close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Моида сураси 44-оят

Албатта Биз Тавротни Ҳидоят ва Нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз.

Албатта Биз Тавротни Ҳидоят ва Нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. (Оллоҳга) бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, Илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Оллоҳнинг Китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни, Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар ва улар бу Китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни (дунё матоларидан бўлган) озгина қийматга арзимас нарсаларга алмаштирмангиз! Ким Оллоҳ нозил қилган нарса - ҳукм билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирдирлар.
Ушбу ояти карима Тавротдаги оилали эркак ва оилали аёл зино қилсалар тошбўрон қилиб ўлдириладилар, деган Илоҳий Ҳукмни бузиб - ўзгартириб, ўзларича: “Бундай жиноятни қилган кимсаларни қирқ дарра урилади ва юзларига қора чапланиб халқ орасида сазойи қилинади”, деб ҳукм чиқарган яҳудлар ҳақида нозил бўлган.
Муслим Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам зинокор яҳудий ва яҳудийяни тошбўрон қилишга буюрдилар ва: “Ким Оллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирдирлар”, “Ким Оллоҳ нозил қилган нарса - ҳукм билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золим-дирлар” (45-оят). “Ким Оллоҳ нозил қилган нарса - ҳукм билан ҳукм қилмас экан, бас, улар фосиқ - итоатсиздирлар” (47-оят), дедилар.
Барро розияллоҳу анҳу: “Бу оятларнинг ҳаммаси кофирлар ҳақида нозил бўлган”, дейди.
Ояти карима Тавротнинг таърифи билан бошланиб, Ҳақ таоло у Китобни Ўзи нозил қилганини, унда яҳудлар учун Ҳидоят, яъни, тўғри ҳукмлар ва ибодатлар баёни бор эканини ҳамда унда Нур бор эканини, яъни, ОллоҳтаолонингТанҳо Маъбуд эканини, пайғамбарларнинг вазифаларини, Охират аҳволини ва кутилаётган сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи васалламнинг сифатларини нур каби ёритиб берувчи оятлар бор эканини айтади.
“(Оллоҳга) бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, Раббоний - Ило-ҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Оллоҳнинг Китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни, Таврот хукмлари) билан ҳукм қиладилар ва улар бу Китоб устида гувоҳдирлар”.
Ушбу жумлада Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-салом оламдан ўтганидан сўнг то Ийсо алайҳис-салом дунёга келган замонгача бўлган муддат мобайнида юборилган барча пайғамбарлар (уларнинг адади бир ривоятда минг, яна бошқа ривоятга қараганда тўрт мингдан ошиқдир) ҳамда шу орада ўтган яҳудийларнинг Раббоний олимлари ва донишмандлари бани Исроил қавмига Таврот ҳукмларини етказиб, фақат ўша Китоб билан ҳукм юргиз-ганларини айтади. Улар ўзларининг зиммаларидаги омонатга хиёнат қилмай, яҳудийлар Тавротга тўғри ва тўла амал қилишларига гувоҳ бўлиб, уларнинг билмаганларини ўргатиб турганлари ҳақида хабар беради.
Ушбу жумладан яна икки ўта муҳим маълумотга эга бўламиз. Бирин-чиси, Оллоҳ таоло пайғамбарларни ва то Ийсо алайҳис-салом туғилган замонгача ўтган, Тавротга тўғри ва тўла амал қилган яҳудийларни “Ол-лоҳга бўйинсунувчилар”, яъни, мусулмонлар деб атайди. Чунки барча пайғамбарлар инсонларни Танҳо Оллоҳга бўйинсунишга даъват қилганлар, бинобарин, уларга итоат этган кишилар ҳам мусулмонлар бўлганлар.
Иккинчиси, бу жумладан Таврот ҳукмларига амал қилиш ҳамма одамларга эмас, фақат яҳудларга буюрилгани, бу Китоб фақат бани Исроил қавми учун нозил қилингани маълум бўлади ва бу қавм ичидан ўз вақти-да Тавротга амал қилган кишилар ўтгани зикр қилингач, энди ўша Тавротда номи ва сифати баён қилинган, фақат бир қавмга эмас, барча ин-сонларга юборилган сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган яҳудларга хитоб қилинади:
“Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни (дунё матоларидан бўлган) озгина қийматга - арзимас нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Оллоҳ нозил қил-ган нарса - ҳукм билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирдирлар”.
Яъни, сизлар ҳам аждодларингиз ичида ўтган пайғамбарларга, Раббоний олимларга ва донишманд кишиларга эргашиб, Таврот кўрсатмаларига амал қилинглар, ундаги зинокорларнинг жазоси ражм - тошбўрон экани ҳақидаги оятларни, сўнгги пайғамбарнинг сифатлари баён қилинган оят-ларни яширмангиз - одамлардан қўрқмангиз! Агар сизлар Тавротдаги бор хақиқатни айтсангизлар, ҳеч ким сизларга зиён етказа олмайди. Аммо агар у Китобдаги айрим оятларни ўчириб, айримларини яширадиган бўлсангиз-лар, у ҳолда сизлар Оллоҳнинг ғазаб ва азобига гирифтор бўласизлар, бас, Оллоҳдан қўрқинглар! Шунингдек, сизлар, эй яхудий уламолар, ҳокимлар, озгина дунё матосига эришиш учун Тавротдаги Оллоҳнинг оятларини яширманглар! Масалан, озгина порадан қуруқ қолмаслик учун ноҳақ то-моннинг фойдасига ҳукм чиқарманглар - адолат қилинглар ва пора олиш ҳам, пора бериш ҳам ҳаром деган Оллоҳ таолонинг Ҳукмига амал қилинглар! Шунингдек, “Агар пайғамбарлик биздан - бани Исроил қавмидан арабларга - Муҳамадга ўтиб кетадиган бўлса, биз одамлар орасидаги обрўйи-миздан ҳам, улар томонидан бизга оқиб келаётган даромаддан ҳам қуруқ қоламиз”, деб - мана шу арзимас матони деб, ўзларингиз жуда яхши таниб турган, қўлларингиздаги Таврот оятларида баён қилинган сифатларга юзда-юз мос келиб турган сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга кофир бўлманглар! Сизлар ўзларингизнингҳавойи нафсларингизга эмас, Оллоҳнинг Тавротдаги Ҳукмига бўйинсунинглар ва Ҳақ Пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиринглар, эй яҳудий уламолар, ҳокимлар! Чунки “Ким Оллоҳ нозил қилган нарса - ҳукм билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирдирлар”.
Дарҳақиқат, ушбу ояти карима, унинг маъно-мазмунидан очиқ кўри-ниб турганидек ва барча улуғ муфассирлар таъкидлаганларидек, Таврот ҳақида, унга амал қилган ва амал қилмаган яҳудлар ҳақида нозил бўлган. Аммо Қуръони Азимнинг аксари оятлари нозил қилинишига гарчи айрим воқеа, нарса ёки кимсалар сабаб бўлсада, у оятларнинг ҳукми умумий, яъни барча мўмин-мусулмонларга тегишли бўлади-ки, ушбу ояти карима ҳам мўътабар тафсирларда ёзилишича, ана шундай оятлар жумласидандир.
Хусусан, оятнинг иккинчи бандидаги Илоҳий буйруқлар барча мўмин-ларга ва хусусан, уларнинг орасидаги уламо ва ҳукамоларга ҳам тегишлидир. Яъни, ҳар бир мўмин бутун ҳаёти давомида, қиладиган ҳар бир амалида, айтадиган ҳар бир сўзида одамларни эмас, Оллоҳни риоя қилиши, одамлар-дан эмас, Оллоҳтаолодан кўрқиши керак. Ўткинчи дунёдаги озгина фойдани кўзлаб Ҳақиқатдан - Оллоҳнинг оятларидан юз ўгирмаслиги, аксинча, Оллоҳ таоло нозил қилган ҳукмларга рози бўлиб, уларга амал қилиб яшаши керак. Яъни, Ҳақ таоло “Қилгин”, деган амални қилиши, “Қилмагин”, деган ишни қилмаслиги керак, У Зот “Ҳалол”, деган нарса ёки ишни ҳалол деб эътиқод қилиши керак, У “Ҳаром” деган нарса ёки ишни ҳаром деб эътиқод қилиши керак ва одамлар ўртасидаги ҳар қандай масъалаларда - у ижтимоий масъалами, иқтисодий масъалами - барчасида Оллоҳ таоло нозил қилган ҳукмни ҳаётга татбиқ қилиши керак. Акс ҳолда, яъни, Оллоҳ таолонинг Ҳукмини инкор қилса ё писанд қилмаса ёки тўғри эмас, деб даъво қилса ва мана шун-дай ботил фикрлари сабабли у ҳукмга амал қилмаса, бундай кимса кофир бўлади. Агар у ҳукмни тўғри деб иқрор қилса-ю, аммо унга амал қилмаса, ундай кимса зулм ва фосиқлик - итоатсизлик қилган бўлади. Масалан, Оллоҳ таоло буюрган намоз, рўза каби фарзларни фарз эмас, деб адо қилмайдиган кимса кофир бўлади, аммо агар у амалларнинг фарз эканига иқрор бўлиб туриб адо қилмаса, у ҳолда фосиқлик - итоатсизлик қилган бўлади. Ёки Оллоҳ таоло ҳаром қилган тўнғиз, ароқ каби нопок нарсаларни ҳалол деган кимса кофир бўлади, аммо агар уларни ҳаром эканини тан олса-ю, нафсига мағлуб бўлиб истеъмол қиладиган бўлса фосиқ бўлади. Шунингдек, қози, ҳокимлар жиноятчига жазо белгилашда ўша жиноятнинг ОллоҳЎз Китобида белгилаб кўйган жазосини тўғри эмас, деб инкор қилсалар, кофир бўладилар, аммо агар у белгилаган жазони тўғри деб тан олиб туриб ўзларича бош-қа жазо белгиласалар, у ҳолда улар зулм қилган бўладилар.

Шайх Алоуддин Мансурнинг
"Қуръони Азим тафсири"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase