Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Улардан иккитасини ўттиз кундан, қолган еттитасини йигирма тўққиз кундан тутганлар.
Араб тилидаги «совм» (рўза) луғатда «ўзни тийиш» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса Ра-мазон ойида тонг отганидан то қуёш ботгунча ният билан овқат емаслик, ичимлик ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик «рўза» дейилади. Рўза тутиш Ислом динининг беш рукни, беш асосидан биридир, Қуръон ва Суннат билан собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Рўза ақли расо, соғлиғи яхши бўлган ҳар бир мусулмон эркакка ҳамда ҳайз ва нифосдан пок бўлган мусулмон аёлга фарз қилинган. Ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўза тутишмайди, кейин қолдирган кунларининг қазосини тутиб беришади. Янги ойни кўриб, рўзага ният қилиш Рамазон рўзасининг асосий шартларидандир. Рамазон ойида ношаръий амаллар қилмаслик, тилни ғийбат, ёлғон сўзлардан тийиш, ўзгага озор бермаслик, яхши хулқли ва раҳм-шафқатли бўлиш рўзанинг одобларидандир.
Аллоҳ таоло бандаларига карам ва меҳрибонлик кўрсатиш учун бу ойни бошқаларидан фарқли қилган. Бу ойда исёнкор шайтонлар жиловланади, дўзах эшиклари ёпилади, жаннат эшиклари очилади, гунохдар мағфират қилинади. Рамазон гунохдардан тийилиш, Аллоҳ қайтарган нарсалардан чинакамига, бутунлай қайтишни, синов дунёсининг машаққатларига сабр қилишни ўрганиш ойидир.
Рўза Аллоҳ таолога муҳаббат ва ихлос белгиси сифатида бажарилади, ҳаргиз соғликни тиклаш ва шунга ўхшаш бошқа ниятларда эмас. Бу ибодатни Аллоҳ азза ва жалладан ўзга ҳеч ким кўрмайди, қай даражада бажарилаётганини фақатгина Унинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло учун тутилган рўзада банда Парвардигорнинг Ўзи кўриб турганини ҳис қилиб, рўзани бузмайди. Киши ниятсиз кунни қуёш ботгунича емасдан, ичмасдан ва жимоъ қилмасдан ўтказгани билан рўза тутган ҳисобланмайди, чунки рўзада ейиш, ичиш ва жимоъдан сақланиш ният билан бўлиши фарздир.
Рамазон кечасида туриб саҳарлик қилишнинг ўзи рўзанинг ниятига ўтади, чунки саҳарлик қилаёттан одамнинг кўнглига рўза тутиш нияти ўз-ўзидан келади. Ҳанафий мазҳабида Рамазон тугагунича ҳар куни ният янгилаб турилади.
Еб-ичиш кўпайгани сари шайтоний (шаҳвоний) амаллар ҳам ортаверади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматим Рамазоннинг хислати-ни билганида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилар эди»; «Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса ва (кечаларини) ибодат билан ўт-казса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқади», деганлар. Яъни Рамазон рўзасини қолдирмай тутиш, кечаларни ибодатда ўтказиш банда учун мағфират сўраш имкони, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун қулай фурсатдир.
Ҳанафий мазҳабига кўра, Рамазон рўзасини тутишда ҳар кунги ниятни қуёш оққунигача янгилаб олса ҳам бўлаверади, яъни киши тонгдан чошгоҳгача рўзага зид иш қилмай турса, қуёш тиккага келишидан озгина олдин ўша куннинг рўзаси учун ният қилса ҳам, рўза ҳисобига ўтади. Лекин тонгдан кейин еб-ичиб қўйган бўлса, кейин ният қилса дуруст бўлмайди. Энг афзали вақтида ният қилишдир ва бу масалада ҳамма якдил фикрда.
Рўзадор кишига яна ушбулар суннатдир: нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш; фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш; биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш; мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бў-лиш; Қуръон ўқиш; қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир қултум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш; Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш; таровеҳ намозида Қуръони Каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш; Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган кишининг витр намозини ҳам жамоат билан ўқиши.
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда намоз ва закотдан кейин рўза ибодати келади. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан экани ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жилов-пашга хизмат қилишидир. Шунинг учун рўза нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Мўминнинг қалқони" китобидан