Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом:«Дажжолга Асбаҳоннинг яҳудийларидан етмиш минги тайласонларни кийиб олиб эргашадилар», дедилар».Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ:Асбаҳон машҳур шаҳар. Тайласон ҳам маълум кийим.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ алайҳиссалом:«Дажжол машриқдаги бир Хуросон деган ердан чиқади. Унга юзлари тери қалқонга ўхшаган кўп қавмлар эргашади», дедилар».
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
«Хуросондан қора байроқлар чиқади. Уларни Илияга тикилмагунларича бирор нарса қайтармайди», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу байроқлар Дажжолнинг байроқлари бўлади.
Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
«Албатта, одамлар Дажжолдан тоққа қочурлар», дедилар. Шунда Умму Шарик:
«Эй Аллоҳнинг расули Ўша кунда араблар қаерда бўлади?» деди.
«Улар озчилиқ бўлади», дедилар».
Муслим ва Термизийривоят қилишган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
Ҳадис ва ҳаёт китобидан
фитналар ва Қиёмат аломатлари 32-жуз