350-боб. Шаръий жазоларда ўртага тушиб шафеъ бўлишнинг ҳаромлиги ҳақида
- Душанба, Окт 24 2022
- 14555 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Зинокор аёл ва зинокор эркак – улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар. Агар сизлар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиргувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни, зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин» (Нур сураси, 2-оят), деб айтган.
1769/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Махзумия қабиласидаги бир аёлнинг ўғирлик қилгани қурайшликларни ғамга солиб қўйди. Шунда улар: «Ким Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан (у аёл жазосининг ижро этилмаслиги ҳақида) гаплашади?» дейишганида, баъзилари: «Усома ибн Зайд бориб гаплашади. Чунки уни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрадилар», дейишди. Бас, Усома розияллоҳу анҳу шафеълик қилиб, бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашганларида, у зот соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ҳадларидан бўлган бир ҳадда, яъни жазосида шафеълик қиласанми?» дедилар-да, ўринларидан туриб қуйидагича хутба айтдилар: «Сизлардан олдинги умматларнинг ҳалок бўлишларига сабаб ораларида улуғ бир киши ўғирлик қилиб қўйса, жазони тарк қилишар, заиф, оддий одам ўғирлик қилса, ҳад (жазо)ни ижро этишар эди. Аллоҳ номига қасамки, Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғирлик қилса, унинг қўлини кесар эдим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни эшитганларида ғазаблари келганидан юзлари ўзгариб кетди. Ва: «(Эй Усома), сен Аллоҳнинг жазосида ўртага тушиб шафеълик қилмоқчимисан?» деганларида, Усома розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, менинг гуноҳимга истиғфор айтинг», дедилар. Кейин бу хотинга ҳукм ижро этишни буюрдилар ва унинг қўли (ўғирлик қилгани учун) кесилди.