close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

345-боб. Жума кунининг кундузини рўзага ва кечасини намозга хослаб олишнинг кароҳияти тўғрисида

1759/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кечалардан жума кечасини таҳажжуд намозига, кундузлардан жума кунини рўзага хослаб олманглар. Лекин одатдаги рўзага тўғри келиб қолса, зарари йўқ», дедилар. Имом Муслим ривояти.

1760/2. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир киши жума кунининг ёлғиз ўзида рўза тутмасин. Лекин жумага пайшанбани ёки шанбани қўшиб тутса, зарари йўқ», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1761/3. Муҳаммад ибн Аббоддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Жобирдан розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жума кунининг ўзида рўза тутишдан ман қилганларми?» деб сўрасам, у зот: «Ҳа», деб жавоб қилдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1762/4. Уммул мўминин Жувайрия бинти Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жума куни бу онамиз ҳузурларига кирсалар, рўзадор эканлар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у кишидан: «Кеча рўза тутган эдингми?» деб сўрадилар. Жувайрия розияллоҳу анҳу: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эртага рўза тутишни хоҳлайсанми?» дедилар. Жувайрия розияллоҳу анҳу: «Йўқ», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, очиб юбор, яъни рўза тутмагин», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase