Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалокатга учратувчи етти нарсадан сақла-нинглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, улар қайсилар?» деб сўрадилар. У зот айтдиларки: «Аллоҳ таолога ширк келтириш, сеҳр қилиш, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нафсни ўлдириш, фақат ҳақ билан бўлгани бундан мустасно, рибо ейиш, етимнинг молини ейиш, уруш куни ортга қочиш, покдомон, мўмина ва ғофила аёлларга туҳмат қилиш», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳалокатга олиб борувчи етти нарсадан қайтарилмоқда. Бу етти нарсани касб қилиш билан инсон ҳалокатга ва азобга учрайди. Бу ҳалокатга олиб борувчи нарсалар:
1)Аллоҳ таолога ширк келтириш.
2)Сеҳр қилиш.
3)Аллоҳ таоло ҳаром қилган нафсни ўлдириш.
4)Рибо ейиш.
5)Етимнинг молини ейиш.
6)Уруш куни ортга қочиш.
7)Покдомон, мўмина ва ғофила аёлларга туҳмат қилиш.
Бу ҳадисидаги баъзи гуноҳи кабиралар ҳақида юқорида ҳам сўз ўтти.
Сеҳр масаласида қисқача баҳс. Сеҳрнинг таъсир қилиши иттифоқий масаладир. Лекин унинг таъсири хаёлий бўлиши ёки воқеликда бўлишида ихтилоф бўлиб, бу борада иккита фикр бор. Шофеъийлардан Абу Жаъфар Астрободий, ҳанафийлардан Абу Бакр Розий, зоҳирийлардан Ибн Ҳазм ва бир неча уламолар фикрига кўра жоду ва сеҳр туфайли бирор нарса ўзгармайди. Яъни сеҳр фақат хаёлий таъсирга эга, ҳақиқий таъсирга эга эмас, дейдилар. Жумҳур уламолар: «Сеҳр ишнинг аслига таъсир ўтказади», дейдилар. Аммо уларнинг баъзилари: «Сеҳр зотнинг ўзига таъсир қилади», десалар, бошқалари: Сеҳрнинг таъсирида васф ва мизожнинг ўзгариши кузатилади», дейишади. Рожиҳ қавл ҳам шудир. Сеҳрни ҳалол санаб бажариш куфрдир. Агар ҳалол санамаса кабира гуноҳ бўлади. Азайимхонликка ўхшаш ишлар. агар ёзиб берган нарсалари ширк сўзлар бўлса ва Аллохдан ўзгадан ёрдам сўраш бўлса, мутлақо жоиз эмас. Лекин ёзилган нарсалар саҳиҳ сўзлар бўлиб, фосид ишларга сабаб бўлса жоиз эмас. Масалан, эр ва хотиннинг ўртасини ажратиш учун бўлса, жоиз эмас. Сеҳрга амал килиш ҳаром. Сеҳр инсонни куфрга етаклайди. Лекин шаръий эътибордан унинг ҳақиқатини билиб қўйиш жоиздир. Масалан, ит ёки тўнғизнинг гўштини ейишлик ҳаром. Лекин тўнғиз ва итларнинг гўштларидг қандай хусусиятлар борлигини ўрганиб тадқиқот олиб бориш ҳаром.эмас. Демак, уларнинг гўштини ейиш ҳаром. Аммо уларнинг ҳақиқатини ўрганиб қўйишни шариат ҳаром демайди. Худди шунингдек, хамрни ичиш ҳаром. Лекин тиббий китобларда хамр ҳақида келтирилган унинг келиб чиқиши, хусусиятлар ва иллатларига оид масалаларни ўқиш, ўрганиш ва уни баён қилиш ҳаром эмас. Аммо уни ичиш ҳаромдир.Куфр калималарини ўрганиш ҳам шунингдекдир. Куфр калимасини қасддан айтган киши диндан чиқади. Аммо бир киши куфр кали-маларидан сақланиш мақсадида куфрга олиб борадиган сўзлар нима эканини изланиб ўқиш ва бу борада китоб ёзиш куфр эмас. Балки бу иш жоиздир. Шу эътибордан фиқҳ ва ақида китобларида куфр лафзларини баён қилиб бериш учун алоҳида боблар ажратилган. Сеҳрни ўрганиш масаласи ҳам худди шунингдекдир. Агар бунинг акси ўлароқ солиҳ инсонларга зарар қасд қилинган бўлса, мутлақо ҳаром бўлади.
Ҳадиси шарифда бегуноҳ инсонни қатл қилиш ҳам кабиралар қаторида санаб ўтилди. Бунинг уч сурати бор. Биринчиси, мусулмонни бирор шаръий ҳақсиз ноҳақдан ўлдириш. Иккинчиси, зиммийни қатл қилиш. Учинчиси, ахдлашган инсонни қатл қилиш. Мазкур сурат ҳаммаси ҳаром.
Ҳадиси шарифдаги «Етимнинг молини ейиш» деганда мутлақ тасарруф қилиш тушунилади. Яъни унинг молини олиб, ўзиники қилиши тушунилади.
Уруш куни ортга қочиш ҳам кабира гуноҳ. Унинг ўз шартлари бор. Агар душманнинг адади икки баробар кўп бўлмаса, шу ҳолда қочса гуноҳкор бўлади. Агар душманнинг адади икки баробар ва ундан кўп бўлса, асли азимат ортга қочмасликдир. Лекин у вақтда қочса, гуноҳкор бўлмайди.
Кейинги ўринда покиза аёлларга туҳмат қилишнинг гуноҳи ҳақида айтдилар.
Савол:Эркак кишини зинокор, деб ҳақоратласа бўладими? Нима учун айнан аёл кишини хосладилар?
Жавоб:Эркакларни ҳам зинокорликда айблаш гуноҳи кабира саналади. Аёлларни хослаб келтиришларининг сабаби Қуръони Каримга мувофиқ тарзда келтириш учундир. Ундан ташқари зинода айблаш аксар ҳолатда аёлларга нисбатан учрайди. Шу сабабдан аёлларни хослаб зикр қилдилар.
Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг
"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан