Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар. Биринчи зинага чиққанларида «Омийн» дедилар. Кейин иккинчи зинага кўтарилдилар ва «Омийн» дедилар. Сўнг учинчисига кўтарилдилар ва «Омийн» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Уч марта «Омийн» деганингизни эшитдик?» дейишди.
«Биринчи зинага кўтарилганимда, ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб: «Бир банда Рамазонни топса, лекин шу Рамазондан мағфират топмай чиқиб кетса, у бадбахт бўлди», деди, мен «Омийн» дедим.
Сўнг у: «Бир банда ота-онасини ёки икковларидан бирини топса ва икковлари уни жаннатга киритмаса, у бадбахт бўлди», деди, мен «Омийн» дедим.
Кейин у: «Агар сиз зикр қилинганингзда, салавот айтмаган банда ҳам бадбахт бўлди», деди, мен «Омийн» дедим», дедилар».
Шарҳ: Демак, банда Рамазон келганда мағфират қилиниши учун ҳаракат қилиб қолиши, рўзани ихлос билан тутиши, кечалари қоим бўлиши, шу қулай фурсатдан гуноҳларини Аллоҳ мағфират қиладиган тарзда фойдаланиб қолиши керак экан.
Рамазонга бепарво бўлиб, гуноҳлари мағфират бўлмай қолиб кетса, бу банданинг бадбахт бўлгани экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу гапга «Омийн», дебдилар.
Ҳар бир банда ота-онаси ёки икковларидан бирлари ҳаётлигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини, дуоларини олса, жаннатга сазовор бўлар экан. Агар шу имкониятдан фойдалана олмай қолса, бу унинг бадбахтлиги экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапга ҳам «Омийн», дебдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари қаерда зикр қилинса, буни айтган одам ҳам, эшитганлар ҳам дарҳол «соллаллоҳу алайҳи васаллам», «алайҳиссолату вассалам» ёки «алайҳиссалам» деб салавот айтмаса, уларнинг бадбахтликлари экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини айтган, эшитган, кўрган, ўқиган – хуллас, салавот айтиш лозим экан, эшитиб туриб бепарво бўлса, демак бу бадбахт одам. Буни Жаброил алайҳиссалом таъкидлабдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари эса «Омийн» дебдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади», дедилар».
Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдан ўзимиз манфаатдор бўлар эканмиз. Биз у Зотга битта салавот айтсак, Аллоҳ Таоло бизга ўн марта салавот айтар экан.
Салавот хайрли дуодир. Агар банда салавот айтса, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яхшилик тилаб қилинган дуо бўлади.
Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг биз, бандаларга салавот айтиши эса Унинг раҳмати бўлар экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётиб «Омийн», «Омийн», «Омийн» дедилар. У зотга:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Нега бундоқ қилдингиз?» дейилди.
«Жаброил менга: «Ота-онасини ёки иккисидан бирини топиб, жаннатга кирмаган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим.
Кейин у: Рамазонга етиша туриб, мағфират қилинмай қолган банданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим.
Сўнгра у: «Ҳузурида сиз зикр қилинганингизда, сизга салавот айтмаган юанданинг бурни ерга ишқалансин», деди, мен «Омийн» дедим», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф билан 644 рақамли ҳадиснинг орасидаги фарқ жуда ҳам оз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Жувайрия бинти Ҳорис ибн Абу Зирор розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдиларидан чиқдилар. Унинг исми Барра эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исмини ўзгартириб, Жувайрия деб номладилар. Бас, чиқдилар ва кирганларида исми Барра бўлишини ёқтирмадилар.
Кейин унинг ҳузурига наҳор кўтарилганда қайтиб келдилар. У ўтирган ерида эди. У зот:
«Ҳалиям жойингда ўтирибсанми? Мен сенинг олдингдан чиққандан кейин тўртта калимани уч марта айтдим. Агар тарозуга солинса, мен айтган калималар мен сенинг олдингдан кетгунча айтиб ўтирган калималарингдан оғир чиқади. Аллоҳни Ўзи яратган маҳлуқларнинг ададича, Ўзи рози бўлгунича, Аршининг оғирлигича, Калимасининг ададича поклайман», дедилар».
Шарҳ: Демак, зикр қилганда савоби кўп, улуғ мартабаларга сазовор қиладиган мазкур калималарни айтиш ниҳоятда яхши бўлар экан.
Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси бир оз бошқача иборалар билан келгани ҳам бор. Улар бир-бирларини тўлдирадилар.
Жувайрия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдидан эрталаб Бомдодни ўқиганларидан кейин чиқдилар. Ўшанда у ўз намозгоҳида ўтирган эди. Кейин чошгоҳда келсалар ҳам у ўтирган экан. Шунда у зот:
«Мен сени тарк қилган ҳолда бардавоммисан?» дедилар.
«Ҳа», деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар уларни сен бугун айтган нарсалар ила тарозуга солинса, оғир келади. Субҳаналлоҳи ва биҳимдиҳи, адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршири ва мидада калимаатиҳи», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Бу ривоятда келганга ўхшаш зикрларни жамловчи зикр дейилади. Унда зокир ўз зикрини кўп сон билан ёки катта миқдор билан васф қилади.
Уламолар ушбу ҳадис жамловчи зикрга бошқа зикрларга берилмайдиган савоб бўлишига далилидир, дейдилар.
Шавконий, бу ҳадисда ким, фалон адад ёки фалон вазн деб айтган бўлса, унга ўшанча савоб берилшига далил бор, деган.
Аммо бундан майдалаб санаб ўтиргандан кўра бир оғиз билан айтиб қўйган афзал экан-да деган хаёлга бормаслик лозим. Бу Аллоҳ таоло бандаларига очиб қўйган бир эшик, холос.
Аҳмад ибн Абдулазиз ан-Нувайрий, гоҳида оз амал кўп амалдан кўра афзал бўлади. Мисол учун сафардаги киши намозни қаср қилиб ўқиши тўлиқ қилиб ўқишидан афзалдир.
Аммо бир киши ўн марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни айтишни назр қилган бўлса, албатта, ўн марта такрор-такрор айтмоғи шарт. Бир лафз билан «ўнта Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» деса бўлмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳдан жаҳаннамдан, қабр азобидан, масийҳи дажжолнинг фитнасидан, ҳаёту мамотнинг фитналардан паноҳ сўранглар», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар жаҳаннамдан, қабр азобидан, дажжолнинг ва ҳаёт-мамот фитналаридан паноҳ беришини сўраб, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога ёлворишлари, дуо қилишлари лозим экан.
Уламоларимиз, ҳадиси шарифда қабр азоби билан масийҳи дажжолнинг фитнаси кетма – кет зикр қилиниши бежиз эмас, бошқа ривоятларда қабрда ҳам Дажжолнинг фитнаси бўлиши ҳақида хабар келган, дейдилар.
Ҳаётнинг фитнасидан мурод инсон ҳаётида бўладиган маъсият ва мусийбат фитналарига ўхшаш фитналардир.
Мамотнинг фитнасидан мурод эса, Мункар Накийрнинг саволи ва қабр азобидир.
"Ал-Адаб ал-Муфрад"дан
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ шарҳи