close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

097. Қадр сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1]. Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик.
Муфассирлар: «Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз уни нозил қилдик», - деган сўзи(даги «уни» III шахс бирикма олмоши) билан Қуръонни назарда тутган», - деганлар.
Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз уни нозил қилдик», деб Узининг шу сура охиридаги    [мин кулли амрин салаамун], деган сўзида зикр қилган «саломатлик»-ни назарда тутган бўлиши ҳам мумкин. «Қуръон Қадр кечасида нозил бўлган», деган уламолар бу борада турлича фикрлар билдиришган. Айрим уламолар шундай деганлар: «Қуръон Рамазон ойи ичидаги ўша кечада «Лавҳул маҳфуз»дан дунё осмонига яхлит ҳолда нозил қилинган. Бунга мисол ушбу оятдир: «Рамазон ойи -... Қуръон нозил қилинган ойдир»(Бақара сураси, 185-оят.), яъни «Лавҳул маҳфуз»дан нозил қилинган (ойдир). Сўнгра буйруқ, қайтариқ, ҳалол-ҳаром, ўгитлар ва унга муҳтож бўлинадиган барча нарсалардан керакли миқдори дунё осмонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлиб-бўлиб нозил қилинган».
Яна баъзилари эса: «Уша кечада (яъни Қадр кечасида Қуръони Каримнинг) «Лавҳул маҳфуз»дан келгуси йилга қадар муҳтож бўлинадиган микдори бира тўла нозил қилинган. Сўнг қисмларга бўлиниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туширилган», деганлар. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Сўнгра ана шу кеча (Қадр кечаси) учун хослаб қўйилган ўша фазилатнинг сабабини биз билмаймиз. У кечада белгилаб қўйилган, инсонлар тарғиб ва тарбия юзасидан адо этиш билан имтиҳон қилинган бирор ибодат туфайли (ўша фазилат билан хослаб қўйилган)ми? Ёки (Аллоҳ таоло) унда фаришталарни имтиҳон қилгани, ўша кечада уларга (ер юзига) тушиб, Аллоҳга ибодат қилиш вазифасини топширгани, Қуръонни нозил қилгани ва шу кабиларнинг қадр-қиймати учун (ўша фазилат билан хослаб қўйилган)ми? Ёхуд ундан ҳеч бир бандасини хабардор қилмаган қайсидир ҳикмат ва мақсад билан афзал қилиб қўйгани сабабли (ўша фазилат билан хослаб қўйилган)ми?
Дарҳақиқат, айрим жойлар у ерда (адо этилиши) белгилаб қўйилган ибодатлар туфайли фазилатли қилиб қўйилган. Бунинг мисоли (ҳадисларда) зикр қилинган ушбу сўзлардир: «Масжидул ҳаромда ўқилган бир ракат намоз у ердан бошқа ерда ўқилган юз минг ракат намозга тенг. Масжидул ҳаромни ҳисобга олмаганда менинг мана бу масжидимда ўқилган бир ракат намоз бошқа ерда ўқилган минг ракат намозга тенгдир».(Ибн Можа. «Сунан», Иқомат китоби, 195-бет; Байҳақий. «Ас-сунан ал-кубро», 5-жуз, 404-бет.)
Аллоҳ таоло: «Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир»,(Жин сураси, 18-оят.) - деган. Ана шу жойларда (масжидларда) тайин қилиб қў-йилган ибодатлар борлиги учун ҳам улар бошқа жойларга нисбатан афзаллик билан хослаб қўйилган. Ана шунга кўра, айрим вақтлар уларда белгилаб қўйилган ибодатларнинг ҳурмати учун бошқа вақтлардан кўра афзаллик билан хослаб қўйилган бўлиши мумкин. Аммо (шариат соҳиби Аллоҳ) ўша жойлар қайси эканини баён қилган, бироқ анави афзал вақтлар қайси эканини аниқ кўрсатиб ўтмаган. Уларни бошқа вақтлар ичидан излаб топиладиган қилиб қўйган. Бунинг боиси шуки, - яна Аллоҳ билувчироқ - агар улар аниқ кўрсатиб ўтилганида инсон айнан ўша вақт ва ўша кечани ёдида сақлаб қўйгани учун ҳам уларда топилиши лозим бўлган қийинчиликлар йўқ бўлар эди. Аммо жойларга келсак, у ерларга боришда машаққат чекиш лозим бўлади. Инсоннинг руҳи баданидан чиқадиган (вафот этадиган) вақтнинг аниқ баён қилиб қўйилмаганини ҳам ана шу маънода тушунамиз. Чунки инсонга ўз умри қачон тугаши очиқ-ойдин маълум қилиб қўйилган бўлганида у ўз ҳаётининг сўнгги қисмларига қадар фисқ-фужур ишларни қилиб, гуноҳ амалларга қўл уриб яшар, сўнг тавба қилар эди. Бинобарин, банда ҳар лаҳза қўрқув, умид ва эҳтиёткорлик билан яшасин деб, (қачон вафот этиши) баён қилиб қўйилмади. Ана шунга асосан (шариат соҳиби) ўша кечани (Қадр кечасини) аниқ кўрсатиб қўймади. Бу билан (бандалар Рамазон ойининг) ундан бошқа барча кечаларини ҳам бедор ўтказиб, уни излашлари мақсад қилинган. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Агар савол - ўша кечада нозил қилинган нарса бўлмиш -Қуръон ҳақида бўлса, унинг далили ушбу оятдир: «Ҳо, Мим.
Аниқ Китоб (Куръон) билан ҳасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик».(Духон сураси, 1-3-оятлар.)
Агар савол Қадр кечаси ҳақида бўлса, унинг баёни (қуйидаги оятдир):
[2] (Эй Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?!
Бу оят икки хил талқинни қабул қилади:
Биринчиси, «Буларни илгари на Сиз ва на қавмингиз билар эдингиз»(Ҳуд сураси, 49-оятлар.) деган оятида келганидек, Аллоҳ таоло: «У Сизга билдирмагунига қадар билмас эдингиз», - демоқда.
(Иккинчиси)    [ва маа адрока] ибораси уни (Қадр кечасини) улуғлаш, (ундан) ҳайратга солиш услубида келган. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
Баъзи бир манбаларда айтилишича, бу оят (Пайғамбар алайҳиссаломга) тасалли бериш маъносида нозил бўлган. Аллоҳ таоло у зотга ана шу кечанинг ҳамда унда амал қилишнинг фазилатини ато этган.
Кейин Аллоҳ таоло Қадр кечасининг фазилатини баён қилиб шундай деган:
[3] Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.
Бу оят хусусида турлича фикрлар мавжуд:
Баъзи муфассирлар шундай деганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани Умайя3ни ўз минбарлари устида тургани кўрсатилди ва у зот бундан хафа бўлдилар. Ана шунда: «Эй Муҳаммад! Бу кеча Сиздан кейин Бани Умайя подшохдик қила-диган минг ойдан яхширокдир», - деган маънода: «Албатта, Биз уни Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» оятлари нозил бўлган».(Бу гапни Ҳасан ибн Алидан Ибн Жарир, Термизий (заиф деган), Табароний, Ибн Мардавайҳ, Байҳақий («Ад-Далоил»да) ривоят қилган. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 653-бет. Ибн Аббос, Саийд ибн Мусайяб ҳам шу гапни айтган.)
Баъзи муфассирлар:    [Лайлатул қодри хойрун мин алфи шаҳр] ояти «Қадр кечасида бажарилган амал ундан бошқа минг ой ичида бажарилган амалдан яхшироқдир», - деган маънони англатади»,(Бу гапни Мужоҳид, Амр ибн Қайс розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган.) деганлар.
Яна шундай бир таъвил ҳам бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Бани Исроилдан бўлган бир киши Аллоҳнинг йўлида минг ой жиҳод(Жиҳод: (араб. - ғайрат қилиш, кучни ишга солиш) - исломнинг илк даврла-рида мусулмон кишининг динни ҳимоя қилиш, мустаҳкамлаш ва ёйишга урини-ши, саъй-ҳаракат кўрсатиши, куч-ғайрат сарфлаши.
Ҳозирги замон уламолари мусулмонлар турли мамлакатларда истиқомат қи-либ, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланганлигини ҳисобга олиб, мусулмонларнинг мудофааси улар яшайдиган давлат зиммасида эканини таъкидлашмоқда. Шу нуқтаи назардан, уламолар бугунги кунда жиҳод фақат мусулмонларнинг қонуний ҳукмдорлари томонидан давлат, фуқароларнинг хавфсизлиги, мол-мулки ва эътиқодини ҳимоя қилиш йўлида эълон қилиниши мумкинлигини айтишмокда. «Ислом энциклопедияси»,. 164-165-бетлар.) қилганини сўзлаб берганларида бу нарса уларни ҳайратга солиб қўйди. Шунда: «Ундаги амал ўша кишининг минг ой жиҳод қилганидан кўра яхшироқдир», деган маънода: «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» ояти нозил бўлди».(Бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Байҳақий («Сунан»ида) ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 629-бет.)
(Мазкур оятда) «минг ой»нинг зикр қилиниши, эҳтимол, аниқ вақтни ифодалаш эмас, қиёслаш услубига асосандир. Яъни «минг ойдан яхшироқ ва кўпроқдир», деган маънода айтилган. Чунки меъёрни аниқлаш (ҳисоблаш) баъзан ададнинг ўзини баён қилиш учун бўлса, баъзан ўша нарсанинг шарафи ҳамда улуғлигини баён қилиш учун бўлиб, ундан мақсад ўша адад билан чеклаб қўйиш бўлмайди. «Агар улар учун етмиш бор кечирим сўрасангиз уам, Аллоу сира уларни кечирмагай»(Тавба сураси, 80-оят) ояти ва бошқалар бунинг мисолидир.
Сўнгра тафсир уламолари (бу кечанинг нега) «Қадр кечаси» деб номланиши юзасидан ҳар хил фикрлар билдиришган. Уларнинг айримлари: «У ҳукм чиқариладиган ва тақдир битиладиган кеча бўлиб, «У (муборак кеча)да барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур»(«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлан-тирувчидирмиз. У (муборак кеча)да барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур». (Духон сураси, 4-оят).) оятида келганидек, (Аллоҳ таоло) у кечада келгуси йил давомида воқе бўлишини ирода қилган нарсалар ҳақида ҳукм чиқаради ва (уларнинг) тақдирини битади»,(Бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир, Абдураззоқ, Фарёбий. Абд ибн Ҳумайд, Муҳаммад ибн Наср, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Байҳақий («Аш-Шуъаб»ида) ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 628-бет.) - деганлар.
Ёки у Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўз қадри ва мартабасига эга бўлган бир кеча бўлгани боис «Қадр кечаси» деб аталди. Чунки буюк нарсалар қадрли ва мартабали деб сифатланади.
Шунингдек, у «муборак кеча» деб ҳам аталди. Чунки унда Аллоҳ таоло тарафидан Унинг бандалари узра хайр-баракалар ва раҳматлар ёғилади. Ёхуд унда амалга ошириладиган ибодатлар кўп бўлгани боис у кеча «муборак» (баракотли) деб аталди.
[4] У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар.
[5] У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир.
Баъзи муфассирлар: «Бу ўринда зикр қилинган «Руҳ»дан мурод, «Уни Руҳул амин (Жаброил) олиб келиб туширди»(Шуъаро сураси, 193-оят) оятида келганидек, Жибрил алайҳиссаломдир»,(Бу гапни Заҳҳок розияллоҳу анҳуцан Ибн Мунзир ривоят қилган. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 630-бет.) деганлар.
Яна айримлар эса: «Руҳ - фаришталар устидан масъул қилиб қўйилган халойиқлар бўлиб, бу худди фаришталарнинг Одам болаларига масъул қилиб қўйилганига ўхшайди»,(Бу масала юзасидан таниқли мотуридийшунос олим Аҳмад Даманҳурий қуйидаги фикрларни бизга етказди:
«Яъни Аллоҳ таоло инсонларни қўриқлайдиган, уларнинг амалларини ёзиб борадиган фаришталарни яратгани каби уларни ҳам қўриқлайдиган ва уларнинг амалларини ёзиб борадиган бир тоифа фаришталарни яратиб қўйган. Бу гап қуйида келганидек, айрим салафлардан нақл қилинган:
1. Ибн Саломнинг тафсирида шундай дейилади: «Суддий: «Руҳ - еттинчи осмондаги фаришталардан бири бўлиб, унинг юзи инсоннинг сувратида, жасади эса фаришталарнинг сувратида (яратилган). Бу - ўша, Аллоҳ таолонинг «Амма ятасааъалун» сурасидаги «Руҳ ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган кунда...» (Набаъ сураси, 38-оят), деган сўзида назарда тутилган фариштадир. У барча махлуқотлардан ҳам катта ва Аршнинг тагида туради. У фаришталар устидан қўриқчи бўлиб, Аршнинг ўнг томонида (бир ўзи) бир саф бўлиб туради, қолган фаришталар эса бошқа бир саф бўлиб туришади. Аллоҳ таолонинг «Сиздан Руҳ ҳақида сўрарлар» (Исро сураси, 85-оят), деган сўзидан мурод ана ўшадир», деган». («Тафсиру Яҳё ибн Салом». Яъё ибн Салом ибн Абу Саълаба, (ваф. 200/816). Доктор Ҳинд Шалабий таҳқиқи билан, 1-жуз, 160-бет, Дорул кутубил илмийя, Байрут, Ливан, биринчи нашр, 1425/2004).
2. «Тафсири Табарий»да шундай келган: «Ибн Журайж деди: «Мен эшитдим-ки, Руҳ фаришталардан иборат махлуқотлардир. «Уни Руҳ олиб тушди» (Шуъаро сураси, 193-оят), «Сиздан Руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир», (Исро сураси, 85-оят)». (Муҳаммад ибн Жарир Абу Жаъфар Табарий (ваф. 310/923). «Жомеъул баён фи таъвилил Қуръон», муҳаққиқ Аҳмад Муҳаммад Шокир, 17-жуз, 166-бет, Муассасатур-рисола, биринчи нашр, 1420/2000).
3. «Ал-баҳрул мадид» асарида шундай келган: «Ёки Руҳ фаришталардан иборат махлуқотлар бўлиб, фаришталар бизнинг устимиздан қўриқчи бўлган.) - деганлар.
Бу ўринда (зикр қилинган) «Руҳ»(дан мурод) раҳмат бўлиши ҳам мумкин. Яъни унда (Қадр кечасида) хайр-баракалар нозил бўлгани боис баракотли (кеча) деб аталганига кўра, у кечада фаришталар ўзлари билан раҳмат олиб тушадилар.
Сўнгра уламолар (ушбу оятда зикр этилган) [фийҳаа] (у (кеча) да) ибораси борасида турли фикрлар билдиришган. Уларнинг айримлари: «Яъни ўша кечада фаришталар ва Руҳ нозил бўлади», деганлар.
(мазкур) [фийҳаа] иборасини «фаришталарнинг ичларига Руҳ (нозил бўлади)», деб таъвил қилганлар ҳам бор.
Оятдаги    [би изни Роббиҳим] ибораси «Раббиларининг амри билан нозил бўладилар», деган маънони, [мин кулли амрин] ибораси эса «(Аллоҳ таоло ўша йили Ер (аҳли)га тақдир қиладиган барча ишлар (режаси) билан», деган маънони англатади. Шунингдек, Қутабий ҳам: [мин кулли амрин. Салаамун] (жумласи) «Барча ишлар (режаси) би-лан (тушадилар). Саломатликдир...», маъносида»,(Ибн Қутайба. «Тафсиру ғарибил Қуръан», 534-бет.) деган.
(Баъзи уламолар тарафидан шундай) дейилган:
[мин кулли амрин юдаббируҳуллоҳу таъаалаа]».(Яъни «Аллоҳ таоло уларнинг тадбирини қиладиган барча ишлар (режаси) билан») Яъни Аллоҳ таоло тақдир қиладиган ишлар юзасидан фаришталарда ҳеч қандай илм бўлмайди. Фақат Унинг ўзи уларни бохабар қилганларнигина биладилар. Гўё улар Аллох таоло ўша йилда тақдир қиладиган ишлардан бохабар бўладилар. Сўнг Унинг амри билан ўша ишларни олиб тушадилар».
Оятдаги [салаамун] калимаси (ҳақида шундай) дейилган: «Фаришталар қанотларини қоқиб Аллоҳнинг ҳузуридан саломатлик, раҳмат ва мағфират олиб тушадилар».(Бу гапни Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳудан Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 630-бет.)
ларидек, улар фаришталарнинг устидан қўриқчидирлар». (Абул Аббос Аҳмад ибн Ажиба Ҳасаний (ваф.1224/1809), «Ал-баҳрул мадид фи тафсирил Қуръанил мажид», муҳаққиқ Аҳмад Абдуллоҳ Қураший Раслон, доктор Ҳасан Аббос Закий нашри, 7-жуз, 134-бет, Қоҳира, 1419/1999)».
Яна: «Яъни у саломатлик кечаси бўлиб, унда ёмонлик содир бўлмайди. У кеча тонг отгунига қадар шайтонлар қўйиб юборилмайди»,(Бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан Саид ибн Мансур, Абд ибн Ҳумайд, Муҳаммад ибн Наср, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Байҳақий («Аш-Шуъаб»да) ривоят қилган. юқоридаги манба.) деган гаплар ҳам айтилган.
Айрим муфассирлар эса: «У фаришталарнинг саломидир, яъни улар ҳар бир мўмин ва мўминага салом берадилар»,(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган.) деганлар.
Яна айримлари:    [мин кулли амрин салаамун]
яъни ҳар қандай офат ва балодан саломатлик (кечасидир)»,(Бу - мазкур суранинг 5-оятининг боши - [салаамун] калимасини 4-ояти охиридаги [мин кулли амрин] иборасига қўшиб ўқилганда келиб чиқадиган маънодир.) деганлар. «Унинг (инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб этувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни муҳофаза ҳилиб турурлар»(Раъд сураси, 11-оят.) оятининг тафсирида ҳам худди шу гаплар зикр қилинган. Яъни айрим муфассирлар: «Фаришталар уни Аллоҳнинг азобидан муҳофаза қиладилар», деган бўлсалар, яна айримлари: «Фаришталар уни Аллоҳ таолонинг амри билан муҳофаза қиладилар», деганлар. Худди шу сингари [мин кулли амрин салаамун] ояти ҳам ана шу икки хил талқинни қабул қилади.
[ҳия ҳаттаа матлаъил фажр] оятини «Юқорида зикр қилиб ўтилган ўша хайр-баракалар то тонг отгуничадир», деб ҳам, «Юқорида зикр қилинган ўша саломатлик то тонг отгуничадир», деб ҳам тушуниш мумкин. Эҳтимол, «Фаришталар Ер юзида то тонг отгунича бўладилар», деган маънодадир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо [мин куллимриъин салаамун](Яъни «Барча фаришталар тарафидан «салом» бўлур».) деб ўқигани ва «Ундан мурод фаришталардир», де-гани ривоят қилинган.(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жуз, 320-бет; Шунингдек, Абдуллатиф Хатибнинг «Муъжамул қироъот»и (10-жуз, 518-бети) га ҳам қаралсин.)
Сўнгра айрим муфассирлар: «Қадр кечаси» қачон бўлиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан турлича ривоятлар келган. Саҳобалар - уларнинг барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин - бу борада ихтилофга боришган. Абдуллоҳ ибн Унайс Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Уни (Қадр кечасини Рамазон ойининг) сўнгги ўн кунлигидан изланг, уни ҳар бир тоқ кечалардан ҳидиринг», деганликларини ривоят қилган»,(«Сунани Термизий», Рўза китоби, 72-бет.) - деганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Қадр кечаси) Рамазоннинг ўн тўҳқизинчи, йигирма биринчи ва йигирма учинчи кечаларидир», дедилар».(Юқоридаги манба.)
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қадр кечасини (Рамазон ойининг) охирги етти кунидан ҳидиринг», - дедилар».(Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 2-жуз, 113-бет. Муслим. «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», Рўза китоби, 206-бет. Абу Довуд. «Сунан», Рамазон ойи китоби, 5-бет.)
Қадр кечаси (Рамазон ойининг) йигирма еттинчи кечаси экани ҳақида ҳам ривоятлар бор. Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечаси ҳақида сўрадилар, ҳолбуки, мен эшитиб турган эдим. У зот: «У Рамазоннинг барча (кечалари)ичидадир» Зирр (ибн Ҳубайш)дан ривоят қилинади: «Мен Убай ибн Каъбга шундай дедим: «Эй Абу Мунзир! Менга Қадр кечаси ҳақида хабар беринг. Зеро, дўстимиз Абдуллоҳ ибн Масъуддан у ҳақида сўралганида: «Ким йилни қойим қилса (йил бўйи оқшомларни ибодат билан бедор ўтказса), уни топади», демоқда». Шунда у: «Ҳа! Аллоҳ Абу Абдураҳмонни ўз раҳматига олсин, Аллоҳга қасамки, унинг (Қадр кечасининг) Рамазонда эканини у аниқ билган. Аммо одамлар (шу ойга) суяниб қолишларини истамаган. Аллоҳга қасамки, чиндан ҳам у (Қадр кечаси) Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидадир», - деди».(Муслим. «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», Рўза китоби, 220-бет.)
Сўнгра ўша кечага ишора қилиб: «У фалон кечадир, йигирма еттинчи ёки йигирма тўққизинчи кечадир», дейишга бизнинг ҳам, биздан бошқа бирор кимсанинг ҳам ҳаққи йўқ. Аммо бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан унга ишора қилинган бирор хабар мутавотир йўл билан келгани аниқ бўлса, ана шу вақтдагина бу иш мумкин бўлади. Шундай хабар йўқ бўлса, уни барча кечалардан изланилади.
Бир-бирига номувофиқ келиш ўрнига ўзаро ўхшаш йўл билан ривоят қилинган ва барчаси саҳиҳ бўлган хабарлар ана шу важхда тушунилади. Бинобарин, у (Қадр кечаси) бир йили қайсидир кечада бўлса, яна бирида бошқа кечада бўлади. Бир йили Рамазон (ойи)нинг охирги ўн кунлигида бўлса, яна бирида шу Рамазон (ойи)нинг ўртасидаги ўн кунликда бўлади. Яна бир йили дастлабки ўн кунликда бўлса, яна бирида Рамазон (ойи) дан бошқасида бўлади. Буни Аллоҳ билувчироқдир!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase