Агар инсонга Аллоҳнинг ёрдами бўлмаса, оғир синовга дуч келганда одам ўзини қўлга олмаса, у ўз динини бенуқсон ушлаб тура олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам Аллоҳ бу ҳақда қаттиқ огоҳлантирган.
Бу оятларни ўқиб тушунган инсон ҳайрат ичида шу нарсани англаб етадики, агар Аллоҳнинг ёрдами бўлмаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ҳам қофир ва мушриклар таъсирига тушиб қолиш хавфига тўқнаш келган эканлар. Шундай экан, оддий мусулмонлар рўпара келиши мумкин бўлган турли хил қийин ҳолатларни қўз ўнгимизга келтирсак, бу оятлар биз учун ниҳоятда аҳамиятли эканига амин бўламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламки, шундай қалтис ҳолатга тушган эканлар, бошқа оддий иймонли одамларда ҳам бундай мураккаб лаҳзалар пайдо бўлиши аниқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни-ку, Аллоҳ Ўзининг раҳматини ато қилиб, ваҳий орқали ботил йўллар ва таълимотларнинг зараридан ҳимоя қилган экан. Аммо энди у кишидан сўнг бошқа одамларга ваҳий келмайди-ку?! Мусулмонлар бу каби фитнали синовлар келганда қандай қилиб сақланадилар? Турли ташвиқотлар гирдобига ёки ҳайронлик ва шубҳалар кўчасига кириб қолган инсон нима қилиши керак? Алҳамдулиллоҳки, бу саволларнинг жавоби мана шу оятлардан топилади. Бу оятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақ йўлни кўрсатган экан, биз учун ҳам иншоаллоҳ кифоя қилади. Биздан эса фақат чинакам иймон, тўғри тушунча, қатъий таваккул, сабр-бардош, журъат ва давомли амал талаб қилинади.
Ҳўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуч келган фитна нимадан иборат бўлган эди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни икки дунё азоби ҳақида огоҳлантирилишларига сабаб бўлган ҳодиса нима эди? Бу ҳақда муфассирлар бир неча хил ривоятларни зикр қилишган.
Табарий ёзадилар: "Қатода айтадилар: ...Бизга билдиришларича, Қурайш (катталари) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир кеча тонггача ҳоли қолиб, суҳбат қилишди. Улар Пайғамбарни улуғлаб, у кишига раисдек муомала қилиб, ўзларини яқин олиб туришди. Уларнинг сўзлари ичида мана бундай гаплар ҳам бор эди: "Сен одамлардан ҳеч ким олиб қелмаган нарсани олиб келаяпсан. Сен бизнинг саййидимизсан. Саййидимизнинг ўғлисан". Улар тўхтамай шундай гапларни гапиравердилар". Қурайшийлар шу йўл билан ўзлари хоҳлаган ишлардан баъзиларини қилишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўндиришга роса уриндилар. "Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мойил бўлай дедилар. Кейин Аллоҳ у кишини бундан ман этди ва Ўзи сақлади... У айтдики: "Агар Биз сизни ҳақ йўлда собит қилиб қўймаганимизда уларга озгина мойил бўлишингизга яқин қолган эди".
Қуртубий бу борада яна бошқа ривоятларни ҳам келтирадилар: "Саид ибн Жубайр айтдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тавоф қилган пайтларида Ҳажарул-асвадни силар эдилар. Қурайшийлар у кишини бундан тўсиб қўйишди ва: "То бизнинг худоларимизни ҳам озгина тавоф қилмасанг, рухсат бермаймиз", - дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга "Булар менга Ҳажарул-асвадни тавоф қилишим учун рухсат берадиган бўлса, буларнинг худосига ҳам қўлимни тегизсам нима бўларкин? Аллоҳ билади-ку, мен уларни ёмон кўраман", - деган хаёл келди. Аллоҳ эса буни рад этди ва бу оятни нозил қилди.
Ибн Аббос айтадилар: Бу оятлар Сақифдан келган вакиллар ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб у кишидан ноҳақ нарсани сўрадилар. Улар: "Бир йил худоларимизни бизга қўйиб бер. Токи уларга келадиган ҳадяларни йиғиб олайлик. Ҳадяларни олиб бўлиб, кейин худоларни синдириб ташлаймиз ва мусулмон бўламиз. Кейин Маккани ҳарамга айлантирганинг каби бизнинг водийимизни ҳам ҳарам деб эълон қиласан. Токи араблар бизнинг устунлигимизни кўришсин", - деб айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хаёлларидан улар сўраётган нарсага рози бўлсаммиккин, деган фикр ўтди. Шунда бу оят нозил бўлди".
Табарий ҳам бу ривоятларнинг барчасини ўз китобларида келтириб бўлиб, сўнггидан мана бундай хулоса қиладилар:
"Бу ҳақдаги тўғри сўз шуки, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида хабар беради. Мушриклар у кишини фитнага дучор қилишди, яъни у кишини Аллоҳ ваҳий қилган нарсалардан чалғитиб, ундан бошқа нарсага - Аллоҳга туҳмат бўлиб тушадиган нарсаларга амал қилишга ундадилар. Бу ерда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мушрикларнинг худоларини силашга, қисман эътироф этишга даъват қилган бўлишлари ҳам мумкин, яна ... Сақиф қабиласининг иши ва уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган нарсалари бўлиши ҳам мумкин. Бундан бошқа сабаблар бўлиши ҳам мумкин. Модомики, на Китобда ва на хабарда буларнинг бирини қатъий қилиб чеклаб қўядиган сўз йўқ экан, оятнинг зоҳирига иймон келтиришдан бошқа тўғрироқ йўл йўқдир". (Табарий).
Ҳақиқатан ҳам тафсирларда зикр қилинган воқеалар хилма-хил бўлса-да, Табарий айтганларидек, буларнинг биронтаси ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Бунинг устига энг муҳим масала шуки, тафсирларда зикр қилинган воқеаларнинг ҳаммаси ё у, ё бу кўринишда мусулмонлар ҳаётида учраб туради. Мунофиқ ва кофирлар, Ислом аҳлидан, уламолардан, талабалардан доимо ўзларига қайсидир ишда мойил бўлишни талаб қиладилар. Улар динингдан қайт деб айтмасдан туриб ҳам диндан чиқариб қўйишлари мумкин. Агар инсон ўз динидан ниманидир ён беришга рози бўладиган бўлса, бунинг оқибати ўта ёмондир.
Динидан ён берадиганлар қўлга қиритадиган нарса билан улар қўлдан бой берадиган нарса асло бир-бирига баробар бўлмайди.
Тўғри, бундай ён беришнинг эвазига инсон ниманидир қўлга киритади. Аммо ҳеч қачон қўлга киритгани, қўлдан бой берганига арзийдиган нарса бўлмайди. "Қўлга киритадиган" нарсалардан бири рақиб томоннинг бундай кишини яхши ўриб қолиши, ўзига яқин дўст қилиб олишидир. "Агар уларнинг айтганлари бўлганда сизни ўзларига энг яқин дўст қилиб олар эдилар". Бу оятни Саъдий бундай шарҳлайдилар: "Агар улар хоҳлаётган ишни қилганингизда улар сизни ҳақиқий, суюкли ва ҳаммадан ҳам кўра азиз дўст қилиб олган бўлардилар. Негаки, Аллоҳ сизни узоғу яқинни ҳам, дўсту душманни ҳам ўзига жалб қиладиган яхши хулқ ва чиройли одоб соҳиби қилиб яратган".
Бироқ қўлдан кетадиган, алмашиладиган нарса нима? У Исломнинг ҳаммаси ёки унинг бир бўлагидир. "Лекин сиз шуни билингки, улар сизнинг ўзингизга душманлик қилмайдилар, сизнинг шахсингизга адоват сақламайдилар. Балки сиз олиб келган ҳаққа душманлик қиладилар...".
"Шу билан бир қаторда агар биз сизни ҳақ устида собитқадам қилиб, сизни уларнинг таклифларига рози бўлмайдиган қилиб қўймаганимизда эди, (дин учун) кўп ташвиш чекишингиз ва уларнинг ҳидоятга келишини яхши кўришингиз сабабли уларга озгина мойил бўлай дедингиз. Агар шундай бўлиб, улар хоҳлаётган нарсага мойил бўлиб қолганингизда эди, сизга дунёда ва Охиратда икки баробар азоб юборган бўлур эдик. Чунки сизга Аллоҳнинг неъмати мукаммал ато этилган, сизнинг Аллоҳни танишингиз ҳам нуқсонсиз бўлган. "Кейин ўзингиз учун биздан ҳимоя қиладиган", сизни ўзингизга келган азобдан қутқариб оладиган "бирор ёрдамчи топа олмас эдингиз". Лекин Аллоҳ таоло сизни ёмонликдан ва унга олиб борадиган сабаблардан сақлади. Сизни тўғри йўлга ҳидоят қилди ва унда мустаҳқам қилиб қўйди. Сиз уларга бирор жиҳатдан мойил бўлмадингиз. Демак, Унинг сизга ато қилган неъмати ниҳоятда мукаммал, марҳамати тўкисдир". (Саъдий).
Бу оятлар сўзимизнинг аввалида айтганимиздек, ҳар бир мўмин учун қимматлидир. "Бу оятларда банда Аллоҳнинг қўллаб-қувватлашига қаттиқ муҳтож экани, доимо Аллоҳга ялиниб-ёлбориб, ўзини иймонда мустаҳкам қилишини сўраб туриши, шунга эриштирадиган амалларни бажаришга ҳаракатда бўлиши лозим эканига далил бор. Чунки халойиқнинг энг муқаммали бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ: "Улар сизнинг Биз ваҳий қилганимиздан бошқа нарсаларни гапириб, бизга туҳмат қилишингиз учун сизни ҳақ йўлдан чалғитиб юборишларига сал қолди", - деб айтди. Шундай экан, у кишидан бошқа одамлар ҳақида нима дейиш мумкин?!" (Саъдий).
Аксарият ҳақ даъватчилар ўз даъватлари йўлида дуч келадиган одатий натижа ватанларидан қувиб чиқарилишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам у қишини тушунишни истамаган қавмлари шу муомалани қилдилар. Аллоҳ айтади: "Улар сизнинг ўз ичларида яшаб турганингизни ёмон қўрганлари туфайли "бу ердан чиқариб", кўчириб "юбориш мақсадида сизни қўзғатишларига оз қолган эди". Борди-ю шундай қилганларида сиздан кейин ўзлари кўп турмас эдилар. Аллоҳнинг барча ҳалқларда амал қилган қонуниятига мувофиқ буларга азоб келиб қолар эди. Пайғамбарини ёлғончига чиқарган ва уни ватанидан чиқариб юборган барча умматларнинг азобини Аллоҳ тез фурсат ичида юборган". (Саъдий).
Ҳақиқатан ҳам Аллоҳнинг қонуниятлари ўзгармасдир. У Муҳаммад алайҳиссаломдан аввал ҳам амалда эди. У зотнинг даврларида ҳам амал қилди. Орадан кўп вақт ўтмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан чиқариб юборган Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл ва яна жуда кўплаб ашаддий кофирларни Аллоҳ Бадрда ҳалок қилди.
"Бу оятларда яна шундай хулосалар ҳам борки, агар банда ўзига айб бўладиган ишни қиладиган бўлса, унинг мартабасининг юксаклиги ва унга Аллоҳдан берилган неъматларнинг миқдори, даражасига қараб унинг гуноҳи катталашади, айби оғирлашади". "Яна бу ердан шу маъно ҳам чиқадики, агар Аллоҳ бирор ҳалқни ҳалок қилишни хоҳласа, уларнинг гуноҳлари катталашади, кўпаяди. Шундай қилиб Аллоҳнинг азоб калимаси уларга лойиқ келиб қолади ва ўтган қавмлар ўз Пайғамбарларини юртдан чиқариб юборганларида юз бергани каби уларга бало ёпирилади". (Саъдий).
Шу оятлар нозил бўлгандан сўнг пайғамбаримиз мана бу дуони ўқидилар:
«رب لا تَكِلْنِي إلى نَفْسي طَرْفَةَ عَيْنٍ»
"Эй Раббим, мени кўз очиб юмишдек лаҳзага ҳам ўзимни ўзимга ташлаб қўйма". (Табарий).
Шундай экан, ҳеч бир инсон бу фитнали замонда ўзига ўзи бино қўймаслиги, ўз илми, ақли ва кучига ортиқча ишониб қолмаслиги қерак. Доимо "Ўз ишимни ўзим яхши биламан" - деб ўйлаш катта ҳатодир.
Йигирма олтинчи суҳбат: Инсон ҳар қанча илмли бўлса-да, адашиб қолиши мумкин
“Улар сизнинг Биз ваҳий қилганимиздан бошқа нарсаларни гапириб, бизга туҳмат қилишингиз учун сизни ҳақдан чалғитиб юборишларига сал қолди. Агар уларнинг айтганлари бўлганда сизни ўзларига энг яқин дўст қилиб олар эдилар. Агар Биз сизни ҳақ йўлда собит қилиб қўймаганимизда уларга озгина мойил бўлишингизга яқин қолган эди. У ҳолда эса сизга бу дунё азобини ҳам, Охират азобини ҳам икки баробар қилиб берган бўлур эдик. Кейин сизни биздан ҳимоя қиладиган бирор ёрдамчи топа олмас эдингиз. Ҳақиқатда улар бу ердан чиқариб юбориш мақсадида сизни қўзғатишларига оз қолган эди. Агар шундай қилганларида сиздан кейин ўзлари ҳам қўп яшамаган бўлардирлар. Бу сиздан аввал юборган элчиларимиз давридаги қонуниятдирки, бизнинг қонунимизнинг ҳеч ўзгарганини кўрмассиз”. (Исро сураси, 73, 74, 75, 76-оятлар).
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Қуръоний суҳбатлар
|
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди
- Инсон ҳуқуқлари умумий Ислом декларацияси
- АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғазо бўйича резолюцияга вето қўйиши