабабини билмаймиз. Ердагиларга ёмонлик, яъни азобни тушириш ирода қилинганми ёки уларни тўғри йўлга йўллайдиган элчи юборилиши ирода қилинганми (уни ҳам билмаймиз)?
Ёхуд иккинчиси, уларга юбориладиган расуллар сабабли осмон хабарлари ер аҳлидан узилиб қолганини аниқ билган бўлишлари ҳам мумкин. Расул уларнинг эҳтиёжлари ҳақида хабардор қилади. Аммо у (жин)лар расулнинг юборилиши орқали уларга тўғри йўлни кўрсатиш ирода қилинганми ёки ёмонликми билмас эдилар. Чунки улар юборилган пайғамбарга имон келтириб, унга ҳидоят, тўғри йўл топиш илинжида қараган инсонлар тўғри йўл топишини ва унга назар-писанд қилмай, истеҳзо билан қараганлар эса бутунлай таг-томири ила қўпориб ташланишини (олдиндан) билар эдилар.
Улар расулни ёлғончига чиқариб, оқибатда ҳалокатга дучор бўлишларини ёки уни тасдиқлаб, тўғри йўл топишларини билмас эдилар. Бу нарса (амал)лардаги оқибат асосий мақсад эканини баён қилади. Ҳаким Зот (Аллоҳ таоло) қилаётган ишини оқибати (чиройли бўлиши) учун қилади.
Яна ушбу оятда мусулмон жинлар мўътазилий бўлмаганликларининг баёни бордир. Чунки мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло бандалар учун уларнинг дину дунёсида манфаатли нарсани яратиб бериши вожиб», дейдилар.
Жинлар эса яхши феълдан ёмон феълни устун қўювчиларга Аллоҳ таоло ёмонликни раво кўришига ҳамда ёмон феълдан яхши феълни устун қўювчига яхшиликни раво кўришига аниқ ишонганлар.

[11] Ва, албатта, биздан солиҳлар ҳам ва бошқалар ҳам бор. Биз турли гуруҳлар бўлган эдик.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ва, албатта, биздан солиҳлар хам ва бошқалар ҳам бор» деган ояти борасида бундай дейилган: баъзилар «солиҳлар»дан мўминлар, «ва бошқалар»дан кофирлар ирода қилинган», деганлар. Бу ерда «Солиҳлар хам ва бошқалар ҳам» ибораси имон ва куфрга кўра (тақсим) бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки бу ҳақда кейинги оятларда зикр қилинади. Жумладан, «Ва, албатта, биздан мусулмонлар ва биздан адашганлар бор» (Жин сураси, 14-оят). Улар айтган маънода таъвил қилинса, такрор юзага келиб қолади. Лекин бизнинг наздимизда «Ва, албатта, биздан солиҳлар» оятининг таъвили: «Орамизда яхшилик ва ҳаё билан танилганлар ҳам, «ва бошқалар ҳам», яъни фосиқлар ҳам бор», бўлади. Ушбу оятда ҳар бир дин аҳли орасида рози бўлинган солиҳи ҳам, динида фисқу фасод қилувчи фосиқи ҳам бор деб баён қилинган.
Аллоҳ таоло бундай деган:
«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг» (Нур сураси, 32-оят). Бизнинг орамизда солиҳлар бўлмаганида, оятда уларнинг қайд қилинишида маъно бўлмас эди. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар» (Талоқ сураси, 2-оят). Орамизда фосиқ бўлмаганида Аллоҳ таоло бундай демаган бўлар эди.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Биз турли гуруҳлар бўлган эдик» ояти «турли ҳавойи нафсли (гуруҳлар)» деган маънони англатади. Муфассирлар «турли ҳавойи нафсли (гуруҳлар)» иборасига нисбатан «энг яхшиси» ва «энг ёмони» сўзларини қўлламаганлар. Балки «фосиқ» ва «солиҳ» сўзларига нисбатан («энг яхшиси» ва «энг ёмони») ишлатганлар. Чунки ҳавойи нафс эгалари ўзларини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ ҳисоблайдилар. Фосиқ эса фисқи амали билан ҳалол бўлмаган ишларни бажараётгани ва қайтарилган ишни қилаётганини билади. Шунингдек, фисқ амалига гувоҳ бўлган ҳар бир киши у (иш)нинг ботиллигини билади.
Шундай экан, «солиҳлар ҳам» ва «бошқалар ҳам» (сўзлари) у (фисқ)да (қўлланилиши) маълум бўлди. Аммо бу мазҳаблар (ва оқимлар) эътиқоди борасида бундай бўлмайди. Чунки у (бора)да «солиҳлар» ва «бошқалар» деб гапирилмайди (чунки ҳар бир оқим ўз эътиқодини ҳақ дейди, қолганини ноҳақ, деб билади).
[ат-тороиқу] сўзи «мазҳаблар», «ҳавойи нафслар» деган маънони билдиради. [ал-қидаду] сўзи эса «бўлак» деган маънони англатади. [қоддаҳу] сўзи «уни кесди» деган маънодадир. Демак, унинг маъноси: «Биз турли йўллар ва ҳар хил ҳавойи нафслар узра эдик», бўлади.
Оятда инсонларда бўлганидек, жинларда ҳам турли нафси ҳаволар бўлиши ҳақида хабар берилмоқда. Бу масалада асл қоида шуки, мазҳаб ва динни билиш йўли фикр ва ижтиҳоддир. Чунки у билан ҳаққа етишилади. Мужтаҳид бир сафар тўғри йўлни топиши, бошқа сафар эса янглишиши мумкин. Шунингдек, баъзи мужтаҳидлар тўғри йўлни топганлар, баъзилари эса ундан четга оғганлар. Бундан жинлар ва инсонларнинг тавҳиддаги (тўғри) йўлни (топиш) бир, яъни фикр ва ижтиҳод экани маълум бўлади. Уларда ҳам инсонларда бўлгани каби муташобеҳ оятлар(га) ишонч бор, чунки муташобеҳлар (нотўғри талқини)дан адашишлар келиб чиқади. Шу сабабли улар турли фирқаларга бўлиниб кетганлар. Лекин фосиқликнинг сабаби бир бўлиб, у кузатиш орқали билинади ва диндаги «энг юқори» ва «энг ёмон» (даражалари) намоён бўлади.

[12] Ва, албатта, биз Аллоҳни ер юзида ожиз қолдира олмаслигимизга ва ундан қочиб қутула олмаслигимизга ишондик.
Абу Бакр Асом бундай деган: «Улар кофир ҳолларида Аллоҳ таолони ожиз қолдира олмаймиз, деб ўйлаганлар. Лекин таъвил аҳли (яъни муфассирлар)нинг кўпчилиги бу ердаги «зонн» (гумон) сўзини «илм», яъни билиш маъносида деганлар». Уларнинг таъвилини Ҳафса розияллоҳу анҳонинг қироати қўллаб-қувватлайди. Чунки у зот бундай тиловат қилар эди:
«Ва, албатта, биз Аллоҳни ер юзида қочиб ожиз қолдира олмаслигимизга ва ундан қочиб ортда қолдирмаслигимизга ишондик».
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Аллоҳни ер юзида ожиз қолдира олмаслигимизга» сўзининг маъноси: «Биз Уни ортда қолдира олмаймиз, Ер аҳлига ғазаби ва азоби етишидан Аллоҳни ожиз қолдириш имконияти бизга берилмаган», бўлади.
Аллоҳ таолонинг [ҳаробан] сўзи «Унинг азобидан қочган такдиримизда ҳам асло бизни азобламаслиги борасида У Зотни ожиз қолдира олмаймиз», мазмунини англатади.
[ал-фирору] - «қочиш» баъзан қувлашсиз бўлади. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мисол бўлади:
«Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман» (Зориёт сураси, 50-оят).
Бу оятда [ал-фирору] сўзи қувлашсиз «қочиш» маъносини ифодалаган. [ал-ҳарбу] - «қочиш» сўзи фақат қувлаш билан амалга ошади. Жинлар гўё бундай деганлар: «Кўмак ва ёрдамчилар кўплиги сабабли Аллоҳ таолонинг азобидан бизга қочиш имконияти йўқ. Бизнинг қочишимиз қувлашдан Уни ожиз қолдирмайди».
Ёки Аллоҳ азза ва жалланинг: «Аллоҳни ер юзида ожиз қолдира олмаслигимизга» ояти «Ерларнинг қаватлари (етти қават ер) остига кириб олсак ҳам, Ер юзида қочсак ҳам, Уни ожиз қолдира олмаймиз» маъносида бўлиши мумкин. Оятда «Ер юзидаги подшоҳлардан ҳийла ва сабаблар ила сақланиш имконияти бўлганидек, Аллоҳ таоло азобидан сақланишимиз учун ҳийла ва сабабларни қўллашга қодир эмасмиз», деган иқрор бор.
Бу каби сўзлар фақат мусулмонлардан чиқади. Чунки бундай гап-сўзни Аллоҳ таолонинг ғазаби тушишидан қўрққан, қайта тирилишга аниқ ишонган ва Парвардигори олдида (ҳисоб-китоб бериш учун) туришини ёдда сақловчилар сўзлайди. Аммо кофирлар қайта тирилишга имон келтирмаганлари сабабли, оқибат хавфи уларни бу каби нарсаларни ўйлашга ундамайди. Демак, бу сўз Абу Бакр Асом айтганидек, кофирлардан эмас, мусулмонлардан чиққандир. Валлоҳу аълам!

[13] Ва, албатта, биз ҳидоятни эшитган пайтимизда унга имон келтирдик. Кимки ўз Раббисига имон келтирса, савоби озайиб қолишидан ҳам, унга оғир юк юкланишидан ҳам кўркмас.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ва, албатта, биз ҳидоятни эшитган пайтимизда унга имон келтирдик» сўзидаги «ҳидоят» ҳаққа чақириқдир. У «Ҳаққа, яъни Қуръонга чақирилганимизда унга имон келтирдик», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига эътибор қилинг:
«...ҳақ (дин)га ҳидоят қилувчи», яъни ҳаққа чақиради. Аллоҳ таоло суранинг аввалида бундай деган: «У тўғри йўлга ҳидоят қилади» (Жин сураси, 2-оят). «Ҳуда» сўзи ҳидоят топиш маъносида бўлиши ҳам мумкин. Яъни «Унда хидоят бўлган нарса (Қуръон)ни тинглагач ҳидоят топдик».
Абу Бакр Асом: «Улар ҳидоят (Қуръон)ни тинглагунга қадар кофир бўлганлар. Сўнг у сабабли имон келтирганлар. Чунки улар олдин ҳидоятда бўлганларида эди, аввалдан уларда имон топилиб, Аллоҳ таолонинг: «...унга имон келтирдик» деган сўзида маъно қолмас эди», деб ўйлаган.
(Абу Бакр Асом томонидан) зикр этилган бу далил билан уларнинг кофирлиги собит бўлмайди. Чунки улар мўмин бўлишлари, ҳидоят (Қуръон)ни тинглагач, ўзларидаги ижмолий (умумий) имонни бу ҳидоят воситасида янгилаган бўлишлари мумкин. Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятларига қаранг:
«...у (сура) имонларини зиёда қилди» (Тавба сураси, 124-оят).
«...имонларига яна имон қўшилиши учун...» (Фатҳ сураси, 4-оят). Яъни олдинги ижмолий имонларига муфассал (мукаммал) имонни қўшдилар. Бу эса улар олдин мўмин бўлмай, Қуръонни эшитганларидан сўнг имон келтирдилар, деган маънони англатмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Бизни тўғри йўлга бошлагин» (Фотиҳа сураси, 6-оят). Улар тўғри йўлга йўллаб бўлинган эди. Лекин улар бу дуо билан Узинг бизларни бошлаган умумий ҳидоят билан бирга «бизларни тўғри йўлга бошла» дея айни вақтдаги ҳидоятга ишора қилиб, уни қайдламоқчилар.
Шунингдек, жинларнинг ҳидоят (Қуръон)ни эшитганда имон келтиришлари бундан олдин уларда имон бўлмаганини англатмайди. Балки олдин ҳам имон келтирган бўлишлари мумкин. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридан келган ҳар бир буйруққа имон келтирганларини изҳор қилганлар. Уларнинг бунга имон келтиришлари аввал мусулмон бўлмаганларини англатмайди. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Кимки ўз Раббисига имон келтирса, савоби озайиб қолишидан ҳам, унга оғир юк юкланишидан ҳам қўрқмас» ояти борасида Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: «Жин ва инсонлардан иборат мўминлардан бирортаси савоби озайиб қолишидан ҳам, унга оғир юк юкланишидан ҳам қўрқмайди, фақат мўътазилийлар бундан мустасно. Улар бундан қўрқадилар. Улар гуноҳи кабира қилган кишини имондан чиқармайдилар. Аммо уларни абадий дўзахда қолади, деб эътиқод қиладилар. Дўзахда абадий қолишда эса (яхшиликларнинг) камайиб қолиши ва (ёмонликларнинг) ортиб кетиши бор. Балки унда (яхшиликларнинг) камайишига зиёдалик ҳам бор. Чунки (оятдаги) [ал-бахсу] сўзи нуқсонни билдиради. (Дўзахда) абадий қолишда улардан олдин содир бўлган имон ва яхши амаллар манфаати кетиб қолади.
Аллоҳ таоло айтади:
«Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин» (Бақара сураси, 286-оят). Мўьтазилийлар Аллох таоло хато ёки унутиш сабабли (азобга) тутса, зулм қилган бўлади, деб ўйлайдилар. Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай деган:
«Эй Раббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин» (Оли Имрон сураси, 8-оят). Мўътазилийлар: «Ҳидоятдан сўнг Аллоҳ таоло дилларини (тўғри йўлдан) оғдирса, бу У Зот томонидан жабр ва зулм бўлади», деб биладилар. Шу сабабли улар Раббиларининг жабридан доимо хавфда бўладилар.
Биз айтамизки, Аллоҳ таоло бандаларни азобга тутса, бу Унинг адолати ҳисобланади. Бордию уларни афв этса, бу Унинг инъоми ва фазли ҳисобланади. Биз Аллоҳ таолога хокисорлик билан дуо қилиб, бизга адолати ила муомала қилмаслигини сўраймиз. Акс ҳолда, ҳалок бўламиз. Балки бизларга фазли ва инъоми билан муомала қилишини сўраймиз. Мўътазилийлар сўзига кўра, ким гуноҳи кабира қилса, яхшилик (савоб)лари қайтарилади (зое кетади) ва у Аллоҳ учун душманга айланади ҳамда дўзахда абадий қолади.
Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас. Агар яхшилик бўлса, бир неча бор кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр берур» (Нисо сураси, 40-оят).
Бир неча баробар кўпайтириб беришни тақозо қиладиган энг афзал яхшилик Аллоҳ таолога имон келтиришдир. Гуноҳи кабира қилган банда дўзахда абадий қолиши ва имон манфаатидан маҳрум қилиниши мумкин эмас. Аллоҳ таоло золим кимсалар айтган нарсалардан мутлақо олий Зотдир.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...савоби озайиб қолишидан ҳам, унга оғир юк (зулм) юкланишидан ҳам» сўзлари икки хил маънони ифодалаши мумкин: Биринчиси, [ал-бахсу] сўзи «нуқсон» маъносини билдиради. Яъни унинг яхшиликларидан камайтирилмайди. [ар-роҳақу] сўзи «зулм» маъносини билдиради. Бу ҳақда Аллоҳ бундай деган:
«Бас, у зулмдан (қилмаган гуноҳларига жавоб беришдан) ҳам, камайишдан (савоби тўла берилмай қолишидан) ҳам хавфсирамас» (Тоҳо сураси, 112-оят). Яьни бошқалар қилган гуноҳларининг юкланишидан (хавфга тушмайди). Иккинчиси, «савоби озайиб қолишидан ҳам», яъни тавба қилса, яхшиликлари қабул қилинмаслигидан ҳам, «унга оғир юк юкланишидан ҳам», яъни зулм қилиниб, яхшиликларидан бирортаси ҳисобланмай қолишидан ҳам қўрқмайди.

[14] Ва, албатта, биздан мусулмонлар ва биздан адашганлар бор. Кимлар Исломга кирса, бас, улар ҳақ йўлни танлабдилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ва, албатта, биздан мусулмонлар ва биздан адашганлар бор» деган оятидаги [ал-қоситу] сўзи «жабр қилувчи», [ал-муқситу] сўзи эса «адолат қилувчи» деган маънони англатади.
[ал-адлу] сўзининг уч хил маъноси бор: тўғри йўлдан бурилиб, жабр қилса, араблар [ъадала ъанҳу] - «тўғри йўлдан четлашди» дейдилар. Кимдир ўзига шерик ва тенгқур тутса, араб тилида унга [ъадала биҳи] - «уни тенглаштирди» дейилади. Адолат билан ҳукм қилса, араб тилида Злр [ъадала фийҳи] - «унда адолатли бўлди» дейилади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Кимлар Исломга кирса, бас, улар ҳақ йўлни танлабдилар» деган сўзидаги [ат-таҳаррий] ва (унинг маъносидаги) [ат-таваххий] сўзлари «қасд» деган маънони англатади. Гўё У Зот: «(Бас, кимки мусулмон бўлса, демак) у Ислом билан тўғри йўлни қасд қилибди», деган.

[15] Ва, аммо, адашганлар, бас, жаҳаннамга ўтин бўлибдилар.
Абу Бакр Асом: «Оят инсонларда бўлганидек, жинларда ҳам гўшт ва қон борлигига далолат қилади. Чунки У Зот инсонлар ҳақида бундай деган:
«...ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан...» (Таҳрим сураси, 6-оят). «Жинларда гўшт ва қон бўлмаганида, жаҳаннамга ўтин бўлмас эдилар», деган. Лекин ушбу (фикр) бунга далолат қилмайди. Сабаби гўштнинг ҳусусияти куйиш ва пишишдир, у ёқилғи бўлишга ярамайди. Лекин Аллоҳ таоло Ўз лутфи билан инсон этларини ёқилғига айлантирган. Лекин у гўшт бўлгани сабабли ўтинга айланмади. Оятда (Абу Бакр Асом томонидан) зикр қилинган нарсага далолат йўқ. Балки унда жинлар ҳам инсонлар каби ибодат билан имтиҳон қилинишларига далолат бор. Жинлар Парвардигорларига осийлик қилса, худди инсонлар ўзларига жазони вожиб қилганлари каби улар ҳам ўзларига жазони вожиб қиладилар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: «Жинларга савоб берилмайди, лекин осийлик қилишса, азобга тортиладилар», деган. Унинг «Бизнинг наздимизда уларга савоб йўқ» деган сўзининг маъноси бундай бўлади: «У (Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ) бу (сўзи) билан жинлар Аллоҳга ибодат қилсалар ҳам, Аллоҳ улардан рози бўлмайди, ҳузуридаги даражаларини кўтармайди, деган маънони назарда тутмаган. Лекин бу билан инсонларга жаннатда ваъда қилинган абадий еб-ичиладиган нарсалар, гўзал жуфтлар ва ҳури айнлар жинларга берилмайди, деган маънони ирода қилган. Чунки Аллоҳ таоло томонидан ваъда қилинган нарсалар инсонлар учундир. Жинларга эса мазкур ваъда тегишли эмас, (қолаверса) Қуръони Каримнинг бирор жойида бу (ҳақда) зикр қилинмаган.
Инсонларга ваъда қилинган нарсалар инсонларнинг ҳаққи сифатида эмас, Аллоҳнинг фазли ва инъоми тарзида берилади. Модомики жинларга бу борада ваъда бўлмаган экан, улар учун ҳам ваъда қилинган деб айтиш вожиб эмас. Аммо жазога келсак, ҳикмат Унга кофир бўлган кимсага азоб беришни тақозо қилади. Ҳикмат кофирларни азоблашни лозим қилса-ю, жинлар кофир бўла туриб азобланмасликлари мумкин эмас. Шунинг учун «жинлар азобланишади», деб айтиш вожиб, лекин «улар савобга ноил бўлишади» дейиш вожиб эмас. Тавфиқ Аллоҳдандир!

[16] Ва агар улар тўғри йўлда мустақим бўлсалар, албатта, Биз уларни сероб қилган бўлур эдик.
Оятдаги [тариқатун] - «йўл» сўзида ихтилоф қилинган. Баъзилар уни «ҳидоят йўли» дейишса, бошқалар «куфр йўли» деганлар.
Ким ундан мурод, «ҳидоят йўли» деса, бундан қуйидаги маънолар келиб чиқади: «Маълум ва машҳур йўл Аллоҳ таолонинг йўлидир. У мутлақ келганда у (ҳидоят йўли)га нисбат берилади. Масалан, «дин» сўзини олайлик. У қачон мутлақ зикр қилинса, ундан «ҳақ дин» маъноси тушунилади. Мутлақ келтирилган «йўл» сўзи ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Бизни тўғри йўлга бошлагин» (Фотиҳа сураси, 6-оят). У (ушбу оятдаги тўғри йўлдан мурод) Исломдир. Бу оят (Жин сураси, 16-оят)ни бир неча маънода тушуниш мумкин. Биринчиси, у кофирларга қаратилган бўлиб, «Ва агар улар тўғри йўлда мустақим бўлсалар...», яъни улар ҳидоят йўлини қабул қилганларида эди «Биз уларни сероб қилган бўлур эдик». Яъни тирикчиликда уларга кенглик бериб, мол-дунёларини кўпайтириб қўйган бўлар эдик. Бу ўринда «сув»нинг зикр қилиниши кенгчиликдан киноядир. Чунки дунёдаги кенгчиликнинг барчаси сувга боғлиқ бўлиб, сув уларнинг асосидир. Аллоҳ таоло айтди:
«Осмонда эса, сизларнинг ризқларингиз (ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (жаннат) бордир» (Зориёт сураси, 22-оят). Аллоҳ таоло оятда махлуқотларнинг ризқи осмонда эканининг хабарини берди. Осмондан тушувчи сув ёмғирдир. У махлуқотлар ризқининг асоси бўлгани учун Аллоҳ таоло уни ризқ қилиб белгилаган. Бу ўринда сувнинг зикр қилиниши - биз зикр қилганимиздек «кенгчилик»дан киноядир. Шундай бўлса, оятдаги хитоб қаҳатчилик ва (мусибатли) йиллар билан синалган вақтга оид бўлади. Улар даъватни қабул қилсалар, Аллоҳ таоло қаҳатчилик ва (мусибатли) йилларни улардан кўтаришни ҳамда ризқда кенгчилик беришини ваъда қилди. Бу худди Нуҳ(«Бас, дедимки: «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли Зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур» (Нуу сураси, 10-11-оятлар).), Ҳуд(«Эй қавмим! Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда У осмондан (ёмғир) ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар. Жиноятчи бўлиб кетмангиз!» (Ҳуд сураси, 52-оят).) алай-ҳиссаломлар ва бошқаларнинг сўзи(«Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик. Лекин (улар пайғамбарларни) ёлғончига чиқардилар. Натижада қилмишлари сабабли уларни (азобга) тутдик» (Аъроф сураси, 96-оят).) ҳамда қавмлари учун ёмғир мўл-кўл ёғдирилиши, мол-дунё, фарзандлар ва бошқаларнинг кўпайтирилиши ҳақидаги Аллоҳ таолонинг ваъдаларига ўхшайди.
Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари ҳақида бўлиши ҳам мумкин. Чунки улар Исломнинг аввалида танг ва қийин ҳаёт кечирар эдилар. (Ҳатто) очлик зўрлигидан дара ва водийлардаги ўт-ўланларни топ(иб ей)иш учун у ерларда юрар эдилар. Вазият ўта қийинлашганда ҳолатлари ўзгариб, бошқача бўлиб қолиши мумкин эди. Шундай бир ҳолда улар ўзлари юрган тўғри йўл (Ислом)да устувор турсалар, ҳақ динни ва ҳидоятни ботил (нарса)га алмаштирмасалар, ҳаётларида кенгчилик берилиши ваъда қилинди. Шунингдек, улар Исломда бардавом бўлсалар, ёрдамчилари кам бўла туриб, душманлар устидан ғалаба ва зафар қучиш ваъдаси ҳам берилди(«Агар (чин) мўмин бўлсангиз, ўзингиз олий (даражада) бўла туриб, (баъзи мағлубиятларингиз сабабли) сустлашмангиз ҳам, ғамгин ҳам бўлмангиз» (Оли Имрон сураси, 139-оят).).
Баъзилар айтганлар: «Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ва агар улар тўғри йўлда мустақим бўлсалар...» сўзининг таъвили шуки, ер аҳлининг барчаси мусулмон бўлганларида, дунёни кенг қилиб, моллари ҳамда болаларини кўпайтириб қўйган бўлар эдик. Улар ерда фитнага солиниб, қаттиқ имтиҳон қилинадилар. Улардан айримлари машаққатни кўтариб, мўмин ҳолда қолади. Баъзилари синовни кўтара олмай, итоат этмайди ва аввалги куфр ҳолига қайтади. Билингки, бизнинг ваъдамиз воқе бўлмай қолмас».
Аллоҳ таоло жаҳаннамни жин ва инсонлар билан тўлдириш ваъдасини берган(«Агар Биз хоҳласак, албатта, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу сўз муқаррар бўлгандир: «Мен жаҳаннамни барча (куфрдаги) жин ва одамлар билан тўлдиргайман» (Сажда сураси, 13-оят).). У Зотнинг ваъдаси амалга ошмай қолмайди. Улар тўғри йўлда устувор бўлиб, зулм қилмасалар, бу ваъданинг акси юзага чиқади. Чунки инсонлар тўғри йўлда бардавом бўлиб, зулм қилмасалар, жаҳаннам тўлмай қолади. Уларнинг зулми (тўғри йўлда юрмасликлари)да ҳам ҳикмат бор. Инсонлар Аллоҳ таоло Ўзига манфаат бўлиши учун уларни яратмаганини, балки ўзларининг манфаати учун яратганини билишлари лозим. Яъни яхши инсон бўлсалар, ўзларига яхшилик қилган бўладилар. Бордию осийлик қилсалар, ўзларининг зараригадир(«Агар (шундан кейин) эзгу иш қилсангиз - ўзларингизга эзгулик қилган бўлурсиз. Агар ёвузлик қилсангиз ҳам ўзингиз учундир» (Исро сураси, 7-оят); «Кимки яхши амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса ҳам ўз зиёнигадир. Раббингиз бандаларга ноҳақлик қилувчи эмасдир» (Фуссилат сураси, 46-оят).). Аллоҳ у (банда)ларни тўғри йўл узра қолдириб, умумий дўстлик намоён бўлганида, албатта, хаёлга Аллоҳ таоло инсониятни Ўзининг манфаати учун яратган, деган шубҳа келган бўлар эди.
Бу «асло мумкин бўлмаган ишнинг фаразан содир бўлганда қандай бўлиши» борасидаги Аллоҳ таоло билимининг баёнидир. Зеро, биз юқорида зикр қилган ва ундан бошқа инсонлардан бир тоифасигина уларнинг баъзисини билиши мумкин бўлган ҳикматларга кўра Аллоҳ таоло кимни имон келтиришинию кимни кофир бўлишини билди ва шунга ҳукм қилди.
Сўнг Аллоҳ таоло хабар бериб айтадики, агар У барчани ҳақ йўлда бўлишга ва имон келтиришларига ҳукм қилган тақдирда ҳам барчани абадий тўғри йўлда бўлишга ҳукм қилмас эди. Балки Унинг ҳукми шундайдир: «Баъзилар тўғри йўл узра бир муддат бўлиб, сўнг уни тарк этиб, ҳақни ботилга алиштиради. Баъзилар биз зикр қилган ҳикматни юзага чиқарган ҳолда тўғри йўлда бардавом бўладилар».
У худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшайди:
«...қатл бўлиш тақдирида ёзилганлар ўз ўлим(жойларига чиқар эдилар»(«Айтадиларки: «Агар бизда бу иш юзасидан ихтиёр бўлганда эди, бу ерда қатл қилинмаган бўлур эдик». Айтинг: «Агар уйларингизда бўлганингизда ҳам (такдирда) қатл қилиниш ёзилган кимсалар ўзларининг (ўладиган) жойларига бориб қоган бўлар эди». Кўксингиздаги нарсани (имонни) синаш ва дилларингизни (шайтон васвасасидан) поклаш учун (Аллоҳ шу мағлубиятни раво кўрди). Аллоҳ кўнгиллардаги кечинмаларни (ҳам) яхши билувчидир» (Оли Имрон сураси, 154-оят).). Яъни уларга жиҳод ва жангга чиқиш фарз қилинмаган тақдирда ҳам белгиланган муҳлат (ажал)лари келганда ўзларининг ҳожатлари учун чиқиб ўлимга йўлиқар ва ўлдирилар эдилар. Бу (аслида) У Зот ҳукм қилмаган ҳолат бўлиб, мабодо ҳукм қилса, (натижа) қандай бўлишининг баёнидир. Бу (оятдаги маъно) ҳам айни шунга ўхшайди.
Ким унинг маъносини «куфр йўли» деса, бу ўринда [ал-истиқомату] сўзидан [ал-иқомату] - «турғазиш» назарда тутилган бўлади. [ал-иқомату] сўзини «куфрда туриш»га ҳам «исломда туриш»га ҳам қўлласа бўлади. Аслида [тари-қатун] сўзи қайдсиз мутлақ келганда «ҳидоят йўлини» англатса-да, оятда Исломдан аввал улар билган куфр йўлига ишора қилинган. Чунки куфр йўли улар орасида маълум ва машҳур бўлган. Таъвил аҳли ҳам бу ерда «йўл» сўзи «куфр йўли»ни англатади, деганлар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Албатта, Биз уларни сероб қилган бўлур эдик» ояти «Аллоҳни душман деб билсалар ҳам, Парвардигорларининг саховатини билишлари учун кенгчилик қилдик, бойликларини кўпайтирдик. Худди Уз дўстларига ризқни кенг қилгани каби. Яна У Зотнинг ҳалимлигини ҳам англасинлар, сабаби, уларни азоб ила тутмади, ғазабини юборишга шошилмади» деган маънони англатади. Валлоҳу аълам!

