098. Баййина сураси
- Чоршанба, Дек 06 2023
- 12507 марта кўрилди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
[1]. Аҳли китоблар ва мушриклардан иборат кофир кимсалар, то уларга Ҳужжат келмагунича, (куфрга оид ботил ақидаларидан) ажралувчи бўлмадилар.
Аллоҳ таоло бу оятда аҳли китоблар ҳақида сўз юритар экан, бўлакларга ажратиш учун ишлатиладиган [мин] олд кўмакчисини қўшиб:
[лам якунил лазийна кафаруу мин аҳлил китааби] деди. Аммо [(лам якун) аҳлул китааб] демади. Мушриклар ҳақида сўз юритганда [вал мушрикийна] деди.
Чунки аҳли китоблар бир нечта фирқаларга бўлиниб кетганлар:
Улар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали пайғамбар қилиб юборилмасларидан туриб у зотга имон келтирган, пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг эса у кишини инкор этганлар бор.(Бу ўринда Имом Мотуридий ушбу оятга ишора қилаётган бўлса, ажаб эмас: «Қачонки, уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб (Қуръон) келганида, илгари кофирларга қарши (худди шу китоб воситаси билан) ёрдам сўраб юрар эдилар. Ўзларига таниш зот (Муҳаммад) келганда, уни инкор этдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» (Бақара сураси, 89-оят).)
Улар орасида олдин Пайғамбар алайҳиссаломга кофир бўлган, пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин эса у кишига имон келтириб, унда маҳкам турганлар бор.
Улар орасида Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар ва расул қилиб юборилишларидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам у зотга имон келтирмаган ва у зотни инкор этишда маҳкам туриб олганлар бор.
Улар (юқорида ўтгани каби) бир неча тур ва тоифа бўлганлари боис Аллоҳ таоло [мин] (олд кўмакчиси)ни қўшиб:
[лам якунил лазийна кафаруу мин аҳлил китааби] деди.
Аммо мушрикларга келсак, улар бир турлик бўлишган. Сўнгра уларга ҳужжат келадиган бўлса (ботил ақидаларидан) ажралувчи бўладилармийўқми, (Аллоҳ таоло бунисини) баён қилмади.
[лам якун]дан [ҳаттаа таътияҳумул баййина]гача бўлган ушбу оят: «Баъзи аҳли китоблар ва баъзи мушриклар куфрдан ажралувчи бўлмадилар», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Чунки (Аллоҳ таоло) [ал-мушрикийна] сўзини [аҳлил китааби] сўзига атф қилган (боғланган). Бу билан У гўё: [мин аҳлил китааби ва минал мушрикийна] демокда. Шунинг учун ҳам [ал-мушрикийна] сўзини жар ҳолатида (яъни қаратқич келишигида) зикр қилди,(Яъни «Аҳли китоблардан ва мушриклардан иборат бўлган...».)[вал мушрикуна]
деб (бош келишикка қўйиб) зикр қилмади. Балки (бу билан Аллоҳ таоло) уларга ҳужжат келган бўлсада, умрларининг охири-га қадар куфр ва ширк аҳли бўлиб қолдилар, (демоқчидир).
Ҳужжат бу - ҳар бир кишининг хилқатидаги (табиатидаги) Аллоҳ таолонинг илоҳлиги ва ягоналигига далолат қиладиган мавжуд нарсадир.
Оятни ҳар иккала тоифадан ҳам баъзилари ҳужжат келмагунича, яъни ўлим вақтидаги азобни ўз кўзлари билан кўрмагунча ширкда қоладилар, деб таъвил қилиш мумкин. (Бундай таъвилга): «Бас, қачонки, улар Бизнинг азобимизни кўришгач»(«Бас, қачонки, улар Бизнинг азобимизни кўришгач: «Якка Аллоҳга имон келтирдик ва (илгари Аллоҳга) шерик қилиб олган нарса (бут)ларимизга кофир бўлдик», - дедилар. (Ғофир сураси, 84-оят).) ва шу каби оятлар мисол бўлади.
Бу оят Ибн Масъуднинг қироатида(Қуртубий. «Ал-жомиъу ли аҳкомил Қуръан», 20-жуз, 142-оят; Абдуллатиф Хатиб. Муъжамул қироъот, 10-жуз, 523-бет.):
[лам якунил мушрикууна ва аҳлул китааби мунфаккийна](Яъни «Мушриклар ва Аҳли китоблар (ўзларининг ботил ақидаларидан) аж-ралувчи бўлмадилар».) деб, Убайнинг қироатида эса(Қуртубий. «Ал-жомиъу ли аҳкомил Қуръан», 20-жуз, 142-оят; Абдуллатиф Хатиб. «Муъжамул қироъот», 10-жуз, 523-бет.):
[маа каанал лазийна ашрокуу мин аҳлил китааби вал мушрикийна](Яъни «Аҳли китоб ва мушриклардан иборат ширк келтирган кимсалар (куфрга оид ботил ақидаларидан) ажралувчи бўлмадилар».) деб зикр қилинган.
Сўнгра оятда келган [мунфаккийна] калимаси хусусида турли фикрлар мавжуд. Баъзи муфассирлар: «Аҳли китоблар ва мушриклардан иборат кофир кимсалар то уларга ҳужжат келмагунича куфр ва ширкдан йироқлашувчи ва қайтгувчи бўлмадилар», де(б, мазкур калимага «йироқлашувчи, қайтгувчи» маъносини бер)ганлар. Яна айрим уламолар: «Аҳли китоблар ва мушриклардан иборат кофир кимсалар то уларга ҳужжат келмагунича дунёдан чиқувчи бўлмадилар (яъни ҳужжат кел-магунича вафот этмайдилар)», - деган маънони берганлар.
Сўнгра уларга келади деб зикр қилинган ўша ҳужжат борасида ҳам турлича фикрлар айтилган. Баъзилар: «Ҳужжат - Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Зеро, (Аллоҳ таоло мазкур оятда) унинг ортидан [Расулун миналлоҳи ятлу суҳуфан мутоҳҳаротан],(Яъни «(У Ҳужжат) Аллоҳ (томони)дан (юборилган) пайғамбар (Муҳаммаддир. У уларга) покиза саҳифаларни (Қуръонни) тиловат қилур». Кейинги оят.) деб зикр қилган»,(Бу гапни Ибн Журайж ва Икрима розияллоҳу анҳумодан Ибн Мунзир ри-воят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 642-оят.) - деганлар.
Бошқа бир муфассирлар эса: «Ҳужжат - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарса, яъни Қуръондир. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсалар (ана шундай ҳужжатлар) қабилидандир», - деганлар.
[мунфаккийна] калимасига «ажралувчи, қайтгувчи» маъносини берган муфассирлар (келади деб зикр қилинаётган ўша) «ҳужжат»ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб ҳисоблаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «ҳужжат» деб аталдилар. Чунки ҳар қандай яхши амал ва ҳар қандай эзгулик у зот орқали билиб олинади. Фақат у зот орқалигина ҳақ билан ботил ораси, дунё ва охират ишларидан ҳар қайсисининг ҳукми аниқ бўлади. Шунингдек, Қуръонни ҳам у зот олиб келганлар.
[мунфаккийна] калимасига «дунёдан чиқувчилар» маъносини берган муфассирлар: «Аллоҳ таоло «уларга келади» деб зикр қилган «Ҳужжат» ошкора ва ҳамманинг шоҳидлигида келадиган азобдир. «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, ўлимидан олдин унга имон келтирмаса»(Нисо сураси, 159-оят.) ояти бунга мисолдир. (Шунга кўра, ушбу сурадаги биринчи оят) «то улар азобни билмагунларича дунёдан чиқувчи бўлмадилар. Бас, улар ана ўша вақтда имон келтирадилар (аммо имонлари фойда бермас)», деган маънони ифодалайди», - деганлар».
Абу Авсажа (бу хусусда) шундай деган:
[мунфаккийна] яъни «улар ана шу ҳолда бардавом бўлдилар». Киши: [манфакакту афъалу казаа ва казаа], деганда «ва ҳоказо ва ҳоказо ишларни қилиш-дан бўшамадим», деган маънони назарда тутган бўлади».
Қутабий, Абу Убайда ва бошқалар: «(Оятдаги) [мунфаккийна] калимаси - «ажралувчилар» деган маънони англатади»,(Абу Убайда. «Мажозул Қуръон», 2-жуз, 456-оят; Ибн Қутайба. «Тафсиру ғарибил Қуръаан», 534-бет.) - деганлар.
[2]. (У Ҳужжат) Аллоҳ (томони)дан (юборилган) пайғамбар (Муҳаммаддир. У уларга) покиза саҳифаларни (Қуръонни) тиловат қилур.
Ҳужжат сўзи ҳақида айтиб ўтилган биринчи таъвилга (Ҳужжат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир, деган таъвилга) кўра «Аллоҳ (томони)дан (юборилган) пайғамбар» жумласи ўша «Ҳужжат» нима эканини баён қилиб келган бўлади.
Иккинчи таъвилга(Яъни «Ҳужжат - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Қуръон ва бошқа нарсалардир», деган таъвилга кўра.) асосан бу янги оят деб тушунилади. Аллоҳ таоло: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уларга) покиза саҳифаларни тиловат қилур», - деган бўлиб чиқади.
Сўнгра Аллоҳ таоло (бу ўринда) Қуръоннинг ёлғиз ўзини муболаға тариқасида «саҳифалар» деб атаган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Чунки муболаға тарзида бирликни кўплик номи билан аталадиган ўринлар ҳам бор.
Эҳтимол, [ятлу суҳуфан] ояти билан Қуръон ва бошқа саҳифалар назарда тутилаётгандир. Чунки бошқа саҳифалар ҳам унинг ичида мавжуддир. [фийҳаа кутубун қоййиматун](Яъни «У (саҳифа)ларда қимматли ёзувлар (аҳкомлар) мавжуддир».) деган сўзи ҳам худди шундай.
Юқорида зикр қилиб ўтганимизга асосланадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган Китобини муболаға ва таъкидлаш йўли билан «китоблар» деб атаётган бўлиши ҳам мумкин.
Эҳтимол, «Уларга саҳифалар ва китобларни, яъни Таврот, Инжил ва Забурни тиловат қилур», деган маънодадир. Зотан, Бу Қуръон (маъно ва ақида жиҳатидан) ўша китоблар ичида, ўша китоблар эса бунинг ичида мавжуд бўлган. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг «Албатта, у (Қуръон) аввалгиларининг китобларида ҳам бордир»,(Шуъаро сураси, 196-оят.) деган сўзлари кабидир. Аллоҳ таоло: «Дарвоқе, бу (оятлар) аввалги (пайгамбарларга но-зил бўлган) саҳифаларда - Иброҳим ва Мусо саҳифаларида (ҳам) бордир»,(Аъло сураси, 18-19-оятлар.) - деган сўзлари билан шу нарсанинг хабарини бермоқдаки, Қуръон ўша китоблар ичида, ундан олдинги китоблар эса бунинг ичида мавжуддир. Бинобарин, Қуръонни уларга тиловат қилиб бериш билан худди ўша китобларни тиловат қилиб берган каби бўлиб қоладилар. «Мана шу мен билан бирга бўлган (мўминларнинг) эслатмаси (Қуръон) ва мендан аввалгиларнинг эслатмалари (Таврот, Инжил)»,(Анбиё сураси, 24-оят.) «ўзидан аввалги (илоҳий китоблар)ни тасдиҳ этадиган»(Бақара сураси, 97-оят.) ва «улардаги нарса (Таврот)ни тасдиҳ этадиган»(Бақара сураси, 91 -оят.) оятларини ҳам ана шу маънода тушунилади. Демак, бунда (Қуръонда) ана ўша китобларда мавжуд ёзувлар бордир.
Баъзи муфассирлар [суҳуфан мутоҳҳаротан]га: «итоатли котиб (фаришта)лар қўлларидаги покиза саҳифаларни», деб таъвил қилганлар.
Оятдаги [мутоҳҳаротан] сўзи «Унда ботил учун
бирор ҳужжат ёки кириш йўли бор бўлишидан покиза» ёки «Тўқиб чиқариш ва уйдирма бўлишдан покиза» ёхуд «Анави кофир кимсалар зикр қилган гаплардан покиза», деган тал-қинларни қабул қилади.
Қатода: «Аллоҳ таоло ўзининг Китобини энг чиройли исм билан атади, унга энг гўзал олқишларни айтди. Уни нур, ҳидоят, раҳмат, барака, шифо ояти ва ҳоказолар деб номлади»,(Абдураззоқ, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривояти. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 642-оят.) - деган.
[3]. У (саҳифа)ларда қимматли ёзувлар (аҳкомлар) мавжуддир.
Ушбу оятдаги [қоййиматун] сўзи борасида ихтилоф бор. Баъзи муфассирлар уни: «Унда рост ёзувлар мавжуд-дир», деган маънода таъвил қилган бўлсалар, яна баъзилари: «адолатли», деб, бошқалари эса: «Ҳикмат тақозо қиладиган важҳга кўра тўғри»,(Шунга ўхшаш гапни Ибн Зайд розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 37-жилд, 730-бет.) деб маъно берганлар.
[фийҳаа кутубун қоййиматун] ояти «Унда шариат ва ҳикмат тақозосига кўра тўғри бўлган кўпдан-кўп ҳукмлар бордир», деган маънода бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.
[4]. Аҳли китоблар фақат уларга Ҳужжат (пайғамбар) келганидан кейингина бўлиниб кетдилар.
Муфассирлар (бу оятга): «Аҳли китоблар уларга Ҳужжат, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейингина бўлиниб кетдилар», деб (маъно берган)лар. Абу Бакр Асам: «Бу таъвил хатодир. Чунки улар бундан олдин ҳам бўлиниб кетган эдилар. Шунинг учун бу таъвилнинг ҳеч қандай маъноси йўқ», - деган.
Бизнингча, гап у ўйлаганидек эмас. Юқоридаги таъвилни икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси, аҳли китоблар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хусусида уларга у зот ҳақидаги илм келганидан кейингина бўлиниб кетдилар. Аммо бундан олдин эса, уларнинг ҳаммалари у зот ҳақларида иттифоқ эдилар.
Иккинчиси, аҳли китоблар дин ва ақида борасида уларга Ҳужжат, яъни баёнот ва илм келганидан сўнг динда бўлиниб кетдилар. Ҳар қайси инсоннинг хилқатида яратиб қўйилган нарса бўлмиш дин масаласида уларнинг бўлиниб кетишларида Аллоҳнинг ягоналиги ва парвардигорлигига далолат бордир. Агар тафаккур қилганларида улар Аллоҳ таолонинг ягона эканини билган бўлар эдилар. Мана шу жиҳатдан (оятдаги) Ҳужжат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қуръон ва юқорида айтиб ўтганимиздек, хилқатнинг ўзи бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.
«Аҳли китоблар фақат уларга Ҳужжат (пайғамбар) келганидан кейингина бўлиниб кетдилар» оятида икки жиҳат бор:
Биринчиси, анави (кофир) кимсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот олиб келган нарса (Қуръон) борасида бўлиниб кетганлари каби бўлиниб кетмасликлари учун бу уммат огоҳлантирилмоқда.
Иккинчиси, ҳамиша Аллоҳ таолодан қўрқиб, ҳамма вақт Унга суяниб яшашлари, ўзларига келган Ҳужжатга суяниб қолиб, анави кимсалар каби бўлиниб кетмасликлари(га чақириш бор).
[5]. Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир.
[ва мааумиру илла лияъбудуллоҳа мухлисийна лаҳуд дийна] яъни «Уларнинг аввалгиларию охиргилари ўша китобларда фақат ягона Аллоҳга ибодат қилишга, унинг учун динни (ширкдан) холис қилишга буюрилган эдилар». Ёки «Улар илоҳлик ва ягоналикни фақат ягона Аллоҳники деб ҳисоблашга буюрилган эдилар».
«Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар» ояти «Мен жинлар ва инсонларни фақат Узимга ибодат қилишлари учунгина яратдим»(Зориёт сураси, 56-оят.) оятида «буюрмоқ» феъли замирда тутилганига далолат қилади. Шунга кўра бу оят: «(Мен жинлар ва инсонларни) ҳар қандай ҳолатда (Менга) ибодат қилишга буюриш учун (яратдим)», деган маънони ифодалайди. Чунки Аллоҳ жинлар ва инсонларни ибодат қилиш учун яратган бўлганида ундан бошқа ишни қилишга қодир бўлмай қолар эдилар. Агар уларни (фаришталар каби) фақат ибодат қилиш учун яратганда, ибодатдан бошқасига қодир бўлмасдилар. Ёки «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат цилишлари учунгина яратдим» ояти хослаш услубида келган бўлиб, Аллоҳ таоло Узига ибодат қилишларини билган кишиларни фақат ибодат учун яратди, (деган маънони англатади).
[мухлисийна лаҳуд дийн] яъни «Унинг учун динни холис қилишга...». Динни Аллоҳ таоло учун холис қилишни икки хил тушуниш мумкин:
Биринчиси, динни Унинг учун холис ва соф қилиш, Ундан бошқасини дин ишида Унга шерик қилмаслик. (Бу нарса) диндаги холислик ва софлик натижасида пайдо бўлади.
Иккинчиси, [ва лаҳуд дийну ваасибан](Яъни «Дин ҳам бардавом Уникидир...» (Наҳл сураси, 52-оят).) оятида келганидек, холис дин - доимий, бардавом диндир. Шунингдек, [алаа лиллаҳид дийнул холис](Яъни «(Эй инсонлар!) Огоҳ бўлингизки, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар сураси, 3-оят).) оятини ҳам. худди шундай талқин қилиш мумкин.
Мазкур оятда келган [ҳунафаа] сўзи ҳақида айрим муфассирлар: «Улар мусулмонлардир», дейишган. Бошқаларига кўра: [ҳунафаа] «эргашувчилар»дир, [ҳанаф] сўзи «мойил бўлиш»ни англатади. Аллоҳ таоло гўё: «Исломга мойил бўлган ҳолларида...», демоқда.
Бир таъвилда [ҳунафаа] сўзи «ҳожилар» деган маънода, дейилган бўлса, бошқасида [ал-ҳаниф] сўзига «тўғри» деб маъно берилган.
оятида қабул қилиш маъноси бор бўлиши мумкин. Яъни «улар намозни баркамол адо этиш ҳамда закот беришни қабул қилишга...», деган маънода. Бунга мисол [фа ин таабув ва ақомус солаата ва аатавуз закаата](Яъни «Агар тавба қилсалар ва намозни баркамол адо этиб, закот берсалар...» (Тавба сураси, 5-оят).) яъни «Агар тавба қилсалар ва ўша ишни (намозни баркамол адо этиб, закот беришни) қабул қилсалар», оятидир. Бу оят (агар тавба қилсалар ва) намоз-ни баркамол ўқисалар, деган маънода келмаган. Эҳтимол, намозни баркамол ўқиш ҳамда закот бериш назарда тутилгандир. Қайси бири назарда тутилган бўлишидан қатъи назар уларнинг аввалгилари намоз ўқиш ҳамда закот беришга буюрилган бўлганлар. Сўнгра намоз ва закотда мавжуд бўл-ган сабаб ҳеч қачон насх бўлишни қабул қилмайди. Чунки намознинг маъноси - Аллоҳ таолога бўйинсуниш ва итоат этишдир. Закот эса нафсни тарбиялаш ва поклашдир. Бу иш ҳеч қачон насх бўлиши мумкин эмас.
[ва заалика диинул қоййима] оятида [дийн] сўзи эркак (музаккар) жинсда, [ал-қоййима] эса, аёл жинсда (муаннас) бўлиб келган. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло (мазкур оятда) зикр қилган нарса - бу (Яъни тўғри, ҳаққоний миллат.) тўғри миллат бўлиши ҳам, [дийнул умматил қоййима](Яъни тўғри умматнинг дини.) бўлиши ҳам мумкин. Ана шуниси Зажжожнинг сўзидир.(Зажжож. «Маъонил Қуръаан ва эъробуҳу», 5-жуз, 350-бет.)
[заликад дийнуллази қовваматҳул ҳужажу вал бароҳийн](Яъни «ақлий ва нақлий далил-ҳужжатлар уни тўғри қилиб турган ўша дин».) маъносида бўлиб, («дин» сўзи) «ал-ҳужаж»га боғлаб зикр қилинган бўлиши эҳтимоли ҳам бор.
Бу ўринда [ал-қоййима] деб зикр қилиниши бундан олдин ўтган [ҳаттаа таътияҳумул баййинаҳ](Шу суранинг 1-ояти.)
[мутоҳҳароҳ](Шу суранинг 2-ояти.) каби оятларнинг охири билан мувофиқлаштириш йўлига кўра келган бўлиши, сўнг ўша йўлга мувофиқ [ва заалика диинул қоййимаҳ] деб олдинги оятлар билан [хойрул барийяҳ] ва [шаррул барийяҳр дан иборат кейинги оятлар ўртаси мувофиқлаштирилган бўлиши ҳам мумкин.
Убайнинг қироатида [заликад дийнул қоййим] деб (муаннаслик) [ҳоси]сиз келган.
[6]. Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан иборат кофирлар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонидир.
Бу оятнинг зоҳирий маъносига кўра, мушрикларнинг ҳаммалари эмас, баъзилари жаҳаннам ўтида бўладилар, деб таъвил қилса бўлади. Аммо (ундай эмас. Чунки) мушриклардан кофир бўлганлари аҳли китоблардан кофир бўлганлари каби жаҳаннам ўтида бўладилар. Бироқ оятда келгани каби куфр бу - ширк, ширк эса куфрдир. Бунга мисол «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошҳа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур»,(Нисо сураси, 48-оят.) оятидир. Ана шу оят куфр ва ширк бир нарса эканини ифодаламокда. Бинобарин, ҳар қайси кофир мушрикдир. Бу билан Аллоҳ таоло: «Албатта, аҳли китоблар ва мушриклардан иборат ширк келтирган кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонидирлар», демоқда гўё.
Сўнгра бу қаттиқ жазоларнинг барчаси ана шу кимсалар учун деб зикр қилинди. Чунки аҳли китоблар ўзларини пайғамбарлар наслидан, деб даъво қиладилар-у, уларга эргашишни тарк қиладилар. Мушриклар эса «Агар уларга бирор огоҳлантирувчи (пайгамбар) келса, албатта, (унга эргашиб) ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топувчироҳ бўлишлари ҳаҳида жон-жаҳдлари билан ҳасам ичгандилар».(Фотир сураси, 42-оят.) Пайғамбар келганидан сўнг улар ана ўша ахдларини буздилар. Аҳли китоблар: «Албатта, бизлар ота-боболаримизни (маълум) бир дин узра топдик ва албатта, бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз»,(Зухруф сураси, 23-оят.) дедилар, аммо солиҳ ота-боболарига эргашмадилар. Араблар ҳам бошқалардан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ бўлганлари боис ўз зиммаларидаги у зотнинг ҳақлари (адо этилиш жиҳатидан бошқалардан кўра) лозимроқ ва вожиброқ эди. Ана шу сабаблар туфайли ҳам Аллоҳ уларга нисбатан қаттиққўллик билан муомала қилди.
Сўнгра агар оятдаги [ал-бариййа] сўзи тупроқ маъносидаги [ал-бароо] лафзидан олинган бўлса, у ҳолда оятнинг таъвили бутун башариятга тегишли бўлиб, Аллоҳ таоло гўё: «Ана ўша кимсалар ердан яратилганларнинг энг ёмонидирлар», демоқчи. Биринчи таъвилга кўра, агар у яратиш маъносидаги [ал-баръ] сўзидан келиб чиққан бўлса, Аллоҳ таоло гўё: «Ана ўшалар яратилганларнинг энг ёмонидирлар», дегандек бўлади ва оятда фаришталар, жинлар ва инсонлар назарда тутилган бўлиб чиқади. Биринчи таъвилда эса айнан инсонлардан бошқаси назарда тутилмаган бўлади.
Мўминлар ҳақида сўз кетган қуйидаги оят ҳам худди шундай тушунилади:
[7]. Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар - айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар.
Агар (мазкур) оятдаги [ал-бариййату] сўзи [ал-баръ] (яратиш) сўзидан келиб чиққан бўлса, бу барча турдаги мавжудодларга тааллуқли бўлади. Агар тупроқ маъносидаги [ал-бароо] сўзидан келиб чиққан бўлса, у ҳолда бу оят таъвили айнан башариятга тегишли бўлади. Бинобарин, Аллоҳ таоло гўё: «Ўз жинсларидан бўлган башар аҳлининг энг ёмони», «Ўз жинсларидан бўлган башар ахдининг энг яхшиси» дегандек бўлади. Чунки улар (имон келтирган ва солиҳ амал-ларни қилган зотлар) ҳидоят ва яхшилик бобида йўлбошчига айланганлар.
[8]. Парвардигорлари ҳузуридаги уларнинг мукофотлари - остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) мангу боғлардир. Улар ўша жойда абадулабад қолувчидирлар. Аллох улардан рози бўлур, улар (Аллохдан) рози бўлурлар. Бу (мукофот) Парвардигоридан қўрққан киши учундир.
[жазаауҳум ъинда Роббиҳим жаннаату ъадн] оятидаги [ал-Адн]дан мурод, туриш жойи бўлса, жаннатларнинг барчаси «Адн», барчаси ҳузур-ҳаловат жойидир. Сўнгра Аллоҳ таоло халойиқларни икки синфга бўлиб, бир синфни халойиқларнинг энг ёмони, яна бирини эса халойиқларнинг энг яхшиси деб белгилади. Сўнгра ҳар бир синф ичида энг ёмони ва энг яхшиси бўлади. Аллоҳ таоло абадулабад (жаҳаннам ўтида) қолдириш борасида кофирликда вояга етган ва унда бардавом бўлган кимсалар билан ҳаётининг сўнгги онларида кофирга айланган кимсалар ўртасини баробар қилиб белгилади. Шунингдек, имонда бардавом бўлган кишилар билан кейин имонга келганлар ўртасини баробар қилиб қўйди. Аммо аввал ўтган кофирлик ёки мўминлик ҳолати учун бирор мукофот ҳам, жазо ҳам тайин қилмади. Бунинг боиси шуки - яна Аллоҳ билувчироқ - эътиқоди мўминлик бўлган кишининг бу эътиқоди албатта умрбодлик бўлади. Шунингдек, эътиқоди кофирлик бўлган кимсанинг бу эътиқоди ҳам, албатта, абадий бўлади. Шундай экан, кофирликдан сўнг имон келтирадиган бўлса, кофирлик ҳолатида қилган амалларини қабиҳ ва ёмон амал деб, янги имони ва тавҳидини эса гўзал амал деб эътиқод қилади. Шунингдек, мўминликдан сўнг кофир бўлган кимса ҳам мўминлик чоғида қилган амалларини бузуқ амал бўлган деб эътиқод қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло кейин имон келтирган кишилар билан (бошидан) имонда бардавом бўлганларнинг ўртасини баробар қилиб белгилади. Аммо бу нарса баъзан гуноҳга қўл уриб, баъзан тавба қиладиган кишиларга тегишли эмас. Чунки у ўша гуноҳни қилаётган вақтида уни гўзал ёки қабиҳ амал деб умуман эътиқод қилмаган бўлади. Тавфиқ ёлгиз Аллоҳдандир!
[розияллоҳу ъанҳум ва розув ъанҳу] оятини икки хил талқин қилиш мумкин:
Биринчиси, улар ўзлари учун қилган (эзгу) амаллари ва дунёда олиб борган саъй-ҳаракатлари туфайли Аллоҳ улардан рози бўлур. У (зотнинг розилиги) учун қилган саъй-ҳаракатлари сабаб улардан «рози бўлур». [ва розу ъанҳу] яъни
Аллоҳ таоло уларни икром этгани ва дунёда ўзлари учун амалга оширган эзгу амалларга муваффақ қилгани сабабли уларнинг ўзлари ҳам У зотдан рози бўлурлар. Бу ҳам қуйидаги оят кабидир: [ва ин ташкуру ярдоҳу лакум]. Яъни агар улар Аллоҳ таоло қилган яхши-ликни (муносиб) қабул этсалар ҳамда У қилган яхшиликка гўзал муомала қилсалар, бу иш учун улардан рози бўлур. Бу гапда шу нарсага ишора борки, бандаларнинг яхши-ёмон амаллари фақатгина уларнинг ўз фойдалари учун, ўзларига қайтадиган қайсидир манфаат ёки улардан даф бўладиган зарар учундир.
Иккинчиси, улар ўз фойдалари учун қилган амаллари туфайли савоб (мукофот) билан сийлаш орқали «Аллоҳ улардан рози бўлур». Аллоҳ таоло ҳадя этган хайр-саховати сабаб «улар ҳам У зотдан рози бўлурлар».
Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ улардан рози бўлур», - деган сўзи У зот тарафидан бўлаётган марҳамат ва инъомдир. Чунки У имон келтирган ва солиҳ амал қилган бандаларидан рози бўлишини айтмоқда. Аслида уларни афв этиши ва (гуноҳларидан) ўтишини айтса ҳам, тўғри бўлар эди. Аммо бу, тепада айтиб ўтилганидек, Унинг ўз бандаларига нисбатан меҳрибонлик билан муомала қилгани учундир. Зеро, ушбу «Ва (мискинларга эҳсон крлиш билан) Аллоҳга «қарзи ҳасана» берингиз!»(Зумар сураси, 7-оят.) оятида ўзлари муҳтож бўладиган вақт учун захира қилиб қўйган нарсани қарз деб атаган. Уз жонлари ва мол-мулкларини (савоб йўлида) сарфлашларини «савдо-сотиқ» деб,(Эҳтимол, муаллиф раҳимаҳуллоҳ ушбу оятга ишора қилаётгандир: «Аллоҳ мўминлардан жонлари ва молларини жаннат эвазига «сотиб олди». (Тавба сураси, 111-оят).) ўз фойдалари учун қилган амалларини эса мукофот ҳамда шукроналик деб атаган. Аслида, уларнинг мол-мулклари ҳам, жонлари ҳам У зотники бўлсада, у ишларни Узининг лутфу марҳамати билан биз зикр қилиб ўтган номлар билан атади. Шу ишлари сабаб юқорида ўтганидек, улардан рози бўлиши ҳам ана шу маънода тушунилади. Шунингдек, «ва улар ҳам У зотдан рози бўлдилар» оятида ҳам Узининг фазлу марҳамати билан улардан рози бўлишини зикр қилган. Йўқса, улар ким бўлибдиларки, уларнинг Аллоҳ таолодан рози бўлишлари ҳақида сўз юритилса.
Сўнгра уни [ва розу ъанҳу] оятини) юқорида зикр қилингандан ташқари яна икки хил талқин қилиш мумкин:
Биринчиси, гарчи бу нарса уларга оғирлик қилгани ва машаққатли бўлганига қарамай, Аллоҳ таолонинг охиратдаги хайр-саховати ҳамда фазлу марҳаматини кўрган вақтларида У зот уларни дунё ҳаётида оғир ва машаққатли синовлар билан имтиҳон қилганига «Ундан рози бўлурлар».
Иккинчиси, Аллоҳ таоло жаннатда уларни икром этган неъматлар сабаб «Ундан рози бўлурлар», «ундан (бошца жойга) кўчишни истамаслар»,(«Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур. (Улар) у жойларда мангу қолиб, ундан (бошқа жойга) кўчишни истамаслар». (Каҳф сураси, 108-ояти).) ундан бошқа жойни хоҳламаслар, дунёда зерикканлари сингари зерикмаслар.
[залика лиман хошия Роббаҳ], яъни зикр қилиб ўтилган мукофот Парвардигорининг жазосидан ёки Унинг неъматларига нисбатан ёмон муомала қилишдан қўрққан кишилар учундир. Аслида, маъсиятлардан четланиб, тоат-амалларни қилган киши бу ишни ўзининг Парвардигоридан қўрққани учун қи-лади, холос. Зотан, шундай гап бор: «Парвардигорини яхши билган киши Ундан кўпроқ қўрқади. Уни яхши билмаган киши (Унга осийлик қилишга) журъатлироқ бўлади». Аллоҳ таоло: «Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина кўркррлар»,(Фотир сураси, 28-оят.) - деган.
Ҳасан Басрий: яъни «Қўрқув бу - қалбни маҳкам тутиб, унда доимий ўрнашиб қолган хавфсирашдир», - деган.
Ёки (зикр қилиб ўтилган мукофот) Унга қарши чиқиш ҳамда неъматларига ношукрлик қилишдан қўрққан (кишилар учун-дир). Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!