close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муташабиҳат

Аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон уламоларнинг бундай оятларга нисбатан умумий қараши шундай – бу оятларни қатъий лексик (луғавий) маънолардан (оятларда келган сўзлардан) воз кечган ҳолда Аллоҳнинг Ўзи яратган маҳлуқлардан бирортасига тенг ёки ўхшаш бўлишига йўл қўйиладиган шаклда изоҳлаш мумкин эмас.

Аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон уламоларнинг бундай оятларга нисбатан умумий қараши шундай – бу оятларни қатъий лексик (луғавий) маънолардан (оятларда келган сўзлардан) воз кечган ҳолда Аллоҳнинг Ўзи яратган маҳлуқлардан бирортасига тенг ёки ўхшаш бўлишига йўл қўйиладиган шаклда изоҳлаш мумкин эмас.

Аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон уламоларнинг бундай оятларга нисбатан умумий қараши шундай – бу оятларни қатъий лексик (луғавий) маънолардан (оятларда келган сўзлардан) воз кечган ҳолда Аллоҳнинг Ўзи яратган маҳлуқлардан бирортасига тенг ёки ўхшаш бўлишига йўл қўйиладиган шаклда изоҳлаш мумкин эмас. Бундай вазиятда ушбу жумлаларни изоҳлашнинг ягона тўғри йўли уларнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг беназирлигига мос келадиган айнан (зоҳирий) маъносини олишдир. Бу шарт муташобиҳ оятларни антропоморфистик қарашлар ва тимсоллар тили билан таъвил этишдан четланишни талаб қилади.
Масалан, биз муташобиҳ оятларда келган маънолар ҳақида шундай дейишимиз керак: «Биз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўз Аршини Унинг Ўзи айтганидек, Унинг жалоли ва азаматига муносиб ҳолатда эгаллаганига иймон келтирамиз. Бундан ташқари, Унинг Ўзи айтганидек, Унинг қўли борлигига ва бу қўлнинг У Зотнинг улуҳияти ва азийматига муносиб эканлигига иймон келтирамиз» ва ҳоказо.
Бу оятларни аллегорик (мажозий) маънода талқин қилиш ҳам жоиздир, бироқ бунинг учун ушбу талқин тил қоидалари нуқтаи назаридан мақбул бўлиши, умум қабул қилинган нутқ анъаналари ва оятлардаги умумий маънонинг мазмунига мувофиқ бўлиши шарт.
Масалан, Аллоҳ таолонинг Аршни эгаллаши «иззат, султон ва моликлик» деб таъвил этилса, Унинг қўли «Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир» деган оятдаги каби «куч-қудрат» ёки «Балки Аллоҳнинг икки қўли очиқ, хоҳлаганича нафақа қилар» деган оятдаги каби «саховат» деб таъвил қилинади.
Тафсирнинг иккала турида ҳам таъвил бор, фақат биринчи ҳолда таъвил маънони умумлаштирса, иккинчи ҳолда аниқлаштириб келмоқда.
Маҳлуқларга, яъни яратилмишларгагина хос бўлган, тананинг маълум бир қисмини билдирувчи «қўллар», «кўзлар» ва «юзлар» каби луғавий маъноларни бу икки изоҳнинг ҳеч қайси шаклида, ҳеч қандай ҳолатда Аллоҳ табарока ва таолонинг зотига нисбатан қўллаб бўлмайди. Бу маъно умумлаштирувчи тафсирда «У зотнинг жалолига, Унинг Ўзи айтганидек мос келувчи қўл», «У зотнинг жалолига, Унинг Ўзи айтганидек мос келувчи кўз» деб ифодаланади.
Бироқ, умумий маъноларни салафларнинг аксарияти мойил бўлган умумлаштирувчи тафсир шаклига қатъий равишда бириктириб қўйиш шартми? Ёки умумлаштирувчи тафсир чегарасидан барчага маълум бўлган мажозий (кўчма) нутқ андозалари томон, Аллоҳ таолонинг Китоби ва Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифларида келтирилгани каби бироз ўтиш жоизми?
Усулда (манҳажда) тадқиқотчи икки позициядан бирини эгаллаши шарт, деган талаб йўқ. Фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога баъзи жисмоний аъзо ёки тана қисмларини нисбат бериб қўйилмаса кифоя. Масалан, «қўл» сўзини тушунишга уриниб, «Аллоҳ таолонинг Ўзи «Аллоҳнинг қўли» деб айтган, деб тананинг бирорта жисмоний аъзосини У Зотга нисбат бериб қўймаcлик керак. Айни пайтда, Аллоҳ таолони имкон қадар танзиҳ қилиш ортидан қувиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг каломига хос бўлган барқарор луғавий маънони амалда қолдириб қўймаслик ва ширкка кетиб қолинадиган ҳеч қандай омилга йўл қўймаслик шартдир.
Ўзларини салафийлар деб атаётган ва салафийликни манҳаждан воз кечишга айлантириб қўяётган кишилар биз билан ихтилоф қилаётган масала айнан шудир.
Улар бизга қарши қуйидаги далилни илгари сурадилар: ушбу умматнинг солиҳ салафлари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Борлиқнинг Ягона Молики ва Ягона Ҳақ Илоҳи деган муборак мақомига мос келмайдиган сифатлардан поклиги эътироф қилган ҳолда, ҳеч қандай аниқлаштирувчи таъвилга мойил бўлмаганлар, Аллоҳ таолонинг Ўзи тасдиқлаган сифатларга эгалигини тан олишга ҳеч нарса қўшмаганлар ҳамда Унинг мутлақ беназирлиги ҳақидаги ақийдадан четламоқдалар.
Бундан ташқари, улар бизга қарши «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини Ўзи сифатлаганда келтирган сўз ва жумлаларга кўчма маънодаги, мажозий оҳанг бериш ва сифатлаш мақсадидаги ҳар қандай тажовуз таътилдан бошқа нарса эмас», деган далилни рўкач қиладилар.
Биз бунга шундай жавоб берамиз (Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни ҳамжиҳат қилсин): «ушбу иккала далил ҳам бизга нисбатан тўғри эмас, чунки улар асоссиздир, яъни улар воқеъликка тўғри келмайди. Бу, ушбу кишилар ўйлаганидек, ҳақиқат эмас».
Салаф солиҳлар орасида ушбу оятларни ёки уларнинг баъзиларини батафсил талқин этишга мойил бўлган кишилар мутлақо бўлмаган деган гап ҳақиқат эмас.
Худди шунингдек, салафлар орасида мазкур сифатларни араб тили қонунларига ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Каломидаги шу каби оятлар билан ифодаланган маъноларга мувофиқ равишда талқин этишни таътилнинг бир тури деб билган кишилар бўлмаган, дейиш ҳам нотўғридир.
Биринчи далилга раддия беришга киришамиз.
Демак, фазилатлари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тасдиқланган умматимизнинг салафлари ҳижратнинг дастлабки уч асрида яшаган мусулмонлар бўлишган.
Бу аввал ҳам изоҳлаб ўтилди.
Шу уч аср мобайнида яшаб ўтган, «сифат оятлари»ни ва уларнинг маъносини давом эттирувчи ҳадиси шарифларни талқин қилишда ўзларини салафийлар деб атаётганларга бу қадар ёқмайдиган батафсил тафсирни ўзларига мазҳаб деб танлаган кишилар қанчалик кўп бўлган?
Далил сифатида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг «Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келса» (Фажр сураси, 22-оят) деган оятидаги «келса» феълига имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ томонидан берган талқинни келтирамиз.
У зот ушбу феълга мажозий маъно бериб, уни «Роббингнинг амри келса» деб талқин қилганлар. Бу маънони «Улар ўзларига (ўлим) фаришталарини ёки Роббингнинг (азоб) амри келишига интизор бўлиб турибдиларми?» (Наҳл сураси, 33-оят) деган оят ҳам тасдиқлаб келган.
Бундай маънолар қаторига Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бугун тунда Аллоҳ таоло икковингиз қилган ишнинг устидан кулди» деган сўзларини ҳам киритиш мумкин.
Бу сўз бир ансорий Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонларига жуда қуюқ зиёфат қилгани, ўзи эса хотини билан очликдан ғужанак бўлиб тонг оттиргани ҳақидаги узун ҳадисда келтирилган.
Мазкур ҳадисни имом Бухорий ва имом Муслим турли иснодлар билан ривоят қилганлар.
Имом Бухорий бу ердаги «кулги» сўзи «Аллоҳнинг раҳмати» деб талқин қилганлар ва «бу матнларни изоҳ қидирмасдан қабул қилинглар» деган талабни бажармаганлар.
Шунингдек, бу ўринда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исми ва сифатлари ҳақидаги фикрларни ҳам келтириш мумкин. Имом Байҳақийнинг ривоят қилишларича, Ҳаммод ибн Зайд Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ер осмонига тушишини талқин қилганлар.
Ҳаммод шундай деганлар: «Тушиш – бу У Зотнинг Ўз бандаларининг дуоларини ижобат қилишга тайёрлигидир (иқболидир)».
Бундан ташқари, Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ Жаъфар Сиддиқнинг «Ун(инг юзи)дан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир» (Қосос сураси, 88-оят) оятидаги юз («важҳ») сўзини талқин қилганларини ривоят қилганлар.
Жаъфар розияллоҳу анҳу бу сўни «дин» деб талқин қилганлар.
Даххокнинг талқинига кўра, «важҳ» сўзи бу ерда Аллоҳ таолонинг зоти, Жаннат, Дўзах ва Арш» деган маъноларни жамлаб ифода этади.
Бироқ Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг ўзлари, салафларнинг аксариятига ишора қилган ҳолда, «важҳ» сўзини томон деб талқин этишни афзал кўрганлар. Бинобарин, мазкур оятнинг умумий маъноси қуйидагича бўлади: «Аллоҳ таолонинг томони» деганда тушуниладиган нарсадан бошқа ҳамма нарса ҳалок бўлгувчидир».
Имом Байҳақийнинг «Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз, Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир» (Бақара сураси, 115-оят) деган оят ҳақида фикрлари ҳам шулар жумласидандир.
Ал-Музаний ушбу оят ҳақида имом Шофеъийнинг айтган сўзларини келтирадилар: «Бунинг маъноси нима эканлиги Аллоҳ таоло яхшироқ билгувчидир…».
Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ҳамда Абу Бакр ал-Қозий бу оятнинг талқинини Абу Аббос Мухаммад ибн Ёқубдан, Ҳасан ибн Али ибн Аффондан, Абу Усомадан, ан-Надрдан, Мужоҳиддан ривоят қилганлар: «Бу – Аллоҳ таолонинг қибласидир. Шунинг учун ҳам, шарқдами, ғарбдами - қаерда бўлсанг ҳам, намоз ўқиётганингда бошқа томонга юзлана кўрма, фақат у томонга юзлангин».
Ибн Ҳажарнинг «Фатхул борий»ида, Ал-Бағовийнинг тафирида келтирилишича, Абдуллоҳ ибн Аббос «У – Роҳман Аршни эгаллади» (ТоҲа сураси, 5-оят) оятидаги «истава» феълини «Аршга кўтарилди (чиқди)» деб талқин қилганлар (иртафаъа). Худди шунга ўхшаш талқинни Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ Ибн Баттолдан ривоят қилган: «Истава»нинг тафcирига келсак, бу – «олий бўлди»(ъалаа)дир. Бу ҳақийқатдан ҳам тўғридир, айни пайтда суннат тарафдорларининг фикрига мувофиқ келувчи ҳақ ёндашувдир».
Булар – Аллоҳ таолонинг каломида ва саҳиҳ набавий суннатда келган исм ва ҳаракатларнинг тавсифига берилган талқинларнинг қисқача тўпламидир.
Салафларнинг кўпчилиги бу оятларда умумлаштирувчи талқин билан кифояланмай, уларни батафсил талқин қилганлар. Ваҳоланки, улар «бу оятларни қандай бўлса, шундайлигича, уларнинг моҳиятини англаб етишга уринмасдан, зоҳирига кўра тушунинглар» дейишлари мумкин эди.
Имом Байҳақийнинг «Асмаа вас-сифат», ал-Хаттобийнинг «Маъалимус-сунан» китобларида, имом Бағавийнинг тафсирларида ва бошқа манбаларда умумий талқинга зид бўлган кўплаб талқинларни ўрганиб чиқишингиз мумкин.
Эҳтимол, Ибн Таймия «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Улуғлик ва икром эгаси Роббингнинг Ўзигина боқийдир» (Роҳман сураси, 26-27-оятлар) оятидаги «важҳ» сўзини ушбу масалалар бўйича юз бераётган барча баҳс ва ихтилофларга барҳам бериш учун талқин қилгандирлар. Бу талқин халафийларни айблаш учун дастак бўлиб хизмат қилган.
Бироқ айнан шу талқинни афзал кўриш учун Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳда ҳеч қандай асос йўқ.
Ўз таъвилларига афзаллик, ҳақлик сифатларини беришга, қолган талқинларни бундан маҳрум қилишга у кишида ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ.
«Важҳ» сўзи ушбу оятда илоҳий сифат шаклида келмаганлиги боис, бу сўзнинг турли талқинларга, турлича маъноларга эга бўлишида ҳеч қандай зарар йўқ.
Таъкидлаб айтамизки, Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг ушбу фикрларига (уларнинг афзал эканлиги ҳақида) исбот-далил йўқ.
Ҳақиқат шуки, важҳ сўзи Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифати эмас, деган ёндашувга йўл айнан Ибн Таймиянинг талқини туфайли очиб берилган эди.
Ўрганиб, тадқиқ этиб келинаётган шу талқин бўлмаганда, «важҳ» сўзи Аллоҳ азза ва жалланинг сифати бўлмаслиги ҳам мумкин, деган фикр умуман ақлга келмаган бўларди. Ваҳоланки бу сўзни Аллоҳ таолонинг Ўзи оятда келтирган ва У Зот буни қандай ҳоҳласа, шундай шаклда, Ўз «важҳи»нинг нури ва Ўз мулкининг улуғлигига муносиб равишда ифодалаган.
Аллоҳ таолони сифатлаб келган оят ва ҳадисларни талқин этишга бундай ёндашув жоиз бўлганида, у ҳар қандай тафсирчининг қўлида далил бўлиб қолар эди, Ибн Таймия эса бундай ёндашувдан фойдаланиш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга бўлмай қолар эди.
Бироқ, гап Ибн Таймияда эмас.
Ҳозир биз учун энг муҳими – юқорида келтирилган салафларнинг талқинларини, шу жумладан Ибн Таймиянинг «важҳ» сўзига берган талқинини (бу талқин у киши санаб ўтган салафларнинг қарашлари асосида қабул қилинган) зинҳор таътил деб ва тилни эркин тушуниш деб баҳолаш мумкин эмаслигини англаб етишдир.
Аксинча, бундай талқинлар ақоиднинг фундаментал тамойиллари ҳамда Шариатнинг қонунлари билан йўғрилган бўлиб, тил қоидаларига тўлиқ жавоб беради ва улар орқали белгиланган маънога бўйсунади.
Бунга имом Аҳмад «Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келса» (Фажр сураси, 22-оят) оятидаги «келса» феълини талқин қилгандаги суянган далилдан кўра ишончли исбот йўқдир. У зот ушбу жумлага «Роббингнинг амри келса» деган маъно берганлар ва буни «Улар ўзларига (ўлим) фаришталарини ёки Роббингнинг (азоб) амри келишига интизор бўлиб турибдиларми?» (Наҳл сураси, 33-оят) деган оят билан асослаганлар.
Энг яхши тафсир эса Қуръоннинг бир оятини унинг иккинчи ояти талқин этиб келишидир.
Ушбу жиҳатнинг батафсил баёни, иншааллоҳ, кейинроқ келади.
Энди улар айтган иккинчи далилга раддия беришга ўтамиз. Ўзларини салафий деб атаётганларнинг иккинчи далили «Маъноларини Аллоҳ Таолонинг Ўзи тасдиқлаган, Унинг Зотини тавсифловчи сўз ёки жумлаларга нисбатан уларга кинояли, кўчма, мажозий ёки қиёсий маъно берилган ҳар қандай тажовуз таътилнинг бир туридан бошқа нарса эмасдир».
Таъкидлаб ўтамизки, келтирилган намуналар бундай баёнотнинг ёлғонлигини исботламоқда.
Каломи шарифдаги оятларга мажозий ўрнига зоҳирий маъно бериб талқин қилган солиҳ салафлар зинҳор муъаттилалардан бўлмаганлар!
Агар уларнинг талқинларида ҳақиқатдан ҳам сифатдан муқаррар равишда маҳрум қилувчи сўз бор бўлиб, у эркин мушоҳадага асосланган бўлганда, улар бу талқинларнинг бирортасига тажовуз қилмаган бўлардилар!
Бироқ, биз барибир бундай талқинлардан баъзи намуналар келтирамиз ва улар ҳақиқатга мувофиқ эмас, деб фараз қиламиз.
Айтайлик, салафларнинг (роҳимаҳуллоҳ) бирортаси Аллоҳ Таоло Ўзининг моҳияти ҳақида айтган сўзлардан бошқа бирор нарса айтмаган, бу сўзлар чегарасидан ташқаридаги маъно ва тафсилотларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига ҳавола қилган бўлсин. Бироқ бу, ушбу масалада ўша салафий кишига зид келиш мутлақо тақиқланган, дегани эмас.
Салафлардан бирининг ушбу сўз ва тавсифларнинг маъносини аниқлашда ижтиҳоддан тийилишига бир неча омиллар сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Улардан бири – ақийда масалаларига аралашиш, уларда чуқурлашишдан кучли тақво қилишдир. Бу гўзал сифат салафларга хос бўлган. Салафлар ушбу масалаларни муҳокама қилишни мумкин эмас деб билганлар.
Тушуниш керакки, бу қўрқув зинҳор уларнинг дунёқараши торлиги, илмий салоҳиятларини йўқлигидан эмас, балки уларнинг аксариятига хос бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ғазабидан қўрқиш ҳиссидан ва У Зотга бўлган эҳтиромдан келиб чиққан.
Бошқа сабаблар – салафлар яшаган вазият, шароит ва ўша давр жамиятидаги ҳолатдир. Салафлар бундай қалтис мушоҳадаларга берилишга, ақлларини ҳеч қандай зарурат сезилмаётган оғир фикрлар билан банд қилишга сабаб ва эҳтиёж кўрмаганлар.
Бундан ташқари, салафларнинг муташобиҳ оятларни талқин қилмаганликларига ижтиҳод асосида қабул қилинган қарорлардан воз кечиш ҳоллари ҳам сабаб бўлган. Бу ҳол саҳобаларда учраб турган, бироқ ижтиҳод асосида қилинган фикрдан қайтиш ушбу ижтиҳод муаллифидан бошқа ҳеч кимга ҳеч қандай мажбурият юкламаган.
Айниқса, бундай қайтишлар тадқиқот ва ижтиҳод масалаларида катта тажриба ва илмий амалиётга эга бўлган саҳобалар орасида кўп учраган.
Биз бирор саҳобанинг муайян қарашини далил деб ҳисобламайдиганларданмиз.
У ҳолда уларга эргашганлар ва уларга эргашганларга эргашганларнинг қарашлари ва фикрларини ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?
Агар ушбу сабабларнинг барчаси фаразга асосланган бўлса, у ҳолда бу қарашларни далил деб олишга, таъвил қилишни тақиқловчи қандайдир бошқа сабабнинг борлигига таянишга ва муташобиҳ оятларнинг фақат лафзинигина қабул қилишни шарт қилиб олишга ҳеч қандай асос йўқ.
Бошқача қилиб айтганда, уларнинг далиллари асоссиздир, чунки улар даъво қилинаётган далилдан кўра умумийроқ далилга асослангандир.
Умумқабул қилинган асос қуйидагичадир: «Эҳтимолнинг аниқланиши исботни кучдан қолдиради».
Бунда Аллоҳ таолонинг Каломи нозил бўлган, Росулининг пок суннати бизгача етиб келган араб тили ҳар қандай вазият учун доимий ва мажбурий ҳакам бўлиб қолади.
Араб тилига асосланиш – унинг зоҳирий, мажозий ва кўчма маънолардаги нутқни ифодаловчи қоидаларига риоя қилиш демакдир. Айнан шу қоидалар таъвилнинг қайси пайтда шарт бўлишини, қайси пайтда эса жоиз эмаслигини белгилаб беради.
Бундай мақом араб тилини ҳақиқатдан ҳам чуқур ва кенг тушуниш даражасига етишган, Ислом фиқҳининг ҳамда исломий ақийданинг фундаментал асослари бўйича улкан илм заҳирасига эга бўлган алломаларгагина хос бўлиб, фақат ана шундай буюк уламоларгина тақво тамойилларига, Ислом аҳкомларига аҳлоқий ва маънавий жиҳатдан мувофиқ бўлиш шартларига, беғараз ва ҳалол дийний фаолият талабларига рияо қилиш шарти билан мустақил ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга бўладилар.
Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ узундан-узоқ муфассал изоҳлар ёрдамида «важҳ» сўзига «томон» деган маъно беришга уринганлари ва бунда араб тилининг нозик жиҳатларига, бу сўзнинг турли сийғаларига, унинг зоҳирий, кўчма ва мажозий маъноларига таянганлари сўзимизнинг амалий исботидир.
Ўз-ўзидан маълумки, бизнинг мақсадимиз Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг тафсирларини танқид остига олиш эмас, у зотнинг фикрларини «важҳ» сўзига «зот» деган маъно берганларнинг фикри билан таққослаш ҳам эмас.
Бизнинг ягона мақсадимиз – аҳли сунна ва жамоа тарафдорлари орасида умумқабул қилинган Ислом аҳкомларининг талабларига жавоб берадиган, араб тилининг мавжуд луғавий маънолари ва тил асослари доирасидаги ижтиҳоднинг жоизлигини яққол мисоллар билан намойиш қилишдир, чунки бундай ижтиҳод иттифоқ қилинган усул чегараларидан чиқмайди.
Ушбу йўлга оғишмай эргашиш солиҳ салафларнинг муташобиҳ оятлар ва бошқа шу каби матнлар юзасидан билдирган ўз фикрларига айнан мос келишга мажбур қилмайди.
Зеро, мазкур мўътабар муфассирлар фаолиятининг сабаб ва шароитлари, вазиятлари турлича бўлган (замонлар орасида фарқ ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади).
Кўплаб имомлар, шу жумладан, Ҳаммод ибн Зайд, ал-Хаттобий ва Байҳақийлар бу ҳақда кўп гапирганлар.
Имом ал-Байҳақий ал-Хаттобийнинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳадислари ҳақидаги фикрларини келтирадилар. Икки шайхнинг тўпламларига киритилган ушбу ҳадисда шундай дейилган: «Дўзах очкўзлик билан «Яна борми?» деб сўрайди. То Шараф молики (эгаси) унга Ўзининг оёғини қўймагунча, қайта-қайта сўрайверади. Шунда Дўзах «Керакмас! Керакмас!» деб ёлворади ва Дўзах итоаткорлик билан кичраяди.
Шунда Жаннатда ҳали бўш жойлар қолган бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бошқа маҳлуқот яратади ва уни Жаннатнинг бўш қолган ерларига жойлаштиради».
Имом Байҳақий Аллоҳ таолонинг қадами ва оёғи зикр қилинган бу ва бошқа ҳадисларни келтира туриб, шундай дейдилар:
«Абу Сулаймон ал-Хаттобий роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Афтидан, қадам ва оёқни зикр қилганлар фақат ўзларича мушоҳада қилишдан ниҳоятда қўрққанлари туфайлигина қўшимча сўз айтмаган ва талқиндаги хатолардан ўзларини сақлаган бўлсалар керак.
Имомлардан, илм хазиналаридан бири Абу Убайд шундай деганлар: «Биз бу ҳадисларни ривоят қиламиз ва уларни тушунишда айланма усулларни изламаймиз <…> Биз биздан кўра илмлироқ бўлган, биздан аввал ўтган кишилар эҳтиёт бўлган ҳудудларга бурун суқмасликка янада интилишимиз керак.
Бироқ, бугунги кунда кишилар икки фирқага бўлиниб кетдилар.
Биринчи фирқадагилар юқоридаги каби ривоят қилинаётган ҳадисларни ёқтирмасликларини изҳор қиладилар, бироқ аслида уларни таг-туги билан инкор қиладилар; бунда уларнинг ушбу ҳадисларни ривоят қилган уламоларга ишонмасликлари зоҳир бўлади. Ваҳоланки бу уламолар ақоид имомлари, суннатнинг тирик ҳомиллари, биз билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўртамиздаги воситачилар эдилар.
Иккинчи фирқа вакиллари эса бу ривоятларни сўзсиз қабул қиладилар ва уларнинг зоҳирий маъноларига таяниб, уларни сал қолса ташбиҳга (моддий ўхшатишга) олиб борадиган йўлдан кетадилар.
Биз эса бу мақомларнинг икковидан ҳам четланамиз. Биз улардан уларни мазҳаб қилиб оладиган даражада қаноат ҳосил қилмаймиз, шунинг учун бундай ҳадислардан – агар улар саҳиҳ ривоят талабларига жавоб берсалар – ақийда ва уламолар мазҳабларининг фундаментал тушунчалари асосида чиқариладиган маълум бир талқин излаб топишга ҳақлимиз. Бу ҳадисларнинг иснодлари қониқарли бўлиб, ровийлари юксак аҳлоқли мўминлар бўлса, бундай ҳадисларни мутлақо инкор қилишга журъат қила олмаймиз <…> Бу ерда «қадам» сўзи Аллоҳ таолонинг Дўзахга унинг аҳллари олдидан тақдим қиладиган маҳлуқотларини англатса керак. Ана шу маҳлуқотлар туфайли Дўзаҳ аҳли жамулжам бўлади.
«Қаддама» феъли билан ифодаланган ҳатти-ҳаракат натижаси ўлароқ ҳар бир илгари сурган, тақдим қилган нарсанг «қадм» деб аталади. Худди шунингдек, бир нарса вайрон қилинса («хаддама» феъли), вайрон қилинган нарса «хадм» деб аталади, муштга сиқилган («кабада» феъли) нарса эса «кабд» дейилади.
Аллоҳ таолонинг «Роббилари ҳузурида улар учун собитқадамлик борлигининг башоратини бер» (Юнус сураси, 2-оят) ояти тақдим қилинган солиҳ амаллар учун аввалдан тайёрлаб қўйилган ажр-мукофотларни англатади.
Ал-Ҳасан ҳам айнан шундай маънони ривоят қилганлар.
Бундан ташқари, ушбу фикрни у зотнинг ҳадисдаги «Аллоҳ таоло Жаннат учун алоҳида маҳлуқот яратади» деган сўзлари ҳам тасдиқлайди.
Натижада ушбу икки маънога кўра Жаннат аҳли ҳам, Дўзах аҳли ҳам янги маҳлуқотлар ҳисобига кўпаяди ва улар туфайли ҳар икковининг аҳли миқдори тенглашади.
Эътибор берган бўлсангиз, ал-Хаттобий салафларга энг яқин бўлган йилда туғилган халафлардан, ҳижратнинг IV энг кўзга кўринган етук алломаларидан бири эдилар.
У зот ўзларининг ҳаққоний нутқларида салаф авлодига ҳурмат-эътибор билдирдилар, уларнинг хизматлари ва тутган ўринларини эътироф қилдилар. Зеро замон ўзгариб, аввал кўзда тутилмаган вазиятлар юзага чиқаётган бир пайтда мужтаҳиддан вазиятга қараб иш тутиш, «ақийда асослари ва уламолар мазҳаблари» доирасида амал қилиш талаб этилади.
Унинг «иймон асослари»га мувофиқ бўлишга содиқлиги оятлар шундай ёндашув танлашни талаб қилган ва маълум бир талқинни тасдиқловчи бошқа оятлар бўлмаган ҳолларда талқин қилишдан имкон қадар узоқлашиб, Аллоҳ таоло Ўз зотига изоҳ ва талқинсиз хос қилиб қўйган нарсаларнинг ҳақлигини эътироф қилган мўминлар билан ҳамжиҳатлигида айниқса яққол намоён бўлади.
Кучли, далил ҳосил қилувчи оятлар алоҳида бир жумлани лафзан, зоҳирий қараш керак эмаслигини кўрсатиб турган пайтларда эса мужтаҳид улар билан келиша олмас эди.
Ҳар иккала ҳолда ҳам у ижтиҳодга (тадқиқотчилик интуициясига) таянар эди.
Аллоҳ таолонинг ҳар куни ерга яқин кенгликларга тушиши ҳақидаги кўп сонли саҳиҳ ҳадисларга бўлган муносабати унинг биринчи қарашга мувофиқлигига мисол бўла олади. Бу масала юзасида у шундай дейди: «Мен
Бу – биз ички моҳиятига чуқурлашмасдан, зоҳирий маъносига иймон келтиришга буюрилган нарса эканлигини тасдиқлайман».
У Аллоҳ таолонинг Китобида зикр қилинган муташобиҳлар тоифасига мансубдир.
Иккинчи ёндашувга мойилликка мисол сифатида унинг Абу Довуд ривоят қилган ҳадис ҳақида айтган сўзларини келтириш мумкин. Имом Абу Довуд бу ҳадисни Жубайр ибн Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъимдан, унинг отасидан ва бобосидан олинган иснод орқали ривоят қилганлар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аъробий келиб, (зорланиб) деди: «Эй Аллоҳнинг Росули! Жонлар ҳолдан тойди, аҳлларимиз ҳалок бўлди…» дан «..ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аччиқлари келди ва дедилар:
«Шўринг қурсин! Сен Аллоҳнинг нималигини биласанми? Батаҳқиқ, Унинг Арши мана бундоқ осмонлар устидадир», деб тепаларидаги чодирга ишора қилдилар.
Ва у Унинг остида чавандознинг остидаги эгардек ғичирлайди», дедилар.
Ибн Башшор бу ҳадисга қуйидагини қўшимча қилганлар: «Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло Ўзининг Арши устидадир, Унинг Арши эса Унинг осмонлари устидадир».
Бу ҳадисни имом Бухорий ҳам «ат-Тарих»да ривоят қилганлар.
Ал-Хаттобий ўзларининг «Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло Ўзининг Арши устидадир» деган жумла ҳақидаги фикрларида шундай дейдилар: «Агар бу ҳадисни унинг зоҳирий маъносида олиб қарасак, унда кайфиятни нисбат бериб қўйган бўламиз.
Бироқ Аллоҳ таолонинг сифатларига муайян воқеъликни тавсиф бериш ножоиздир.
Бу ерда кўчма, тавсифий маънони англаш маъқулдир.
Аслида эса бу жумлалар рамзий бўлиб, улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг азаматига далолат қилади. Бу сўзлар эндигина динга кирган аъробийга керакли тасаввур ҳосил қилиб олиш учун қўлланилган, чунки у илоҳий сўзларнинг нозик жиҳатларини рисоладагидек англаб етиш, банданинг ақли бовар қилмайдиган ҳикматларга муносиб муносабатда бўлиш учун етарли илмга эга эмас эди».
У зот шундай давом этадилар: «Бу нутқда тушириб қолдирилган ва кўзда тутилаётган сўз бор.
«Сен Аллоҳнинг нималигини биласанми?» дегани «Сен Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг азамати нима эканлигини биласанми?» деганидир. «Арш Унинг остида ғичирлайди» дегани эса Арш У Зот таолонинг улуғлиги ва жалоли остида бўлишга қодир бўла олмайди ва шу сабабдан ҳатто ғичирлайди, деган маънони англатади.
Ўз-ўзидан тушунарлики, эгар чавандознинг оғирлигидан, тоқатдан ташқари босим таъсири остида ғичирлайди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай содда қиёсий тавсифдан фойдаланиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тенгсиз жалолини ва У Зотнинг Аршни эгаллаганлигини тушунтириб бердилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шу йўл билан Аллоҳ таолонинг мутлақ қудрат эгаси эканлигини, улуғлигини, исмининг муқаддас эканлигини эълон қилиб, аъробийга Аллоҳ таолони У Зотнинг даргоҳида беқиёс даражада қуйи турувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида шафоатчи қилиш нотўғри эканлигини кўрсатиб бердилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда келтирган муташабиҳ оят ва сўзларнинг маъносини англашдаги биринчи ёндашувнинг иккинчи ёндашувдан нақадар фарқ қилишига эътибор беринг.
Баъзи кишилар бугунги кунда бундан қандайдир мезон ясаб олиб, унинг ёрдамида салаф мазҳаблари билан халаф мазҳаблари ўртасида девор тикламоқчи, сўнгра салаф мазҳабидан ояти карималарнинг маъноси ва тафсиридаги ягона усулнинг ўрнига мавҳум бир сунъий ўринбосар ясамоқчи бўладилар.
Бироқ аслида бунинг мутлақо тескариси бўлиши лозим. Биз буни имом ал-Хаттобийнинг ояти карималарни талқин қилиш намуналари асосида кўрдик. Бинобарин, у зотни халафлар эмас, балки кўпроқ салафлар қаторига қўшиш тўғрироқ бўлур эди.
Бироқ, шунга қарамай, у зот «ақийда асослари ва уламолар мазҳабларининг маънолари»ни ўзининг асосий мезони деб билганлар ва бу масалада кўпчилик салаф уламоларининг шахсий ижтиҳодларини ўзларига компас қилиб олмаганлар.
Аввал айтиб ўтилганидек, ҳамма нарса боғлиқ ўхшаш вазиятлар ҳамда шарт-шароитларнинг ўзгариши нимани тақозо қилаётганлигига боғлиқ бўлиб, устозлик ва ўқитиш амалиёти дағал табиатли саҳровий арабларга ва илм олишнинг ва шу жумладан ояти карималарни талқин қилишнинг илмий услубияти бир нуқтага тўпланган бугунги кунда Ислом таълимотини араб тили ва унинг балоғати ёрдамида ўрганишга уринаётган ўқимишли кишиларга нисбатан турлича бўлиши лозим.
Шунингдек, келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, ёндашувлардаги мослашувчанлик умматимизнинг энг солиҳ салафларига ҳам хос бўлган.
Бунга ишонч ҳосил қилишни истаган ҳар қандай киши имом Табарийнинг тафсирларига мурожаат қилиб, у ерда сўзимизни тасдиқловчи кўпдан-кўп бошқа мисолларни ўрганиб чиқиши мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, салаф ва халафларнинг Аллоҳ таолони сифатловчи ояти карималар ва уларга тааллуқли муташабиҳ оятлар тафсирига оид шахсий тадқиқотлари (ижтиҳодлари) тадқиқотчиларни салафлар ёки халафлар ижтиҳоди доирасидан чиқмасликка мажбур қиладиган қонуний далил ёки усул бўла олмайди. Бошқача қилиб айтганда, салафлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асри саодатларига яқин яшаганликлари учун фақат салафлар ижтиҳоди доираси билан ёки халафлар фан, маданият ва билимлар тўпланган замонда яшаётганликлари учун фақат халафлар ижтиҳоди доираси билан чекланиб қолиш тўғри бўлмайди.
Салафларга ҳам, халафларга ҳам ўз таъсирини ўтказа олувчи далил изоҳ ва луғат фани ҳамда умумқабул қилинган доктринал асослар билан белгиланади.
Эҳтимол, ушбу ўзгармас далилга риоя қилинганда салаф ва халаф уламолари ўртасида ижтиҳодага бўлган муносабат бўйича маълум бир ихтилофлар вужудга келган бўлиши мумкин.
Сиз «Ун(инг юзи)дан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир» (Қосос сураси, 88-оят) оятидаги «важҳ» сўзининг маъноси қанчалик турлича талқин қилинганлигига гувоҳ бўлдингиз. Салаф уламолари уч гуруҳга бўлиниб, улардан бири тафсилот ва талқинга умуман йўл қўймаган бўлса, иккинчи гуруҳ «важҳ»ни «Аллоҳнинг зоти» деб, учинчиси эса «томон» деб ҳисоблади.
Ибн Таймия учинчи фикр томон мойил бўлишни афзал кўрдилар.
Бу ерда шуни тушуниш муҳимки, салаф билан халаф ўртасида ҳар қанча зиддият ва ихтилофлар пайдо бўлмасин, улар ўз тадқиқотларини ҳар қанча турли йўл билан олиб бормасин,бу икки гуруҳ томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларнинг ҳеч бири ҳақиқатнинг ягона мезони бўла олмайди.
Бирор алломанинг шахсий фикрини «ҳақиқий диний мактаб»ни белгилаб берувчи кўрсаткич деб баҳолаш, шунингдек, уни бутун дунё мусулмонлари ҳамжамиятини гуруҳларга ажратиш воситаси қилиб олиш қатъиян мумкин эмас. Зеро Ислом уммати Аллоҳ таолонинг Китобига бўйсунади, Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига қатъий амал қилади, шунингдек, маъно-луғат фани ва илмий методология (услуб) қоидаларига риоя қилади.
Бирортамиз ижтиҳод қилиб, ушбу гуруҳлардан бирининг фикрига мойил бўлсак ёки мазҳабларнинг тадқиқотларини бирлаштирувчи шахсий йўлни тутсак, бу қарама-қаршилик бўлмайди.
Аксинча, бу ўхшаш (муташобиҳ) оятларнинг маъносини англашга қаратилган, маъно-луғат илми пойдевори устига қурилган фикрни шакллантириш йўлидаги кучли интилиш (ижтиҳод) бўлади. Фақат бу жараён умумқабул қилинган қоида ва тамойиллар доирасида олиб борилиши лозим, холос.
Ҳар қандай вазиятда ҳам бундай ихтилофни мусулмонларнинг муросасиз гуруҳларга парчаланиши деб ёки уларнинг ҳақиқатдан четланиши қараш мумкин эмас
Баъзи кишиларнинг шундай фикрлаши эса Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг муқаддас динига кириб келадиган ўта хатарли бидъатдир.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, ушбу масалалар юзасидан вужудга келадиган ихтилофлар залолатга сабаб бўлмайди ёки ҳақиқатдан четланишга олиб келмайди. Бу фикр илмий баҳсда иштирок этаётган барча томонларга тааллуқли бўлиб (агар уларни томонлар деб аташ жоиз бўлса, албатта), мусулмонлар сафининг яхлитлигини бузмайди ва уларнинг бирлигига футур етказмайди.

Муҳаммад Саид Рамадан аль-Бутий, "Салафия" китобидан
Абу Муслим, эркин таржима

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase