317-боб. Лағв қасамга каффорат йўқлиги ҳақида
- Душанба, Окт 24 2022
- 144 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам туккан қасам сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш ёхуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу – қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз» (Моида сураси, 89-оят), деб айтган.
1718/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди», деб айтилган оят ҳар бир сўзида «Валлоҳи, бундай» ёки «Валлоҳи, бундай эмас», деб бўлар-бўлмасга қасам ичувчи киши ҳақида нозил бўлган, деб айтдилар бу онамиз. Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: лағв – шофеъий мазҳабида қасамни ният қилмай, тилга ўзича келиб қолган лафз. Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда эса лағв – бирор нарса шундай, деб гумон қилиб (қасам) ичилади-да, лекин ҳаққиқат унинг акси бўлиб чиққандаги қасам тушунилади.
Қасам уч турли бўлади: 1. Ёлғон қасам. 2. Лағв қасам. 3. Мунъақида (боғланган), яъни бирор нарсани бажаришга ёки бажармасликка қасд қилиб ичилган қасам. Буларнинг аввалгиси – ёлғон қасам кабира (улкан) гуноҳ экани ҳақида юқорида ҳадислар ўтди. Иккинчиси – лағв қасам гуноҳ ҳам эмас, каффорот ҳам лозим бўлмайди. Учинчиси – мунъақид қасамида эса агар уни бузса, каффорат лозим. Каффорат уч нарсанинг бирини бажариш билан бўлади: ўнта мискинни овқатлантириш ёки кийинтириш ё қул озод этиш. Бу учтасидан бири ихтиёр қилинади. Агар бу учтадан бирортасига қодир бўлмаса, уч кун рўза тутади. Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда ана шу рўзанинг ораси узилмай пайдар-пай тутиш шарт қилинган.