Савол: Кўпинча ёши катта одамлар дастурхон атрофида дуо қилатуриб: “Еган-ичганларимизнинг савобини шу ердан ўтганларга бахшида этдик”, деб айтишади. Шунингдек, бир кишининг бошига оғир иш тушганида: “Худо унинг раҳмини есин” (Худонинг унга раҳми келсин, деган маънода бўлса керак), дейишади. Мана шунақа гапларни айтишда гуноҳ йўқми? “Ота-боболаримизнинг руҳи қўлласин” деган ибора ҳам кўп ишлатилади. Шу ҳақда динимизда нима дейилган?
Жавоб (Муфтий Усмонхон Алимов): Мусулмон кишининг ҳар бир ишида савоб бор. Емоқ, ичмоқ ҳам шулар жумласидандир. Чунки ўша ейилган таомни ҳалол йўлдан топиш учун қилинган ҳаракат, ундан яшаш ва ибодат қилиш учун куч олиш савоб. Модомики, инсон савоб иш қилган экан, унинг ажри ўз номаи аъмолига ёзилишини сўраши ёки ўша савобни кимгадир бағишлаши мумкин.
«Худо раҳмини есин» дегани Аллоҳ раҳм қилсин, маъносидадир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг: «Сен ердагиларга раҳм қилсанг, Аллоҳ сенга раҳм қилади», мазмунидаги ҳадисларига мувофиқ юқоридаги сўзларни айтиш гуноҳ эмас.
«Ўтганлар руҳи қўлласин» дейиш ёки марҳумлардан мадад сўраш жоиз эмас. Биринчидан, Аллоҳдан бошқадан ёрдам сўраш ширк ҳисобланади. Иккинчидан, марҳумлар бировга фойда етказиш ёки ёрдам беришга қодир эмаслар, балки кўплари тирикларнинг дуосига муҳтождирлар. Уламолар айтадилар: «Агар ўлганнинг қўлидан бировга манфаат етказиш келганида, энг олдин ўзига ёрдам берган бўларди».