close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Вақф китоби

«Вақф» нарсани вақф қилувчининг мулкида ушлаб туриб, фойдани ория каби садақа қилмоқдир. Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг наздида, Аллоҳ таолонинг мулкида ушлаб туришдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида, ҳоким ҳукм чиқармагунича ёки йўли ила бошқалардан ажраб турадиган масжид бўлмагунча ёхуд одамларга унда намоз ўқишга рухсат бўлиб, битта бўлса ҳам намозхон намоз ўқимагунича мулк эгасининг мулки зоил бўлмайди.

«Вақф» нарсани вақф қилувчининг мулкида ушлаб туриб, фойдани ория каби садақа қилмоқдир. Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг наздида, Аллоҳ таолонинг мулкида ушлаб туришдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида, ҳоким ҳукм чиқармагунича ёки йўли ила бошқалардан ажраб турадиган масжид бўлмагунча ёхуд одамларга унда намоз ўқишга рухсат бўлиб, битта бўлса ҳам намозхон намоз ўқимагунича мулк эгасининг мулки зоил бўлмайди.
Муҳаммаднинг наздида, мутаваллига топшириш ва унинг қабул қилиб олиши шартдир.
Абу Юсуфнинг наздида, гапнинг ўзи билан зоил бўлади. У кишининг наздида, шериклик нарсани вақф қилиш ва унинг фойдасини ҳамда мутаваллилигини ўзига хос қилиш ҳамда агар хоҳласа, уни бошқа ерга алмаштириш мумкинлигини шарт қилиш тўғри бўлади. Вақфнинг доимий ҳақдорини зикр қилмаслик ҳам мумкин. Ҳақдорлар тугаб қолса, фақийрларга сарф қилинади. Муҳаммаднинг наздида, мусҳафга ўхшаш кўчар мулк ва таомилдаги нарсаларни вақф қилиш мумкин ва фатво шунга берилган.
Вақфни мулк қилиб берилмайди ва мулк қилиб олинмайди. Лекин Абу Юсуфнинг наздида, шерикликни тақсимласа, бўлади. Агар вақфни фақийрлар учун қилинган бўлса, унинг фойдасини аввал ўзини обод қилишга сарфлашдан бошланади. Агар уни тайинли шахс учун ва охири фақийрлар учун қилган бўлса, обод қилиш ўша шахснинг молидан бўлади.
Агар у бош тортса ёки камбағал бўлса, ҳоким вақфни ижарага қўяди ва тушган фойдадан обод қилади. Сўнгра аталган тарафга сарф қилади.
Вақф биносининг қолдиқлари ўзини обод қилишга ишлатилади ёки керак бўлганда ишлатиш учун олиб қўйилади. Уни вақфнинг ўзига ишлатишнинг иложи бўлмаса, сотиб, қийматини ишлатилади. Ҳақдорларга тақсимлаб берилмайди.
«Вақф» сўзи луғатда «тутиб туриш» маъносини англатади.
Шариатда эса, бир молнинг аслини ушлаб туриб фойдасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун сарфлашга айтилади.
Вақф қилиш орқали бир нарсадан келадиган фойдани вақфдан фойдаланувчилар учун абадийлаштирилади. Мазкур нарсанинг ўзи ушлаб турилади, ундан келадиган фойда эса бардавом бўлиб туради.
Вақф икки хил бўлади:
1. Аҳлий вақф.
Унда вақф қилувчи, ўзи вақф қилган нарсадан ўзининг аҳли, қариндошлари фойда олишларини шарт қилади.
2. Хайрий вақф.
Унда вақф қилувчи кўпчилик фойдаланишини шарт қилиб қўяди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон одам боласи вафот этса, унинг амаллари кесилади. Фақат уч нарсадан: садақаи жориядан, манфаатланадиган илмдан ва унинг ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», – дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Бу ердаги вақфга тегишли сўзлар «садақаи жория»дир.
«Жорий садақа» «давомли садақа» дегани бўлиб, асосан, вақфдан иборат бўлади. Мусулмон киши кўпчилик фойда оладиган бир иш қилиб кетган бўлади, ана шундан кишилар фойда олиб турсалар, ўлганидан кейин ҳам унинг эгасига савоб етиб туради.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар Ислом таълимотларини яхши тушуниб, уларга яхши амал қилган пайтларида, бардавом савобдан умидвор бўлиб кўплаб вақфлар қилганлар.
Бева-бечора, фақийр камбағаллар учун турли нарсаларни вақф қилганлар.
Ернинг вақфи
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Толҳа Мадийнада ансорийларнинг энг моли кўпи эди. Унинг молларининг энг маҳбуби «Байруҳоо» эди. У масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кирар ва ундаги яхши сувдан ичар эдилар. «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганда Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Аллоҳ таоло Ўз китобида: «Ўзингиз муҳаббат қилган нарсадан нафақа қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз» демоқда, менинг учун молларимнинг энг маҳбуби «Байруҳоо»дир. У Аллоҳ учун садақа бўлсин! Аллоҳнинг ҳузурида унинг яхшилигини ва (савоб) захийрасини умид қилурман. Эй, Аллоҳнинг Расули, уни нимага хоҳласангиз, шунга қилинг!» – деди.
«Жуда яхши. Бу фойда келтирувчи молдир! Бу фойда келтирувчи молдир! Унинг ҳақида айтган нарсангни эшитдим. Менга қолса, уни қариндошларингга қил», – дедилар у зот.
Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакиваччаларига тақсим қилди».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ривоят аҳлий вақфга мисолдир.
«Байруҳоо» Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг боғларининг номидир.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Абу Толҳа розияллоҳу анҳу мазкур боғни Ҳассон ибн Собит, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу каби камбағал қариндошларига вақф қилган эканлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар Хайбардан ерга эга бўлди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у ҳақда маслаҳатга келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен Хайбардан ерга эга бўлдим. Мен ҳеч қачон ундан нафисроқ молга эга бўлмаганман. Уни нима қилишга амр қиласиз?» – деди.
«Агар хоҳласанг, аслини тутиб қолиб, (фойдасини) садақа қиласан», – дедилар узот.
Бас, Умар унинг асли сотилмаслиги, сотиб олинмаслиги, мерос қилинмаслиги ва ҳадя қилинмаслиги шарти билан садақа қилди. Умар уни фақийрларга, қариндошларга, қулларга, Аллоҳнинг йўлига, ибн сабийлга, меҳмонга садақа қилди. Унга ким валий (нозир) бўлса, маъруф йўли билан ундан еса ёки дўстига егизса, гуноҳ эмас. Уни ўзига мулк қилиб олмаса бўлди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Муаъйқиб ёзди, Абдуллоҳ ибн Арқам гувоҳ бўлди:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу, Аллоҳнинг бандаси Умар, амирул мўмининнинг васият қилган нарсасидир. Агар унга бир нарса бўлса, Самғ, Сорма ибн Акваъ ва ундаги қул, ҳамда Хайбардаги юз улуш ундаги рафиқи ила ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом учун берган водийдаги юз(васақ)ларга Ҳафса умрининг охиригача қарайди. Сўнгра унинг аҳлидан фикр эгаси бўлгани қарайди. Сотилмайди, сотиб олинмайди, ўз билганича соилга, маҳрумга, қариндошларга нафақа қилади. Унга васий (нозир) бўлгани учун, агар ўзи еса, бировга егизса ёки қул сотиб олса, танглик йўқ».
Абу Довуд ривоят қилган.
Аввалги ривоятда зикри келган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатлари билан вақф қилинган ер худди шу ер. Ўша пайтда вақф қилинган бўлса ҳам кейин ҳужжатга киритилган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Сотилмайди ёки сотиб олинмайди, деганидан бу ишлар лозим бўлиб қолмайди. Сотса ёки сотиб олса, бўлаверади», деганлар.
Уламолар, Имом Абу Ҳанифанинг бу фатволарини «вақф қилувчининг изни ила вақфни бир шаклдан иккинчи ҳолатга ўтказиш учун сотиш ҳақидаги гап» деганлар.
Саҳобаи киромлардан Усмон, Абу Толҳа, Саъд, Абу Бакр, Али, Зубайр, Саъийд, Анас, Ҳакийм ибн Хизом, Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум ва бошқалар вақф қилганлари ҳақида ривоятлар бор.
Мусулмонлар Ислом таълимотларига амал қилган пайтларида Ислом оламининг турли нуқталарида, бева-бечора, мискин-камбағал, йўловчи, толиби илм, ҳожи, қариндош-уруғ ва бошқалар фойдасига қилинган вақфлар жуда ҳам кўп бўлган. Мазкур соҳаларга доимий равишда даромад манбаъи ўша вақфлар бўлган. Ҳаттоки, адашиб қолган, соғлиги йўқолган ҳайвонлар, ит-мушукларга аталган вақфлар ҳам бўлган. Шунинг учун, мазкур тоифаларга қарашли молиявий муаммолар доимий равишда муваффақият билан ҳал қилиб келинган.
Энди «Мухтасари Виқоя»да келган маъноларни ўрганишга киришайлик.
«Вақф» нарсани вақф қилувчининг мулкида ушлаб туриб, фойдани ория каби садақа қилмоқдир.
Бу таъриф Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига оиддир.
Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг наздида, Аллоҳ таолонинг мулкида ушлаб туришдир.
Ҳанафий мазҳабида кейинги қавлга фатво берилган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида, ҳоким ҳукм чиқармагунича ёки йўли ила бошқалардан ажраб турадиган масжид бўлмагунча ёхуд одамларга унда намоз ўқишга рухсат бўлиб, битта бўлса ҳам намозхон намоз ўқимагунича мулк эгасининг мулки зоил бўлмайди.
Муҳаммаднинг наздида, мутаваллига топшириш ва унинг қабул қилиб олиши шартдир.
Абу Юсуфнинг наздида, гапнинг ўзи билан зоил бўлади. У кишининг наздида, шериклик нарсани вақф қилиш ва унинг фойдасини ҳамда мутаваллилигини ўзига хос қилиш ҳамда агар хоҳласа, уни бошқа ерга алмаштириш мумкинлигини шарт қилиш тўғри бўлади.
Яъни, вақф қилувчининг ўзи ўзининг вақфига мутавалли бўлиши ва фойдасини олиши ҳамда «Қачон истасам, бу вақфнинг ўрнига бошқа ер бераман» деган шарт қўйиши мумкин.
Вақфнинг доимий ҳақдорини зикр қилмаслик ҳам мумкин. Ҳақдорлар тугаб қолса, фақийрларга сарф қилинади.
Муҳаммаднинг наздида, мусҳафга ўхшаш кўчар мулк ва таомилдаги нарсаларни вақф қилиш мумкин ва фатво шунга берилган.
Илм китобларини болта, теша, арра, қозонга ўхшаш нарсаларни вақф қилиш мумкин.
Вақфни мулк қилиб берилмайди ва мулк қилиб олинмайди. Лекин Абу Юсуфнинг наздида, шерикликни тақсимласа, бўлади.
Агар вақфни фақийрлар учун қилинган бўлса, унинг фойдасини аввал ўзини обод қилишга сарфлашдан бошланади. Агар уни тайинли шахс учун ва охири фақийрлар учун қилган бўлса, обод қилиш ўша шахснинг молидан бўлади.
Агар у бош тортса ёки камбағал бўлса, ҳоким вақфни ижарага қўяди ва тушган фойдадан обод қилади. Сўнгра аталган тарафга сарф қилади.
Вақф биносининг қолдиқлари ўзини обод қилишга ишлатилади ёки керак бўлганда ишлатиш учун олиб қўйилади. Уни вақфнинг ўзига ишлатишнинг иложи бўмаса, сотиб қийматини ишлатилади. Ҳақдорларга тақсимлаб берилмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
"Кифоя"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase