close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аллоҳ таолонинг “макр”и

Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “Улар макр (ҳийла) қилдилар. Аллоҳ ҳам макр (ҳийла)  қилди. Аллоҳ макр (ҳийла) қилувчиларнинг «зўри»дир.  ( Оли Имрон сураси, 54-оят).

Ушбу оятнинг шарҳида “Тафсири Ҳилол”да қуйидагилар келтирилади: “Маълумки, макр (ҳийла) ёмон сифатдир, уни Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиб бўлмайди. Лекин араб тили қоидаларида «мушокала» деган қоида бор. «Мушокала»нинг луғавий маъноси «шаклда ўхшаш бўлиш»дир. Балоғат қоидаси бўйича, маънолари ҳар хил бўлган баъзи бир ишларга нисбатан бир хил сўзларнинг ишлатилишига «мушокала» дейилади. Бану Исроил Ийсо алайҳиссаломни хочга осишни ва ўлдиришни хоҳлаб, қўлларидан келган макр-ҳийлаларни қилдилар. Аллоҳ эса у кишини қутқаришни ва Ўзига кўтаришни ирода қилди. Аллоҳнинг тадбири амалга ошди. Маккор яҳудийларнинг ҳийласи ўтмади”. Ислом дини инсониятга юборилган охирги дин бўлгани учун Қуръони каримнинг ҳукмлари ҳам қиёматгача боқийдир. Буни бугунги кун мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Сир эмаски, Ғарб олами Америка бошчилигида Ислом ва мусулмонларга қарши ҳар-хил ҳийла-найранг ва фитна-қабоҳатларни уюштириб келишяпти. Бу борада улар турли макр-ҳийлаларни қилиб кўришмоқда. Бунга сабаб, аввало мусулмонларнинг заифликлари, ўз динларини ҳимоя қилишга ожизликларидир. Балки, энг асосий сабаб уларнинг тарқоқликлари, илмсизлик туфайли ғанимлар фитнасига осонгина учишларидир. Нима бўлганда ҳам ҳозирда Ислом олами куч-қудрати ва бойлигига қарамай заиф ҳолдадир. Бундан эса асосан насроний олами, қолаверса уларнинг тизгинидаги янги мустамлакачилар «усталик» билан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Ҳа, айнан фойдаланиб қолмоқчи бўлишяпти. Лекин улар бир муҳим нарсани – Исломни бандаларига рози бўлиб туширган, уни ҳар қандай ҳолатда ҳам асраб қоладиган Эгаси бўлмиш Аллоҳ борлигини унутган кўринишади. Ғарб олами Аллоҳнинг нури бўлмиш Исломни таг-туги билан йўқ қилиш истагидадир. Бу борада у туҳмат ва фитнанинг ҳеч бир туридан парҳез қилиб ўтирмайди. Гоҳ Ислом ҳақида ҳар хил номақбул сўзлар тарқата бошлайди, гоҳ охирзамон Пайғамбари ҳақида куракда турмайдиган туҳмат ва бўҳтон уюштиради. Гўёки Ислом душманлари бу билан Аллоҳнинг нурини оғизлари ила «пуфлаб» ўчирмоқчи бўлишади. Аллоҳ эса уларга жавобан: “Улар Аллоҳнинг нурини (яъни Исломни) оғизлари (яъни ҳеч қандай ҳужжатсиз беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса – гарчи (кофирлар) ёмон кўрсалар-да – ўз нурини комил қилишни (яъни ҳар тарафга ёйишни) истайди” (Тавба сураси, 32-оят). Улар гўё Исломни қоралаб, бу дин ва мусулмонлар ҳақида турли-туман бўҳтон, ёлғон-яшиқ гаплар тарқатиб, макр-ҳийла ишлатган бўлишади. Аммо Аллоҳ ҳам уларга атаб макр тайёрлаб қўйган бўлади. Натижа эса нима билан тугаётганини ҳозир сизлар билан ўрганиб чиқамиз.
  Аввало улар Ислом динининг ўзига осилиб кўришди. Қўлларидан келганча уни қоралаб, ёмонлаб кўрсатмоқчи бўлишди. Бу борада ҳеч қандай бўҳтон-туҳматлар тарқатишдан тап тортишмади. Эмишки, Ислом эскилик сарқити эмиш.  Бу дин бойлар ва зўрлар томонидан оддий халқни эзиш учун “ўйлаб топилган”миш. Унга ақлсиз, маданиятдан ортда қолганларгина эргашармиш. Улар Исломни  ҳатто «эскича» деб номлаб, ҳалқ онгига сингдира бошлашди. Улар наздида Ислом илмга, маърифатга батамом зид эмиш. Исломга эргашганларнинг бари илмсиз, оми, қолоқлар эмиш. Шу каби ёлғонлар билан оламга тинмай жар солишди. Бунинг учун бор мафкура усулларидан – телевидение, радио, кино, газета, журнал каби оммавий ахборот воситаларидан кенг кўламда фойдаланишди. Турли-туман китоблар нашр қилишди. Мақсадга эришиш йўлида ҳар қанча маблағни аямай сарф қилишди. Улар ўзларининг бу ҳаракатларидан хурсанд эдилар. Шу йўл билан Исломни батамом йўқ қилиб юборамиз, деб ўйлаган эдилар. Исломга бирор кимсанинг кириши у ёқда турсин, ҳеч ким бу диннинг ёнидан ҳам ўтмайди, дея хомхаёл суришган эди.
Бу уларнинг макру ҳийлаларидан бир кўриниш эди, холос. Хўш, бор воситаларни ишга солиш, қанчалаб куч ва маблағни совуриш, шунча ҳаракат ва фаолликлардан кейин нимага эришишди?! Ҳеч нарсага! Аксинча, эришганлари ҳам ўзлари ёқтирмаган нарсалар бўлди. Оммага қанчалар ёлғон сўзлашмасин, одамларни Исломдан қайтаришга қанчалар уринишмасин, ўйлаганларининг, режаларининг акси бўлди:  инсонлар Исломга янада қизиқиб, гуррас-гуррас кира бошлашди. Аллоҳ уларнинг Исломга қарши йўналтирган, одамларни Исломдан қайтаришга қаратилган барча ҳатти-ҳаракатларини Исломга бўлган даъватга айлантириб қўйди. БУ АЛЛОҲНИНГ “МАКР”И ЭДИ.
 Энди уларнинг Исломни ёмонотлиққа чиқариш учун қилган харакатлари фойда, манфаат бермагач, унинг пайғамбари Муҳаммад мустафога (соллаллоҳу алайҳи васаллам) осила кетишди. Эмишки, у  ёлғончи, иззатталаб, шаҳвоний хирсларга берилган бир кимса экан. Ўз шаҳватини қондириш йўлида ҳар нарсани қилган эмиш. Ҳатто тутинган ўғлининг ҳотинига ишқи тушгач, уни ажратиб олиб ўзи уйланган эмиш. Шу каби ёлғон, таги йўқ, аслида мутлақо бўлмаган, туҳмат-бўҳтонга тўла гапларни тарқатиб, у  зотнинг шаънини булғамоқчи, “Ҳой мусулмонлар, шундай ахлоқсиз одамга эргашиб юрибсизларми?” дегандай одамларни Исломдан тўсмоқчи бўлишди. Афтидан, улар одамларни ўзлари каби, ақлсиз, фаҳм-фаросатсиз дея гумон қилишган, шекилли!
Улар бу йўлда ҳеч нарсадан тортиниб ўтиришмади, қанча-қанча маблағни аямай сарф қилишди. Ҳар доимгидек ўз ҳаракатларидан ҳурсанд эдилар. Бу уларнинг яна бир ҳийла-найранги эди. Натижа эса... улар кутганидан бошқача бўлди. Одамлар Ислом элчиси Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётларини, у зот келтирган таълимотларни ўрганишни бошлаб юборишди. У зот ҳақларида қанча маълумотга эга бўлишса, Пайғамбарга меҳрлари, муҳаббатлари шунча оша бошлади. Ҳатто уларнинг ичидан бир киши (Майкл Х. Харт) отилиб чиқди. У дунёда улкан из қолдирган буюк кимсаларнинг рўйхатини   тузиб, биринчи ўринга Аллоҳнинг элчиси, комил хулқ эгаси, коинот фахри, оламлар сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларини қўйса бўладими! Яна ўша ҳолат – ҳамманинг тилида Ислом ва унинг пайғамбари, яна кўпчиликнинг Исломни ҳақ дин дея эътироф этиб, мусулмонликни қабул қилиши...
Шу орада бир давлатда (Дания) ҳамма тинчгина яшаб, ҳамма ўз динига эътиқод қилиб юрувди. Фуқаролар тинч, осуда ҳаёт кечирарди. Ораларидан бир фитначи чиқиб, биз ҳам Исломни йўқ қилишга бир уриниб кўрайлик-чи, деди чоғи, охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расмда ҳақоратомуз ифодаламоқчи бўлди. Аммо унинг бу фитнаси ҳам тескари натижа берди: бу уринишлар дунё халқлари ичида Исломга энг кам қизиқаётган данияликларнинг, Скандинавия ўлкасидаги бошқа халқларнинг Исломга қизиқиши ниҳоятда ортиб кетиши ва минглаб насроний кишиларнинг мусулмон бўлиши билан якун топди. Икки йил мобайнида шу давлатнинг  юз мингга яқин аҳолиси Ислом динига кирди. Улар макр қилмоқчи бўлишган эди, аммо Аллоҳнинг иродаси бундан устун чиқди. БУ ЭСА АЛЛОҲНИНГ ЧИНАКАМ “МАКР”И ЭДИ.  
   Аламзада ғанимларнинг Исломни унинг пайғамбари орқали қоралаб, ёмонотлиқ қилишлари натижа бермагач, энди аёлларга осила кетишди. Эмишки, Ислом аёлларни инсон ўрнида кўрмас эмиш. Уларнинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари йўқ эмиш. Мусулмонлар аёлларини тўрт девор ичига қамаб, ҳижоб ўратиб, уйдан чиқармасмиш. Аёл зотини фақат ва фақат хорлармиш. Ҳасад ва алам чирмаб ташлаган ғаразгўйлар ўзларича зўр мавзу топган бўлишди. Энди Исломнинг заиф нуқтасини топдик, дейишди. Шу тариқа ёмонлайверсак, Исломга ҳеч ким яқин йўламас, деб ўйлашди. Бу йўлда миллионлаб доллар, евро маблағни аямай сарф қилишди. Улар, ҳар галгидек, ўз ҳатти-ҳаракатларидан ва қилмишларидан хурсанд бўлишди. Бу гўё уларнинг ўзларича ўйлаб топган ҳамда амалга оширган энг самарали ва даҳшатли макр-найранглари эди.          
 Муттаҳам ғанимлар яна алданиб қолишди, кутганларининг ғирт тескариси бўлди. Макр-ҳийлалари туфайли Исломга киришда ҳозиргача эркаклардан ортда қолиб келаётган Ғарбдаги аёлларнинг эркакларга етиб олиб, ҳатто ўзиб кетишлари билан якун топди. Ҳа, айнан аёллар шу «чақириқ»қа лаббай деб жавоб беришди. Дунё оммавий ахборот воситаларининг статистик хабарларига кўра, ҳозирги пайтда Исломни қабул қилаётганларнинг 70 фоизини айнан аёллар ташкил қилган. Исломга кирганларнинг 80 фоизи эса айнан насронийликни тарк этиб, Исломга ўтган экан. БУ ҲАМ АЛЛОҲНИНГ “МАКР”И ЭДИ.  
Шу далилларнинг ўзи етарли бўлса керак! Ушбу мақоламизда ҳеч қандай шарҳларга ва исботларга тўхталиб ўтирмадик. Бирор кишига  раддия ё норозилик ҳам билдирмадик. Фақат Аллоҳнинг бундан ўн беш аср олдин нозил қилган оятининг дунё ҳаётидаги тантанаси қай тарзда кечаётганини кўрсатиб қўймоқчи бўлдик. Яна бир бор ҳар нарсага қодир Аллоҳнинг ушбу сўзларини эслаб, мақолага якун ясаймиз: Албатта улар ҳийла-найранг қиларлар.  Ва Мен ҳам ҳийла қилурман. Муҳлат бер кофирларга, уларга озгина муҳлат бер (Яъни, шошилманг. Уларга ҳийла-найранг қандай бўлишини оз фурсат ичида кўрсатиб қўюрман).

Хайруллоҳ ҲАБИБУЛЛОҲ

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase