close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

302-боб. Ўлган кишига дод-вой солиб йиғлаш, юзини тирнаб, ёқаларини йиртиш, сочларини юлиб олишдан ҳамда ҳалокат ва дўзах сўраб дуо этишдан қайтарилгани ҳақида

1656/1. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликка йиғланса, ўша сабабдан унга азоб берилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда «Йиғлагани муддатича азоб берилади» бўлиб келган.

1657/2. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким юзига уриб, ёқаларини йиртиб, жоҳилият даъволари билан дод-вой қилса, биздан эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1658/3. Абу Бурдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абу Мусони розияллоҳу анҳу қаттиқ оғриқ тутиб ҳушларидан кетиб қолдилар. Ўша пайтда у зотнинг бошлари хотинларининг тиззаларида эди. Хотинлари у зотдаги бу ҳолатни кўриб бақир-чақир қилиб юборди. Абу Мусо эса уларни бундай қилиб дод-вой қилишдан ман этишга қурбилари етмади. Қачонки, ҳушларига келганларида: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дахлсиз бўлган амалдан йироқдирман. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўлган кишини турли сифатларини айтиб вой-додлаб йиғловчидан, сочларини юлувчидан ва кийимларини йиртувчидан ўзларини узоқ тутганлар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1659/4. Муғийра ибн Шўъбадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким вафот этса, унга овоз чиқариб йиғланса, қиёмат куни йиғлангани сабабидан азобланади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1660/5. Умму Атиййадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам биздан ўлганларга дод-войлаб йиғламаслик ҳақида ҳам байъат олдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1661/6. Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу ҳушларидан кетиб қолганларида, сингиллари «Вой тоғим, вой ундоғим, вой бундоғим», деб турли нарсаларни айтиб додлаб йиғлади. Қачонки, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳушларига келиб, сингилларига «Нимани айтиб йиғлаган бўлсанг, менга «Ҳақиқатда шундаймидинг?» деб фаришталар томонидан дашном бериларди», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

1662/7. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъудлар билан бирга Саъд ибн Убодани кўргани кирдилар. Қачонки, кирганларида уни беҳуш ҳолатда кўриб: «Вафот этдими?» деб сўрадилар. Оила аъзолари: «Йўқ, эй Аллоҳнинг расули», дейишди. Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга қараб туриб йиғлаб юбордилар. Расулуллоҳ йиғлаганларини кўриб қавмдагилар ҳам йиғлашди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эшитмадингларми, Аллоҳ кўз ёшига ва қалбнинг хафалигига азобламайди. Лекин мана бунга азоблайди ёки раҳм қилади», дедилар тилларини кўрсатиб. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1663/8. Абу Молик Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларга дод-вой солиб йиғловчи аёл агар бу дунёда тавба қилиб олмаса, қиёмат куни оловни алангалатувчи қора суюқ моддадан кўйлак ва қўтирдан бошқа кийим-кечаклар кийгизилиб тик қилиб қўйилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

1664/9. Тобеъин Усайд ибн Усайддан ривоят қилинади. Байъат қилган хотинлардан бири: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам биздан осийлик қилмасликка, дод-вой солмасликка, ёқаларни йиртмасликка ва сочларни тўзғитиб юбормасликка байъат олдилар», деб айтди. Абу Довуд ҳасан иснод ила ривоят қилганлар.

1665/10. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор одам вафот этса-ю, унинг атрофидагилар «вой (ишонган) тоғим», «вой хожам» ёки шунга ўхшаш нарсаларни айтиб йиғласа, икки вакил қилинган фаришта: «Ҳақиқатда шундаймисан?» деб вафот қилган кишининг кўкрагига уришади», дедилар. Имом Термизий ривояти.

1666/11. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларда икки хислат борки, улар ана шу икки хислат билан куфрдадирлар: насабини ҳақорат қилиш ва маййитга баланд овоз билан йиғлаш», дедилар. Имом Муслим ривояти.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase