Ва Оллоҳ Йўлида ҳалок бўлган (шаҳид)лар ҳақида: «(Булар) ўликлар», демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмай сизлар.
Оллоҳ таоло мўмин бандаларини Оллоҳ Йўлида шаҳид бўлган кишилар ҳақида “Улар ўликлар”, дейишдан қайтаради. Балки шаҳидларни тириклар дейишга буюради. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам янада батафсил баён қилинган:
(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Оллоҳ Йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Оллоҳ Ўз Фазлу Карами билан уларга берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай ҳавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар. Улар Оллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда ўзларига жароҳат-мусибат етганидан кейин ҳам Оллоҳ ва Пайғамбарга бўйсунган мўминларнинг ажри-мукофотини Оллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар. Улар орасидаги чиройли итоат қилган ва Оллоҳдан қўрққан зотлар учун улуғ ажр-мукофот бордир. (Ол-и-Имрон сураси, 169-170-171-172-оятлар).
Ибн Жарир “Жомиул-баён”да Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан пайдар-пай, кўп бор ривоят қилинган ҳадиси шарифни келтиради: Пайғамбар алайҳиссалом мўминлар ва кофирларнинг ўлимдан кейинги аҳволларини баён қилиб, мўминларнинг қабрларидан жаннатга эшик очилиши, улар жаннат бўйларини ҳидлашиб, тезроқ Оллоҳ таоло Қиёматни қойим қилса-ю, улар жаннатдаги ўз масканларига жойлашиб, ўша жойда аҳлу авлодлари билан бирга роҳат-фароғатда ҳаёт кечиришни орзиқиб кутишлари ҳақида, кофирларнинг қабрларидан эса дўзахга эшик очилиши, уларга дўзахнинг бадбўйлари келиб, то Қиёмат қойим бўлгунча улар ўзлари тушадиган дўзахни кўриб, унинг бадбўйларини ҳидлаб, аммо шундай ҳолатда ҳам Қиёмат кечроқ келса экан, деб, дўзахга тушишдан қўрқиб туришлари ҳақида хабар берганларини келтиради ва бир саволни ўртага қўяди: “Демак, мўминлар ҳам, кофирлар ҳам ўлганларидан кейин барзахда - дунё ҳаёти ва Охират ҳаёти орасидаги ҳаётда яшар эканлар, ушбу ояти каримада шаҳидларнинг ўлимдан кейинги ҳаётларини алоҳида зикр қилинишининг нима ҳикмати бор?”, дейди ва бу саволга яна ўзи жавоб қилиб айтади: “Шаҳид бўлган мўминларнинг оддий ўлим топган мўминлардан фарқи шуки, ша-ҳидлар барзах ҳаётида яшар эканлар, уларга эртаю, кеч жаннат ноз-неъматлари ризқ қилиб берилади бошқа мўминлар эса бу неъматларга фақат Қиёмат қойим бўлиб, ҳисоб-китоб қилиниб, жаннатга кирганларидан кейингина етадилар”.
Шайх Аллоуддин Мансурнинг
"Қуръони Азим тафсири"китобидан