[17] Бу билан уларни синаган бўлур эдик. Кимки Парвардигорининг зикридан (Қуръондан) юз ўгирса, (У) уни қаттиқ азобга йўллар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Бу билан уларни синаган бўлур эдик» оятидаги [ал-фитнату] сўзи «қаттиқ синов» маъносини англатади. Бу кофирларга тегишли деб тушунилса, ризқларининг кенг қилинишида уларга қаттиқ синов бор, деган мазмунни ифодалайди. Чунки бу уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишдан, бўйсунишдан тўсади. Бунга бошқаларда зиёда молу дунё ва кенгчиликни кўрганлари сабаб бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Биз қайси бир қишлоққа бирор огоҳлантирувчи (пайғамбар) юбормайлик, албатта, у жойнинг маишатпарастлари: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган (дин)га кофирмиз», деганлар» (Сабаъ сураси, 34-оят).
Бошқа оятда бундай дейилган:
«Шунингдек, ҳар бир қишлоқда, унинг йирик жиноятчиларини у ерда макр қиладиган этиб қўйдик. (Ўзлари) сезмаган ҳолда (улар) фақат ўзларигагина макр қиладилар» (Анъом сураси, 123-оят).
Оят маъноси мусулмонларга тегишли деб тушунилса, уларга кенгчилик берилишида кучли имтиҳон бор, деган маъно англанади. Шунингдек, имтиҳоннинг ҳар бир кўринишида биз учун машаққат мавжуддир. Бу ҳақца Аллоҳ таоло бундай деган:
«Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яҳшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз» (Анбиё сураси, 35-оят). Инсон қандай ҳолатга дуч келмасин, у учун бир имтиҳон бордир.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Кимки Парвардигорининг зикридан (Қуръондан) юз ўгирса...» ояти: «Ким Парвардигорига итоат ва ибодат қилишдан юз ўгирса...» ёки «Ким У Зот тавҳидидан юз ўгирса» ёки «Қуръондан юз ўгирса...» каби маъноларни англатади. Чунки Қуръон зикрдир.
Бу ўринда «юз ўгириш» сўзи «устун қўйиш» ва «ихтиёр қилиш» маъноларини билдиради. Яъни Аллоҳ таолодан ўзганинг зикрини Унинг зикридан ёки бошқанинг тоатини Унинг тоатидан устун билган киши тушунилади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «(У) уни қаттиқ азобга йўллар» оятига келсак, бошқа ўринда (бу хусусда) бундай дейилган: «Яқинда Мен уни (дўзахдаги) баланд довонга дучор қила-жакман» (Муддассир сураси, 17-оят).
(Юқоридаги икки оятда келган) [ас-соъаду] ва [ас-соъуду] сўзлари ўзининг ҳақиқий маъносида бўлиши мумкин. Муфассирлар зикр қилишича, дўзахийлар оловли тоғга чиқишга буюриладилар, улар унга жуда катта машаққатдан сўнг чиқишади. Унинг чўққисига етишгач, (дўзахга) қулайдилар. Бу уларнинг ҳолатидир.
Бу (васфлар) зарбулмасал маъносида бўлиши ҳам мумкин. Чунки баландликка кўтарилиш тушишдан қийинрокдир. Демак, бу ерда [ас-соъуду] сўзи машаққат маъносидадир, яъни машаққатли бир ҳолат уни кутиб олади, деган маънода бўлади.
(Баъзи муфассирлар) унинг маъноси ҳақида кетма-кет азоб тушадиган «машаққат» деганлар. Қутабий: [ас-соъуду] сўзи «машаққат» маъносини англатади», деган. «Менга бу машаққат туғдирди» деган жумла араб тилида [та-саъъада ъалайя ҳазал амри] деб ифодаланади. Умар розияллоҳу анҳу: «Никоҳ хутбаси каби бирор иш менга машаққат туғдирмади», яъни «менга қийин бўлмади», деганлар. Валлоҳу аълам!

[18] Ва, албатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг!
Сажда қилинадиган ўрин ер бўлса, сажда қилиш воситалари аъзолардир. Гўё У: «Сажда қилинадиган жойлар ва сажда қилинадиган аъзолар Аллоҳ таоло учундир. Чунки У уларни яратди ва пайдо қилди. Барпо этилган масжидлар Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва дуо қилиш учун барпо этилгандир. Шундай экан, ибодат ва дуода Унга бошқасини шерик қилманглар», деди.
Баъзилар бундай деганлар: «(Аллоҳ таоло) масжидлар сўзидан Масжидул Ҳаромни ирода қилган». Бу маъно Заҳҳок ва бошқалардан ривоят қилинган. Ундан Масжидул Ҳаром тушунилишига оят Маккада нозил қилингани ва ундан бошқа жойларда масжид бўлмагани сабабдир.
Баъзи (муфассир)лар: «Бу ерда масжидлардан черков ва каниса (ибодатхона)лар ирода қилинган. Чунки черков ва канисалар Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун қурилган. Шу боис Аллоҳ таоло у ерда Узидан бошқаларга ибодат қилишдан қайтарди», деганлар.
Бу оят ҳужжат тақдим қилиш маъносида талқин қилинади. Яъни масжидлар Аллоҳ таолога ибодат қилиниши учун қурилганини биласизлар. Шундай экан, ундан бошқасига ибодат қилманглар. Ёки у (масжид, сажда қиладиган аъзо)ларни Аллохдан ўзгаси яратмаган, қандай қилиб ибодат ва дуода Аллоҳ таолога уларни барпо қилмаганларни шерик қиласизлар?!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Бас, Аллохдан бошқага дуо қилманг!» ояти фақат дуога тегишли бўлиши мумкин. Шунда унинг маъноси бундай бўлади: «Аллоҳдан бошқасига дуо қилманглар!» Чунки қавм бирор нарсага ибодат қилса, уни илоҳ деб номлайдилар. У Зот айтмокда: «Ундан ўзга бирор илоҳга дуо қилманглар! Чунки У ҳар жиҳатдан ибодатга лойиқ Зотдир».
Дуодан ибодат ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин. Набий алайҳиссалом: «Дуо ибодатнинг магзидир», дедилар (Имом Термизий ривоятй).
Аллоҳ таоло бундай деган:
«Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай! Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир сураси, 60-оят).
Аллоҳ таоло бандаларнинг қилган дуосини ибодат (мақомида) қилди. Демак, Аллоҳ таолонинг: «Бас, Аллохдан бошқага дуо қилманг!» ояти «У Зотга ибодатда бошқани шерик қилманглар!» деган маънони англатади. Валлоҳу аълам!

[19] Яна Аллоҳнинг бандаси (Муҳаммад) Унга ибодат қилиб турганида, улар (жинлар Қуръон эшитиш учун) унинг устида ғуж-ғуж бўлиб йиғила бошладилар.
Баъзи (муфассирлар) бундай деганлар: «У (жин)лар Набий алайҳиссаломга рағбат ва дўстлик жиҳатидан ғуж-ғуж бўлиб йиғила бошлаганлар». Аллоҳ таолонинг: «...улар унинг устида ғуж-ғуж бўлиб йиғила бошладилар» ояти «улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бориш учун бир-бирларига ёпишиб кетгудек бўлар эдилар» деган маънони ифодалайди. Ёки Аллоҳ таолонинг: «...улар унинг устида ...йиғила бошладилар» ояти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотдан эшитган нарсалари учун муҳаббат қилган ҳолда, эшитганларини ҳифз (муҳофаза) қилишга ҳарис бўлиб ёки эшитганларидан ажабланиб, у зотга ёпишиб олган эдилар, деган маънони билдиради.
Улар эшитганларини ёдлаб олишга ўта ҳарис эдилар. Чунки улар огоҳлантирувчи жинлардан эдилар. Шу боис улар қавмлари олдига қайтганда огоҳлантиришлари учун у (Қуръондан эшитганлари)ни ёдлаб, сингдириб олишга ҳарис бўлардилар. Улар эшитган нарсаларидан ҳайратландилар. Чунки уни китоблар мутолаа қилмаган манба (зот)дан эшитган эдилар. Улар Қуръонни умуман китоб ўқимаган, ёзишни билмайдиган уммий (зот - Муҳаммад алайҳиссалом)дан эшитиб, бундан янада қаттиқ таажжубга тушган эдилар.
[ат-талаббуду] бир нарсанинг бошқа нарсага ажралмайдиган тарзда ёпишишидир. Шу жиҳатдан [ал-лабаду] «жун» сўзи [либада] деб аталган. Чунки жун бир-биридан ажралмайдиган даражада бири иккинчисига ёпишган бўлади.
У (муфассир)лардан баъзилари шундай дейишган: «Жинлар бу ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ адоватлари сабабли қилганлар. Шунга кўра, оят инсон ва жинлардан иборат кофирларга қаратилган бўлади. Аллоҳ таоло: «Улар жамланиб, Унинг нурини ўчириш йўлида бир-бирларига ёрдам бермоқдалар», деб хабар бермокда. Аллоҳ таоло эса Уз нурини камолига етказмасдан қўймас».
Оятнинг маъноси кофирларга қаратилган бўлса, Аллоҳ азза ва жалланинг: «Яна Аллоҳнинг бандаси (Муҳаммад) Унга ибодат қилиб турганида...» деган сўзининг маъноси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони ибодатда яккалаб, одамларни У Зотга ибодат ва итоатга даъват қилаётганларида инсонлар ва жинлардан иборат кофирлар туриб, ушбу ишга қаршилик қилиш учун ғуж-ғуж бўлиб, уни ўчирмоқчи бўлганлар. Аллоҳ таоло эса у зотга ёрдам бермасдан ва (нурини) охирига етказмай қўймас.
Оят мусулмон жинлар ҳақида бўлса, дуо ибодат (маъносини ифодалайди. Гўё У Зот бундай деган: «(Муҳаммад алайҳис-салом) Аллоҳ таолога ибодат учун, яъни намозга турганларида жинлар эшитганларини ёдлаб олишга ўта ҳарисликлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳамда эшитган нарсаларини яхши кўрганларидан у зот томон ғуж-ғуж бўлиб (ёпирилиб) келганлар».

[20] (Эй Муҳаммад! Кофирларга) айтинг: «Мен фақат Раббимгагина ибодат қилурман ва Унга ҳеч кимни шерик қилмасман».
Ушбу оятда дин Аллоҳ таолонинг тавҳидига асосланиши, Яратганга ширк келтириш динга буткул бегоналиги ҳакида хабар берилмокда. Яна унда Расулуллоҳ халқни нимага чақираётгани ҳақида ҳам хабар бор. Булар Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва тоатига ижобат этишдир.
Оят мушрикларнинг саволи ва санамларга ибодат қилишга чақиришлари ортидан (нозил қилинган) бўлиши ҳам мумкин. Хабарларда келишича, мушриклар Набий алайҳиссаломга: «Бир кун сенинг илоҳингга ибодат қиламиз, бир кун сен бизнинг илоҳларимизга ибодат қиласан», деганлар. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятида акс этган:
«Эй қавмим! Нега мен сизларни нажотга (жаннатга) чорласам, сизлар мени дўзахга чорламоқдасиз?! Сизлар мени Аллоҳга кофир бўлишга ва ўзим билмайдиган нарсаларни Унга шерик қилишга чақирмоқдасиз. Мен эса, сизларни Азиз (қудратли) ва Ғаффор (ўта мағфиратли Зот)га (имон келтиришга) чорламоқдаман» (Ғофир сураси, 41-42-оятлар).
Шунингдек, оят Набий алайҳиссаломни уларнинг маслакига қайтишларига бўлган умидларини кесадиган ва ноумид қиладиган илк калом бўлиши ҳам мумкин.

[21] Сиз: «Албатта, мен сизлар учун зарарга ҳам, манфаатга ҳам молик эмасман», деб айтинг.
Яъни «диний зарар» ва «диний манфаат». Бир неча маънога эга исмларнинг маъносини англашда, асл қоидага кўра, унинг зид маъносига қаралади. Шунда зид маъно орқали ундан кўзланган мурод зоҳир бўлади. Масалан, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Орамизда мусулмонлар ҳам бор, (шунингдек) орамизда (йўлдан) озганлар ҳам бордир» (Жин сураси, 14-оят).
[ал-қоситу] жабр қилувчи деганидир. Кофир бўлмаган кимса ҳам жабр қилувчи бўлиши мумкин. Сўнг жабр куфр (маъноси)га бурилган. У сўздан кўзланган мурод унинг зидди билан зоҳир бўлган. Унинг зидди Аллоҳ таолонинг: «Орамизда мусулмонлар ҳам бор...» ояти(даги «мусулмонлар»дир.
Зарар динда, молда ва жонда бўлиши мумкин. Лекин Аллоҳ таоло [рошадан] - «тўғри йўл» сўзини келтиргач, зарарнинг унга тегишлилиги маълум бўлди. Динда «тўғри йўл» борасида сўз боради. Гўё Пайғамбаримиз: «Мен сизларнинг йўлдан озишингизга ҳам, тўғри йўлда юришингизга ҳам молик эмасман. Бу Аллоҳнинг ишидир. У кимни хоҳласа, ҳидоят қилади
ва кимни хохдаса, адаштиради», дедилар.
Мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло кимнидир ҳидоят қилишга ҳам, йўлдан оздиришга ҳам молик эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бунга) кўпроқ моликрокдир. Чунки Расулуллоҳ халқни мустақил ҳидоятга чақирадилар. Аллоҳ таоло бундай қилишга Пайғамбари орқали молик бўлади», деб ўйлайдилар.
Аллоҳ азза ва жалла айтади:
«Уларнинг ҳидояти Сизнинг зиммангизда эмас (эй Муҳаммад!), балки Аллоҳ (Узи) хоҳлаган кишиларни ҳидоятга йўллагай» (Бақара сураси, 272-оят).
Бошқа оятда бундай деган:
«(Эй Муҳаммад!) Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Қасас сураси, 56-оят).
Аллоҳ таолога нисбати берилган «ҳидоят» сўзидан «даъват» ва «баён қилиб бериш» маъноси назарда тутилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ҳидоят қиладиган (яъни даъват қилувчи) бўладилар. Чунки у зот уларни ҳидоят қилувчи ва уларга динни баён қилиб берувчидирлар. Демак, Аллоҳ таолонинг ҳидоятида инсоният тадбири етмайдиган лутфу марҳамат бор.

[22] Сиз: «Албатта, мени ҳеч ким Аллоҳ (азоби)дан сақлаб қола олмас ва ҳаргиз Аллохдан ўзга пушти паноҳ топа олмасман».
Гўё мушриклар Расулуллохдан қавмга рисолатни етказмас-ликни ёки очиқлашга буюрилган нарсани беркитишни ёки зодагонларга сертакаллуф бўлишни талаб қилишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Расулуллоҳ шундай қилса, Аллоҳ таолодан бошқа бирор киши уни паноҳига ола олмас ва ўзига бирор паноҳ топа олмас. Бордию у Парвардигорининг рисолатини етказса, Аллоҳ Ўзининг азобидан уни паноҳига олади ва Унинг ҳузурида у учун паноҳ бўлади», деб хабар берди.

[23|«Менинг вазифам фақат Аллоҳнинг топшириқларини етказишдир. Кимки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига бўйсунмаса, унга жаҳаннам оташи бор, унда абадий қолажаклар», деб айтинг.
Баъзилар Аллоҳ таолонинг «Менинг вазифам фақат Аллоҳнинг топшириқларини етказиш» оятини «Сиз: «Албатта, мен сизлар учун зарарга ҳам, манфаатга ҳам молик эмасман» деб айтинг» оятидан истисно (Араб тили қоидасига кўра «истисно» бир гапни айтиб, ундан бошқаларни ажратиб олиш учун қўлланилади. Масалан, олдимга ҳамма келди, бироқ Юсуф келмади, деган жумлада Юсуф келганлар орасидан ажратиб олиниб, унинг келмаганлиги баён этилмокда.) қилганлар. Яъни мен сизларни ҳидоят қилишга ҳам, йўлдан оздиришга ҳам молик эмасман, фақат сизларга рисолатни етказишга буюрилганман, холос.
Баъзилар ушбу оятни «Айтинг: «Албатта, мени Аллоҳдан бирор кимса ҳимоя қила олмас» оятидан истисно қилганлар. Яъни Унинг амридан бош тортиб рисолатни етказмасам, мени Унинг азобидан ҳеч ким қутқара олмас маъносидадир. Демак Унинг азобидан рисолатни етказишимгина қутқариб қолади, холос.
Аллоҳ таоло айтди:
«Эй Пайғамбар! Сизга Раббингиздан нозил қилинган нарсани етказинг. Агар шундай қилмасангиз, Унинг элчилигини етказмаган бўласиз» (Моида сураси, 67-оят).
Бошқа оятда бундай деган:
«Бас, агар юз ўгириб кетсангиз, у (Пайгамбар)нинг ўзига юклатилган нарса, сизнинг ўзингизга юклатилган нарса бор» (Нур сураси, 54-оят).
Чунки Расулуллоҳга Аллоҳ таоло азобидан ҳимояга ҳожат (бўлиши) мумкин эмас. Зеро, Расулуллохдан азобни тақозо қиладиган айбу нуқсон топилмаган. (Аллоҳнинг азобидан) паноҳига олиш зикри юзага чиқиши учун Пайғамбар зиммасига юклатилган нарсада айбу нуқсонга йўл қўйиши мумкин бўлиши лозим.
Муфассир Абу Муознинг(Букайр ибн Маъруф Асадий Абу Муоз Абулҳасан Найсобурий. У Домиғоний ҳам дейилган. 163/780 йилда вафот этган. Тафсир ёзган олимлардан. Найсобурда қозилик қилиб, сўнг Дамашкда яшаган. Абу Ҳанифа, Муқотил роҳимаҳумаллоҳ ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Қаранг: Ибн Ҳажар. Таҳзиб ат-таҳзиб. 1/434; Суютий. «Табақот ал-муфассирийн». 1/42.) айтишича, (ушбу оятдаги) истисно Аллоҳ азза ва жалланинг: «Айтинг: «Албатта, мени Аллоҳдан (яъни Унинг азобидан) бирор кимса ҳимоя қила олмас» оятидан эмас, балки «Сиз: «Албатта, мен сизлар учун зарарга ҳам, манфаатга ҳам молик эмасман», - деб айтинг» оятига кўра бўлмоқда. Абу Муоз бунга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатини далил сифатида келтирган. У (юқоридаги оятни) бундай ўқиган(Яна Убай розияллоҳу анҳунинг деган қироатини ҳам далил қилиб келтирган. Бу гапнинг маъноси шуки, манфаат берувчи ҳам, зарар берувчи ҳам, тўғри йўлга йўлловчи ҳам, йўлдан адаштирувчи ҳам Аллохдир. Махлуқотлардан ҳеч кимда бунга қудрат йўқ. Розий. «Мафатиҳ ал-гойб». 30/164.):
«Сиз: «Албатта, мен сизлар учун адаштиришга ҳам, тўғри йўлга бошлашга ҳам молик эмасман. Фақат Аллоҳ таолодан етказувчиман холос», - деб айтинг».
Биз зикр килган сабабга кўра, истисно Аллоҳ таолонинг: «Сиз: «Албатта, мен сизлар учун зарарга ҳам, манфаатга ҳам молик эмасман», - деб айтинг» оятидан бўлишини қатъий тақозо қиладиган нарса юқорида келтирилган жумлада йўқ. Чунки аксар таъвил аҳли истиснони Аллоҳ таолонинг: «Айтинг: «Албатта, мени Аллоҳдан (яъни Унинг азобидан) бирор кимса ҳимоя қила олмас» оятига тегишли деб ижмо қилганлар. Абу Муознинг сўзи билан аксарият таъвил аҳлининг сўзини хатога чиқариш мумкин эмас. Аксарият таъвил аҳлининг сўзи тўғри ва саҳиҳдир.
Оятдаги [ал-балағу] ва [ар-рисалату] сўзларининг маъноси бир бўлиши мумкин. Шундай тушунилса, «Аллоҳнинг етказиладиган [ал-балағу] хабарини етказади» ва «Аллоҳнинг рисолатларини [ар-рисалату] етказади» деган маънолар бир бўлиб, (маълум ҳикматга кўра,) такрорий келтирилган бўлади. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Унга (Ийсога Аллоҳ) ёзишни, (илму) ҳикматни таълим беради» (Оли Имрон сураси, 48-оят). Айтилишича, у икки (Китоб ва ҳикмат) сўзнинг маъноси бирдир.
[ар-рисалату] нозил қилинган нарсанинг ўзи, яъни Китоб, [ал-балағу] эса унга жо қилинган ҳикмат, яъни маънолар бўлиши мумкин. Шунингдек, Қуръони Каримда:
«Унга (Ийсога Аллоҳ) ёзишни, (илму) ҳикматни таълим беради» деган ояти тафсири борасида бундай дейилган: «Китоб - нозил қилинган нарсанинг айни ўзи, ҳикмат эса у қамраб олган маънолардир», дейилган.
Аллоҳ таоло томонидан бўлган [ал-балағу] сўзи «Унинг ҳукми» ва «бошқаларга рисолати» деган маъноларда бўлиши мумкин. Аллоҳнинг «рисолати» ҳукми, «ал-балағу» эса етказиши бўлиши мумкин. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Раббингиз сўзи ростлик ва адолат жиҳатидан камолга етди» (Анъом сураси, 115-оят).
Яъни оятдаги [сидқон] сўзи «Унинг хабарлари», [адлан] - «Унинг ҳукмлари» деган маънони ифодалайди. Ёки [балағон мин Аллоҳ] иборасини «Уларнинг зиммасидаги Аллоҳнинг ҳаққи» ва [рисаалатиҳи] иборасини «бандаларнинг манфаатларига боис бўлган нарса» деб ифодалаш мумкин. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...ва мен Ундан ўзга паноҳ ҳам топа олмасман» деган сўзи ҳақида (муфассирлар): «Унга мойил қиладиган нажот ва жой (топа олмасман)», деганлар.
[ал-илтиҳаду] сўзи [ал-имолату] маъносида, яъни «мойил қилишидир(сўзи яъни қочадиган жой, паноҳ деган маънони билдиради. Чунки қочувчи унга мойил бўлади. Фарро раҳматуллоҳи алайҳ: «Айтинг: «Албатта мени Аллохдан (яъни Унинг азобидан) бирор кимса ҳимоя қила олмас. Менинг вазифам фақат Аллоҳнинг топшириқларини етказишдир» (ояти маъноси) ҳақида бундай деган: «Яъни унга қочадиганим бошпана ҳам, йўл ҳам топа олмасман». «Лисон ал-ъараб. Лаҳад».). Шу маъно эътиборидан [ал-лаҳду] «мақсаддан четлашиш» сўзи [лахдан] «мақсаддан четлашиш» деб аталди.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Кимки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига бўйсунмаса, унга жаҳаннам оташи бор, унда абадий қолажаклар» ояти (тафсирига келсак), бошқа бир ўринда бундай деган:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлар» (Ақзоб сураси, 57-оят).
Яна бир ўринда бундай марҳамат қилган:
«Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди» (Аҳзоб сураси, 36-оят).
Гуноҳларга қўл урган киши исёнга ва Расулга азият беришга дахлдор бўлади. Аммо бу ерда Пайғамбар алайҳиссаломга исён (итоатсизлик) қилиш ва у зотга азият бериш эътиқодидаги инсон назарда тутилган. Чунки (тўғри бу ўринда) Аллоҳ таоло «азият» ва «исён» сўзларининг нисбатини Узига берган. (Лекин воқеликда) ҳеч ким Аллоҳ таолога азият етказишни қасд қилмайди. (Қолаверса,) Аллоҳ азза ва жаллага асло озор етказилмайди.
Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга азият беришни ва у зотга исён қилиш нисбатини Ўзига берди. Аслида мушриклар Расулуллоҳга исён қилиш ва унга азият беришга эътиқод қиладилар (шу учун ҳаракат қиладилар). Уларнинг Аллоҳ Пайғамбарига итоатсизлиги ва азияти Аллоҳ таолога нисбатан азият ва исён деб эътиборга олинди. Демак, бу эътиқод экани собит бўлди.
Аллоҳ азза ва жалла бундай деган:
«Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди» (Нисо сураси, 80-оят). Бошқа оятда бундай дейилади:
«Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталарида чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича зинҳор имон келтирмагайлар» (Нисо сураси, 65-оят).
Аллоҳ таоло Расулнинг итоатини Ўзига итоат, Расулига итоатсизликни Ўзига итоатсизлик (ўрнида) қилди. Чунки Аллоҳ таоло итоатсизликни «рисолатни етказиш» иборасидан сўнг келтирди. Демак, бу ўринда «исён» сўзи «Расулга нозил қилинган нарсани қабул қилмаслик» ва «Расулуллоҳга исён қилиш эътиқодида бўлиш» маъносидадир.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайхдан ривоят қилинади: «Ким Аллоҳ таолога имон келтириб, Расулига имон келтирмаса, у мўмин эмасдир. Чунки унинг Аллоҳ таоло борасидаги билимсизлиги Расулни ёлғончига чиқаришга ундади. Зеро, Расул фақат Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ҳамда Унинг азобидан қутқарадиган нарсага даъват қилади. Агар у (ҳақиқатан ҳам) Аллоҳ таолони яхши кўриб, Унга чин имон келтирганида, бу уни Расулни яхши кўриш ва унга итоат қилишга ундаган бўлар эди. Демак, Расулни ёлғончига чиқарувчи Парвардигорини танимаслиги, Расулга итоат қилувчи эса Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилувчи экани собит бўлади».

[24] Токи уларга ваъда қилинган нарсани кўрганларида, кимнинг ёрдамчиси заифу, кимнинг сони озлигини ҳам биларлар», деб айтинг.
Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзи (тафсирига келсак), У Зот бошқа ўринда бундай деган:
«...албатта, кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билурлар» (Марям сураси, 75-оят).
Бу (ҳолат) дунёда ҳам, охиратда ҳам, яъни иккисида ҳам бўлиши мумкин. Таъвил аҳлининг таъкидлашича, оят Бадр кунига тегишли бўлиши мумкин. Зеро, ўша кунда уларнинг мартабаси ўта ёмон, лашкари кучсиз ва (бутлардан иборат) ёрдамчилари ўта ожиз экани маълум бўлди.
Бу (ҳолат) охиратда бўлиши ҳам мумкин. Чунки улар ўзларининг охиратда кам сонли бўлишларини биладилар, сабаби уларнинг ҳар бири дунёдаги соҳиби, ёрдамчиси ва мададкоридан бош тортади ҳамда душманга айланади. Шу тариқа уларнинг сони озайиб кетади. Бадр кунида эса (мушриклар) мусулмонлардан сон жиҳатдан устун эдилар, оз сонли эканлари уларга ошкор бўлмаган.
Бадр куни мусулмонлар (тарафида иштирок этганлар) кўп бўлиши ҳам мумкин. Чунки Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзининг фаришталари билан мадад берган. Натижада кофирлар гарчи улардан кўп бўлиб кўринган бўлсалар ҳам, (мусулмонлар) ҳақиқатда кўп сонли эдилар. Ушбу оят кофирларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларининг кўп сонли ва қувватли экани, мусулмонларнинг оз сонли бўлганлари билан қўрқитишлари ортидан тушган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари алайҳиссаломга эҳтиёж тушган вақтда нусрат ва кўп сонли (қўшин) ваъдасини берган. Тавфиқ Аллохдандир!

[25] Сиз: «Сизларга ваъда қилинган нарса яқинми ёки Раббим унга узоқ муддат қилганми - билмайман», деб айтинг.
Аллоҳ таоло буни ваъиди (огоҳлантириши)нинг зикри олдидан келтирган. Аллоҳнинг ваъиди қуйидаги оятда акс этган:
«...кимнинг ёрдамчиси заифу кимнинг сони озлигини ҳам биларлар» (олдинги оят). Мушриклар Расулуллоҳдан мана шу ваъид қачон бўлиши ҳақида сўрашганда, Аллоҳ таоло Расулуллоҳга бундай дейишни амр этди:
«Сизларга ваъда қилинган нарса яқинми ёки Раббим унга узоқ муддат қилганми - билмайман».
Олдинги оятларда зикр қилдикки, ваъиднинг юзага келиш вақтини баён қилишда ҳеч қандай фазилат йўқ. Балки ваъиднинг вақти очиқланмаса, вақти баён қилинганда топилмайдиган қўрқитиш ва огоҳлантириш фазилати юзага келади. Чунки (ваъда қилинган азоб қачон бўлиши) баён қилинса ва орада узоқ муддат бўлса, одамлар ўша кун келгунча азобдан омонда бўлганлари учун тавбани орқага суриб, уни кечиктирадилар. Бордию уларга муҳлат берилмаса, умидсизликка тушадилар. Акси ҳолда эса хавф ва ражо йўқ бўлиб, имтиҳон имтиҳонлигини йўқотади. Чунки имтиҳон аслида хавф ва ражо воситасида юзага чиқади.
Уларга (азоб келиш вақти) маълум қилинмаса, улар доимо огоҳ ва қўрқувда бўладилар. Бу эса уларни яхшиликларга шошилиш ва ёмонликлардан буткул йироқ бўлишга ундайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ бу (мазкур оятдаги сўзни айтиш)га амр этилганлар. Аслида, буни айтишга амр этган Зот ваъда қилинган вақт қачон эканини (яхши) билади.

[26] У ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмайди.

[27] Магар Ўзи рози бўлган Пайғамбарлар. Албатта, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатиб юрувчи қўйиб қўядир.
Аслида, Аллоҳ таоло махлуқотлардан беркитган ғайб уч хил даражада бўлади: Биринчиси, инсониятнинг билимини хилқати (яратилиш ҳикмати) билан ожиз қолдирган нарсалар. Масалан, моҳиятлар, яъни нарсаларнинг моҳияти - табиати каби. Киши бир нарсанинг моҳиятини, яъни яратилиш табиатини идрок қилишни хоҳласа, асло унга етиша олмайди. Мисол учун, сувни олиб қарайлик. У ҳар бир нарса учун тириклик манбаи қилинган. Кимдир ундаги маънони, яъни тириклик манбаини билмоқчи бўлса, уни асло идрок қила олмайди. Бу (маъно) табиатга эга барча нарсага тегишлидир.
Иккинчиси, инсоният нақл (ваҳий)сиз тафаккур ва чуқур назарнинг ўзи билан моҳиятини билиш мумкин бўлган нарсалар. Масалан, Яратувчи ва Унинг ягоналигини билиш каби.
Учинчиси, моҳиятини идрок қилишдан инсониятни ожиз қолдирмайдиган, аммо унинг моҳиятини хабарсиз англашлари имконияти йўқ нарсалар. Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмайди» ояти айни шунга тегишлидир. Лекин инсоният у ҳакда фақат хабар кўмагида маълумотга эга бўлади. Бунга халқнинг манфаати ва халқ орасида зоҳир бўлган озиқ-овқатнинг манфаатига тегишли нарсалар мисол бўлади. Лекин улар ҳақида инсонлар орасидан илмга эга (бўлган Расуллардан) ва илми ораларида ёйилган кимсалардан билиш мумкин. Бу нарса қайсидир муайян шахсда топилса, шу унинг расул эканига далолат қилади.
Баъзилар ушбу оятда мунажжимларни ёлғонга чиқариш борлигини зикр қилганлар. Лекин ундай эмас. Чунки уларнинг орасида хабари тасдиқ этиладиганлари, улар туфайли махлуқотлар (наботот ва шу каби) кўпаядиган ҳамда ўзгариш ва алмашиш содир бўладиган (қуёшнинг) чиқиш, ботиш, кўтарилиш жойларини, юлдузларни биладиганлари бор. Булар тафаккур ва тадаббур билан қўлга киритиладиган илм эмас.
Табиблик билан шуғилланадиганлар ҳам шулар жумласидандир. Улар орасида ўсимликларнинг табиатини, уларнинг қайси бири қай нарса учун (даво) бўлишини биладиганлари бор. Унинг билими сабабли жамиятга манфаат етади. Бу ҳам тафаккур ва ақл юритишнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Демак, табиблар наботот илмини ўзлари (тарихда) ўтган, илми халқда қолган расуллар воситасида олганлар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Магар Узи рози бўлган Пайгамбарлар» ояти(даги «рози бўлган» деган ибора) «Ўзи ихтиёр этган», «танлаб олган» деган маъноларни англатади. Аслида, рисолат ҳар бир хабарда расулни тасдиқ этишга ва ҳар бир ҳукмда уни адолатли деб шаҳодат беришга халқни ундайди. Бунга қуйидаги оят далил бўлади:
«Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича зинҳор имон келтирмагайлар» (Нисо сураси, 65-оят).
Ва яна рисолат амрни тақозо қилмайдиган ҳар қандай ишда расулнинг тўғри ечим қилишига гувоҳлик бериш учун халқни ундайди. Буларнинг барчаси расулни рисолатга хослайди. Расулни хослашда эса бандалар учун улкан неъмат бор. Чунки у сабабли халқ ижтимоий ҳаётда, охиратда, дину диёнатда ҳожатлари тушадиган нарсани билишга эришадилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Албатта, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатиб юрувчи қўйиб қўядир» ояти расулнинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатувчи (фаришта) унинг рисолатни етказишига инсонларнинг тўсқинлик қилишларидан ҳимоя қилишади. Бу Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайхдан ривоят қилинган. Шунингдек, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Раббингиз (барча) одамларни иҳота қилиб (ўраб) олгандир» (Исро сураси, 60-оят).
Аллоҳ таолонинг қуршаб олиши - рисолатни етказишига инсонлар қаршилик қилишларидан расулни асрашидир. Фаришталар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қилинаётган нарсани жинлар ўғирлаши ва ўзлаштиришини кузатиб (ва уларни ман қилиб) турувчи қилиб қўйилган бўлишлари мумкин. Токи Расулнинг ўзи (ваҳийни) халққа етказсин ва халқ орасида «Расул уни халққа етказди» деган гап маълум ва машҳур бўлсин. Фаришталар кузатувчи сифатида тайин қилинмасалар, жинлар у (хабар)ларни ўғирлашга ва етказишга имкон топадилар. Жинлар бир шаҳарга келиб, одамларга ҳали Расул томонидан етказилмаган илмни (берадилар) ва натижада Расул одамларга етказишидан олдин, улар уни жиндан билиб олишади. Шундан сўнг Расул (ушбу шаҳардаги одамларга) жин етказган хабарни қайта етказса, иш чалкашади. Бунинг илми Расул томонидан тарқалиши учун жинларга кузатувчи қўйилди. Натижада чалкашлик (юзага келиши эҳтимоли) йўқолди. Ёки кузатувчи (фаришта)лар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиб, ўз қавмларига етказмоқчи бўлган жинларни то Расулуллоҳнинг ўзи хабарни етказгунича ман қилиб турадилар.
Баъзилар Аллоҳ таолонинг: «Албатта, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатиб юрувчи қўйиб қўядир» ояти борасида бундай деганлар: «Фаришталар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кузатиб турар эдилар. Унинг олдига фаришта келса, бу Аллоҳнинг ваҳийси дейишар эди. Бордию шайтон келса, Расулни бундан хабардор қилганлар». Лекин бу ҳақиқатдан йироқ қарашдир. Чунки Расулуллоҳга Жаброил алайҳиссалом ваҳийсидан шайтон ваҳийси (олиб келган нарсаси, васвасасини ажратиб олиш) махфий бўлиши мумкин эмас.
Бошқа (муфассир)лар Аллоҳ таолонинг: «Албатта, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатиб юрувчи қўйиб қўядир» оятини Пайғамбар алайҳиссаломга етказувчи (фаришта) ваҳий олиб тушувчи фаришта бўлиб, у олдиларида (турадиган) қилинган. Шайтон (уни) ўғирлаши (ўғринча эшитиб олиши) ёки унда бирор ўзгартириш ёхуд алмаштириш қилмаслиги учун (Пайғамбар) ортидан ҳам бир неча фаришталар кузатиб турган. Токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Парвардигори рисолатини етказаётгани маълум бўлсин. Бу (фикр) ҳам (ҳақиқатдан) йироқ. Чунки етказувчи фаришта (Жаброил алайҳиссалом)да жинлар азиятини ўзидан даф қиладиган қувват бўлган. У амин - ишончли, ваҳийнинг ўзгариб ёки алмашиб кетишидан қўрқмаганки, унга кузатувчилар бириктирилсаю уни ўзгарти-ришдан ҳимоя қилсалар. Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги сўзига назар солинг:
«Албатта, у (Қуръон) бир улуғ элчи (Жаброил Аллоҳ ҳузуридан келтирган ваҳий) сўзидир. (Жаброил) қувватли, Аршнинг соҳиби (Аллоҳ) наздида мартабали, у жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли зотдир» (Таквир сураси, 19-21-оятлар).
Аллоҳ таоло у (Жаброил алайҳиссалом)ни ҳам қувват, ҳам омонат билан сифатлаган. Аммо ваҳийни етказувчи (фаришта) етказиш билан имтиҳон қилинувчи, у билан бирга бўлган кузатувчилар айнан жинлардан (ҳимоя қилиб) кузатувчи эмас, бошқа ишлар билан синалган бўлиши ҳам мумкин. Яна у (фаришта)лар ваҳийни улуғлаш, рисолатни эъзозлаш учун Жаброил алайҳиссалом билан юборилган бўлишлари ҳам мумкин.
Валлоҳу аълам!

[28] «Пайғамбарлар ўз Раббилари рисолатларини дарҳақиқат етказгаиларини билиш учун ва Аллоҳ уларнинг ҳузуридаги барча нарсани қуршаб олганини ва ҳамма нарсанинг адади, ҳисобини қилганини билиш учун», деб абтинг.
(Уламолар) бундай деганлар: «Муҳаммад алайҳиссалом кузатиш орқали худди ўзи рисолатни етказгани каби бошқа расуллар ҳам Раббиларининг рисолатларини буюрилганидек етказганларини билсин».
Иккинчиси, ҳар бир пайғамбар ўзида Раббисининг рисолатини етказганини билиши ёки душманлар Муҳаммад алайҳиссалом Раббисининг рисолатини шайтон, жин ва душманнинг ўзгартиришисиз амр этилгани каби етказганини билишлари учун.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «Аллоҳ уларнинг ҳузуридаги барча нарсани қуршаб олганини...» ояти «расуллар ҳузуридаги» ёки «фаришталар ҳузуридаги» ёки «бандалар ҳузуридаги», деган маъноларни англатади.
Аллоҳ азза ва жалланинг: «...ҳамма нарсанинг адади, ҳисобини қилганлигини билиш учун» ояти «У ададни эмас, саналаётган нарсаларнинг илмини қуршаб олди», деган маънони ифодалайди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Ва унда ўлчанган турли нарсаларни ўстириб қўйдик» (Ҳижр сураси, 19-оят). Яъни (оятдаги сўзи) «одамлар ҳузурида ўлчанадиган нарсаларни» деган маънони англатади.
Ёки «Аллоҳ кофирлар ҳузуридаги нарсани кузатувчи (фаришта)ларсиз илм билан қуршаб олди» (деган маъно ҳам бор).
[ар-росоду] сўзининг насб ҳолатида (тушум келишигида) ўқилиши «фаришталар билан ҳифзу ҳимоя таъминлансин» деган маънода эмас, «синов» ва «кузатишга мукаллаф қилиш» мазмунидадир. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи кабидир:
«Ҳа (кифоя қилади)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Раббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад беради». Аллоҳ буни фақат сизга суюнчилик ва қалбингиз таскин топиши учунгина қилди. Аслида, нусрат азиз ва ҳаким Аллоҳнинг ҳузуридандир» (Оли Имрон сураси, 125-126-оятлар).
Аллоҳ таоло ушбу оятда нусрат Узининг ҳузуридан эканини, фаришталар эса мўминлар қалби у ила хотиржам бўлиб, табиатлари уларга боғланиши учун юборилганини баён қилди.
«Ҳамма нарсанинг адади, ҳисобини қилганини билиш учун», яъни ҳар бир нарса Унинг ҳузурида саналган, ҳисоб-китоб қилингандир. Аллоҳ таоло унинг сонини билишдан ғофил қолмайди. Бунинг илмини махфий қилувчи ҳолатлар Аллоҳ таолога таъсир қилмайди. Бандаларнинг иши эса бунинг аксидир. Валлоҳу аълам!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase