close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Расулуллоҳнинг яхшилик ва садақани кўпайтиришлари

  • Жума, Апр 23 2021
  • Муаллиф  Файсал ибн Али Баъдоний

Бу ҳам Қуръонни ўқиш ва у билан ҳаёт кечиришнинг бир самарасидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ инсонларнинг энг сахийси эдилар. Айниқса, Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида сахийликлари янада ортар эди.

Жаброил алайҳиссалом У зот билан Рамазоннинг ҳар кечасида учрашар ва биргаликда Қуръондан ўткарар эдилар. Расулуллоҳ Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида эсувчи шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар” (Бухорий ривояти, 3220-ҳадис).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон ойида кўп сахийлик ва яхшилик қилишларининг сабаби Қуръон дарслари эди. Чунки Қуръон нафснинг беҳожатлигини янгилаб, уни янада зиёдалаштириб туради. Нафснинг беҳожатлиги эса сахийликни келтириб чиқаради (Ибн Хажарнинг “Фатҳ ал-Борий” асари, 1/14).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сахийликлари сахийликнинг барча кўринишларини ўзида мужассам қилган эди. Яъни, У зот илм, жон ва молини Аллоҳнинг йўлида, динни қувватлаш ва умматини ҳидоят қилиш ҳамда уларга манфаат етказиш учун сарфлар эдилар. У зот жоҳилларга таълим берар, ҳожатмандларнинг эҳтиёжларини қондирар ва очларни тўйғизар эдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоятидаги “эсувчи шамолдан ҳам сахийроқ” деган ибора шуни англатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда яхшилик қилиш, инсонларга фойда етказиш ва сахийлик борасида худди тез эсувчи шамолдек жуда шошилар эдилар. Чунки шамолнинг эсиши барчага бирдек етиб боради. Ибн ал-Мунаййир раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадиснинг шарҳида шундай деган: “Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшиликлари фақирлару ҳожатмандларга ва ҳатто бойларга ҳам эсувчи шамолдан пайдо бўлган ёмғир каби бирдек етиб борар эди” (Ибн Ҳажарнинг“Фатҳал-Борий” асари, 4/139).
Шубҳасиз, бу Қуръоннинг таъсири. Бу - зоҳидлик самараси. Бу Аллоҳга бўлган боғлиқлик натижасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари қандай ҳам гўзал!
Шунинг учун ҳам бу муборак ойда ҳар бир мусулмон яхшилик ва садақани кўпайтиришга астойдил ҳаракат қилиши лозим. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Инсон Рамазон ойида сахийликни кўп қилиши мен учун маҳбубдир. Чунки бунда эргашиш бор. Зеро, кўпчилик одамлар рўза ва намоз билан машғул бўлиб, мол топишдан тўсилиб қолади” (Байҳақийнинг“Маърифа ас-сунан” асари, 7/307).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратини кузатган одам сахийлик У зотнинг бутун ҳаётлари давомида энг кўзга кўринган сифатлари эканига гувоҳ бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим сахий бўлганлар, сахийликдан бир лаҳза ҳам айро ҳолда яшамаганлар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликни одамлардан асло яширмас, нимани сўрашмасин, берар эдилар. У зот сўраган одамга “Йўқ”, деб жавоб бермаганлар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сахийликлари Рамазон ойида кўпроқ кўзга ташланар ва янада зиёдалашар эди. Шу боис У зотнинг йўлидан боришни истаган ҳар бир тарғиботчи олим сахийлик ва олийжаноблик сифатларининг ҳар бир кўринишини ўзида мужассам этишга ҳаракат қилиши лозим. Вақтда ҳам, мансабу молда ҳам, латофатда ҳам сахий бўлмоқ лозим. Чунки қўрқоқлик ва бахиллик инсонлар қонида азалдан мавжуд бўлиб, уни фақат сахийлик билан бартараф қилиш мумкин.
Юқоридаги ҳадислар шунга далолат қиладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳтож одамга сўрамасидан олдин сахийлик қилар эдилар. Чунки ҳақиқий муҳтож инсон иффати кучлилигидан бировга ялинишдан уялади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни ҳисобга олган ҳолда худди шамолдек сахийлик қилар эдилар. Чунки шамол ҳаммага бирдек эсади. Демак, кимга Аллоҳ давлат ва бойлик неъматларини берган бўлса, бундай кишилар, хоҳ муассаса бўлсин, хоҳ ёлғиз шахс, бу борада Аллоҳга тақво қилишлари, мол-дунёни тўғри ва ҳақли жойларга сарфлашлари лозим. Яхшилик ва сахийлик қилгандан сўнг миннат қилиш, одамларни камситиш, уларни ҳақорат қилиш ва хорлаш каби иллатлардан узоқда бўлиш даркор. Аллоҳдан ўзимизга ва барча мусулмонларга ёрдам ва ҳидоят сўраймиз!

Файсал ибн Али Баъдонийнинг
"Расулуллоҳ алайҳиссалом Рамазонда" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase