Дастлаб Мусо алайҳиссаломга иймон келтирган, аммо улкан бойлик берилгандан сўнг хақ йўлдан озиб, туғёнга кетган Қорунга унинг қавми насиҳат қилдилар. Бироқ Қорун бу насиҳатларни буткул рад этди.
Ибн Касир: “Қоруннинг қавми унга насиҳат қилган, яхшилик йўлига даъват қилган пайтларида Қоруннинг уларга қайтарган жавоби ҳақида Аллоҳ таоло хабар беради:
قَالَ إِنَّمَآ أُوتِيتُهُ عَلَى عِلْمٍ عِندِيۤ – “Қорун: “Менга бу мол-дунё фақат ўзимнинг илмим туфайли берилган!” – деди”. Яъни мен сизлар айтаётган гапларга муҳтож эмасман. Чунки Аллоҳ таоло менга бу молни менинг шунга лойиқ эканимни билгани ва мени яхши кўргани учун берган...”
Табарий: “Қорун: Аллоҳ мени бу мол билан сизлардан устун қилди, чунки у биладики, мен сизлардан афзалман, деди”.
Демак, баъзи одам Аллоҳга иймон келтирдим деб туриб ҳам кофир бўлиб қолади. Бунда унинг нафсининг кучлилиги, бойликка ўчлиги иймондан ажратади.
Саъдий: “Қорун уларнинг насиҳатларини рад этиб ва Раббининг неъматига кофир бўлган ҳолда айтди: قَالَ إِنَّمَآ أُوتِيتُهُ عَلَى عِلْمٍ عِندِيۤ Яъни бу молларни ўзим касб-кор қилиб ишлаб топдим, пул топиш йўлларини билганим ва ақллилигим туфайли қўлга киритдим, деди. Ёки Аллоҳ мени яхши билгани учун, менинг шу бойликларга лойиқлигимни кўргани учун берган, сизлар нега Аллоҳ Ўзи хоҳлаб берган нарса учун мени тергаяпсизлар, деди”.
Баъзи муфассирлар Қорун ўзининг диний илмда пешқадам бўлгани туфайли бундай улкан бойликка эришганини айтиб мақтанганини ёзишади. Қорун ҳам бой, ҳам “олимлиги” учун ўзини Мусо ва Ҳорундан кам санамас эди ҳамда у икковларига ҳасад қиларди. Инсонда чин иймон ва ихлос бўлмаса, унинг диний илмлари кўп бўлишининг ҳам нафи бўлмайди. Аксинча, бу илм унинг зарарига ҳужжат бўлади ва унинг азоби ҳам бошқаларникидан қаттиқроқ бўлади. “Қорун Бану Исроил ичида Мусо ва Ҳорундан сўнг Тавротни энг яхши биладиган одам эди”. (Жалолиддин Маҳаллий).
Бойликка муккасидан кетган одам ўзини ким деб ўйламасин, барибир ҳеч қачон моддий аҳволи унинг маънавий даражасини белгилаш учун меъёр бўла олмайди. Аксинча, дунёси кўпайган сайин одам боласининг қаршисида хатарлар кучайиб бораверади.
Саъдий: "Аллоҳ кимгадир мол-дунё тортиқ қилиши ўша одамнинг яхши инсон эканига далил бўлмаслигини баён қилиб айтади: أَوَلَمْ يَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ قَدْ أَهْلَكَ مِن قَبْلِهِ مِنَ الْقُرُونِ مَنْ هُوَ أَشَدُّ مِنْهُ قُوَّةً وَأَكْثَرُ جَمْعاً “Ахир у билмасмиди, Аллоҳ ундан аввал ўтган асрларда ундан кўра кучлироқ ва моли кўпроқларни ҳалок қилган”. Бас, Биз Ўз одатимиз ва қонунимизга кўра бошқа асрларда ҳам унга ўхшаган ва ундан улканроқ бўлган кимсани – агар у ҳалок этишни тақозо қиладиган ишни қилса – ҳалок қилишимизга нима ҳам монелик қиларди?!
وَلاَ يُسْأَلُ عَن ذُنُوبِهِمُ الْمُجْرِمُونَ – «Жиноятчилардан уларнинг гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмайди». Балки Аллоҳ Ўзи улар ҳақида билган илми бўйича жазо юбориб, азоблайверади. Улар гарчи ўзларига ўзлари яхши баҳо берсалар ҳам, ўзларини нажотга лойиқ деб ҳисобласалар ҳам, уларнинг сўзлари қабул этилмайди ва бу ҳаракатлари улардан азобни заррача тўсиб қололмайди. Чунки уларнинг гуноҳлари ҳеч кимга сир эмас, шунинг учун уларнинг ўз қилмишларини инкор этишларига ўрин йўқ”.
Муфассирларнинг яна ёзишларича, бу дунёда жиноят ва гуноҳ қилганларнинг башаралари Қиёмат куни хунук суратда бўлади. Юзлари қорайиб, кўзлари кўкариб кетади. Азоб фаришталари ҳам уларни осонгина танийдилар ва нима гуноҳ қилганларини сўраб ўтирмайдилар. Кўрган заҳотлари уларни ҳибс ва занжирбанд қилиб, жаҳаннам томонга судрайдилар.
Саъдий: “Қорун қайсарлиги ва зулмида, қавмининг насиҳатини рад этишда давом этаверди. Унинг нонкўрлиги ва кибри ошгандан ошиб кетди. У ўзига ўзи маҳлиё бўлганича, молу дунёсига маст эди”.
Аллоҳ адаштирган инсонларнинг зарари фақат уларнинг ўзлари билан чекланмайди. Аксинча, уларнинг ҳаётини, юриш-туришини кўрган айрим иймони заиф кимсалар таъсирланадилар. Баъзилар ўрта ҳол ҳаёт кечиришга қаноат қилмайдилар. Фақирлик ва етишмовчиликка ҳар ким ҳам чиройли сабр қила олмайди. Натижада иродаси ва дини суст кимсалар ҳам тўғри йўлдан озишлари мумкин. Қорун замонасида ҳам шундай бўлди...
Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:
1. Бойлиги ёки куч-қудрати туфайли ҳақ йўлдан чиқиб кетган инсон ўзини дунёда энг ақлли, энг илмли ва энг кучли деб ўйлай бошлайди. Бу унинг ҳавоси ва шайтонига қул бўлганидандир.
2. Агар Аллоҳ Ўзининг азалий ҳикматига кўра кимнидир ҳидоят қилишни хоҳламаса, у кимсанинг диний илмларни эгаллаган бўлиши ҳам фойда бермайди.