close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар

 

 

 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапираверинглар, (бунда) ҳеч қандай танглик йўқ. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини ҳозирлайверсин», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан учта нарса баён қилинди. Ҳадиснинг биринчи бўлагида у зот алай-ҳиссалом динни етказиш борасида «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар», дедилар.
Ҳадис матнидаги калимасининг грамматик таҳлилига тўхталиб ўтамиз. У тақдирдаги хабар бўлгани учун насб бўлади. Шунда жумланинг кўриниши қуйидагича бўлади: яъни «Гарчи етказиладиган нарса бир ояг бўлса ҳам».
Савол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда «бир оят бўлса ҳам», дедилар. Ушбу иборанинг зоҳиридан фақат оятларни етказиш зарур экан, ҳадисларни еткизиш эса зарур эмас экан, деган хулоса чиқиб қолмайдими? Ҳолбуки, ҳадисларни етказиш ҳам зарурий-ку?!
Биринчи жавоб: Оятларни етказиш зарурий экани маълум бўлгач, ҳадисларни ҳам етказиш зарурлиги ўз-ўзидан маълум бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръоннинг муҳофазаси борасида шундай деган:
«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз»,(Ҳижр сураси, 9-оят.) деб айтган. Аммо ҳадиснинг муҳофазаси ҳақида очиқ-ойдин ишора келмаган. Шу сабабли, ҳадисларни муҳофаза қилиш учун уларни етказиш ўз-ўзидан зарурий ҳисобланади.
Иккинчи жавоб: Ҳадисда «бир оят бўлса ҳам» деб, оятни хослаб келтирилиши унинг шаънини баён қилиш учундир. Ушбу қайд ҳадисни етказиш зарур эмас деган маънони англатмайди. Чунки ояти карималар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мўъжиза бўлгани учун нубувватнинг далилларидан ҳисобланади. Яъни оятлар у зот алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканларига далил бўлади, нубувватларини исботлайди. Шу сабабли, у зотнинг сўзларини ҳам етказиш зарурийлиги келиб чиқади.
Учинчи жавоб: «бир оят бўлса ҳам» ибораси оят ва ҳадиснинг ҳар иккисини ҳам етказиш зарурлигига далолат қилади. Чунки бу ўриндаги «оят» лафзидан урфдаги Қуръоний оят тушунилмайди. Балки у фойдали калом маъносини ифодалайди. Шунда ҳадис ҳам унинг остига киради.
Савол: Бу ҳадиснинг Илм китобига қандай алоқаси бор?
Жавоб:    «оят» сўзи луғатда «аломат», «белги» деган маъноларни ифодалайди. Маълумки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима нарса содир бўлса, у нарса фойдали калом бўлиб содир бўлади. Бу эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканларига аломат ва белги бўлади. Ана шу фойдали калом Парвардигорнинг каломи бўлсин ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари бўлсин, баробардир. Бошқача айтганда, у тиловат қилинадиган бўлсин ёки тиловат қилинмайдиган бўлсин, жалий ваҳий бўлсин ёки хафий ваҳий бўлсин, фарқи йўқдир.
Ҳадиснинг иккинчи бўлагида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бани Исроил ҳақида гапираверинглар», дедилар. Бундан мақсад ҳукмлар эмас, балки қиссалардир.
Ҳадиснинг учинчи бўлагида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса», дедилар. Бу ерда мавзуъ (яъни тўқима) ҳадисларни келтиришга нисбатан қаттиқ ваъид баён қилиняпти. Чунки ҳадис тўқиш кабира гуноҳлардан бўлиб, банданинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Ушбу ўринда мавзуъ ҳадис тўқувчидан мақсад, ҳадисларнинг мавзуъ эканини баён қилмай гапирувчи кишидир. Аммо уларнинг зараридан сакланиш ва улардан огоҳ қилиш мақсадида мавзуъ ҳадислар ҳақида гапирадиган бўлса, у инсон бу ҳадисдаги ваъиднинг остига кирмайди. Ҳатто баъзи уламолар мавзуъ ҳадисларга бағишланган алоҳида асарлар ёзишган. Уларнинг бундан мақсади у ҳадислардан инсонларни хабардор қилиш бўлган. Зеро, ҳадис тўқиш жумҳур уламолар наздида мутлақо ҳаромдир. Бу тўқиш ҳукмларга оид бўладими, ҳалол ва ҳаромга оид бўладими, тарғиб ва тарҳибга оид бўладими, фарқи йўқ, барчаси ҳаром саналади.
Баъзи тоифалар тарғиб (яхшиликка тарғиб қилиш, чорлаш) ва тарҳиб (ёмон амаллардан қўрқитиш) мақсадида ҳадис тўқишни жоиз санаганлар. Улар ҳадис тўқиш туфайли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динларига нуқсон етадиган бўлса, ҳадис тўқиш ҳаром ва агар нуқсон етмайдиган, балки фойда келтирадиган бўлса, жоиздир, деганлар. Бу борада уларнинг далили мана шу биз ўрганаётган ҳадиснинг ибораларига зиёдаси билан келган ҳадисдир. Яъни «Ким инсонларни адаштириш мақсадида менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса»(Имом Баззор Ибн Масъуддан ривоят қилган.) дейилган. Улар қайдини сабаб қилиб, агар одамларни адаштирадиган ҳолат бўлмаса, ҳадис тўқиш жоиз, дейдилар. Аммо жумҳур уламолар тарафидан бунга бир нечта жавоб берилган:
Биринчи жавоб: Ушбу ҳадиснинг саҳиҳ лафзларида мазкур зиёдалик собит бўлмаган. Ушбу зиёдалик собит бўлмагач, бу билан да-лилланиш ҳам тўғри бўлмайди.
Иккинчи жавоб: Агар ўша зиёдаликни бор деган тақдиримизда ҳам, даги «лом» ҳарфи иллат учун эмас, балки оқибат учун. Шунда ҳадиснинг маъноси «бунинг оқибатида одамларни адаштириш юзага келади» деган мазмунни англатади.
Савол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиган кимаса кофирга чиқариладими ёки чиқарилмайдими?
Жавоб: Агар бу ишни мубоҳ санаб қилса, ҳалол деб билгани учун кофир бўлади. Аммо бу ишни ҳаром деб билса, лекин шунга қарамасдан ҳадис тўқиса, у одам кофир бўлмаса-да, лекин катта фосиқ ва фожирга айланади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиган инсоннинг тавбаси қабул бўлиши бўлмаслигида иккита қавл бор:
Биринчи: Жумҳур уламоларнинг қавлига кўра, унинг тавбаси қабул бўлади. Чунки оятлар унинг гуноҳи кечирилишига далолат қилади.
Иккинчи: Баъзи уламолар у инсоннинг тавбаси қабул бўлмайди, дейишган. Эҳтимол, улар буни зажр учун, одамларни бу ишдан қайтариш учун айтишган бўлсалар керак.
Савол: Ҳадиснинг тўқима экани қаердан билинади?
Жавоб: Тўқима ҳадис мутавотир хабарга зид келади, соғлом ақл уни қабул қилмайди ва унда ҳадиснинг ёрқинлиги бўлмайди. Бундан ташқари ҳадиснинг тўқима ёки тўқима эмаслиги шу фан эгаларига маълум бўлади.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг
"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase