“Рўза” арабчада “Савм” дейилиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқ, сақланмоқ маъноларини билдиради. Шариат истилоҳида эса, тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир.
Рамазон рўзасининг адоси тонг отгандан бошланиб, то қуёш ботгунча бўлган муддатнинг ярмидан аввал ният қилиш билан тўғри бўлади. Шаръий тонг - қуёш чиққандан эмас, тонг отгандан бошланиб, қуёш ботгунича давом этади.
Рамазон рўзасини нафл нияти билан ёки умуман рўза тутишни ният қилиш билан ёхуд бошқа вожиб рўза нияти билан ҳам адо этса бўлаверади. Мисол учун бир киши Рамазон куни нафл рўза тутишни ният қилса, ёки «рўза тутишни ният қилдим» деса, ёки «ўтган йилги қазони ёки каффорат учун тутишим лозим бўлган рўзани ёки назр қилган рўзамни тутишни ният қилдим”, деса ҳам, Рамазоннинг фарз рўзасини тутган бўлади. Чунки Рамазон ойи ўша ойнинг фарз рўзасини тутишга тайин қилинган ва ўша фарз рўзадан бошқа рўза бу ойнинг ичига сиғмайди.
Аммо Рамазон ойида сафарга чиққани ёки бемор бўлгани учун рўза тутмасликка рухсати бўлган одам, ўз ихтиёри билан бошқа вожиб рўзани тутишни ният қилса, ўша ният қилган рўзаси бўлади.
Худди Рамазон рўзаси каби нафл ва «ўқишга кириб олсам, ҳар душанба куни рўза тутиб бераман» каби вақти аниқ белгиланган назр рўзасини ҳам тонг отгандан бошлаб, то қуёш ботгунча бўлган муддатнинг ярмидан аввал ният қилиб тутиш мумкин. Фақат нафл ва вақти белгиланган назр рўзани бошқа вожиб рўза нияти билан тутиб бўлмайди. Қазо, каффорат ва «бирор кун рўза тутиб бераман» деган каби вақти белгиланмаган назр рўзалар учун тонг отишдан олдин ният қилиш шарт.
Рамазон ойидан олдинги Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни кечқурун қуёш ботаётганида Рамазон ҳилоли кўринмаса ва ҳаво булутли бўлса, ўттизинчи кун “шак куни”, яъни «гумонли кун» бўлади. Чунки ўша куннинг Шаъбоннинг ўттизинчи куними ёки Рамазоннинг биринчи куними экани шубҳали бўлади. Агар ҳаво очиқ бўлиб, ой кўринмаса, шак бўлмайди. Шак куни нафл рўза тутувчи кишининг одатда рўза тутадиган кунига тўғри келиб қолса, унинг рўза тутгани афзал. Шунингдек, муфтий ва қози каби илмли кишиларнинг ҳам шак куни рўзадор бўлганлари яхши. Аммо улардан бошқалар эса шак куни ўша кун Рамазоннинг биринчи куни экани аён бўлмаса, кундузнинг ярмидан кейин огизларини очадилар. Шак куни Рамазондан бошқа вожиб рўзани ният қилиш макруҳдир.
«Агар эртага Рамазон бўлса рўзадорман, бўлмаса, йўқ» деб ният қилса, тутган рўзаси тўғри бўлмайди. Чунки ният қатъи бўлиши шарт.
«Агар эртага Рамазон бўлса, Рамазон рўзасини ният қилдим. Агар эртага Шаъбон бўлса, нафлни ният қилдим» деб ният қилиш макруҳ бўлса-да, тутган рўзаси ниятига қараб бўлаверади. Рамазон кирганининг ёки чиққанининг аломати бўлган ҳилолни ёлғиз ўзи кўрган одам қозининг олди-га келиб, ойни кўргани ҳақида гувоҳлик берганда қози унинг гувоҳлигини баъзи сабабларга кўра қабул қилмаса, ҳалиги одам икки ҳолатда ҳам рўза тутади. Агар тутмаса, қазосини тутиб беради, лекин каффорат тўламайди, чун-ки вазият гумонли бўлгани учун каффорат соқит бўлади.
Булутли кунда адолатли(Мусулмон, балоғатга етган, ақлли ва тақводор инсон адолатли ҳисобланади.) бир кишининг, гарчи у қул ёки аёл киши бўлса ҳам, Рамазон ойини кўрганлиги ҳақидаги хабари қабул қилинади.
Ҳаво булутли бўлганида, адолатли икки эркак ёки бир эркак ва икки аёлнинг, Шаввол ҳилолини кўриш хабарини «Гувоҳлик бераман...» деб айтиши шарт. Шунда уларнинг хабари қабул қилинади.
Ҳаво очиқ бўлса, кўп кишиларнинг Рамазон ва Шаввол ҳилолларини кўриши бу ойларнинг бошланишига шарт қилинади.
Бир адолатли кишининг гувоҳлиги билан тутилган Рамазон рўзаси 30 кун тутилса ҳам, ҳаво очиқ бўлганида янги ой, яъни Шаввол ойи кўрилмаса, ҳайит қилинмайди. Аммо шу ҳолатда рўза икки адолатли кишининг гувоҳлиги билан тутилган бўлса, ҳайит қилинаверади.
Тушдан олдин ёки тушдан кейин кўрилган ой ўтган кечага эмас, кейинги кечага тегишлидир.
Қурбон ҳайити учун Зулҳижжа ҳилолини кўриш ҳукми Рамазон ҳайити учун Шаввол ҳилолини кўриш ҳукми кабидир.
Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан