close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Намоз ҳақида ўйлаб кўришга беш сабаб

Турли хил югур-югурлар ва беҳуда ҳаракатлар ҳаётни қамраб олган бу ўткинчи дунёда энг ачинарли нарса – банданинг  Роббиси билан боғланишга вақт ажратмаслигидир. Яралишимиздан мақсад ибодат эканини кўпчилигимиз унутиб қўйганмиз. Биз ибодатнинг маъносини тор тушунадиган бўлиб қолдик.

Аслида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ, яхши ният ила қилинган ҳар қандай холис амал Исломда ибодат ҳисобланади. Бироқ, афсуслар бўлсинки, инсон бошига мусибат тушса ёки қандайдир ёмонликка дуч келсагина Аллоҳга дуо қиладиган, У Зотни эслайдиган бўлиб қолди. Тинчлик-омонлик ва сиҳат-саломатлик даврларида эса Парвардигорини унутиб қўяди. Кўпчилигимиз шундай табиатга эгамиз. Биз барча нарсанинг Парвардигорга боғлик эканини унутиб, моддий дунёда У яратган нарсалардан яхшилик излайдиган бщлиб қолдик. Қуйидаги мақолада нима учун намоз ўқишимиз лозимлиги ва бунинг натижасида нималарга эга бўлишимиз ҳақида сўз очамиз.

1. Намозларимиз туфайли гуноҳларимиз кечирилади.
Гуноҳнинг кечирилиши инсон ҳаётида муҳим нарсадир. Чунки гуноҳларимиз кечириладиган бўлса, дуоларимиз қабул бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар. «Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар». (Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар ривоят қилишган)
2. Намозни адо қилиш билан дунёда энг яхши амални қилган бўламиз.
Намоз Аллоҳ таолога тўғридан-тўғри дуо қилиб юзланиш воситаси эканини ким ҳам рад қила олади? Расули акрамдан: «Қайси амал афзал (Аллоҳга севимлироқ) деб сўрашганида: «Вақтида ўқилган намоз», деб жавоб берганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
3. Намоз инсонни муҳофаза қилади.
Намоз – бизнинг ҳимоямиздир. Намоз туфайли инсон ўзини бу дунё ва у дунёнинг бало ва офатларидан мухофаза қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг зиммасида (ҳимоясида) бўлади. Аллоҳ сизлардан ҳаргиз Ўз зиммасидан бирор нарсани талаб қилмайди. Чунки, У Зот кимдан Ўз зиммасидан бирор нарсани талаб қилса, топади. Кейин уни юзтубан қилиб жаҳаннам оловига улоқтиради” Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.
Қийин вақтларда Аллоҳ таоло бизни намозни адо қилишимизга чақиришини унутмаслигимиз керак: “(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз”. (Бақара сураси, 45 оят)
4. Намоз ўқисангиз фаришталар сиз учун истиғфор айтишади.
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси бирингиз намоз ўқисангиз, фаришталар сиз учун истиғфор айтиб турадилар, шундай экан (намоз вақтида масжидда) таҳоратингизни синдирмангиз! Фаришталар: «Бу кишининг гуноҳларини кечиргил, Илоҳо, бу кишига раҳм қилгил! — деб турадилар»,— деганлар». (Бухорий)
5. Қиёмат кунида банданинг энг биринчи сўраладиган амали– намозидир.
Қиёмат куни иймондан кейин энг биринчи сўраладиган амал намозидир. Агар намоз яхши бўлса, унинг ортидан закот, рўза, ҳаж каби бошқа амаллардан сўралади. Ва агар намоз мақбул бўлмаса, бошқа ҳеч қандай яхши амаллардан сўралмайди, гарчи закот берган, рўза тутган, ҳаж қилган бўлса ҳам.
Жаннат аҳли дўзах аҳлидан: «Сизларни дўзахга нима киритди?» деб сўраганларида, уларнинг биринчи айтадиган сўзлари ҳам «Бизлар намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик», (Муддассир; 42-43) деб жавоб бериш бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Қиёмат куни банда биринчи бўлиб Намозидан сўралади. Агар намози қабул бўлса, бошқа амаллари ҳам қабул бўлади”
Ҳа, намоз ўта муҳим ибодат бўлиб, у банда билан Роббиси ўртасидаги воситадир. Агар банданинг намози яхши бўлса, Аллоҳ билан унинг ўртаси яхши бўлади. Натижада Аллоҳ таоло у билан бошқа бандаларининг ўртасини ҳам яхши қилиб қўяди.
Юнус ибн Убайд айтади: “Банданинг икки хислати бор, агар улар ислоҳ бўлса, бошқа барча ишлари ислоҳ бўлади. Намози ва тили”.
 Инсон заифҳолдир. Шунинг учун баъзан айрим ношаръий ҳою-ҳавас ва истаклар олдида унинг иродаси ожизлик қилади ва натижада шайтон уни йўлдан оздиришга имкон топади. Шундай пайтда инсон Роббисига тавба қилишдан ва Унга қайтишдан умидсиз бўлиши керакми? Йўқ, албатта! Шундай пайтда инсон намозга таянсин. Чунки намоз унинг руҳиятини поклайди, азму-қарорини мустаҳкам қилади ва энг тўғри йўлга бошлайди. Мўмин киши намозда турганда ўзини бутун борлиқни тасарруф қилиб турувчи Зотнинг хузурида эканини, Унинг ҳар нарсага қодирлигини, ўзининг эса ожизлигини тан олиб, Унга ёлбориб дуо қилади. Роббисининг қудратига ишонади ва таянади. Шунинг учун Ҳамма изтиробга тушса, намозхон изтиробга тушмайди. Ҳамма ғазабга келганда, намозхон ризоликда бўлади. Ҳамма шак-шубҳада довдираб қолганда, намозхон иймону-ишонч билан умидли ва хотиржам туради. Ҳамма жазавага тушса, намозхон сабрда бўлади. Ҳамма машаққатни кўтаришдан ожиз қолганда, намозхон машаққатни кўтаришга қувват топа олади.
Сўзимни нобел мукофоти совриндори Алексис Каррельнинг "Инсон – бу тўлиқ ўрганилмаган шахс" номли китобидан иқтибос келтириб якунлайман: "Бугунги кунгача инсонни энг тетик қилувчи ва унга куч берувчи деб аниқланган нарса – намоздир. Ўзимнинг шифокорлик тажирбамда кўп касалларни кўрганман, уларга дориворлар натижа бермаганида, тиббиёт эса даволашдан ожиз қолиб, икки қўлини кўтарганида, уларнинг ҳаётига намоз кириб шифо топганига гувоҳ бўлганман".

Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase