Шуларнинг бирини ҳукмларингизга ҳавола қиламиз. Албатта, қуйидаги мақоланинг баъзи жойларида муаллифлар билан қўшилиб бўлмайди. Шундай бўлсада, мақолада қизиқ ва эътиборга лойиқ баъзи жойлари бўлгани учун таржима қилинди. Ўқиб кўринг, фикр мулоҳазалар бўлса, мақола қуйида, фикр билдириш жойида фикр мулоҳазаларингизни қолдиринг, хатолари бўлса, уларни кўрсатинг...
Қачонлардир одамлар “таъминланмаган пул” нима эканини билишмаган. Қўпол қилиб айтганда халқ моддий нарсаларни ишлаб чиқарар, беклар улардан солиқ олишар, қирол эса ўз навбатида булардан улуш олар эди. Кейин эса қирол ва унинг аёнлари харажат қилар, яъни хизмат ва товарлар тўлови бўлган олтин ва кумуш фуқаролар ҳамёнига қайтар эди.
Қиролнинг иштаҳаси очилиб, умумий бойликда унинг улуши ҳаддан зиёд кўпайиб кетганида, одамлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун бирлашар ва шу тариқа демократик мухолифат пайдо бўлар эди. 1215 йилнинг Буюк Ҳуррият хартияси шу тарзда имзоланган эди. Кейинроқ Бастилия ишғол қилинган эди. Шу тарзда қироллар қувилар ёки уларнинг қудрати парламент билан чекланар эди. Вақт ўтиши билан ёш демократик ҳукуматлар халқнинг бир қисми бўлиш ва халқ манфаатларига хизмат қилиш ўрнига ўз табиатини ўзгартириб олар эди. Аста-секинлик билан улар бир вақтлар қирол бажарган вазифаларни бирма-бир эгаллаб, ҳокимиятни қўлга оларди (узурпация).
Охирги тақрийбан 200 йил мобайнида бир тарафдан фуқаролар, бошқа тарафдан эса қирол ёки янги демократик ҳукумат ўртасидаги муносабатлар ўзаро тартибга солиниб келинди. Демократик муҳитда сайловлар механизми воситасида муносабатларни тартибга солиш жараёни силлиқ кечар эди. Олтин ва кумушнинг кўп қисми халқнинг қўлида, озроқ қисми эса давлат ва фуқаролар ўртасида айланар эди.
Бу “табиий тадбиркорлик”нинг олтин асри саноат инқилоби, буюк кашфиётлар, ижод ва бошқа янги-янги уфқларни очиш даври эди. Фойда кўришни мақсад қилган корхоналар ривожланаётган эди. Солиқ эса ўртача, эви билан эди. Ўсиш ҳам табиий эди. Ҳукуматлар ҳам камтар. Банкир эса керак эмас эди... бироқ у орқа эшикдан кириб, юз йил ичида бутун дунёни ишғол қилиб ташлади.
Ҳар қандай цивилизациянинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва ҳалок бўлиш жараёни ҳамиша олтин ва кумуш шаклидаги бойликларнинг халқдан ҳукмрон гуруҳларга оқиб ўтишида акс этади. Ҳокимият ҳам бойлик билан бирга оқиб ўтади. Ғарб цивилизациясининг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилар эканмиз, олтину кумуш кимга тегишли эканини аниқлашимиз керак бўлади. Ким уларга эгалик қиларса ҳақиқий ҳукмдор ўша бўлади. Шу билан бирга, ҳақиқий ҳокимият халқ тарафидан сайланган ҳукуматларга тегишли эмаслигини ҳам кўрамиз. Зеро ҳақиқий ҳокимият банкирлар кўлига ўтиб кетди.
Даставвал банкир сарроф, даллол, васий ва тўловчи агент эди. Сўнг, у черковнинг ишлатилмай ётган катта бойлигини кўриб, уни қарз бериб ундан катта фойда кўриш мумкинлигини тушуниб етди ва очкўз Румни фоиз (рибо) олиб бойлик орттиришга қизиқтирди. Шундай қилиб 14 асрда Рим папаси рибога бўлган таҳқиқни бекор қилади ва қарз учун фоиз олишга, яъни судхўрликка йўл очиб беради. Шундан бери банкир молиячига айланди.
Судхўрлик одатий нарсага айланганидан сўнг давлат кетма-кет ён босишлари оқибатида банкир ўз фаолиятини янада кенгайтиришга муваффақ бўлди. Банкир учун ўта омадли бўлган, аммо халқ учун қора бўлган бир кун, Банкир ўзининг кредит портфелини банкнинг устав капиталидан кўп маротаба каттароқ бўлган ҳажмгача ошириш рухсатини қонуний қилиб олади. Оқибатда Банкир қўлидаги капиталининг имкониятлари дарҳол ошиб кетади. Баъзи ҳолатларда эса тикилган маблағ қийматидан йигирма каррагача ўсиб кетади (аниқ коэффициент маҳаллий қонуншуносларга боғлиқ бўлган). Бу бошқа тижорат турларига қараганда банк фаолиятига кўп карралик устунликни келтириб чиқарди ва банкирнинг ривожланиши, тижорат, бизнес ва саноатнинг асосий қисмини назорат қилиш учун қулай замин яратди.
Капитални “бўриттириб” кўрсатиш банкирга пулни ҳаводан ясаш имкониятини қонунлаштириб берди. Пулни “ҳаводан ясаш” ва уни фоиз эвазига қарз қилиб бериш банкирнинг асосий иши бўлиб қолди. Бу эса унинг ривожланиши ва бутун дунёни сотиб олишга имкон берди.
Банкир нафратланадиган яна бир нарса – рақобат қолди. Бунинг учун Банкир ҳукуматдан баъзи қўшимча имтиёзлар олишга мажбур бўлди. Буларнинг бири “банклар банки” ҳисобланган Марказий ёки Резерв банкларнинг жорий қилиниши бўлди. Амалда эса улар хусусий назоратда эди. Марказий банкка берилган яна бир имтиёзлардан бири фақат унгагина берилган, мамлакатнинг қоғоз пулини чиқариш рухсати (лицензияси) бўлди.
Дунёдаги мавжуд деярли барча марказий (резерв) банклар давлат ихтиёрида бўлмай, балки хусусий шахслар назоратидадир. Уларнинг хусусий бўлиши мамлакат манфаати учун эмас, балки банкир манфаатига хизмат қилаётгани ўз-ўзидан аён.
Қонун бўйича, пуллар олтин ёки кумуш билан 100 фоиз таъминланган вақтларда Банкир қарз бераётганида мижозлари қўйган депозитлар билангина чекланар эди. Албатта, пул қўйганлар кутилмаганда ўз омонатларини қайта талаб қилишларига ҳам жавобан ақл доирасида баъзи чоралар бор эди. Ўшанда бир танга бошқа бир танга қийматига тенг эди. Бундан ортиқ қарз берадиган нарса йўқ эди. Бироқ, муомалага қоғоз пул киритилиши билан ҳолат бутунлай ўзгариб кетди.
Аввалида қоғоз пул қиймати заҳирада (хазинада) турган қимматбаҳо металл қийматига тенг эди. Бошқача айтганда, айланмадаги пул ҳажми 100 фоиз таъминланган эди. Бироқ, бу ҳолат узоққа чўзилмади. Банкир давлатни бунга энди эҳтиёж йўқ, дея ишонтира олди. Ўша вақтлар давлатнинг пули тугаб тургани эҳтимолидан бу таклиф унга мақул келди. Халқ камдан-кам ҳолатда ўзининг қимматбаҳо металларини қандайдир қоғоз мажбуриятларига алмаштирар эди. Нима бўлганда ҳам, ўшанда “қоғозлар” хазинадаги олтин заҳираларидан анча кўп эканини аниқлаш осон бўлмаган. Шундан бери қимматбаҳо металлар саҳнадан йўқола бошлади.
1896 йили айланмада бўлган АҚШ долларининг қимматбаҳо метал билан қувватланиши умумий миқдорга нисбатан 4 фоизни ташкил қилди. Бугун эса бу қоғоз пуллар ҳеч ҳам қувватланмаган. Ҳозирда марказий банкларнинг олтин заҳиралари муомалада юрган пулларга ҳеч қандай алоқаси йўқдай. Улар фақат хорижий қарзларни (заёмларни) ёпиш ёки пул бозорига интервенция қилиш орқали пулни стабиллаштиришни ўзига мақсад қилиб қўйган. Айтмоқчи, эълон қилинаётган олтин заҳираси ҳақидаги маълумотларга ҳам ишониб бўлмайди. Банкир ўз бизнесининг ривожланишини ва кенгайишини истайди. У қанча кўп пул турларини (доллар, евро, йен) назорат қилар экан, унинг фаолияти шунчалик кенг бўлади. У қанчалик кредит кўп берар экан, унинг фойдаси кўп ва ҳукумронлиги кучли бўлади.
Мунтазам равишда судхўрликдан келаётган фойда банкир учун ёғ суртилган нон демакдир. Аслида банкир қарзларни қайтариб олишни истамайди, чунки у қарздорнинг қонини охиригача ичишни хоҳлайди.
Қарз – бу салбий пулдир, салбий пул эса салбий табиятли одамларни келтириб чиқаради. Яъни, Банкир жамият учун мурувват кўрсатувчи бўлмади, аксинча у унинг қонини сўрувчи паразитга (текинхўр, ҳаромтомоққа) айланди. Одатда шаклланган фикрнинг акси ўлароқ, жамият банкирга ҳеч ҳам муҳтож эмас.
Банк фаолияти ҳамма жойни пайпаслаб, кундалик ҳаётга ҳам бурнини тиқиб олди, саратон шиши каби кутилмаган жойлардан ўсиб чиқа бошлади. Ҳаммаси давлатнинг ўз даромадидан кўра ортиқ сарф харажат қилишга маҳлиё бўлишидан бошланди. Бу эса ҳукуматни бюджет дефецитини ёпиш учун солиқларни оширишига, давлат қарзининг (заёми) ўсишига ва муомалада бўлган пулларни янада кўпайтиришга мужбур қилди. Бу чораларнинг барчасидан Банкир катта фойда олди. Ўз навбатида солиқлар билан эзилган фуқаро ва фирмалар яна ва яна янги-янги кредитларни олишга мажбур бўлишди. Эркин тадбиркорлик ўзининг фойдаси билан ҳам ўзини-ўзи молиялаштира олмай қолди. Фуқаролар, бизнес ва ҳукумат банкларга қарам бўлиб қолди.
Банкирнинг алоҳида меҳр-муҳаббат қўйган соҳаси ҳарбий саноат эди. Зеро уруш миллий бойликларни тез сарф қилиш учун ўта қулай воситадир. Наполеон, Қайсар, сўнгра эса нацистлар ва коммунистлар доим яхши молиялаштириб турилган. Қадам бақадам ким қарз берган ва кредитларни бошқарган бўлса, буларнинг барчасини ўзининг ноғорасига ўйнашга мажбур қилди. Аста-секинлик билан халқ ва ҳукуматлар қурбонлик қилинаётган қўйдек боқиб, банк саройларидан қарздорлар қароргоҳига кўзлари лўқ бўлиб ўта бошлашди.
“Истаганча сарф қилавер”, чунки нимани кўнглинг тусаган бўлса, банкир ҳаммасига қоғоз пул топиб беради. Бу ватанпарварликдир, миллат фаровонлиги ва иқтисод ўсишига ёрдам беради (банкир фаровонлигини эса айтмасак ҳам бўлади). Банкир қоғоз пулни ҳаводан қилиб бераверади. Ўрнига эса давлат, иқтисод ва фуқароларнинг реал активларини олади. Тарих ҳали бунга ўхшаган, қисқа вақт ичида бирон ўқсиз бойликларнинг қайта тақсим бўлишини кўрмаган, билмаган эди.
Ҳамма қарздор: миллатлар, одамлар, саноат, тижорат, бизнес. Банкир барчасининг эгаси бўлиб қолди, бироқ унга бу ҳам кам. Ўз ватанида ҳаммани қарз қилиб ташлагани етмаганидек, энди у қолган дунёни ҳам қарз қилишга киришди.
Бир имзо чекиш билан ривожланаётган мамлакатларга кредитлар берилмоқда. Бироқ бу билан қарздор мамлакатларга ҳеч қачон қарзларини узишга имкон берилмайди. Шу мақсад учун мол ва нархлар устидан назорат ва манипуляция кучайтирилади. (Қарзини узишга имконият пайдо бўлганида, банклардан мустақил бўлишга ҳаракат қилган бутун бошли мамлакатларга қарши фитна-фасодлар уюштирилиб, давлат, тузим яксон қилинади. Мамлакат яна 20-30 йилга ривожланиш борасида орқага улоқтириб ташланади. Банкир эса рибосини еб ётаверади. Ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодидаги асосий корхоналар ва тижорат турлари банкирлар назоратидагилар қўлига ўтади. Бу эса мазкур мамлакатларнинг иқтисодий ўсишини ва шу билан бирга давлат қарзларини вақтида узиш имкониятини чеклайди – Абу Муслим.) Сиёсатчилар сотиб олинади, банкир назорат қиладиган Америка университетларида талабалар стипендиялар олиб, молия ва иқтисод асосларини (доктрина) ўрганишади. Улардан ўзларига содиқ банкир “биродарлар”ни тайёрлашади. Банкир аста-секинлик билан давлат ва фуқаролар ўртасига суқилиб кириб олади. Банкир ялтироқ қоғозга ўралган қарзларни таклиф қилиб, қадам бақадам ҳам давлат ҳам фуқароларнинг ахлоқини бузиб боради. Улар турли хил кредит карталарини чиқариб ташлашади, ҳатто ёш болалар учун ҳам.
Махфийлик (анонимлик) Банкир манфаатларига хизмат қилиб, унинг салтанатини янада мустаҳкам қилади ва кенг оммадан пирамида чўққисига пул оқиб чиқишига ёрдам беради. Энди эскириб қолган “халқчил” капитализм кибр билан касал бўлган бузуқ молиявий истибдодга айланади. Ширкатларнинг бир-бирларини ямлаб ютиб юбориши, бирлашиши энди жуда осонлик билан рўй бераверади. Бу йўл билан эски қоидалар яксон қилинади ва “янги иқтисод” ўзини кўрсата бошлайди.
Пул оқими ўзини ўзи тартибга солиб, ҳукуматдан халққа ва халқдан ҳукуматга ўтувчи табиий пул ўрнини ҳеч нарса билан таъминланмаган-қувватланмаган пуллар босиб кетди. Ривожланаётган мамлакатларга ҳам реал пулллар ўтиши тўхтаб қолди. Мазкур мамлакатлар ҳеч қандай қадри бўлмаган қоғозларгагина эга бўлишди!
Реал активлар энди қирол ва ҳукуматлар тасарруфига ўтмайдиган бўлишлиги ажабланарлидир. Банкир шундай қилдики, бугун ҳар қандай ҳукумат қарздорга айланди. Бундан ривожланган мамлакатларнинг ҳукуматлари истисно эмас.
Шу ўринда савол туғилади: реал бойликлар қаерга қараб кетяпти? Бойликлар ҳокимият кучайиб, концентрациялашаётган жойга қараб оқмоқда. Ҳақиқий ҳокимият бугун кимнинг қўлида? Олтин билан савдо қилиб банкир енгил пул ишлаб оляптими? Балки, унинг асосий мақсади бутун олтинларни хусусий хазиналарга жамлашдир? Ахир Банкир ҳукуматни давлат мулкини хусусийлаштиришга чорлаган эмасмиди? Хусусийлаштириш орқали у давлатнинг йирик мулк акцияларига эга бўлиб олди.
Бироқ Банкир халқ узоқ муддат жамғарган пули ҳеч нарсага арзимайдиган қоғозларга алмаштириб олгани билан кифояланмасдан, бу жамғармалардан яна купонлар ясаб, сўнг уларни назоратларидаги корхоналарга жойлаштириб, улардан ҳам фойда олишга киришди. Банкир халқ пулини казино ва фонд биржаларида сарф қилишининг янги турларини ўйлаб топди.
Хорижий ҳукуматлар учун Банкир казначейлик қоғозлари ва давлат облигацияларига инвестиция қилиш йўллари каби кўшимча қармоқларни ҳам ўйлаб топди. Шу йўсинда реал бойликлар Банкир қўлида қолиб кетаверди.
Кўчмас мулкларни гаровга олиб (уларнинг нархи берилаётган қарзга нисбатан 125 фоиз кўп эди), банкир халқ мулкига ҳам қўл узатди ва буларнинг эвазига таъминланмаган қоғозларни бериб ташлади. Банкир ўз малайлари, брокерлари, трейдерлари, турли хил жамғарма ва ширкатлар, ОАВлар, сотқин сиёсатчилар ва шуларга ўхшаганларни ақл билан ишлатиб келди. Дезинформация, валюта, қимматбаҳо қоғозлар, фоизлар, опционлар, фючерслар ва маҳсулот нархларининг манипуляция қилиниши уларнинг турли-турман воситаларининг биридир, холос.
Доллар-Банкир дунёни глобал қарздорликка етакламоқда. Бироқ, ҳаяжонланманг: Евро-Банкир бироз орқада қолган бўлсада, унга етиб олиши мумкин. Банкирнинг имкониятлари жуда жозибаликки, уларни қўлдан бой бериб бўлмайди. Европа мамлакатларининг миллий валюталари еврога алмаштирилгач, улар пул муомаласидаги ўз назоратини йўқотишди. Яқин орада Европа кредитининг халқаро босими ошиб, доллар кредитига ҳам етиб олиши кутилмоқда. Европа Иттифоқи мамлакатларининг барча ҳукумат ва халқлари худди океан орти ҳукумати ва халқлари қарзга ботгани каби қарзга ботиб қолишади. (Ҳозирги кундаги юнонлар ва испанларга нималар бўлаётганини бир тасаввур қилиб кўринг – Абу Муслим). Қолган дунё эса ҳам доллар, ҳам еврога қарз бўлиб қолади.
Жисмоний қуллик 19 асрдаёқ бекор қилинган бўлишига қарамай, 21 аср қулликнинг янги турини («қулликнинг квадратини») олиб келди ва миллионлаб кишилар яна зулм остида қолди. Қулликнинг янги, янада мудҳишроқ, яширин, кўринмас ва билвосита шакли қарз қуллиги бўлиб, бу ердаги қулдор Банкирдир.
Ҳозирги кундаги молиявий тўнтаришлар, бозорларнинг касод бўлиши, депрессиялар, кўплаб корхона ва компанияларнинг банкрот бўлиши, Африка, Лотин Америкаси, Жанубий-шарқий Осиё ва Россиядаги ўғирликлар ва ҳатто урушларга сабаб ҳукуматлар эмас, балки бутун дунё бўйлаб таъминланмаган (яъни, асосию асли йўқ бўлган) пул ва қарзлардан иборат ўша Банкир қўйган кўринмас тузоқ эканлиги кундек равшан бўлиб қолди.
Иқтисодий ўсишнинг аввалида табиий бўлмаган йўл билан вужудга келган банк фаолияти яширин мақсадларга эга бўлган Банкир томонидан махфий ва пухта ўйлаб, амалга оширилган. Унинг салтанати саратон (рак) шишига ўхшаб ўсишни бошлаб, жорий тартибларни таг-томири билан йўқ қилиш ва барбод қилиш орқали Банкир ўз тартиб-қоидаларини ўрната олди...
Ганс Счичт «The Wealth-Transfer Machine»
мақоласи асосида Абу Муслим тайёрлади