319-боб. Аллоҳ номи ила жаннатдан бошқани тилашнинг ҳамда Аллоҳ номини айтиб сўраган кишига бермасликнинг кароҳияти ҳақида
- Душанба, Окт 24 2022
- 15154 марта кўрилди
1721/1. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ зоти ила жаннатдан бошқа нарса сўралмайди», дедилар. Абу Довуд ривояти.
Фойда: дунё матоларини Аллоҳ зоти ила сўраб тавассул қилишнинг кароҳияти бор.
1722/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳни восита қилиб сизлардан паноҳ тиласа, унга паноҳ бериб ҳимоя қилинглар. Ким Аллоҳни восита қилиб бирор нарса сўраса, ўша сўраган нарсасини беринглар. Ким таом тайёрлаб чақирса, унга боринглар. Бирор киши яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Агар мукофотлайдиган нарса топа олмасангиз, унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг. Шундай мукофотлангларки, унинг асоратини (юзида) кўринглар, яъни хурсанд бўлсин», деб айтдилар. Абу Довуд ва Насаий ривоятлари.