316-боб. Бирор нарсага қасам ичилса-да, кейин ундан яхшироқ нарса кўриб қолса, у ҳолда қасамини бузиб, каффоратини бериши, ўша яхши деб билган ишини бажаравериши марғуб экани ҳақида
- Душанба, Окт 24 2022
- 14566 марта кўрилди
1714/1. Абдураҳмон ибн Самурадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Агар бирор нарсага қасам ичсанг-да, кейин унинг акси яхши эканини билиб қолсанг, ўша яхши деб билганингга амал қилавергин-да, қасамингни бузганинг учун каффорат тўлаб қўй», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1715/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор нарсага қасам ичса-да, кейин ундан бошқаси яхши эканини билиб қолса, қасамига каффорат тўласин-да, ўша яхши деб билганига амал қилаверсин», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1716/3. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ номига қасам, мен бирор нарсага қасам ичмайман. Борди-ю, қасам ичсам, кейин ундан яхшироғини кўриб қолсам, ўша ичган қасамимни бузганим учун каффорат бераман-да, ўша яхши деб билганимга амал қилавераман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1717/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз аҳли аёли хусусида бирор нарсага қасам ичиб қўйиб, шу қасамига (агар у зарарли бўлса ҳам) амал қилса, яъни қасамини бузмаса, Аллоҳнинг ҳузурида қасамини бузиб, Аллоҳ фарз қилган каффорат (жарима)ни берувчи кишидан ҳам гуноҳкорроқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.