Молпарастлик, шуҳратпарастлик, манманлик инсонни не кўйларга солмайди. Қоруннинг кеккайиши шу даражага етган эдики, у ҳатто Мусо алайҳиссалом билан бахслашмоқчи бўлди.
Ибн Касир: “Қорун ўзининг дадабаю асъасаси билан Мусо алайҳиссаломнинг даъватлари бўлаётган ердан ўтди. Мусо алайҳиссалом одамларга Аллоҳ яратган кунларни эслатиб, огоҳлантираётган эдилар. Одамлар Қорунни кўрганларидан кейин юзларини ўша томонга бурдилар ва унинг маҳобатини томоша қила бошладилар. Шунда Мусо алайҳиссалом Қорунни чақирдилар ва нима учун бунақа иш қилганини сўрадилар. Қорун деди: “Эй Мусо, агар сен мендан пайғамбарлик билан устун қилиб қўйилган бўлсанг, мен сендан дунё билан устун қилиб қўйилганман. Агар хоҳласанг, ўртага чиқиб дуо қилишамиз. Сен менга қарши, мен сенга қарши дуо қиламиз.
Мусо ва Қорун ўз қавмлари билан майдонга чиқишди. Мусо алайҳиссалом дедилар: “Сен аввал дуо қиласанми ёки мен?” Қорун деди: “Йўқ, аввал мен дуо қиламан!” Қорун дуо қилди, унга ҳеч қандай ижобат бўлмади. Кейин Мусо айтдилар: “Мен дуо қилайми?” Қорун “ҳа” деди. Мусо: “Эй Аллоҳим, ерга буйруқ бергин, у бугун менга итоат қилсин”, дедилар. Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг дуоларини ижобат қилди...”
Саъдий: “Қоруннинг зулми ва кеккайиши ўзининг чўққисига кўтарилгач, дунёси ҳам гуллаб-яшнаб, унга ҳирси ниҳоятда зўрайгач, кутилмаган пайтда унинг устига азоб ёғилди. “Бас, Биз унинг ўзини ва уй-жойини ерга юттириб юбордик”. Бу унинг амалига мувофиқ жазо эди. Чунки у ўзини Аллоҳнинг бандаларидан устун қўйган эди, Аллоҳ унинг ўзини ҳам, у мағрур бўлган нарсаларини ҳам қўшиб, ҳовли-жойи, асбоб-анжомлари ва бойликлари билан бир қилиб, асфаласофилинга қулатиб юборди”.
Ибн Касир: “Унга Аллоҳдан бошқа ёрдам берадиган бирор гуруҳ топилгани ҳам йўқ ва у ўзини ўзи қутқара олгани ҳам йўқ”. Яъни унинг моли ҳам, тўдаси ҳам, хизматкорлари ҳам, шотирлари ҳам фойда бермади. Ундан Аллоҳнинг жазоси ва азобини тўсиб қололмадилар”.
Саъдий: “Кеча унинг ўрнида бўлишни орзу қилганлар”, яъни фақат дунё ҳаётини хоҳлайдиганлар ва “Қани энди бизга ҳам Қорунга берилгани каби нарсалар берилсайди!” деганлар бугунги воқеадан ҳаяжонга тушиб, ибрат олиб ва ўзларига ҳам азоб келиб қолишидан қўрқиб, “энди бундай деб гапира бошладилар: “Вой аттанг! Аллоҳ хоҳлаган бандасига ризқни кенг қилиб, хоҳлаганига торайтириб қўяркан-а!” ... Биз энди тушундик, Аллоҳ Қоруннинг ризқини кенг қилиб қўйиши унда яхшилик борлигига далил эмас экан, биз Қорун “ниҳоятда бахтли одам-да!” деб хато қилган эканмиз.
“Агар Аллоҳ бизга марҳамат қилмаганда бизни ҳам юттириб юборган бўларкан-а!” Тағинам Аллоҳ бизни кеча айтган сўзларимиз учун жазоламади, агар унинг фазлу карами ва миннати бўлмагандами?!
Шундай қилиб Қоруннинг ҳалокати унинг ўзига жазо, бошқаларга эса ибрат ва мавъиза бўлди. Ҳатто унга ҳавас қилганларнинг ҳам қандай надоматлар чекканлари эшитилиб турди. Уларнинг аввалги фикрлари ўзгарди. “Во ажабо, кофирлар” дунёда ҳам, Охиратда ҳам “ нажот топмас эканлар-а?!”
Аллоҳ Қорунга қўшиб, унинг атрофидаги шотирларини ҳам, унга алданган қалби кўр малайларни ҳам ерга юттириб юборган эди. Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари тирик бўла туриб, бир мутакаббир фосиққа эргашганларнинг оқибати шу эди.
Аллоҳ ўзининг чуқур ҳикмати билан ҳамма замонлар ва юртларда ҳам ўзига яраша кофиру золимларни, манман ва нонкўрларни, мунофиқу фосиқларни, аро йўлда қолиб иккиланганларни ҳамда иймони заиф одамларни яратиб, уларнинг ҳар қайсиларига узун йўллар бериб қўяди. Бу катта фитна ва анчага чўзиладиган синовдир.
Синовлиги шуки, кофирлар, мунофиқлар ва фосиқлар даъво қиладилар:
– Мана кўрмаяпсизларми, биз ва бизга эргашганлар ҳақ ва тўғри йўлда бўлганимиз учун Худо ҳам бизга ёрдам бераяпти. Биз бошқалардан афзал бўлганимиз сабабли ҳеч қандай офатга йўлиқмаяпмиз. Биз энг зўрмиз!
Кундек равшан бўлган ҳақ йўлни кўрмасдан иккиланиб юрганлар ва қалбида дунёга мойиллиги борлар айтадилар:
– Булар ҳақиқатдан ҳам жуда ёмон одамларга ўхшамайди. Сўзлари кучли. Ишлари авжида. Йўллари очиқ. Имкониятлари кенг, ҳамма нарсалари бор. Гапларининг ҳам унақа ёмон ери йўқ. Худога ишонамиз деяпти. Шуларга қўшилсак ҳам бўлади. Бизнинг ҳам ишларимиз ривож топади.
Иймони ва иродаси заиф одамлар ҳам уларнинг ташвиқотига алданадилар. Улар айтадилар:
– Ана фалончи-пистончилар ҳам мазза қилиб, отдек юрибди. Дунёнинг кўп ишлари ва бойликлари уларга ўтиб кетиб қолаяпти. Уларга бирор ёмонлик келаётгани йўқ. Демак, улар ҳам аслида жуда ёмон одамлар эмас. Биз ҳам жуда ўшаларга ўхшамасак ҳам сал ўртачароқ иш қилсак бўлади. Бу дунё аслида шунақа. Еб-ичиб, ўйнаб-кулиш унақа гуноҳ иш эмас. Гуноҳ бўлса ҳам Аллоҳ кечиради. Бундан ортиғи бизнинг қўлимиздан келмайди-ку.
Чин мўминлар кофирларга ҳам, мунофиқ ва фосиқларга ҳам, иккиланганлар ва иймони заиф инсонларга хам насиҳат қиладилар. Ўзаро бир-бирларини сабрга чақирадилар:
– Кимнинг ишлари авжига миниб кетаётган бўлса, бу унинг ҳақлигига далолат қилмайди. Кимнинг иши орқага кетган бўлса, бу унинг адашганлигини билдирмайди. Ривожланиш ёки орқага кетиш вақтинчалик ҳолат. Зоҳирий бойлик ва бемалолликка берилиш, фосиқларнинг ташвиқотларига учиш керак эмас. Нима бўлганда ҳам биз Аллоҳ ва Расулнинг сўзларидан ортга чекинмаймиз. Уларнинг дўстларини дўст, душманларини душман тутамиз. Агар Аллоҳу Расулнинг йўлларини ушлаганимиз учун йўлларимиз тўсилса, то ҳақ қарор топгунча сабр қиламиз. Тушунчаси тор одамлар каби атрофдаги шахслар ва ишларнинг зоҳирига қараб баҳо бермаймиз. Зийрак мўмин ишларнинг кўзга кўринмайдиган жиҳатларини ҳам илғаб олади. У ҳеч қачон иккиланмайди ва тўғри йўлдан адашмайди. Қийинчиликларга сабр қилади. Шунда унинг ажр-савоблари ортиб, иймони зиёдалашади. Ҳар қанча узоқ вақт ўтса ҳам Аллоҳнинг мадади барибир мўминларга насиб бўлади.
Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:
1. Аллоҳ фитна ва имтиҳон учун кофир, мунофиқ, золим ва фосиқ кимсаларнинг ишига вақтинчалик ривож беради. Буни “истидрож” дейилади.
2. Ёмонларнинг ботил ишлари фош бўлиб, халойиқнинг тўғри йўлга келиши учун Аллоҳнинг ҳикмати билан баъзи вақтлар ва юртларда офат ва балолар келиши табиий қонуниятдир.
3. Аллоҳ кофир ва фосиқларни бу дунёда ҳам Охиратда ҳам жазолайди. Ундай кимсалар ҳар қанча гуркираб яшнаса ҳам, охири ҳалокат чоҳига қулайдилар. Мўминларга эса – агар улар ҳақ устида сабр билан давом этсалар – вақт ўтса ҳам, албатта нусрат келади.