close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари мажбурий меҳнат ва маошларнинг кечикиши ҳолатларига дуч келмоқда

Москванинг Украинага бостириб кириши ортидан шароитлар ёмонлашар экан, россиялик иш берувчилар паспортларни олиб қўймоқда, мигрантларни маошсиз ишлашга мажбурлаб, уларни тирикчилик манбаисиз қолдирмоқда.

Москванинг Украинага босқини оқибатларига дуч келган россиялик иш берувчиларнинг меҳнат мигрантлари иш ҳақини ушлаб қолиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда, натижада кўпчилик ватанига қайтишга ёки бошқа жойдан иш излашга мажбур бўлмоқда.
Россия Украинага бостириб кирганидан бери санкциялар ва халқаро компанияларнинг чиқиб кетиши туфайли мамлакат иқтисодиёти жиддий зарар кўрди, деб хабар берган AFP душанба (1 август) куни Йел университети бизнес-таҳлилчилари ва иқтисодчиларининг янги ҳисоботига таяниб.
Июл ойи охирида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Москва баланд нархларда энергоресурслар сотишни давом эттиришдан миллиардлаб доллар даромад олган бўлса-да, очиқланмаган маълумотларнинг аксари шуни кўрсатмоқдаки, 24 феврал босқинидан кейин унинг ички иқтисодий фаолияти сезиларли даражада тўхтаб қолган.
«Россия бўйича кенг қамровли иқтисодий таҳлилимиз натижалари мустаҳкам ва шубҳага ўрин қолдирмайди: санкциялар ва компанияларнинг чиқиб кетиши таъсир қилибгина қолмай, балки Россия иқтисодиётига жиддий зиён етказган», дейилади Йел менежмент мактаби тадқиқотида.
«Россиянинг маҳаллий ишлаб чиқариш саноати бой берилган корхоналар, маҳсулотлар ва кадрлар ўрнини босишга имкон топа олмай, бутунлай тўхтаб қолди», дейилади 118 саҳифалик ҳисоботда.
Бунинг оқибатида тўловларни кечиктираётган ёки мигрантларни маошсиз ишлашга мажбур қилаётган Россия компаниялари сони ошиб бормоқда.
Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари 13 июл куни Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига ариза билан мурожаат қилишган – улар Самарадаги иш берувчини ўзбекистонлик беш нафар ишчининг паспортини тортиб олиб, март ойидан бери маошсиз ишлашга мажбурлаганликда айблаганлар.
Агентлик аралашувидан сўнг, июл ойи охирида иш берувчи мигрантларга 606400 рубл (10000 АҚШ доллари) қарзини тўлаб берган.
Бундай ҳодисалар тобора кўпаймоқда.
Жорий йилнинг январ-июн ойлари давомида агентлик Ўзбекистон фуқароларига тўланмаган жами 523 минг доллардан ортиқ маошларни ундириб берди.
«Феврал-март ойларида бизга келиб тушадиган мурожаатлар мавзуси ўзгарди. Хусусан, сўнгги икки ойда 2200 нафар фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, улардан 1300 нафари маошини вақтида ололмаган», деди апрел ойидаги брифинг чоғида агентлик бўлим бошлиғи Азим Аҳматов Upl.uz хабарига кўра.
Авваллари мигрантлардан ушлаб қолинган маошларга доир мурожаатлар жами мурожаатлар сонининг 10-15 фоизини ташкил қилган, деди у.
Ҳатто россиялик ишчилар ҳам маошлари кечикаётганига гувоҳ бўлмоқдалар.
Россия ҳукумати томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 1 май ҳолатига кўра Россияда тўланмаган маошлар миқдори 889 миллион рублни (14,5 миллион доллар) ташкил этган. Бу кўрсаткич 1 апрелдан 11,8 фоизга камайган.
Ўзбекистонликлар ишлаётган кўплаб Россия компаниялари ёпилди, дейди меҳнат мигрантлари муаммоларини ёритувчи журналист Толиб Раҳматов.
«Улар кредит олган, бироқ банкротлик эълон қилганидан кейин қарзини тўлай олмаган. Қонунчиликка кўра, маошларни банкрот компанияни сотиб олган бизнес тўлаши керак», дейди у.
«Аммо бунда жуда кўп қоғозбозлик ишлари бор, масалани бир-икки кун ёки бир ҳафтада тез ҳал қилиб бўлмайди. Табиийки, компанияларнинг янги эгалари «тўлаймиз, озроқ сабр қилинглар» дейишмоқда», дейди Раҳматов.

Ватанга қайтиш

Апрел ойида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўтказган сўровга кўра, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг деярли ярми тез орада кетиш ҳақида ўйламоқда.
15 минг респондентнинг 15 фоизи ишдан бўшатилганини, 25 фоизи эса рубл курси беқарор бўлгани учун Россияни тарк этмоқчи эканини айтган.
Яна 24 фоиз одам ҳали ҳам ишлаётганини ва агар ишдан айрилса, Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйлашини, 36% респондентлар эса ҳозирча ватанга қайтиш ниятида эмаслигини айтган.
Россияга ишчи-мигрантларни ёллаш ҳам камайди.
Агентликнинг июл ойидаги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан Россияга меҳнат мигрантларини ташкилий ёллаш 2021 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб олтидан бир қисмни ташкил қилган.
Бу йил ташкилий саралаш жараёни орқали Россияга 3906 нафар ўзбекистонлик ишлаш учун кетган, бу рақам ўтган йилнинг биринчи ярмида 22116 тани ташкил этган эди.
Февралдан олдинги ва февралдан кейинги Россия иккита турли давлатга ўхшайди, дейди етти йилдан бери Москвада қурилишда ишлаб келаётган ўзбекистонлик 43 ёшли мигрант Акбарали Суюнов.
У ишлаётган охирги қурилиш лойиҳасида иш берувчи май ойидан маошни кечиктира бошлаган.
«Улар санкцияларни баҳона қилишмоқда», дейди у.
«Қурилиш материалларида ҳам худди шундай ҳолат, баъзида материалимиз йўқлиги учун бир неча кун ишсиз қолиб кетамиз».
«Лоақал овқат бериб туришибди, яшашга жойим бор, лекин уйга, оиламга ҳам пул юборишим керак. Хотиним, учта болам бор. Улар мен жўнатадиган пулга кун кўрадилар», деб қўшимча қилди у.
Суюнов янги иш қидира бошлаганини айтди.
«Иш топа олмасам, уйга кетаман. Балки Қозоғистондан иш топишга ёки Жанубий Кореяга бориш учун рўйхатдан ўтишга ҳаракат қиларман. Эшитишимча, у ерда Россиядагидан кўра кўпроқ ва ўз вақтида маош тўлашар экан», дейди у.
Ҳозирда Россия иқтисодиёти таназзулга учраб, Совет Иттифоқи ва ҳатто Шимолий Корея иқтисодиётига ўхшаш нарсага айланмоқда. Меҳнат мигрантлари учун шароит янада оғирлашади, дейди тошкентлик иқтисодчи Анвар Назиров.
«Жуда ёмон бўлади. Яқин, ўрта ва узоқ истиқболда кўплаб мигрантлар Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўладилар, Россия эса ишлаш учун яроқсиз жой бўлиб қолади», дейди у.
Ҳозир содир бўлаётган воқеалар илк огоҳлик «қўнғироқлари» холос, деб қўшимча қилди у.

Меҳнат мигрантлари ҳимояси

Юзага келган вазиятга иқтисодиётнинг кескин ёмонлашуви сабаб бўлди, дейди Москва шаҳридаги ўзбек миллий-маданий мухторияти, ўзбеклар жамияти раиси, ҳуқуқшунос Бахром Исмоилов.
«Иккинчи сабаб – виждонсиз иш берувчиларнинг бундан фойдалангани. Улар Ғарб санкциялари туфайли пул йўқлигини айтиб, маошларни кечиктирмоқда», дейди Исмоилов.
Иш берувчилар кўп ҳолларда мигрантлар билан меҳнат шартномаси тузмайдилар, дейди Москвадаги меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокат Ботиржон Шермуҳамедов. У Россияда меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши авж олганини қўшимча қилди.
Мигрант учун кунига 10-12 соат ишлаш «норма» бўлиб қолган, дейди Шермуҳамедов.
Россия Давлат меҳнат инспекцияси мигрантлар ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларга кўз юммоқда, деб қўшимча қилди у. Россия қонунчилигига кўра, маошни кетма-кет икки ой кечиктириш жиноий иш қўзғашга асос бўлиши мумкин.
Илгари инсон ҳуқуқлари ташкилотида уч йил терговчи бўлиб ишлаган Шермуҳамедовнинг айтишича, унинг ташкилоти Россия Тергов қўмитасига кўплаб аризалар йўллаганига қарамай, бу вақт ичида у атиги икки марта кўрсатма бериш учун чақиртирилган.
«Россиядаги хориж фуқароларининг мурожаат қиладиган жойи йўқ, уларни ҳимоя қиладиган ташкилотлар жуда камлиги сабаб уларга ёрдам берадиганлар йўқ. Кўп ҳолларда мигрантлар раҳбарият билан баҳслашишни истамайди, қонунда талаб қилинганидек шартнома имзоламайди», дейди у.
Қонунан кимнидир ишга ёлловчи шахс ишчининг даромад солиғи, пенсия жамғармасига ажратмалар ва бошқа ижтимоий суғурта бадаллари каби катта миқдордаги солиқларни тўлаши керак, дейди Шермуҳамедов.
Шунинг учун ишчи томонлар ўртасидаги ўзаро келишув орқали умуман легаллаштирилмайди ёки энг кам иш ҳақи билан расмийлаштирилади, деди у.
Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, шунингдек консулликлар мигрантлар билан янада фаолроқ ишлаши керак, дейди Москвадаги ўзбек жамоатчилиги фаоли Исмоилов.
«Адашмасам, ҳозир Россияда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 10 ёки 11 та идораси фаолият юритади, аммо уларнинг ҳар бирида фақат биттадан одам ишлайди. У фуқароларимизнинг барча мурожаатларини ҳал қилишга улгурмайди.»
Ўзбекистон консуллиги эса «асосан консулликка оид масалаларини ҳал қилади ва Москвадан ташқари бошқа жойларда ишчи-мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган юристларга эга эмас», деб айтган Исмоилов.
Россия расмийлари ўз фуқаролари ва мигрантларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иш берувчилардан шаффофликни талаб қилиш устида кўпроқ ишлаши керак, деб қўшимча қилган у.
Шунингдек, мигрантлар ишга ёлловчилардан ўзларига керакли нарсани талаб қила олиши учун ўз ҳуқуқларини ва рус тилини ўрганиши керак, деб айтган у.
«Масалан, улар меҳнат шартномасини ўқий олиши керак. Кўп ҳолларда мигрантлар шартномани тушунмай, уни шунчаки имзолаб қўйишади», дейди Исмоилов.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase