close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Табук ғазоти

Унинг сабаби, Ибн Саъд ва бошқаларнинг ривоятига кўра, мусулмонларга савдогарлар орқали румликлар катта қўшин тўплагани ва уларга румнинг  қўл  остида бўлган  Луҳам  ва Жузом қабилаларидан иборат насроний арабларнинг ҳам қўшилганлиги хабари етиб келди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам эса уларга қарши чиқишга амр қилдилар. Табароний ривоят қилишича, Рум лашкарининг адади қирқ мингта бўлган. Бу ғазот ҳижрий тўққизинчи йилида бўлиб, ёз фасли эди. Ҳарорат жуда баланд эди. Мадина мевалари ғарқ пишган палла эди.

Унинг сабаби, Ибн Саъд ва бошқаларнинг ривоятига кўра, мусулмонларга савдогарлар орқали румликлар катта қўшин тўплагани ва уларга румнинг  қўл  остида бўлган  Луҳам  ва Жузом қабилаларидан иборат насроний арабларнинг ҳам қўшилганлиги хабари етиб келди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам эса уларга қарши чиқишга амр қилдилар. Табароний ривоят қилишича, Рум лашкарининг адади қирқ мингта бўлган. Бу ғазот ҳижрий тўққизинчи йилида бўлиб, ёз фасли эди. Ҳарорат жуда баланд эди. Мадина мевалари ғарқ пишган палла эди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам одатда газотга чиқишдан олдин бошқа томонга чиқмоқчи эканликларини эълон қилар, амалда эса кўзлаган томонга юрар эдилар. Бу гал одатларига хилоф равишда одамлар яхшироқ тайёргарлик кўришлари учун айни чиқиладиган тарафни эълон қилдилар.
Сафар жуда қийин бўлгани сабаб, чин мўмин киму, мунофиқ ким ажралиб қолди. Мунофиқларнинг айримлари бир-бирларига бундай иссикда жангга чиқманглар дейишса, бошқалари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга: "Менга жангдан қолишга изн беринг, мени фитнага - балога солманг, Оллоҳ номига қасамки, қавмим мени яхши билади, мендан кўра аёлларга қизиққанроқ киши йўқдир, бани Асфар қабиласининг аёлларини кўрганда сабр қилолмайман деб қўрқаман", деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан юзларини ўгириб олдилар ва истаганини қилишга изн бердилар.
Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул (мунофиқларнинг каттаси) Мадина чеккасида ўзининг ҳамтовоқлари ва иттифоқдошлари билан аскаргоҳ қурди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам юришни бошлаганларида эса ўзининг одамлари билан ортда қолиб кетди. Бу ҳақда Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил бўлган: "(Жиҳодга чиқишдан) қолган (қочган мунофиқлар) Оллоҳнинг Пайғамбарига хилоф қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу жонлари билан Оллоҳ Йўлида жиҳод қилишни ёмон кўрдилар ҳамда (бир-бирларига): "Бу иссиқда урушга чиқманглар", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: "Агар улар англай    олсалар    жаҳаннам    оташи    янада иссиқроқдир". (Тавба сураси, 81-оят).    "Уларнинг орасида: "Менга (жангдан қолиш учун) изн бергин, мени фитнага — балога солмагин", дейдиган кимсалар ҳам бордир. Огоҳ бўлингизким, улар (жангдан қолишлари сабабли) фитнанинг ўзига тушдилар. Шак-шубҳасиз, жаҳаннам (бундай) кофирларни ўраб олгувчидир." (Тавба сураси, 49-оят)
Мўминлар эса ҳар тарафдан келиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларига жамландилар. У зот бой, бадавлат кишиларни инфоқ, эҳсон қилишга, хузурларидаги уловларини аскарларга тақдим қилишга ундаган эдилар. Кўпчилик имконлари борича мол, қуролларни тақдим қилдилар. Усмон розияллоху анҳу уч юз туя билан минг динор тақдим қилди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Усмонга бундан кейин қилган (хато, гуноҳлари) зиён қилмайди", дедилар.
Абу Бакр розияллоху анху бутун молини, Умар розияллоҳу анҳу эса молининг ярмини тақдим қилди. Термизий Зайд ибн Асламдан, у эса отасидан ривоят қилади, Зайднинг отаси Аслам айтади: Мен Умар ибн Хаттобни шундай деганини эшитдим:
"Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизни садақа қилишга буюрдилар. Хузуримда кўп мол бор эди. Узимга ўзим дедим: Агар Абу Бакрдан ўзадиган бўлсам, бугун ўзишим мумкин, дедим-да, молимнинг ярмини олиб келдим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Аҳли-оилангга қанчасини қолдирдинг", дедилар. Мен: "Ярмини, дедим. Кейин Абу Бакр молининг ҳаммасини олиб келди. Шунда у зот: "Эй Абу Бакр, аҳли оилангга нима қолдирдинг", дедилар. Абу Бакр: "Уларга Оллоҳни ва Расулини қолдирдим", деди. Шунда мен ўзимга: "Абу Бакрдан ҳеч қачон ўза олмас эканман", дедим".
Мусулмонлардан яна бир қанча киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан жиҳодга чиқиш учун улов сўраб келишди. У зот: "Сизларга улов топа олмаяпман", деб жавоб қилдилар. Улар жангга чиқиш таъминотига эга бўла олмаганларидан хафа бўлиб, кўзларида жйққа ёш билан ортларига қайтишди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жангга тақрибан ўттиз минг мусулмон билан чикдилар. Мусулмонлардан бир қанчаси - Каъб ибн Молик, Мурора ибн Робиъ, Ҳилол ибн Умайя ва Абу Ҳайсамалар жангга чиқолмай қолиб кетдилар. Улар ибн Исҳоқнинг айтишича, Исломларида шак бўлмаган, чин мўминлар эди. Лекин уларнинг ичидан Абу Ҳайсама Табукка етиб борди.
Табароний, ибн Исҳоқ ва Воқидийларнинг ривоят қилишларича, Абу Ҳайсама Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жангга кетганларидан бир неча кун кейин куннинг иссиқ пайтида аҳлининг олдига келди. Унинг икки аёли ўзининг боғидаги икки чодирда, атрофга сувлар сепиб, салқинлатиб, эрлари учун таом ҳозирлаб кутиб туришган экан. Абу Ҳайсама чодир эшиги олдига келиб аёлларига ва улар ҳозирлаган нарсаларга қараб туриб шундай деди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам куёшда, шамолда ва иссиқда юрсалар, Абу Ҳайсама эса салқин соя, тайёр таом, гўзал аёл ва мол-дунё ичида ўтирса, бу Оллоҳ номига қасам, адолатдан эмас, иккалангиздан биронтангизнинг чодирингизга кирмайман. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга етиб оламан, деди. Аёллари унга сафар анжомларини тайёрлашди, у туясини миниб Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ортидан излаб бориб, у зотга Ҳунайнга тушган пайтларида етиб олди. Абу Ҳайсама яқинлашгач, саҳобалар биз томонга бир киши келяпти, дейишди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: "Абу Ҳайсама бўлсайди", дедилар. Саҳобалар: "Оллоҳ номига қасамки, бу Абу Ҳайсама-ку, эй Расулуллоҳ", дейишди.
У туясини чўктириб Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб бўлган ишларни айтиб берди. У зот унга дуойи хайр қилдилар.
Бу сафарда мусулмонлар қаттиқ машаққатларни бошларидан ўтказдилар. Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Табук газотида одамларга қаттиқ очлик етди. Шунда одамлар: Эй Расулуллоҳ, рухсат берсангиз туя-уловларимизни сўйиб есак, дейишди. У зот: Майли, шундай қилаверинглар, дедилар. Шу пайт Умар розияллоху анҳу келиб: Эй Расулуллоҳ, агар бундай қиладиган бўлсак, уловларимиз камайиб кетади, шунинг учун уларга     буюринг,     ортган     зодироҳилаларини келтириб, йиғсинлар, сўнг Сиз уларга баракот тилаб дуо қилинг, шояд Оллоҳ барака ато қилса, деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир чарм тўшамани    ерга    тўшашни    ва    унга    ортган зодироҳилаларини келтиришларини буюрдилар. Бас, биров бир ховуч жуҳори, бошқа биров бир кафт хурмо келтира бошлади. Шундай қилиб озроқ нарса тўпланди. Сўнг Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам жамланган нарсаларга баракот тилаб дуо қилдилар.   Кейин   одамларга:   "Идишларингизга олаверинглар",   дедилар.   Аскаргоҳдаги   биронта идишни ҳам қолдирмай тўлдиришди, ўзлари ҳам еб тўйишди.  Тўшамадаги  нарса  эса  ортиб  қолди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Оллоҳдан   ўзга   илоҳ   йўқлигига   ва   ўзимнинг Оллоҳнинг Элчиси эканимга гувоҳлик бераман. Ким Оллоҳга ушбу калималар билан, (У Зотга) ширк келтирмасдан   йўлиқса   унга   жаннат   очикдир", дедилар.
Табукка боргач, ҳеч қандай жангга дуч келмадилар. Жанг қилиш учун жамланганлар яшириниб, тарқалиб кетишибди. Бироздан кейин Айла ҳокими келиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан жизя - солиқ тўлаш асосида сулҳ тузди. Жирбо ва Азраҳликлар ҳам келишиб у зотга жизя тўладилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда уларга нома ёзиб бердилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтдилар. Мадинага киргач, у зот ўз саҳобаларига: "Бу Тобадир, мана бу биз севадиган, бизни ҳам севадиган Уҳуд тоғидир", дедилар. Яна сўзларида давом этиб: "Мадинада шундай қавм қолган эдики, сизлар қаерда юрсангизлар, қайси водийни кесиб ўтсангизлар, улар сизлар билан бирга бўлдилар", дедилар. Саҳобалар: "Эй Расулуллоҳ, улар Мадинадалар", дейишди. У зот: "Ҳа, улар Мадинадалар, уларни узр тўсиб қолган", дедилар.
Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ўша йилнинг ўзида, Рамазон ойида Мадинага қайтдилар. Шунда у зот Мадинада мавжуд бўлмаган вақт тақрибан икки ойни ташкил этади.

Жиҳоддан қолганлар иши

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага киргач, масжиддан бошладилар. У ерда икки ракаат намоз ўқиб, сўнг одамларга қараб ўтирдилар. Шу пайт жиҳоддан қолган кишилар бирин-кетин келишиб узрларини сўраб, қасамлар ича бошладилар. Улар саксондан зиёд эдилар. У зот улардан узрларини қабул қилиб, уларни кечирдилар. Лекин Каъб ибн Молик билан унинг икки дўстининг ишини тавбалари қабул бўлганлигини билдирувчи оят тушгунга қадар қолдириб қўйдилар.
Бухорий ҳамда Муслим ривоят қилган узун бир ҳадисда Каъб розияллоҳу анҳу ўзи ҳақида шундай дейди: "Мен ўша ғазотдан қолган пайтимда ҳам бойлик, ҳам қувват жиҳатдан етук эдим... мусулмонлар билан тайёргарлик кўришга уриндим. Уёққа бориб, буёққа келиб, нимагадир ҳеч ишим юришмади. Узимга ўзим мен бунга қодирман (яъни, мени тез тайёргарлик кўришдан ҳеч ким тўса олмайди) дердим. Шундай ўйлар билан банд бўлиб турган эдим, лашкар тайёр бўлиб, тезлик билан кетиб қолди. Мен уларнинг ортидан бориб етиб олмоқчи бўлдим. Кошки шундай қилолсам... бу нарса менга тақдир қилинмаган экан. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам  кетгандан кейин ташқарига чиқиб атрофга қараб, мунофиқларни ва жангдан   қолишга  Оллоҳ  рухсат  берган  заиф-бечораларни    кўриб,    хафа    бўлиб    кетдим... Расулуллоҳ  соллоллоҳу   алайҳи   ва  салламнинг жангдан қайтаётганларини эшитиб қайғуйим яна янгиланди, ёлғон тўқишга уриниб кўрдим. Ичимда: "Эртага у  зотнинг ғазабларидан  қандай  чиқиб оламан", деб ўзимга ўзим савол берардим... Бу тўғрида яқинларимнинг барчасидан ёрдам, маслаҳат сўрадим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам келдилар, деган сўзни эшитгач, мендан ботил, ёлғон гапириш нияти ўчди ва ростини айтишга жазм қилдим. У зотнинг ҳузурларига бориб салом берган эдим,   газабланган   одамнинг   табассуми   билан табассум қилдилар. Сўнг: "Бери кел", дедилар. Бориб олдиларида ўтирдим. "Нимага (ғазотдан) қолиб кетдинг. Ахир улов сотиб олмаганмидинг!", дедилар. Мен: Ҳа, Оллоҳ номига қасамки, агар мен ҳозир Сиздан бошқа бир аҳли дунё кишининг ҳузурида бўлганимда, унинг ғазабидан узр билан чиқиб кетишга ҳаракат қилган бўлар эдим. Лекин мен Оллоҳнинг номига қасам, шуни билдимки, агар мен ҳозир Сизни рози қиладиган бирон ёлғон гапни гапирсам, барибир Оллоҳ Сизни менга нисбатан ғазаблантиради. Агар Сиз хафа бўладиган рост гапни айтсам, умид қиламан, Оллоҳ мени афв қилар. Оллоҳ номига қасамки, менда узр йўқ эди, ўшанда ҳар қачонгидан ҳам бойроқ ва кучлироқ эдим. Шунда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: "У рост сўзлади. Тур, Оллоҳ сен тўғрингда бир ҳукм чиқаргунича   боравер",   дедилар.   Турдим,   бани Саламалик кишилар ортимдан эргашиб, бошқалар каби узр айтмаганлигимни рўкач қилишиб, дашном бера кетишди. Мен уларга: Шундай ҳолатга тушиб қолган мендан бошқа биров борми?", дедим. Улар: "Ҳа, икки киши сен айтган нарсани айтишди ва уларга ҳам сенга айтилган гап айтилди", дейишди. "Улар кимлар", дедим. "Мурора ибн Робиъ билан Ҳилол ибн Умайя", дейишди. Бу иккиси Бадрни кўрган, мен ўрнак олиб юрган солиҳ кишилар эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам одамларни биз билан гаплашишдан қайтардилар. Одамлардан четландик. Улар ҳам бизга ўзгариб олишди. Шу кўйи эллик кун турдик. Икки шеригим таслим бўлиб,   уйларида   йиглаб   ўтиришди.   Мен   эса уларнинг ёшроғи, ғайратлироғи бўлганим сабаб, намозларга   ҳам   чиқавердим,   бозорларда   ҳам юравердим. Ҳеч ким менга гапирмас эди. Намоздан сўнг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб салом берар эдим. Алик олиб лабларини қимирлатдиларми, йўқми билмас эдим. У зотга яқин жойда намоз ўқиб, ўғринча назар ташлаб қўяр эдим. Намозимга қарасам, у зот менга қарар, у зотга қарасам, юзларини буриб олар эдилар. Бир куни   Мадина   бозорида   юрган   эдим,   баногоҳ Мадинага  сотиш  учун  таом  олиб  келган  бир Шомлик савдогар: "Каъб ибн Моликни менга ким кўрсатиб қўяди", деб қолди. Одамлар унга мени кўрсатиб қўйишди. У менинг олдимга келиб Ғассон подшоҳидан   келтирган   бир   мактубни   қўлимга тутқазди.  Унда шундай дейилган эди:  "Менга Маълум бўлишича, Соҳибинг сенга жафо қилибди. Оллоҳ сени хорлик ҳовлисига ташлаб қўймайди, келиб бизга қўшилгин, сенга ҳамдард бўламиз". Мактубни ўқиб бўлгач, бу ҳам яна бир бало, имтиҳон, дедимда, у мактубни тандирга солиб ёқиб юбордим. Мазкур эллик кундан қирқ куни ўтгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бир элчиси келиб: "Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам   аёлингдан   четланишингни   буюрдилар", деди. Мен: "Қандай қилиб, талоқ қилайми?" дедим. "Йўқ, аёлингдан четлан, унга яқинлашма", деди. Икки шеригимга ҳам бориб, худди шу гапларни айтди. Аёлимга: "То Оллоҳ таоло бу иш тўғрисида бирон ҳукм чиқаргунга қадар ота-онанг олдига бориб тургин", дедим. Шундан кейин ўн кун ўтди. Расулуллоҳ одамларни  биз билан сўзлашишдан қайтарган вақтдан бошлаб бу кунгача роппа-роса эллик кун бўлди.
Эллигинчи қуннинг субҳида Бомдод намозини ўқиб бўлиб, дунё кўзимга тор бўлиб ўтирган эдим, баногоҳ, Силъ тоғи устига чиқиб олган бир жарчи: "Эй Каъб ибн Молик, хушхабар", деб жар солди. Дарҳол саждага йиқилдим, билдимки, шубҳасиз кенглик келди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Бомдод намозидан кейин Оллоҳ таоло бизнинг тавбамизни қабул қилганлигини эълон қилибдилар. Одамлар менинг ва икки шеригимнинг олдига    хушхабар    айтгани    келдилар.    Менга хушхабар етказиб келган кишига суюнчи қилиб устимдаги икки кийимимни ечиб кийдириб қўйдим. Оллоҳ номига қасамки, шу икки кийимдан бошқа кийимим йўқ эди ўша куни. Кейин қарзга кийим олиб кийиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордим. Йўлда одамлар тўп-тўп бўлиб тавбам қабул бўлгани муносабати билан табриклашар эди. Масжидга кирдим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан ўтирган эканлар. Мени кўриб Толҳа ибн Убайдуллоҳ ўрнидан туриб, чопиб келиб мен билан кўришди ва табриклади. Муҳожирлардан Толҳадан бошқаси турмади. Толҳанинг бу ишини ҳеч унутмайман. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга салом берган эдим, юзлари хурсандликдан барқ уриб: "Онанг туққандан бери биринчи бор сенга келган бу яхши кун сенга суюнчилик бўлсин", дедилар. Мен: "Бу Сизнинг хузурингиздан бўлдими ё Расулуллоҳ, ёки Оллоҳнинг ҳузуриданми?", дедим. У зот: "Йўқ, Оллоҳнинг ҳузуридан", дедилар. Мен: "Эй Расулуллоҳ, тавбамнинг белгиси бўлиши учун Оллоҳ ва Расулига садақа қилиб бутун молимдан кечаман", дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Молингдан ўзинга ҳам олиб қол, у сен учун яхшидир", дедилар. Мен: "Эй Расулуллоҳ, менга ростгўйлик нажот берди. Модомики тирик эканман, фақат рост сўзлайман", дедим. Оллоҳ таоло Уз Расулига қуйидаги оятларни нозил қилди: "Ҳақиқатан, Оллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги    машаққат    ва    ташналик    сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, Пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Оллоҳ) қабул қилди. Албатта У Зот мўминларга Марҳаматли, Меҳрибондир. Яна ўша уч қишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг Ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Оллоҳ(нинг газаби)дан фақат Унинг Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни, тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Оллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта Оллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир. Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида) ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!" (Тавба сураси, 117-119-оятлар).

Ибратли нукталар

Арабистон ярим оролида Ислом барқарорлашиб, унинг салтанати қалбларни эгаллай бошлади. Бу эса Рум насронийлари узоқдан бери ҳадик ва хавф билан кутишаётган нарса эди.
Аслида румликлар насронийликни унга иймон келтириб қабул қилмаганлар, балки улар насронийликдан ўша минтақадаги халқларни мустамлака қилиш учун восита сифатида фойдаланганлар. Шунинг учун у, динни ўзлари хоҳлаган кўйга солиб, унинг ҳукмларини хоҳласалар,    ўзгартирганлар, хоҳласалар, алмаштирганлар. Хуллас, ундаги кўп ҳақиқатларни олиб  ташлаб,  ўзларининг ботилликларини  унга киритганлар, бутпарастликлари билан аралаштириб юборганлар.
Ислом эса (ҳолбуки, Ислом ўтган барча элчи ва пайғамбарлар такрор-такрор даъват қилиб келган диндир) инсониятни Оллоҳнинг салтанатидан бошқа еалтанатларга қул бўлишдан чиқариш учун келган эди. Буни улар насронийлик таълимоти орқали билиб олганларидан сўнг, бу охирги рисолатнинг буюклигини ва у золимларнинг зулмига, ҳукмронларнинг салтанатига таҳдид солишини англаб қолдилар. Натижада Арабистонда томир отиб бораётган бу Дин фақат ташқи кўринишдагина насроний динига кирган румлик золимлар ва уларнинг тобеълари учун хавф ва изтироб ўчогига айланди. Шунинг учун улар Макка фатҳи ва Арабистонда Ислом ғалаба қилганлиги ҳақидаги хабарни даҳшат ва саросима билан қарши олдилар, сўнг келажакда уларни ва уларнинг салтанатини йўқ қилажак бу Динга қарши чиқиш мақсадида катта лашкар тўплай бошладилар.
Рум ўйладики, бу ҳаракатлари мусулмонлар билан жуда катта тўқнашувга сабаб бўлади. Лекин Оллоҳ азза ва жалланинг ҳикмати бу ғазотда мусулмонларнинг тортган машаққатлари, сарфлаган кучлари эвазига жанг бўлмаслигини ирода қилди. Чунки улар Мадинадан Табукка боришда, қолаверса у ердан қайтишда жуда оғир қийинчиликларни бошларидан ўтказдилар.
Лашкар молини ҳам, кучини ҳам аямади, роҳатни азобга алмаштирди. Бу билан улар Оллоҳга бўлган иймонларини ва муҳаббатларини далилладилар. Натижада улар ғалабага, Оллоҳнинг қувватлашига, Оллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридан душманнинг қалбига қўрқув солиб, жанг қилишдан уларни қутқаришига лойиқ бўлдилар. Охир-оқибат душман тарқалиб, Оллоҳнинг ҳукмига бўйинсундилар.

Мунофиқлар табиати ва уларнинг Исломга бўлган хатарлари

Бу ғазот Оллоҳнинг Китоби у ҳакда сўзлагани ва алоҳида эътибор қаратганини ҳисоби билан бошқа ғазотлар етмаган мавқеъга эга бўлди. Сиз Тавба сурасида Оллоҳ Йўлида жон билан ҳам, мол билан ҳам жиҳод қилишнинг аҳамиятини ва бу нарса мусулмоннинг Исломи чинлигига ягона далолат қилувчи  ҳамда     у   мусулмонлар      билан мунофиқларнинг орасини ажратиб турувчи нарса эканини баён қилган оятларни, балки саҳифаларни ўқишингиз   мумкин.   Шунингдек,   у   оятларда мунофиқлар ва уларнинг хуфёна, маразли ғаразлари ҳам фош қилинган.
У оятлардан олинадиган дарс ҳамма асрда ҳам мунофиқликнинг        ҳамда        мунофиқларнинг мусулмонларга бўлган хатари катталигини баён қилиш ва мусулмонлик шундай даъвоки, уни мол ёки жон билан жиҳод қилиш орқали, машаққатларга кўндаланг бўлиш орқали тасдиқлаш лозимлигини баён қилишдир. Табук ғазоти ана шу Қуръоний дарснинг татбиқи бўлди. Яъни, унда мусулмонлар буюк Илоҳий синовдан ўтдилар. Бу синов Мадинада яшириниб юрган нифоқ чимматини очди ва чин мусулмонлардан  мунофикларни   ажратиб  берди. Сўнг Оллоҳ таолонинг Китобида мунофиқларнинг кирдикорларини, сиру-асрорларини ошкор қилувчи
ҳамда мусулмонлар улардан ҳар замон ва маконда эҳтиёт бўлишларига чақирувчи оятлар пайдар-пай нозил бўла бошлади: "(Жиҳодга чиқишдан) қолган (қочган мунофиқлар) Оллоҳнинг Пайғамбарига хилоф қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу  жонлари   билан   Оллоҳ  Йўлида  жиҳод қилишни ёмон кўрдилар ҳамда (бир-бирларига): "Бу иссиқда урушга чиқманглар", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: "Агар улар англай    олсалар    жаҳаннам    оташи    янада иссиқроқдир".   Бас,  ўзларининг  касб  қилган нарсалари    (яъни,    кофирликни    танлаганлари) жазосига улар (бу дунёда) озгина кулсинлар, (сўнгра Охиратда) кўп — абадий йиғласинлар! Энди агар Оллоҳ Сизни ("Табук" жангидан сўнг) улардан бирон тоифага қайтариб, (рўбарў қилса) бас,   улар   Сиздан   (бундан   буён   бўладиган ғазотларга) чиқиш учун изн сўрасалар, айтингки: "Мен билан ҳаргиз чиқмайсизлар ва мен билан бирга   бирон   душманга   қарши   жанг   ҳам қилмайсизлар.    Чунки    сизлар    аввал-бошда чиқмай  ўтиришга   рози  бўлдингиз,  бас,  яна қолгувчи    кимсалар    билан    бирга ўтираверинглар". (Тавба сураси, 81-83-оятлар).

Рамазон Бутининг "Сийратни англаш" китобидан
Зияуддин МАНСУР таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase