Мудрик ким?
Намозни аввалидан бошлаб охиригача имомга эргашиб ўқиган киши “мудрик”дейилади.
Лоҳиқ ким?
Имомга намоз бошида эргашганидан сўнг, бир ё бир неча ракат ё бир ракатнинг баъзи қисмида имомдан ортда қолган киши “лоҳиқ” дейилади.
Намозда ухлаб ё сафларнинг ҳаддан ортиқ зичлигидан руку ё сажда қилишда имомдан ор- қада қолиб кетиш мумкин. Масалан, лоҳиқ саждадан сўнг ухлаб бир ракат ортда қолган бўлса, бундай қилади: қиёмда бир лаҳза туриб (қироат қилмай) рукуга боради, сажда қилади ва имомга етиб олади. Агар имом саждага борганида руку қилмаган бўлса, аввал руку қилиб, сўнг саждага боради. Ва ҳоказо.
Масбуқ ким?
Жамоат намозига бир ё ундан ортиқ ракат кечикиб қўшилган киши “масбуқ” дейилади.
Масбуқ имом намозни салом бериб тугатгунича унга эргашади. Имом салом берганидан сўнг намознинг қолдирган ракатларини ўқишга туради ва сано ўқийди, таъаввуз (“Аъузу...”) ва тасмия (“Бисмиллаҳ...”) айтади. Масалан, уч ва тўрт ракатли фарз намозларнинг охирги бир ракатида имомга эргашган киши қолдирган ракатларини қуйидагича тартибда ўқийди:
Имом салом берганидан сўнг масбуқ туриб, сано ўқийди, таъаввуз ва тасмия айтиб, Фотиҳа сурасини ва яна бир сурани ўқийди. Руку ва сажда қилади. Сўнг қаъда ҳолида ўтиради ва ташаҳҳуд ўқийди. Кейин қиёмга туриб тасмия айтади. Фотиҳа сурасини ва яна бир сура ўқийди ва руку ва сажда қилади. Агар намоз уч ракатли бўлса, қаъда қилиб, ташаҳҳуд, саловот ва дуо ўқиб намозини тугатади. Агар намоз тўрт ракатли бўлса, ўтирмай қиёмга туради ва фақат тасмия билан Фотиҳа сурасини ўқийди, руку, сажда қилиб сўнг ўтиради. Ташаҳҳуд саловот ва дуо ўқиб намозини тугатади.
Масбуқ уч ҳолда — намоз вақти ўтиб кетаётган бўлса, масҳ муддати тугаётган бўлса, олдидан кишиларнинг кесиб ўтиши хавфи бўлса, имомнинг саломини кутмай, ташаҳҳуд миқдорича ўтиргач, қолдирган ракатларини ўқишга туриши мумкин.
Қўшимча саволлар ва жавоблар
Савол. Намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтиш мумкинми?
Жавоб. Кичик масжидда намоз ўқиётган кишининг бевосита олдидан кесиб ўтиш гуноҳдир. Имом Бухорий “Саҳиҳ”ларида Пайғамбаримиздан (с.а.в.) шундай ривоят қиладилар: “Намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтувчи қанча гуноҳкор бўлишини билганида эди, унинг олдидан кесиб ўтмай, қирқ йил кутиб турар ва бу унга яхши бўлар эди”.
Катта масжидда ё очиқ жойда сутра қўймай намоз ўқиётган кишининг олдидан сажда ўрнига қараб турганида нигоҳи тушадиган жойдан кесиб ўтиш гуноҳ бўлади.
Савол. Сутра нима?
Жавоб. Сутра тўсиқдир. У бармоқ йўғонлигида, ярим метрдан узунроқ чўп каби нарса бўлиб, очиқ жойда намоз ўқилаётганида кесиб ўтувчилар гуноҳкор бўлмасин деб икки қошнинг бири тўҚрисига ерга санчиб қўйилади. Катта масжидларда устун ё қиблага қараб ўтирган киши сутра ўрнига ўтади. Жамоат билан ўқилаётган намозда имомнинг сутраси жамоат учун ҳам кифоя бўлади.
Савол. Намоз ўқиётганимизда олдимиздан кесиб ўтмоқчи бўлган кишини қайтарсак, бўладими?
Жавоб. Ҳа. Намоз ўқиётган киши ўзи билан сутра оралиғидан кесиб ўтувчини қўл ё бош билан ишора қилиб ёки тасбеҳ айтиб қайтариши керак.
Савол. Намоз ўқиётган кишининг таҳорати синса, қандай йўл тутади?
Жавоб. Намоз ўқиётган кишининг таҳорати синса, қайта ўқиши фазилатлидир. Шундай бўлса-да, қуйидаги шартлар топилганида, янгидан таҳорат олиб, намозини келган жойидан давом эттириши мумкин:
биринчидан, таҳоратнинг синишида ва сабабида унинг (банданинг) ихтиёри бўлмаса;
иккинчидан, таҳоратни синдирган нарса ғуслни вожиб этувчи бўлмаса;
учинчидан, кам учрайдиган, (масалан, ҳушдан кетиш каби) ҳолат бўлмаса;
тўртинчидан, таҳорати синган ҳолда намоз рукнларидан бирини адо этмаса;
бешинчидан, таҳорат қилишга кетаётган ҳолда ҳам намознинг бирор рукнини бажармаса;
олтинчидан, мазкур ҳолда таҳорати синганидан сўнг яна ўз ихтиёри билан таҳорат синдирмаса;
еттинчидан, зарурати бўлмаган ишга қўл урмаса;
саккизинчидан, таҳорати сингач, зудлик билан таҳорат қилишга борса ва узрсиз жойида туриб қолмаса;
тўққизинчидан, таҳорат қилгунча масҳининг муддати ўтиб қолмаса ё таяммум билан ўқиётган бўлса, сув топилиб қолмаса;
ўнинчидан, унутиб ўқимаган намози ёдига тушиб қолмаса;
ўн биринчидан, жамоат билан ўқиётган бўлса, жамоат намозни тугатмаган бўлса, жамоатдан қолмаса, таҳорат қилганидан сўнг намозини келган жойидан давом эттириши жоиз.
Аммо бу шартлар топилмаганида намозни қайта ўқиши керак бўлади. Жамоат намозида таҳорати синган кишининг бурнини ушлаган ҳолда намоздан чиқиши мустаҳаб бўлади.
Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади