Суранинг сўнггида келган мазкур оятнинг мантиқий давоми йўқдек кўринади, Яъни Аллоҳ таоло мавзуни кўтариб, унинг давомини зикр қилмаганидек гўё. Бироқ, Аллоҳ таоло наздида ниманинг қиймати бор эканини билишимиз жуда муҳимдир ва Аллоҳ таоло ушбу масалага диққат қилишимиз учун навбатдаги бутун бир сурани масаланинг жавобига бағишлайди. Шуаро сурасида Аллоҳ таоло ниманинг қиймати бор, нималарнинг қиймати йўқ эканини батафсил зикр қилади.
Сурада ўтмишда ўтган халқлар ва уларнинг сифати, нимаси билан машҳур бўлгани ва шу нарсалари уларнинг нажот топишига ёрдам берган ёки ёрдам бермагани ҳақида зикр қилинади. Ҳар бирининг қиссаси баён қилинганидан сўнг Аллоҳ таоло ушбу сурадан ўрганадиган, ибрат оладиган нарсаларимизга ишора қиладиган оятларни такрорлайди:
"Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир". (Шуаро сураси, 8,9)
Аллоҳ таоло тарихни баён қилишни Мусо алайҳиссалом ва фиравн ўртасида бўлиб ўтган воқеалардан бошлайди. Фиравн мустабид ва золим бўлиб, ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун ҳар қандай воситдан фойдаланишга тайёрдир, ҳатто ўзини илоҳ деб эълон қилишгача борган. Фиравн Мусо алайҳиссаломга деди:
"У : «Агар мендан бошқани илоҳ қилиб олсанг, албатта, мен сени зиндонбандлардан қилурман», деди". (Шуаро сураси, 29)
Шундай деб, бутун бир бошли халққа ҳукмрон бўлиб, уларни қул қилган ҳамда эга бўлган иқтидоридан қутириб, Бани Исроилдан туғилган ҳар ўғил болани ўлдиришга фармон берган фиравн айтган эди.
Бироқ , Аллоҳ таолога ибодат қилишдан бош тортгач, унинг подшоҳлиги, иқтидори ва қўшинлари унга ёрдам бера олдими? Аксинча, қудрати ва кибри уни ҳалокатга бошлади. Муса алайҳиссалом ва унинг қавмини таъқиб қилган фиравн бўлинган денгиз мўъжизасини ўзининг фойдасига деб ўйлади ва ундан ўтишга уриниб кўрди, аммо армияси билан бирга денгизга ғарқ бўлди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло тақводан йироқ бўлгану лекин ўзини кучлиман, қудратлиман, деганларга қараб ўтирмади.
"Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир"
Сўнг, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ва унинг қавми ҳамда отасига қилган даъвати ҳақида зикр қилади. Иброҳим ва Аллоҳ таолони инкор қилган отаси ўртасидаги муносабатлар Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз отасини қутқариб қолишига етарли бўлмади. Аллоҳ таоло қиёмат куни қариндош-уруғ ёки сулолавий мансубликларга аҳамият бермайди.
"Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир"
Сўнг Нуҳ алайҳиссалом зикр қилинади. Нуҳ қавми ўзининг аслзода ва задагонлиги билан машҳур бўлиб, ўзларидан паст бўлганларни писанд қилмасди. Нуҳ алайҳиссаломга эргашганлар оддий фақир одамлардан эди.
"Улар: «Сенга пасткашлар эргашиб турган ҳолда, биз сенга иймон келтирармидик?!» дедилар" (Шуаро сураси, 111).
Бироқ, улар Нуҳ алайҳисаломни инкор қилиб, Аллоҳ таолога ибодат қилмаганларидан сўнг, аслзодалиги уларга фойда бергани йўқ. Аллоҳ таоло уларнинг аслзодалиги билан ишлари ҳам бўлгани йўқ.
"Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир"
Сўнг, Ҳуд алайҳиссалом ва Од қавми тарихи зикр қиланди. Од қавми ўзларининг ҳарбий кучи ва қудратлари машҳур эди. Улар кўп жойларни ўзларига бўйинсиндириб, кўп биноларни қурган эдилар.
"Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми? Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутаверасизми?. Тутганингизда ўта жабрчи бўлиб тутдингиз". (Шуаро сураси, 128-130)
Бироқ, улар Ҳуд алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога ибодат қилиш ҳақидаги даъватларини рад қилганларидан сўнг, юқорида зикр қилинган ҳеч бир қудратлари уларга ёрдам бера олмади. Аллоҳ таоло учун ҳеч қандай куч ва ҳарбий маҳоратлар ҳеч қандай қийматга эга эмас.
"Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир"
Солиҳ алайҳиссалом Самуд қавмига пайғамбар қилиб юборилган эди. Самуд қавми зироатчилик ва қурувчилик бўйича моҳир эдилар.
"Ва тоғлардан манманлик-ла уйлар йўнаверасизми?!" (Шуаро сураси, 149)
Минг йиллар олдин бунёд қилинган, худди Петрага ўхшаш жойлардаги каби тоғларга ўйиб қурилган ва шунга ўхшаш масканларни ҳозир ҳам кўришимиз мумкин. Бироқ, улар Аллоҳ таоло тарафидан юборилган пайғамбарни рад қилиб, Аллоҳ таолога ибодат қилмаганидан сўнг, Аллоҳ таоло уларнинг маҳоратига қараб турмади.
"Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир"
Сўнг, Аллоҳ таоло Лут алайҳиссалом қавми ҳақида зикр қилади. Лут бу қавмга узоқдан келиб ўрнашган, шунга мувоффиқ улар учун бегона эди. Шунинг учун ҳам у даъват қилишни бошлаганида, улар ҳайдаб чиқариш билан таҳид қила бошлаган.
"Улар: «Эй Лут, агар тўхтамасанг, албатта, ҳайдаб чиқарилганлардан бўлурсан!» дедилар" (Шуаро сураси, 167).
Бироқ, улар Аллоҳ таолога ибодат қилишдан бош тортиб пайғамбар даъватини рад қилганида Аллоҳ таоло уларнинг ўша ер эгалари бўлганига қарамайди, чунки Аллоҳ таоло учун бундай нарсаларнинг ҳеч бир қиймати йўқдир.
"Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир"
Ва ниҳоят Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссалом ва мадиянликлар ҳақида хабар беради. Бу қавм фаровонликда бўлиб, моддий фойда кўриш учун ҳар қандай воситалардан фойдаланишда ҳазар қилмасди. Аллоҳ таоло уларга:
"Бас, ўлчовни тўлиқ ўлчанглар ва камайтиргувчилардан бўлманглар. Ва тўғри тарози ила тортинглар", деди. (Шуаро сураси, 181-182)
Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбарини тан олмаганидан сўнг на бойлик, на фаравонлик уларни қутқариб қола олмади.
"Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмаслар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир"
Демак, Аллоҳ таоло учун на фиравннинг қудрати, На Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси бўлишлик, на Нуҳ алайҳиссалом қавмининг аслзодалиги, на одликларнинг ҳарбий кучи, на самудликларнинг маҳоратлари, на Лут алайҳиссалом юборилган қавмнинг туб аҳолилиги ва мадянликларнинг фаравонлигининг ҳеч қандай қадр-қиймати йўқ. Шундай экан, Аллоҳ таоло учун ниманинг қиймати бор, нима қилсак Унинг чексиз ғамхўрлигига сазовор бўлишимиз мумкин?
Шуаро сурасининг сўнггида Аллоҳ таоло мазкур саволга жавоб беради:
"Албатта, у (Қуръон) Роббул Оламийннинг туширганидир. Уни Руҳул амийн олиб тушди. Сенинг қалбингга, огоҳлантиргувчилардан бўлишинг учун". (Шуаро сураси, 192-194)
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, У ўзигагина ибодат қилиб, пайғамбарига эргашганларни қўллаб-қувватлайди. Шундай қилиб, ҳар қандай сифат ва ўлчовлар Аллоҳ таоло наздида ҳеч нарса эмас, фақат иймон ва солиҳ амаллар билан билангина инсон ёки қайсидир бир қавм Аллоҳ таоло наздида қадр-қийматга эга бўла олиши мумкин экан.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади