close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

342-боб. Қабрларга юзланиб намоз ўқишдан қайтарилгани ҳақида

1756/1. Абу Марсад Канноз ибн Ҳусайндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қабрларга юзланиб намоз ўқишдан ва унинг устига ўтиришдан ман этдилар. Имом Муслим ривояти.

 

343-боб. Намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтишнинг ҳаромлиги тўғрисида

1757/1. Абу Жуҳайм Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Симмадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Намоз ўқиб турганнинг олдидан ўтувчи киши агар бу ишнинг ёмонлигини билганида эди, қирқ (кун ё ой ёки йил) намоз ўқувчининг олдидан ўтмасдан тўхтаб туриши яхши бўлар эди», дедилар. Ушбу ҳадис ровийи қирқ кунми ё қирқ ойми ёки қирқ йилми, аниқ билмадим, деб айтди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

345-боб. Жума кунининг кундузини рўзага ва кечасини намозга хослаб олишнинг кароҳияти тўғрисида

1759/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кечалардан жума кечасини таҳажжуд намозига, кундузлардан жума кунини рўзага хослаб олманглар. Лекин одатдаги рўзага тўғри келиб қолса, зарари йўқ», дедилар. Имом Муслим ривояти.

1760/2. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир киши жума кунининг ёлғиз ўзида рўза тутмасин. Лекин жумага пайшанбани ёки шанбани қўшиб тутса, зарари йўқ», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1761/3. Муҳаммад ибн Аббоддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Жобирдан розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жума кунининг ўзида рўза тутишдан ман қилганларми?» деб сўрасам, у зот: «Ҳа», деб жавоб қилдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1762/4. Уммул мўминин Жувайрия бинти Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жума куни бу онамиз ҳузурларига кирсалар, рўзадор эканлар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у кишидан: «Кеча рўза тутган эдингми?» деб сўрадилар. Жувайрия розияллоҳу анҳу: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эртага рўза тутишни хоҳлайсанми?» дедилар. Жувайрия розияллоҳу анҳу: «Йўқ», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, очиб юбор, яъни рўза тутмагин», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

344-боб. Муаззин фарзга иқомат (такбир) айтгандан кейин хоҳ нафл, хоҳ ўша намознинг суннати бўлсин, бошлаб юборишнинг кароҳияти ҳақида

1758/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намозга иқомат айтилса, фарздан бошқа намоз йўқдир», дедилар. Имом Муслим ривояти.

346-боб. Икки ёки ундан кўпроқ кун емасдан-ичмасдан рўза тутишнинг ҳаромлиги ҳақида

1763/1. Абу Ҳурайра ва Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (икки ёки ундан кўпроқ кун) оғиз очмай рўза тутишдан ман этдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1764/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (икки ёки ундан кўпроқ кун) оғиз очмай рўза тутишдан ман этганларида, саҳобалар: «Ўзингиз шундай қиласиз-ку», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизлар каби эмасман. Чунки мен (Раббим томонидан) таом ва ичимлик ила сийланаман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу ҳадис лафзи эса Имом Бухорийники.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase